17:38 msk, 23 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Умида Ниёзова иши: маҳкама қандай кечди?

04.05.2007 00:27 msk

Алексей Волосевич (Тошкент)

Умида Ниёзова
Умида Ниёзова

Суратлар "Uznews.Net" сайтидан олинди

1 май куни кечқурун Тошкент шаҳар Сирғали тумани жиноят ишлари суди Низом Рустамов ҳакамлигида 32 ёшли мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниëзовани жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ шарти билан 7 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Маҳкама жараёни жуда тез – икки кунда битди.

Эслатиб ўтамиз, У. Ниёзова бирданига Ўзбекистон Жиноий кодексининг 3 моддасини (223-модда - чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтиш, 244.1-модда - жамоатчилик хавфсизлигига ва ижтимоий тартибга хавф солувчи материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш, 246-я-модда - контрабанда) бузишда айбланди. Охирги моддага кўра, 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Бу айблар Умида Ниёзовага қуйидагича қўйилган:

У 21 декабрь куни Бишкекдан Тошкентга учиб келган ва божхона ходимлари томонидан қўлга олинган. Умида Ниёзованинг иш материаллари, хусусан, Андижон воқеалари тўғрисида маълумотлар сақланган ноутбуки шубҳа уйғотган. Жумладан, ноутбукда у ўзи штатдан ташқари ишлайдиган «Human Rights Watch» инсон ҳуқуқлари ташкилотига оид ҳужжатлар, Интернетдан олинган мақола ва расмлар, шунингдек, 2005 йил май воқеалари гувоҳлари билан суҳбат ва интервьюлар бўлган. Божхона ходимлари буларни кўриб, шошилинч равишда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қошидаги оммавий коммуникациялар бўйича мониторинг маркази экспертини чақирганлар. Эксперт аввалдан ўша жойнинг ўзидаёқ ноутбукда Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз ва диний-экстремистик руҳдаги маълумотлар борлиги ҳақида хулоса чиқариб қўя қолган.

Тўққиз соат давом этган сўроқдан кейин Умида Ниёзовани ноутбуки, флэш-диски ва паспортини мусодара қилиб, ҳеч қаёққа кетмаслик ва тергов билан ҳамкорлик қилиш шарти билан уйга қўйиб юборганлар. Бу иш нима билан тугаши мумкинлигини англаган Умида Ниёзова қўшни Қирғизистонга чиқиб кетишга қарор қилади. Аммо кўп ўтмай, унга адвокати Аброр Юсупов орқали иш тўхтатилгани, маълумотлар зарарсиз дея тан олингани ва паспорти ҳамда ноутбукини олиш учун бемалол келиши мумкинлигини хабар қилганлар. Умида қайтишга қарор қилади ва 22 январь куни Қирғизистон чегарасига яқин жойда қўлга олинади. Маълум бўлишича, Ўзбекистон транспорт прокуратураси 6 январдаёқ Умидага нисбатан контрабанда, диний ва чет давлатлар ташкилотларининг молиявий ёрдамида жамият хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид қилувчи материалларни тайёрлаш айби билан жиноий иш қўзғаган экан. Уни алдов йўли билан ортга қайтарганлар, бунинг устига, чегарадан ноқонуний ўтиш айби ҳам қўшилган.

Умида Ниёзова иши бўйича тергов уч ойдан кўпроқ давом этди. Бу вақт давомида тергов гуруҳи томонидан худди қамоқда «Human Rights Watch» ташкилотининг штатдан ташқари ходимаси ва Россиядаги Экстремал Журналистика Марказига қарашли «Оазис» интернет журнали мухбири эмас, балки хавфли халқаро террорист ўтиргандай, ўнлаб гувоҳлар чақирилди ва сўроқ қилинди. Апрель ойида тергов тугади ва материаллар судга тақдим қилинди.

