08:51 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бермет Ақаева: «сайловолди пойгада мен учун энг кучли рақиб ҳукумат бўлди»

05.05.2007 23:29 msk

Феруза Жоний

29 апрель куни Кемин округи бўйича Қирғизистон парламентига бўлиб ўтган қўшимча сайловлар натижасини республика марказий сайлов комиссияси бекор қилди ва янги сайловлар ўтишини эълон қилди.

Мамлакат қонунчилигига кўра, Кемин округи бўйича эски сайловда қатнашган номзодлар янги сайловларда иштирок эта олмайдилар. Бироқ, ўзининг сайловолди рақибларидан фарқли ўлароқ, Қирғизистон собиқ президентининг қизи қайтадан депутат мандати учун от солиши мумкин. Сайловдан икки кун олдин депутатликка номзод мақомидан маҳрум этилган Бермет Ақаева яна ўз номзодини Кемин округи бўйича қўйиш имконига эга.

Биз Бермет билан телефон орқали боғландик. Ундан олган қисқача интервьюни ўқувчиларга ҳавола қилмоқдамиз.

Фарғона.Ру: - Кемин округи бўйича сайловларда 13 нафар депутатликка номзод янги сайловда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Сиз эса номзодингизни қўяверасизми?

Бермет Ақаева: Бизнинг сайлов кодексимизга кўра, ҳақиқатан ҳам сайловлар куни рўйхатда қайд этилган депутатликка номзодлар қайта сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар. Мен сайловдан четлатилганим туфайли рўйхатдан ўчириб ташлашди. Шунинг учун кейинги сайловда қатнашишга тўла ҳақлиман. Бу менинг конституциявий ҳуқуқимдир.

Фарғона.Ру: - Сиз ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

Бермет Ақаева: - Анча яхши, раҳмат. Икки кун олдин касалхонадан чиқдим. Ҳозир эса қишлоқма-қишлоқ юриб, сайловчиларимга ўз миннатдорчилигимни бирдиряпман.

Фарғона.Ру: - Сиз билан содир бўлган воқеаларга отангизнинг муносабати қандай?

Бермет Ақаева: - Албатта у киши мен учун кўп қайғурди. Лекин ҳаммасини тушунади. Ҳар бир одам ҳаётда ҳам ижобий ва ҳам салбий тажрибаларга эга бўлиши учун маълум бир қийинчиликларни бошидан ўтказиши кераклигини билади. Умуман олганда бу қийинчиликлар мени чиниқтиради ва янада кучлироқ қилади, деб ҳисоблайди.

Фарғона.Ру: - Бермет Асқаровна, сиз нима сабабдан депутат бўлишни истайсиз?

Бермет Ақаева: - Бунинг бир неча сабаблари бор. Аввало, ҳар бир одам бурч туйғусига эга (қирғизларда бу жуда ривожланган). Ота-она олдидаги бурч. Ватан олдидаги бурч. Кичик ватан олдидаги бурч. Халқ олдидаги бурч. Мен ҳар бир одам ўз ҳаётида бўйнидаги бурчларини бажариши лозим, деб ҳисоблайман. Ватан олдидаги бурчларини ҳам, халқ олдидаги бурчларини ҳам. Мен ижтимоий инсонман. Жуда фаолман ва мамлакатда содир бўлаётган ишларга бефарқ қараб тура олмайман. Мен ўз диёримнинг фидойисиман. Мен ислоҳотлар бўлишини, шу ислоҳотлар учун ўз ҳиссамни қўшишни истайман. Менинг отам мамлакат учун бор кучини, соғлиғини бахш этди. Мен унинг меҳнатлари зое кетмаслигини, бошқа одамлар томонидан йўққа чиқариб юборилмаслигини хоҳлайман. Биз яна тараққиёт йўлига, демократия йўлига қайта чиқиб олишимизни жуда-жуда истайман.

Фарғона.Ру: - Сизга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилди. Энди сизга депутатликка эришиш учун бу тўсиқларни енгиб ўтиш қийин кечадими ёки бу масала қайсидир даражада ўз ечимини топяптими?

Бермет Ақаева: - Жиноий ишда мен гувоҳ сифатида қатнашяпман. Гап-сўзларга қараганда, мени оммавий тартибсизлик уюштиришда айблашлари ҳам мумкин экан. Лекин аслида оммавий тартибсизлик содир бўлган эмас. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фитналар уюштирилган, холос. Суд йиғилиши узоқ чўзилгани туфайли одамлар кеча-кундуз ўша ерда эдилар. Улар саросимага тушганлари учун у ердаги учта ойна, бир нечта ўтирғич ва бир неча стол синган. Махсус бўлинма томонидан суд залини бўшатиш учун ҳаракат бошланганда, одамлар ўзларини йўқотиб қўйдилар ва шу сабабли суд биносига арзимаган шикаст етди.

