11:44 msk, 15 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мусулмонлар Тожикистон ҳукумати ўрнатаётган «демократия доиралари»дан безовталик изҳор қиляптилар

05.05.2007 22:51 msk

Ўз ахб. (Душанбе)

Тожикистон Республикасида шу кунларда миллий урф-одатлар, удумлар ва диний маросимларни тартибга солиш масалалари музокараси шовқин-сурон билан ўтмоқда. Мамлакат президенти Эмомали Раҳмоннинг ўзи шу ташаббус билан чиқди. Мамлакат раҳбарининг топшириғи билан барча давлат оммавий ахборот воситаларида миллий урф-одатларни, удумларни ва диний маросимларни соддалаштириш ва тартибга солиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари кенг кўламда ташкил қилинди.

Марказий телевидение ва “Сафина” канали кўрсатувларининг катта қисми шу мавзуга бағишланади. Шаҳар ва туманларда, оммавий жойларда “эркин микрофонлар” ўрнатилиб, истаган ўткинчи унга келиб, шу масала бўйича ўзининг фикрини, нуқтаи назарини ва таклифини гапириши мумкин.

Ўтган ҳафта давлат раҳбари 24 майга белгиланган урф-одатлар ва байрамларни тартибга солиш масаласи бўйича ўтказиладиган республика йиғинига тайёргарлик бўйича учрашув ўтказди. Учрашувда давлат маслаҳатчилари, бир неча вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, давлат раҳбарининг ижроия аппаратидаги масъул ходимлар, Ислом маркази ва Ислом университети вакиллари, таниқли жамиятшунос олимлар, Исломшунослар ва ҳуқуқ ҳимоячилари қатнашдилар.

Учрашув чоғида Афғонистон, Эрон, Покистон, Саудия Арабистони ва Марказий Осиё республикаларидаги диний урф-одатлар ҳақидаги омма фикрини аниқлаш гуруҳининг ҳисоботлари, шунингдек, ўқитувчи олимлар ва исломшуносларнинг ҳисоботлари тингланди. Улар йигирма кундан ортиқроқ вақт мобайнида бевосита аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, миллий ҳамда диний урф-одатлар ва удумларни қандай қилиб тўғри тартибга солиш масалаларини ўргандилар.

Давлат раҳбарига Тожикистон Ислом маркази раиси Ҳожи Амон Неъматзоданинг миллий ҳамда диний урф-одатлар ва удумларни қонун доирасида тартибга солиш масаласига нисбатан дин пешволарининг муносабати, шу ишнинг зарурлиги ва Шариатни жорий қилиш ҳақида ахбороти тақдим қилинганди.

Президент Эмомали Раҳмон бу масала бўйича ўз нуқтаи назарини билдирар экан, республика йиғинини ўтказишдан мақсад аҳолининг кераксиз, ортиқча чиқимларини камайтириш ва шу йўл билан мамлакатдаги қашшоқлик даражасини пасайтириш имконини яратиш эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бир вақтнинг ўзида Президент ишчи гуруҳга жамиятнинг турли қатламларидаги одамларнинг фикрларини, таклиф ва муносабатларини чуқур ўрганиш ҳақида топшириқ берар экан, миллий ва диний урф-одатларни тартибга солиш ҳақидаги ҳужжатлар лойиҳасини тайёрлаш жараёнида уларнинг Конституцияга ҳам, мавжуд қонунларга ҳам, муқаддас Қуръонга ҳам зид бўлмаслиги лозимлигига алоҳида урғу берди. “Бу ишда биз хатога йўл қўймаслигимиз лозим”, деб таъкидлади мамлакат раҳбари.

Ушбу ишчи гуруҳга ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида белгиланган меъёрларга амал қилмаган, иш вақтида хизмат машинасидан фойдаланиб, турли маросимларга ташриф буюрган давлат амалдорларига нисбатан то ишдан бўшатишгача жазо чораларини ишлаб чиқиш ҳам топширилди.

Урф-одатлар ва байрамларни тартибга солиш масаласи муҳокама этилаётган бир пайтда мамлакат президентининг топшириғи билан республика таълим вазирлиги ўрта ва олий ўқув юртларида тартиб ўрната бошлади. Апрелнинг ўрталарида Тожикистон таълим вазирлиги ўқувчи ва толиба қизларнинг мактаб формалари ҳақида махсус қўлланма чиқарди. Бундан буён уларга ўқув юртларига мини-юбкалар ва ҳижобларда келиш кескин таъқиқланади. Зеб-зийнатларни тақиш ҳам мумкин эмас. Фақат бир жуфт миллий сирға тақиш мумкин, холос.