30 апрель куни Тошкентда аввалдан огоҳлантиришсиз, махфий равишда Умида Ниёзова иши бўйича маҳкама жараёни бошланди. Умиданинг адвокати Татьяна Давидовани шошилинч равишда жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судига чақириб, маҳкама ҳозироқ бошланишини маълум қилганлар. Адвокат маҳкама йиғилишига Умиданинг фақат холаси ва укасини чақиришга улгурган.

Тушдан кейин судья "Human Rights Watch" ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакиласи Андреа Бергни ҳам маҳкамага кузатувчи сифатида қўйишга рози бўлган. Маҳкама жараёни расман очиқ деб ҳисобланишига қарамай, журналистларни маҳкамага қўймаганлар. Андреа Бергга эса, маҳкама жараёнини қайд қилишга ёки ёзишга рухсат этилмаган.

Умида Ниёзова олиб келинган машина

Андреа Бергнинг кейин ҳикоя қилишича, биринчи куни тўққиз нафар гувоҳнинг кўрсатмаси тингланган. Ҳаммаси бўлиб ноҳукумат ташкилотидан икки ходима, битта ҳуқуқ ҳимоячиси, божхона назоратининг тўрт ходими ҳамда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги оммавий ахборот воситалари мониторинги марказининг уч аъзоси чақирилди.

Андреа Берг

Андреа Бергнинг айтишича, чақирилган экспертларнинг умуман тайёр эмасликлари ва адвокат ёхуд Умида ўзи савол бераётганда жуда ноқулай аҳволга тушаётганлари сезилиб турарди. Бундай ҳолатларда, ҳакам уларга тергов пайтида олинган (гувоҳлик) кўрсатмаларни ўқиб бера бошлаган. Улар эса, тасдиқлаб турганлар, холос.

Чақирилган экспертларнинг билим даражасини қуйидаги эпизодда кўриш мумкин: Давлат айбловчиси Умида Ниёзовадан, “сиз қандай қилиб журналист бўлиб ишлайсиз, ахир сиз бу соҳа бўйича университетни тамомламагансиз-ку”, деб сўради. Шунда адвокат Давидова мониторинг маркази экспертларидан улар қандай маълумотга эга эканликларини сўради. Маълум бўлишича, улардан бири педагогика институтини тамомлаган филолог, иккинчиси шарқшунос, учинчиси эса техник экан.

Шунга қарамасдан, бу экспертлар Умида Ниёзованинг компьютеридан топилган материаллар экстремистик ҳарактерга эга эканини ва Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдаришга қаратилганини тасдиқладилар. Судланувчи улардан айнан қайси ҳужжатларни назарда тутаётганлари ҳақида сўради. Экспертлар ташкилотнинг Андижон воқеалари ҳақида тайёрланган “Қўрғошин ёмғири” ҳисоботини ва А. Волосевичнинг шу мавзудаги мақоласини (унда нималар ёзилганини билсак, яхши бўларди – Муаллиф) кўрсатишдан нарига ўтмадилар. Бу материалларнинг ҳаммаси Интернетда эркин тарқатилган ва улар билан истаган одам истаган пайтида танишиши мумкин эди (табиийки, Ўзбекистонда яшаётган одамлар бундан мустасно. Негаки, Ўзбекистонда бу сайтларга кириш йўли тўсиб қўйилган).

Ўз навбатида божхона вакиллари ҳам Умида Ниёзованинг улар томонидан ушланганини тасдиқладилар. Улар, Умида Ниёзова ўзи билан олиб кираётган ноутбукни божхона декларациясида ноутбук, деб кўрсатмасдан электрон ахборот ташувчиси, деб кўрсатганини айтдилар (айнан мана шу ноутбукни кейинчалик тергов контрабанда, деб ҳисоблади). Божхона ходимлари уни рентген ускунаси орқали ўтказганларини ва Умида Ниёзованинг уни яшириб олиб ўтиш имконига мутлақо эга бўлмаганини тасдиқладилар. Айбловчи томон дарҳол “декларацияда қандайдир электрон ахборотни ташувчи восита эмас, балки айнан ноутбук ва флэш диск, деб кўрсатилиши лозим эди”, дея ўз фикрини изҳор қилди.

