02:57 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги зиддиятларда оз сонли миллатларнинг роли ва ўрни

04.05.2007 23:19 msk

Абдумалик Шарипов

Бишкекда 2007 йилнинг 11-19 апрель кунлари бўлиб ўтган мухолифат намойишларида фақат қирғизлар, асосан, мамлакат шимоли вакиллари қатнашдилар. Намойишчилар орасида бошқа миллат вакиллари кузатилмади. Ҳар эҳтимолга қарши бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида ҳеч қандай ахборот берилмади. Бу нимани билдиради? Наҳотки, бошқа миллат вакиллари Қирғизистон фуқаролари бўла туриб, ўзларининг ватанида содир бўлаётган воқеаларга бефарқ қарасалар! Бу ердаги рус, ўзбек, дунган ва бошқа миллат вакилларининг сиёсатдан ўзларини олиб қочишларига нима сабаб бўлаётган экан? Шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

2001 йилги расмий статистик маълумотларга кўра, беш миллион аҳолиси бўлган мамлакатнинг 65,7 фоизини қирғизлар, 13,9 фоизини ўзбеклар, 11,7 фоизини руслар, қолган тўққиз фоиздан озроғини бошқа миллатлар ташкил қиладилар. Шундай қилиб, Қирғизистонда бошқа миллатлар анчагина кўзга кўринадиган фоизни, яъни 34,3 фоизни ташкил қиладилар. Бу ҳали расмий кўрсаткич. Норасмий кўрсаткичларда бу миқдор яна ҳам ортади.

Ажабланарли жойи шундаки, 2005 йилнинг мартида содир бўлган “инқилоб” (бошқача айтганда, “давлат тўнтариши”) пайтида жанубий Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳри марказий майдонида фақат қирғизлар намойиш уюштириб, вилоят маъмурияти биносини ишғол қилишган. Ҳолбуки, бу вилоят маркази аҳолисининг деярли ярмини ўзбеклар ташкил қиладилар. Улар майдонда фақат 20 март куни, яъни, ҳукумат вилоят маъмурияти биносини ишғол қилганларга қарши куч қўллагандан кейин пайдо бўлдилар.

Ўша пайтда ўзбекларни бирлаштириб турган ягона ташкилот ҳисобланган ўзбек миллий-маданий маркази ўзбеклар (Қ. Бакиев бошчилигидаги) мухолифат намойишларида ҳам, ўша пайтдаги ҳукумат томонидан уюштирилган антинамойишларда ҳам қатнашмаслиги керак, деган қарорга келди. Ўзбек лидерларининг фикрига кўра, асоссиз эмаслигини ҳам инобатга олиш лозим, олдинги ҳукумат ҳам, ҳозирги ҳукумат ҳам натижа қандай бўлишидан қатъий назар, уларга қарши босим ўтказади. Чиндан ҳам “инқилоб”дан кейин, айниқса, ўзбек тилига давлат мақоми берилиши талаби билан уюштирилган ўзбеклар намойишидан сўнг янги ҳукумат тарафдорлари олдинги ишлар эсларига тушиб, ўпкалай бошладилар: Март воқеалари пайтида қаерда эдингиз? Эндиликда ҳокимият тепасига Қуловчилар келиб қолса, бу савол такрорланишига шак-шубҳа йўқ.

Шуни айтиб ўтиш мақсадга мувофиқки, кўп ўзбеклар ўша кунларда ўзбек тилига давлат мақоми берилишига қарши эдилар. Улар бу нарса қирғизлар билан келишмовчиликка олиб келади, деб ўйлардилар. Қизиқ жойи шундаки, кейинчалик тил мақоми ҳақидаги талабларни мухолифатдаги депутатлар ҳам қўлламай қўйишди. Ҳолбуки, улар миллати ўзбек бўлган, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб, намойишни уюштирган Қодиржон Ботиров билан иттифоқона муносабатда эдилар. Ўзбеклар намойиши мухолифатдаги депутатлар намойиши билан бир кунда, 27 майда ўтказилди. Қодиржон Ботиров шундай қилишга жалб қилинганди, ундалганди, кейин эса ўзи депутатлар томонидан тарк қилинди. Мана шу нарса мухолифатдаги депутатлар Қодиржон Ботировдан шунчаки фойдаландилар, холос, деган гапларнинг тарқалишига баҳона бўлди.