“Тартиббузарларга ўқув юртидан ҳайдаш даражасигача бўлган турли хил маъмурий жазолар қўлланилади”, деб журналистларга хабар берди Тожикистон таълим вазирлиги матбуот котиби Ноилшо Нуралиев. “Қизлар ўз дидларига қараб, миллий кўйлак ва миллий лозимларни, шунингдек, европача юқори қисми оқ, қуйи қисми эса қора бўлган либосларни кийиб келишлари мумкин. Бироқ, нима бўлганда ҳам либос бежирим, оддий бўлиб, жамият анъаналарига жавоб берадиган, “очиқлиги билан атрофдагиларнинг ғашига тегмайдиган” бўлиши керак”, - деди у.

Ҳижобга келсак, Тожикистон таълим вазирлиги матбуот котибининг гапига кўра, дунёвий ўқув юртларида диний кийимларни кийиш мамлакат Конституциясига зиддир. Нуралиев ўқувчи ва студентларнинг мактаб ва олий ўқув юртларида мобил телефонларидан фойдаланишлари ҳамда ўқув жойига шахсий автомобилларда келишлари таъқиқланганини ҳам тасдиқлади. Айтгандек, бу таъқиқ март ойида ижодкор зиёлилар билан бўлиб ўтган учрашувда шахсан Эмомали Раҳмоннинг тилидан чиқди.

Шунга қарамасдан таълим тизимидаги бу янгиликлар тожиклар оммаси томонидан турлича қабул қилиняпти. Бир қатор мустақил экспертлар фикрига кўра, “таълим ва маориф тизимида булардан кўра педагог кадрларнинг етишмаслиги, кўп мактабларда ёруғлик, иссиқлик, ўқувчилар парталари каби ўқиш учун зарур бўлган элементар шароитларнинг йўқлиги каби жиддийроқ ва муҳимроқ муаммолар мавжуд”.

“Фарғона.Ру” АА таҳририяти Тожикистондан ўз номларини маълум қилмаган мусулмонларнинг мурожаатини олди. Уни қуйида эълон қиламиз.

Бу мурожаатнома балки мамлакатдаги мусулмон раҳбариятининг расмий позициясини ифодаламас, шунингдек, республикадаги диний қарашларнинг барча жабҳаларини ўзида акс этмас, лекин ундаги муаммолар тожик жамиятининг эътиборини тортишга лойиқдир. Биз ўқувчиларимиздан бу мавзу муҳокамасига қўшилиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини таҳририятга юборишларини сўраймиз.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан,

Ҳурматли президент Эмомали Раҳмон!

Фурсатдан фойдаланиб, сизга республикамиз раҳбари ва бир неча бор ҳаж қилиб келган мусулмон сифатида ўз ҳурмат ва эҳтиромимизни билдиришга рухсат этгайсиз.

Биз мусулмонлар сизнинг урф-одатлар ва байрамларни тартибга солиш ҳамда шундоқ ҳам қийналиб турган халқимизни баттар эзадиган ортиқча чиқимларни бартараф этиш йўлида олиб бораётган сиёсатингизни тўла қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, биз айрим кўнгилочар жойларни ёпиш ва аёлларимизнинг беҳаё кийимларда юришларини таъқиқлаш ҳақидаги буйруғингизни ҳам қўллаймиз. Бу ҳақиқий мусулмонга ярашадиган оқилона қарордир. Биз сизнинг Исломни ва мамлакат миллий ранг-баранглигини қўллаб-қувватлаётганингиздан фахрланамиз.

Ҳурматли Президент!

Биз ОАВда бир неча бор эшитиб ва кўриб келяпмизки, маориф вазири А. Раҳмонов қизларимиз ва опа-сингилларимизнинг ўқув юртларида рўмол ўраб юришларини таъқиқлаш ҳақида муайян кўрсатмалар бериб келяпти. Бу ишнинг Худо хоҳласа, ҳақиқий мусулмон ва ҳожи президент бошқараётган мамлакатда содир бўлаётганига ишонгимиз келмаяпти. Ахир Аллоҳ Қуръонда бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммадга (САС) “Аҳзоб” сурасининг 59-оятида шундай деган-ку: “Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар!. Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Оллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир”.

Биз Тожикистон мусулмонлари, оталар, оналар, ака-укалар ва опа-сингиллар кўп минг сонли ватандошларимизнинг қони эвазига қўлга киритилган, озод ва мустақил диёримизда халқнинг норозилик ва қаҳр-ғазаб ўти ёқилишига олиб бориши мумкин бўлган бу муаммога эътибор қаратасиз, деган умид билан ёзмоқдамиз. Биз 1994 йилнинг 1 декабрида сиз томонингиздан имзоланган Тожикистон Республикаси қонунига таянамиз.