Умиданинг қариндошлари

Биринчи майда бўлиб ўтган суд мажлисида йигирмага яқин одам: Умида Ниёзованинг қариндошлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, Германия ва Америка элчихонаси вакиллари ҳамда бир неча мустақил журналистлар қатнашдилар. Эшик олдида навбатчиликда турган милиционерлар ва фуқаро кийимидаги шахслар ҳар бир келган одамдан ҳужжатини кўрсатишини талаб қилиб, фамилиясини рўйхатга туширдилар. Лекин судда бу рўйхатнинг кераги бўлмади.

Соат ўн бирлар чамасида темир машинада Умида суд биносига олиб келинди. Суд залига олдинги кунда бўлганидек, фақат унинг холаси, укаси ва Андреа Бергларгина киритилди. Қолганлар эса Сирғали ноҳия суди дарвозаси ташқарисида асфальтни қадамлаб ўлчаш ва бетон тўсиқда ўтириш билан вақт ўтказдилар. Чунки у ерда, суд биносининг олдида ҳеч қандай ўтирғич йўқ эди.

Умида Ниёзованинг қолган қариндошларини “очиқ” суд залига атайин қўймадилар. Улар ҳам бошқалар сингари кунни дарвоза олдида ўтказдилар. Германия ва Америка элчихонаси вакилларига ҳам ҳеч қандай имтиёз берилмади. Умиданинг қариндоши Шафоатнинг айтишича, адвокат Давидова судья Рустамовдан, ҳеч бўлмаса, элчихона вакилларининг киришига рухсат этилишини сўраганида, у Андреа Бергга ишора қилиб, “ана биттаси ўтирибди, ўшанинг ўзи етарли”, дегандек жавоб берди.

Суд залида нималар бўлгани ҳақида Андреа Берг қуйидагиларни баён қилади:

“Умида Ниёзова устидан олиб борилаётган суд жараёнининг иккинчи куни яна уч гувоҳнинг кўрсатмалари эшитилди. Уларнинг иккитаси “Тошкент” аэропортининг божхона постидан, яна бири эса ёш журналист қиз эди. Қолган гувоҳлар судга келишмади. Тергов жараёнида берган кўрсатмалари етарли бўлгани учун уларни қайта судга чақирмасликка ҳамма – ҳакам ҳам, терговчи ҳам, оқловчи ҳам ва Умида Ниёзованинг ўзи ҳам рози бўлдилар.

Оқловчи Татьяна Давидова қўшимча ҳужжатларни ҳакам ва терговчига топширди. Улар учта хатдан иборат бўлиб, биринчиси Умиданинг Россия интернет журнали “Оазис”нинг ходимаси бўлганини, иккинчиси айбловда рол ўйнаётган пуллар диний экстремизмнинг моддий таъминоти учун эмас, айбланувчининг икки ёшли боласи учун отаси томонидан юборилганини, учинчиси хатларни дугонаси ёзгани ва беш юз долларни боласининг туғилган кунига совға сифатида берганини тасдиқлайди.

Бизнинг ташкилотимиз «Human Rights Watch» ҳам бир хатни тақдим этди. Хатда Умиданинг ноутбукидан топилган “Қўрғошин ёмғири” маърузаси ўз вақтида Ўзбекистоннинг Ички Ишлар вазирлигига, Адлия вазирлигига ва Ташқи Ишлар вазирлигига юборилгани айтилганди. Мазкур ташкилотларнинг барчаси биз юборган маърузани олдилар. Лекин улардан бирортаси бизни диний экстремизм ва фундаментализмни тарғиб қилишда айбламади. Бу Интернетда мавжуд бўлган оммавий ахборот бўлиб, уни ҳар бир одам ўқиш имконига эга.