Натижада бу намойишдан ўзбекларнинг ўзлари жабрландилар: миллатлараро зиддият кескин кучайиб кетди. “Инқилобчилар” эса очиқдан-очиқ қўрқитишга тушдилар, агар ўзбеклар шу талабларини давом эттираверсалар, 1990 йилдаги каби Ўш воқеалари такрорланиши мумкин, дея дағдаға қилдилар. Ўша пайтда Ўзганда икки халқ ўртасида тўқнашувлар юз берганди. Оқибатда, фақат расмий маълумотларнинг ўзига кўра, уч юзга яқин одам ҳалок бўлган.

Май намойишидан кўпроқ депутат Ботировнинг ўзи жабрланди. Унга қарашли учта объект “инқилобчилар” тўдаси томонидан босиб олинди. Бу ишда ҳукумат “сукут аломати ризо” қабилида (айримларнинг фикрига кўра, эса кўрсатмага қараб) иш тутди. Суд қарори Ботировнинг фойдасига ҳал қилинганига қарамасдан, ушбу объектлар ҳали ҳанузгача бўшатилмаган.

Намойишлар “самараси” ўлароқ, бир неча экспертларнинг фикрига кўра, ҳукумат томонидан ташланган муайян қадамлар туфайли Қирғизистондаги ўзбеклар орасида бўлиниш пайдо бўлди ва ҳозирда Жалолобод шаҳрида этник ўзбеклар номидан иш юритадиган учта оммавий ташкилот мавжуд. Булар Навоий номли ўзбеклар жамияти (раҳбар Қодиржон Ботиров), “Янги аср” номли Жалолобод шаҳар жамияти (Муҳиддин Жалолов) ва “Давр” жамиятидир (Абдукарим Бурҳонов). Улардан биринчиси Қирғизистон президенти Қ. Бакиевга нисбатан мухолифатда бўлса, иккинчиси “центрист-марказчи”, учинчиси эса “бакиевчи” ҳисобланади.

Қирғизистонда яшайдиган саксонга яқин халқ вакилларининг фикрини ҳурмат қилиб, аввало мамлакатдаги сиёсий муҳитга таъсир кўрсата оладиган энг кўп сонли ва кучли халқлар сифатида ўзбеклар ва русларнинг позициясини қараб чиқайлик.

Ўзбеклар ва руслар “бизни фақат сайлов вақтида ҳамда ҳукумат ва мухолифат бир-бирига очиқ қаршилик кўрсатаётганда мамлакат фуқаролари эмас, овоз эгалари сифатида эсга олишади”, деб хафа бўлишади. Ҳақиқатан ҳам ҳукумат ва мухолифат кўпчилик сайловчиларнинг овозига эга бўлишга, кўп сонли халқларнинг овозини олишга ҳаракат қилади. Лекин қандай масштабда ва формадалигини аниқлаш қоляпти, холос.

Бу ерда тахмин қилиш мумкинки, ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам кейинги қарама-қаршилик вақтида оз сонли халқ вакилларининг овозини олишга жуда эҳтиёткорлик билан ёндошадилар. Чунки у ёки бу қарама-қаршиликда этник факторнинг пайдо бўлиш хавфини тушунадилар. Ҳозирги вақтда охирги воқеалар натижасида қирғизларнинг ўзлари орасида қарама-қаршилик, яъни, “шимол-жануб” муаммоси кескинлашди. Қирғиз мухолифати ва ҳукумати бошқа миллат вакилларининг қарама-қаршиликларда қатнашишларини мутлақо исташмайди. Бундан ташқари улар “нотитуллар” ҳокимиятга келишини, мамлакатни бошқаришини ҳам хоҳлашмайди. Чунки агар қирғиз бўлмаган миллатлар кенг кўламдаги намойишларда оммавий тарзда қатнашадиган бўлсалар, табиийки, уларнинг ўзлари ҳам ҳамма соҳада тенглик ҳақидаги талабларини қўядилар.