Маълумингизки, 2005 йилнинг 24 март куни Бишкекда содир бўлган воқеаларга ҳали ҳануз на юридик ва на сиёсий баҳо берилди. Ахир ўшанда Бишкекдаги кўп бинолар ва савдо марказларига ўт қўйилган, улар талон-тарож қилинган эди-ку. Бу воқеалар учун ҳали биронта ҳам одам жазоланмади.

Шунинг учун бутун бир туман аҳлини атиги учта синдирилган ойна ва учта синдирилган ўтирғич учун қўрқитиш мен учун ўта ҳайратланарли бир ҳолатдир.

Бу билан ҳукумат мени ва одамларни шунчаки қўрқитмоқчи бўлди, деб ўйлайман. Ҳозир бизнинг туманда катта тергов гуруҳи ишлаяпти, кўпчиликни терговга чақиряпти. Жиноий иш очиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Демак, бу соф сиёсий ишдир. Шунчаки улар 19 апрель куни Бирлашган Фронт уюштирган намойишни тарқатиб юборганларидан кейин одамларга босим ўтказишлари керак, холос.

2007 йилдан бошлаб, ҳукумат оний кўтаринкилик (эйфория) ҳолига тушиб қолган. Одамларнинг ўз ҳуқуқлари йўлида курашиш учун ҳар қандай уринишларини ҳар хил йўллар билан тўхтатиш лозим. Бу эса шунчаки халққа босим ўтказишнинг навбатдаги кўринишидир. Бу билан улар ўз кучини, устунлигини кўрсатмоқчи бўладилар. Лекин устунлик ва кучни жазолаш йўли билан эмас, қўрқитиш усули билан эмас, ривожланиш йўли билан исботлаш лозим. Ўзингизнинг тараққиёт борасида устун эканингизни кўрсатинг! Одамларни қўрқитиш шарт эмас.

Сайловдан олдинги охирги кунларда Кемин туманида нима содир бўлганини биласизми? Туман деярли босиб олинганди. Беш юз – олти юз чамаси ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари фуқаро кийимида йўлларни тўсиб, одамларни қўрқитдилар. Шунчаки имконсиз бир вазият юзага келди.

Фарғона.Ру: - Содир бўлган бу воқеалардан кейин сизнинг номзод сифатида рўйхатдан ўтишингиз мураккаблашадими?

Бермет Ақаева: - Мен қандайдир тўсиқлар бўлади, деб ўйлайман. Ҳеч бўлмаса, ҳукуматнинг қандай ҳаракат қилгани, қандай қилиб конституциянинг сайловлар ҳақидаги моддасини бузганини мулоҳаза қилиш мумкин бўлса керак. Ахир мени сайловга бир кун қолганида олиб ташладилар-ку! Ҳолбуки, бизнинг моддамизда номзодни сайловга беш кундан оз фурсат қолган пайтда четлатиш маън этилади.

Буларнинг ҳаммаси сохта ҳужжатлар асосида уюштирилганини айтмасак ҳам бўлади. Лекин, биласизми, агар инсон нимагадир эришмоқчи бўлса, агар у қандайдир ўзгаришлар бўлишини истаса, идеал шароит келишини кутиб, қўл қовуштириб ўтирмаслиги керак. Мумкин бўлган пайтда эмас, керак бўлган пайтда курашмоқ лозим.

Умид қиламанки, ҳукуматдаги одамлар, юқори раҳбарият халқ устидан тинимсиз кулавериш мумкин эмаслигини англайдилар. Одамлар ҳамма номзодларга қарши овоз бериш билан ўзларининг бу сайловларга бўлган муносабатини билдирганлар. Яна қайтадан уларни сайлов ҳуқуқларидан, конституциявий ҳуқуқларидан маҳрум этиш... Умид қиламанки, келаси сафар менинг заминдошларимга нисбатан кўпроқ ҳурмат кўрсатилади.

Ҳозир биз Конституциявий судга ўзимизнинг ўтроқлик цензини олиб ташлаш ҳақидаги талабимизни беряпмиз. Лекин шу пайтда мавжуд бўлган юридик процедуралардан ҳам фойдаланамиз.

Фарғона.Ру: - Қайта сайловлар қачон ўтказилади?

Бермет Ақаева: - Бу ҳали номаълум. МСК уч ой ўтганидан кейин янги сайловлар ҳақида эълон қилиши керак. Эҳтимол, бошқа номзодлар ҳам судга мурожаат қилиб, сайлов натижалари қайта кўриб чиқилишини талаб қилишар. Кейинги ой мобайнида қандайдир қарор қабул қилиниб қолса керак.

Фарғона.Ру: - Сиз қандай ўйлайсиз, сизнинг ҳақиқий рақибларингиз борми?

Бермет Ақаева: - Албатта. Кемин тумани ўз тупроғидан кўп ютуқларга эришган жуда кўп таниқли одамлар етишиб чиққани билан машҳурдир. Совет даврида ҳам, ундан кейин ҳам шундай бўлганди. Мен ўзимнинг бўлажак рақибларимни баҳолай оламан. Гарчи бу пойгада менинг энг катта рақибим ҳукумат бўлса-да.