Лекин ҳакам жуда шошилди. Унинг вақти жуда тиғиз эди. У дарҳол томонларга сўз беришга ўтишни таклиф қилди. Прокурор яна бир марта айбномани ўқиб эшиттирди. Унинг таъкидлашича, “айбномага ҳеч қандай ўзгаришлар киритилмаган”. Хуллас, икки кун мобайнида Умидага қўйилган барча айблар тўғри бўлиб чиқди ва прокурор уни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Шундан сўнг адвокат Татьяна Давидова Умидани оқлаш учун сўз олди. У Умида Ниёзова чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтганини тан олишини, қолган айбларни эса эътироф этмаслигини таъкидлади. Унинг компьютеридаги материаллар эса тарқатиш учун эмас, ўзининг ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист сифатидаги иши учун керак эди. У ўн йилдан буён ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб ишлаб келмоқда. Компьютерда ҳеч қандай таъқиқланган материаллар йўқ эди. Экспертлар ҳам нимага асосланиб, бу материаллар ҳукуматга қарши йўналтирилган, деб хулоса чиқарганларини айтиб бериша олмади. Адвокат Умида Ниёзованинг диний экстремизмни тарқатиш учун ҳеч қандай моддий маблағ олмаганини, фақат Интернетда чиққан мақолалари учунгина қалам ҳаққи олганини изоҳлаб берди.

Татьяна Давидова сўзининг якунида суддан Умида Ниёзовадан жиноят кодексининг икки моддасини олиб ташлашни ва агар суд уни 223-модда (чегарадан ноқонуний кесиб ўтиш) билан айблайдиган бўлса, у ҳолда унга озодликдан маҳрум қилишга алоқадор бўлмаган жазо берилишини сўради (бу моддада энг кам иш ҳақининг эллик мартадан юз мартагача бўлган миқдордаги жарима тўлаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган - Таҳририят).

Шундан сўнг Умида Ниёзованинг ўзига охирги сўз берилди. У ўзининг ўн йилдан бери ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб ишлаб келаётганини, шунинг учун ўзининг компьютерида ҳар хил материалларни сақлашини, агар Ўзбекистонда демократия қурилаётгани рост бўлса, ҳукумат вакиллари танқидга тайёр бўлишлари лозимлигини, негаки, демократия танқидсиз бўлмаслигини изоҳлаб берди. У яна бир бор ҳуқуқ ҳимоячиси қандай шахс бўлиши кераклигини, озод журналист қандай шахс бўлиши кераклигини ва ўзининг ҳеч қандай таъқиқланган фаолият билан шуғулланмаганини, ҳуқуқ ҳимоячисининг иши ҳукуматни, раҳбариятни танқид қилишни тақозо қилишини ва бу нарса Ўзбекистондан бошқа барча давлатларда нормал ҳолат ҳисобланишини тушунтириб ўтди. У яна прокурор сўраган саккиз йил озодликдан маҳрум этиш жазоси мисли кўрилмаган адолатсизлик эканини ҳам айтиб ўтди”.

Тушлик пайтида “очиқ” судда иштирок этиши рухсат этилган одамлар ташқарига чиқишди ва уларнинг гап-сўзларидан иш чаппа кетаётгани ҳамда суд кимнингдир буйруғини бажараётгани англашиларди. Қатнашчилардан бирининг айтишича, адвокатнинг “кутайликми ёки йўқми?” (яъни, “ҳукм бугун ўқиладими ёки йўқми?”), деган саволига ҳакам очиқдан-очиқ “билмайман”, деб жавоб берибди. Қатнашчилар, шунингдек, суд жуда шошилинч равишда ўтказилаётганини, ҳакамнинг ўта шошилаётганини, саволларни тез-тез бериб, жавобни кутмай кейинги масалага ўтиб кетаётганини ҳам таъкидладилар.

“Бизнинг далил-исботларимиз қабул қилинмаяпти. Умида нима демасин, унинг ҳеч бир гапи инобатга олинмаяпти”, деди Татьяна Давидова. Унинг гапига қараганда, “пуллар унинг ойлик маоши” деб ҳар қанча таъкидланса ҳам, барибир “бу пуллар давлат тузумига қарши юборилган”, дейилаверди.