Шунга қарамасдан, сиёсий зиддиятнинг ҳар икки томони ўз сафида мамлакатнинг турли жойларида яшайдиган вакиллар, барча ижтимоий қатламдаги одамлар ва турли миллат вакиллари борлигига ишора қилиб, ўз кучларини кўрсатишни хоҳлайдилар. Ва “кўрсатяптилар ҳам”. “Бутун халқ” номидан гапиришга маънавий ҳуқуқни қўлга киритиш учун фақат газеталарда, телевидение экранларида (асло майдонда эмас) кўрсатяптилар. Хўш, “нотитуллар”нинг ўзлари уларга таклиф қилинаётган рол ва образ ҳақида қандай фикрдалар?

Ўзбек жамиятидан фарқли ўлароқ, рус диаспораси тўқсонинчи йиллардаёқ майда жамиятларга бўлиниб кетган. Яқинда пайдо бўлган рус диаспораси институти 17 апрелда Қирғизистондаги инқироз муносабати билан баёнот тарқатди. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Бу зиддиятнинг илдизи титул миллатга оид турли сиёсий гуруҳларнинг ўзаро муносабатларини ойдинлаштиришдан иборат. У русларга мутлақо тааллуқли эмас. Бизнингча, рус диаспораси учун ягона позиция, юз бераётган ишлардан узоқроқ юриш, яъни, нейтрал позициядир”. Ҳамма руслар ҳам бу гапни маъқулламасликлари мумкин. Шунга қарамасдан, бу баёнот қирғизистонлик русларнинг умумий кайфиятини баҳолаб беряпти, дейиш мумкин.

“Жомадон кайфияти”дан таъсирланган кўпчилик руслардан фарқли ўлароқ, “қирғизистонлик ўзбеклар”нинг ҳолати мутлақо бошқача. Биринчидан, ўзбеклар ўзларини худди қирғизлар каби туб миллат, туб аҳоли, деб биладилар. Иккинчидан, гарчи улар тирикчилик ёки доимий яшаш учун бирор жойга кетмоқчи бўлсалар, Ўзбекистонни эмас, (худди рус ва қирғизлар каби) Россияни кўзлайдилар.

Ўзбекларнинг Жалолободдаги уччала ижтимоий ташкилотлари қайсидир жиҳатларда бир-биридан фарқланиб турса-да, фикр билдиришдаги эҳтиёткорлик, қонун доирасидан ташқарига чиқмаган ҳолда ҳаракат қилиш ва ҳоказо ишларда ҳамфикр бўлиб чиқдилар. Ўзбекларнинг ноқулай аҳволда қолганларини тушуниш мумкин. Ўзбек муаммоси қайсидир жиҳати билан рус муаммосига ўхшаб кетар. Лекин бу муаммони ҳал этиш имконияти ва бу икки миллатнинг тутган ўрни бир-биридан тубдан фарқ қилади. Ўзбеклар руслар каби “хафа бўлиб, эшикни тарақлатиб ёпиб” кета олмайдилар. Улар сиёсий ҳаётнинг қайноқ нуқталарида иштирок этишлари ва куйиб қолмаслик учун олтин ўртани топишга мажбурлар. Улар гоҳида ўзларининг хоҳишларига қарши ишларни қилишга ҳам мажбур бўладилар.

Жалолобод шаҳар, “Янги аср” ташкилоти раҳбари Муҳиддин Жалоловнинг фикрига кўра, ўзбеклар мамлакатнинг ҳар доимги, шу билан бирга сиёсий инқирозлар пайтидаги ижтимоий ҳаётида иштирок этишдан ўзларини олиб қочмасликлари лозим.

“Биз барча масалаларда фаол бўлишимиз керак. Чунки биз ҳам худди қирғизлар каби фуқаролармиз. Мамлакатдаги инқироз ҳолати нафақат қирғизларнинг, балки бизларнинг ҳам муаммоимиздир. Бизнинг позициямизни ҳуқуқ майдони ичида қолишга интилаётган центристлар позицияси, деб баҳолаш мумкин. Демоқчиманки, биз мухолифатнинг талабларига нисбатан ҳам, ҳукуматнинг талабларига нисбатан ҳам бир хил муносабатдамиз. Барча муаммолар музокаралар йўли билан ва ҳуқуқ майдони чегарасидан чиқмаган ҳолда ҳал этилиши лозим”, дейди Жалолов.

Унинг ўринбосари Гулшода Абдукаримова ҳам шундай ёндашувни қўллайди.