Сизнинг раҳбарлигингизда биз дунёвий ва демократик давлат қуришга интилар эканмиз, биринчи навбатда республикадаги барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишимиз лозим.

Биз мусулмон қизларимизнинг рўмоллари ечилишига йўл қўя олмаймиз. Ахир рўмол аёл кишининг номуси ҳисобланишини ва унинг ўқиш жараёнига ҳеч қандай халақит бермаслигини ҳамма билади-ку! Биз мана шундай беҳаёлик ва терроризм ҳукм сураётган дунёда аёлларимизнинг художўй ва иффатли бўлишга интилаётганларидан хурсанд бўлмоғимиз лозим. Биз ҳар доим ўзимизнинг озод мамлакатда яшаётганимиздан ва эркин тарзда илм олаётганимиздан фахрланиб келганмиз. Бироқ, ҳозирги ҳолатда нимани кўряпмиз?!! Бизнинг қизларимиздан, опа-сингилларимиздан рўмолларини ечиб ташлаяптилар. Ахир бу ҳақиқий мусулмон аёли учун яланғоч бўлиш билан баробар-ку!

Аёлларнинг ўраниб юришлари кўпгина насроний динидаги йўналишларда ҳам, масалан, биз билан бирга яшайдиган православ насронийларида ҳам, баптизм ва менонизм йўналишидаги протестантларда ҳам мажбурият ҳисобланади. Масаланинг мана шу томонига ҳам эътиборингизни қаратишингизни сўраймиз. Шаҳарларимиз кўчаларида, жумладан, Россия-Тожикистон (славян) университетида биз ҳар куни мана шу аҳли Китоб опа-сингилларимизни учратишимиз мумкин. Ачинарли жойи шундаки, айтиб ўтилган буйруқлар уларга ҳам тааллуқлидир...

Биз мусулмонлар, бу борада чуқур қайғудамиз. Чунки биз қизларимизнинг Аллоҳдан юз ўгиришларига қараб тура олмаймиз. Мусулмон аёлининг рўмолини ечдирган одам Аллоҳнинг қонунларидан бош тортган одам ҳисобланади. Биз мактабларда ниқоб ўралишини (юзнинг ҳам ёпиб юрилишини) қўллаб-қувватламаймиз. Лекин оддий рўмол ҳеч қачон қизларимиз ва сингилларимизга халақит бермайди. Ахир Тожикистон мусулмонлари сиз билан БМТ баланд минбарида Исломни қўллаб-қувватлаган ҳақиқий мусулмон одам сифатида фахрланиб келганлар!

Ҳозир биз ўқув юртларида мусулмонча рўмоллар ўраб юришни таъқиқлаш тўғрисида маориф вазирининг буйруғи Тожикистон Республикаси Конституциясига тўғри келмаслиги ҳақида тўхталиб ўтирмаймиз. Биз сизга Тожикистон халқининг диний туйғулари топталишига йўл қўймайсиз, деган умид билан ёзмоқдамиз. Ахир сиз учун овоз берган ўша мусулмонлар-ку! Сизнинг Тожикистон ерида тинчликни барпо қилишга қўшган ҳиссангизни тўғри баҳолаб, ҳақингизга дуо қилаётганлар ҳам ўша мусулмонлардир!

Муҳтарам, жаноб Президент!

Яқиндагина биз ўз республикамизни улуғлардик. Чунки биз мусулмонлар хотиржам масжидларимизга бориб, Аллоҳга ибодат қилардик. Биз ўз республикамизда бир вақтнинг ўзида оламшумул (самовий) уч дин мавжуд ва тинч эканлигидан фахрланардик. Ҳеч бир диннинг бошқа динни ерга уролмаслигида сизнинг хизматингиз бор эди. Мана шу нарса республикани дунёвий, демократик давлат бўлиб етишишидаги асосий кўрсаткичлардан биридир!

Хулоса қилиб шуни айтмоқчимизки, давлатимиз душманлари давлатимизни ҳукумат ва Аллоҳнинг дини бир вақтда ва бир жойда мавжуд ва тинч бўладиган дунёвий, мусаффо, осойишта ва демократик давлат бўлишини истамайдилар!!!

Умид қиламизки, сиз ҳурматли жаноб Президент мана шу Тожикистон мусулмонларини қамраб олган оғриқли, қайғули нуқтага эътиборингизни қаратасиз ва воқеалар ривожини ўзгартирасиз, уларнинг ўнглаб бўлмас даражага бориб қолишига йўл қўймайсиз.

Эҳтиром ила Тожикистон мусулмонлари.

Аллоҳ сизни ўз паноҳида асрасин ва адашишдан сақласин.

Меҳрибон ва Буюк Аллоҳ бизга ўз қаҳр-ғазабини ёғдирмасин. Омин.