“Кескин талаблар қўйиш шакли акс натижаларга олиб келар экан. Бунга биз ўтган йилги намойишдан кейин иқрор бўлдик (ўзбеклар ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш талаби билан ўтказган намойишни назарда тутяпти – Муаллиф). Энг яхши қадам бу ўз мухолифини ишонтира билишдир. Деворни бузиш шарт эмас, уни айланиб ўтиш ҳам мумкин”, - деб ҳисоблайди Г. Абдукаримова.

Ўзбек фаол аёли мухолифатнинг ҳукумат билан кечаётган диалогида шу формулани қўллашни таклиф қилади. Ўзбекларнинг реал воқеаларда иштирок этиши масаласига тўхталар экан, умумий мажлисда кўпчилик овоз билан “мўътадил нейтралитет” ҳолатини ушлашга қарор қилинганини билдирди.

“Давр” жамияти фаоли Собиржон Мазаитов ҳам писанда билан зиддиятларни қонун доирасидан чиқмасдан ҳал этиш тарафдори эканини билдирди. Мухолифат ва ҳукумат бир-бирига қарама-қарши турган пайтида ўзбеклар ва бошқа миллат вакилларининг ўрни ва роли ҳақида қуйидагича фикр билдирди:

“Бу ҳолатда бошқа миллат вакилларининг нейтрал, центристик позицияни ушлашлари у қадар тўғри (ҳалол) эмас, деб ҳисоблаш ҳам мумкин. Худди биз, сизлар урушаверинглар, ким ғалаба қилса, биз ўшанга қўшиламиз, дегандек бўлиб қоляпмиз. Бизнинг динимиз Исломда ҳам бундай позицияни тутиш ҳаром ҳисобланади. Ҳар бир одам ўз позициясига эга бўлиши ва тутган позициясини очиқ айтиши лозим. Биз объектив бўлмоғимиз лозим. Агар мухолифатнинг талабларида бизга тўғри келадиган пунктлар бўлса, уни яширмаслигимиз керак. Бироқ, биз президент Қурманбек Бакиевнинг истеъфо беришини талаб қилиб чиқиш нотўғри, деб ҳисоблаймиз. Бакиев бегуноҳ бўлгани учун эмас, балки, бундай қилиш мумкин эмаслиги учун нотўғри. Ўзингиз ўйлаб кўринг: эртага ҳокимият тепасига Текебаев ёки Қулов келса, уларга қанча муҳлат берилади? Майли, президент Бакиев ўзининг муддатини охиригача етказиб ишласин. Шунда ундан ислоҳотларни ва бошқа нарсаларни талаб қилиш мумкин бўлади”.

Алишер Навоий номли ўзбеклар жамиятининг вице-президенти Улуғбек Абдусаломов ўзбеклар ҳар доим, зиддиятлар пайтида ҳам қонун доирасидан ташқарига чиқмаган ҳолда ҳаракат қилишлари кераклигини таъкидлайди.

“Афсуски, бизнинг ҳаракатларимиз, ҳатто ўзимизнинг конституциявий ҳуқуқларимизга риоя этилишини талаб қилишимиз ҳар кимга ҳам ёқавермайди. Кўпчиликка худди биз ғайритабиий бирор нарсани талаб қилаётгандек туюляпти. Ўтган йили биз 1993 йил конституциясига асослангандик. Унда давлат барча миллатларнинг маданияти, тили ва бошқа жиҳатлари ривожлантирилишига кафолат беради, дейилган. Бизнинг тил ҳақидаги талабларимиз инжиқлик эмас, она тилимизнинг тақдирини ўйлаб бўлган безовталигимиз эди”, - дейди Абдусаломов.

Ўзбекларнинг ҳозирги ҳолатдаги роли ҳақида у шундай деди: “Рус диаспораси институти чиқарган баёнотга тўла қўшиламан. Унга ўзбеклар ҳам қўшилишлари мумкин”.

Ўзбек раҳбарларининг объектив ва нейтрал бўлиш ҳақидаги гапларига қарамасдан, гоҳида газета бетлари ва телевидение экранларида фақат ҳукуматни қўллаб-қувватлайдиган “ўзбек овозлари”ни ҳам эшитиб қоласиз. 7 апрелда ҳукумат “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” ҳаракатининг хавфли сиёсатига қарши намойиш уюштирди. Жалолобод вилоят маъмуриятининг органи бўлган “Жалолобод тонги” газетасида шундай дейилади: “Намойишда сиёсий партия раҳбарлари, Қирғизистон халқлари Ассамблеяси (ҚХА) вакиллари, инқилобни ҳимоя қилиш қўмитаси иштирок этди”. Мухолифатни танқид қилганлар орасида ҚХА аъзолари бўлган “Давр” ва “Янги аср” ўзбек жамиятлари раҳбарлари ҳам бор эди.

Зиддиятлар даврида бошқа миллат вакилларининг овозидан фойдаланиш янгилик эмас. Олдинги ҳукумат ҳам “ҳар хил бузғунчилар ҳаракатини қаттиқ танқид остига олишда” Қирғизистонда яшайдиган бошқа миллат вакилларининг овозларини ишга соларди. 2005 йилнинг март воқеалари пайтида Қирғизистон халқлари Ассамблеяси “Қурманбек Бакиев раҳбарлигида шаҳар маъмуриятини босиб олган бир тўда қўзғолончи-босқинчиларнинг ҳаракатини” қоралади. Тўғри, у пайтда Ассамблеянинг Жалолобод бўлими нейтрал позицияда эди. Кўпчилик буни ўша пайтдаги “бузғунчибоши”нинг, ҳозирги президентнинг амакиси – Қирғизбой Бакиев бўлимнинг бошлиғи бўлгани билан изоҳлайди. Давлат тузилишининг бундай нейтраллиги тартиб-қоидадан кўра кўпроқ истиснога тўғри келади.

Яна битта мисол келтираман. Уч-тўрт йиллар олдин ахсиликлар вилоят марказига қадар пиёда норозилик юриши уюштирганларида Жалолобод телевидениеси республика эфири учун бир кўрсатув тайёрлади. Унда қуйидаги сюжет намойиш қилинганди: Бир дўппи кийган ўзбек деҳқони пахтазорда туриб, “ахсиликлар дангаса халқ, шунинг учун далада ишлаш ўрнига намойиш уюштириб юришибди”, дейди. Журналистика нонини емаган оддий томошабинга камбағал деҳқон ҳақиқатан ҳам ўзининг фикрини, асосийси, ўз миллатининг фикрини билдираётгандек туюлиши мумкин. Хўш, “дангаса ахсилик”нинг бу сюжетга нисбатан реакцияси қандай бўлади? Унга буюртма берган ҳукумат бу ҳақда ўйлаб кўрдими? Улар шунчаки “сиёсий калтафаҳмлик (кўрлик) қилдилар”, деб ўзимни овутаман.

Шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки, ахсиликлар ўзларининг кўп километрлик юришларида ўзбек қишлоқларидан ўтиб бораётганларида ҳам, ҳақиқатни излаб борган жойлари Жалолобод шаҳри марказига келганларида ҳам уларга ўзбеклар нон, чой, овқат, сув бердилар. Бу ҳақда менга ахсиликларнинг ўзлари сўзлаб беришганди. Уларнинг айтишича, кейин ўзбеклар милицияга чақирилганлар. Бундан чиқди, ҳукумат берилган нон ва овқатни экстремист-қўзғолончиларга берилган қурол, деб баҳолабди-да? Эслашимча, ўша кунларда ўзбек маҳаллаларида “ахсиликлар ўзбекларни янчиш учун келаётган эмиш”, деган миш-мишлар ҳам тарқатилганди.

Нима қилиш керак? Ҳукуматда фақат ном алмашяпти, холос. Бечора ўзбек эса у томондан ҳам, бу томондан ҳам, учинчи томондан ҳам ишга солинишдан тўхтамаяпти. Аҳолининг барча қатламларида одамларнинг фикри бир хил – аралашмаслик. Ўзбек элитаси, интеллигенцияси, тадбиркорларининг умумий кайфияти ҳам бир хил – “биздан фойдаланишяпти”, деган пессимистик руҳ ҳукмрон. Мухолифат билан бирга бўлганда ҳам “отларидан айрилишлари”га, ҳукумат билан қолганларида ҳам барибир “отларидан маҳрум бўлишлари”га (фақат аста-секинлик билан) уларнинг ишончлари комил.

Ўзбекларнинг боши берк кўчага кириб қолганлари ҳақида Интернет сайтларидаги шарҳларда ҳам гапириляпти. Эндиликда қирғизлар шимолликлар ва жанубликларга батамом ажралиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Маишийлик умуммиллийликкача бориб етди. Хўш, ўзбеклар нимадан хафа бўляптилар? Барча оммавий қирғиз сайтларидаги шарҳларда Бакиев ва унинг командаси бефаҳмликда, тарафкашликда, қариндош-уруғчиликда айбланяпти. Бироқ, унинг жанубдан экани, яъни, “сарт”лиги кўпроқ сабаб қилиб кўрсатиляпти. “Жанублик” аноним шарҳловчилар эса уларни “сартлар” билан тенглаштираётганлари учун шимолликлардан хафа бўляптилар ва “Ўш воқеаларида буюк қирғизлар манфаатини “шимоллик ўрислар” эмас, биз ҳимоя қилганмиз”, деяптилар.

“Шу ерда бир савол туғилади. Барча жабҳалардан сиқиб чиқарилган “сартлар”нинг бунга нима алоқаси бор? Демак, “сартлар” барча қирғизларни бирлаштира оладиган ягона ташқи хавф экан-да?”, - дея жавоб кутиб термулиб туришибди Интернет билан боғлана оладиган ўнлаб ўзбеклар.

Ўзбекларнинг ўзлари билан бўлган суҳбатлардан шу нарса ойдинлашадики, улар шифокорнинг кўрсатмасисиз ҳам фойдаланавериш мумкин бўлган “ҳапдори” бўлишни истамайдилар. Улар овоз бўлишни ҳам, ташқи душман бўлишни ҳам, қирғизларни жипслаштирувчи бўлишни ҳам хоҳламайдилар. Улар шунчаки оддий Қирғизистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаролари бўлишни истайдилар.

***

Юқорида “ўзбек ҳаракати”нинг тарқоқлиги ҳақида тўхталиб ўтгандик. Таҳлилчилар фикрича, бундай ҳолат “славян”ларда ҳам, мавжуд. Уларда ҳам фаоллик у қадар эмас. Россияпараст экспертларни яна ўша Россиянинг бундай “диаспора билан ишлаш”дек сиёсий тўғри йўлдан бош тортгани ажаблантиряпти. Бу нарса муайян сиёсий мақсадларга эришишда ёрдам берган бўларди. Уларнинг фикрига кўра, рус диаспораси институтини беш йил олдин ҳам ташкил қилиш мумкин эди. Лекин номаълум сабабларга кўра, Россия элчихонаси ва консулхонаси асосан маданий дастурлар ва муҳожирлар учун ҳужжат тайёрлаш билан овора бўлиб, “ватандошлар билан ишлаш”га шошилмадилар.

Бироқ, охирги пайтда бир қанча силжишлар кўзга ташланди. Ўша рус диаспораси институти ҳозирча тўртта ташкилотни ўз ичига олади. Ҳаммаси Бишкекда жойлашган. Жойлардаги “рус тилли” ташкилотлар ўз ҳолларича ишлайдилар. Улар билан элчихонанинг иши бўлмайди.

“Бу сукунат яқин орада барҳам топиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Россия “жамиятлар”ининг бирлашиш жараёни ўта секин боряпти. Айнан рус диаспораси институти уларни бирлаштирувчи манба бўлиши мумкин”, - дея башорат қиладилар Россияпараст экспертлар.

Гарчи ихтилоф ва келишмовчиликларни енгиб ўтиш осон бўлмаса-да, шундай принцип бўйича ўзбек ташкилотларини ҳам бирлаштириш, яъни, қандайдир ягона марказли коалицияни ташкил қилиш мумкин. Муҳими ташкилот нимага асосланаётганидир. Ҳукумат ёки мухолифатнинг ишонтиришларига учмасдан ўз позициясини ҳосил қилиш, яъни, фаолият байналмилалчилик тамойилларига асосланиб, онгли тарзда, мустақил равишда йўналтирилиши лозим.

Кейинги қадам Қирғизистон халқларининг нодавлат ассамблеясини тузиш бўлиши мумкин. Айнан у сиёсий майдонда “учинчи куч” бўлиб ҳаракат қила олади. Бу борада у кимгадир қарши ҳаракат қиладими ёки кимнингдир фойдасига ҳаракат қиладими, фарқи йўқ. Бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Қирғиз элитаси орасида “байналмилал” сўзи шунчаки, қуруқ сўз эмаслигини англайдиган соғлом фикрли одамлар етарли.