Тушлик танаффус кечки соат бешгача чўзилди. Суд биносида нимадир содир бўлаётгани аниқ эди. Лекин ичкарига ҳеч кимни – адвокатни ҳам, қариндошларни ҳам қўйишмади. Ниҳоят соат бешларга яқин Умиданинг қариндошлари ва Андреа Бергни ҳукмни эшиттириш учун залга чақиришди. Бу сафар ичкарига айбланувчининг барча қариндошларини киритишди. Шу орада яна ўша панжарали машина хавфли жиноятчини олиб кетишга келди. Шундан Умиданинг озодликдан маҳрум этилиши аниқ бўлди.

Андреа Берг ҳикоя қилади:

“Кечки пайт анча кутганимиздан кейин бизни яна ичкарига чақиришди. Ҳакам тезда ҳукмни ўқиб эшиттирди. Унинг ҳар бир сўзи айбномадан кўчириб олинган эди. Гувоҳларнинг суд пайтида берган кўрсатмалари ҳам, шунингдек, ҳимоя учун тақдим этилган қўшимча ҳужжатлар ҳам ҳеч қандай рол ўйнамади. Худди ҳамма нарса аввалдан тайёрлаб қўйилган ва бу жараён фақат расмиятчиликдангина иборатдек эди. Умида ўзини жуда хотиржам тутди. У менимча, шундай бўлишини кутган эди. Лекин унинг қариндошлари учун бу кутилмаган, оғир ҳолат бўлди. У ерда Умиданинг холаси, укаси ва холаваччаси – ҳаммаси бўлиб беш киши бор эди”.

Хулосада ҳакам Низом Рустамов Умида Ниёзовани унга қўйилган барча моддалар бўйича айбдор, деб топди. Бироқ, суд олийжаноблик билан унинг ёш боласи ва қари ота-онаси борлигини ҳисобга олиб, унга прокурор сўраган саккиз йил эмас, ундан бир йил камроқ етти йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллади.

“Мен гангиб қолдим, ўзимни йўқотиб қўйишимга сал қолди. Умида ҳам гангиб қолганди”. – дейди ҳукм ўқилгандан кейин унинг холаваччаси Шафоат. Унинг гапига қараганда асосий айблар мутлақо исботланмади.

“Экспертлар ҳеч нарсани исботлай олмадилар. Андреа Берг “Қўрғошин ёмғири” маърузасини Умида ёзмаганини ва бу маъруза ҳукуматнинг барча идораларига юборилгани ҳақида ҳужжат олиб келди. Умида ҳамма ахборотларни Интернетдан олганди. Ҳамма ҳам, сиз ҳам, мен ҳам Интернетга кириб, уни ўқишимиз мумкин. У бу ахборотни тарқатмаганди. Варақа чоп этмаганди. Буларнинг ҳаммаси унинг ноутбукида эди. У ўзининг журналистик фаолияти сабабли бу материалларни сақлаш ҳуқуқига эга эди. Бундан ташқари, бу материаллар ноутбукдан ўчирилганди. Ўчирилган файлларни қайтадан тиклашди. Умида ўчириб ташлаганди. Улар эса қайта тиклашди. Судда шуларнинг ҳаммаси айтилди. Яъни, уни компьютеридаги аллақачон ўчириб юборилган материаллар билан айблаётгандилар. Контрабанда масаласига келсак, у божхона декларациясида ўзининг ноутбукини электрон ахборот ташувчиси, деб кўрсатган. Улар эса ноутбук, деб ёзиши керак эди, дейишди. Лекин, ахир ноутбук ҳам электрон ахборот ташувчиси ҳисобланади-ку! Бошқача қилиб айтганда, бу икки иборанинг маъноси бир-ку! Флэшк дискни ҳам контрабанда ҳисоблашяпти... Энди учинчи айбга тўхталайлик. Ҳақиқатан Умида чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтган. Бироқ, унинг бу иши бор-йўғи хавфсизлик учун бўлганди. Ахир у бу системани яхши биларди-да. Чегарадан ўтганлик учун етти йил бериладими?”.

Шуни қайд қилиш мақсадга мувофиқки, ҳар куни Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегараларини ноқонуний равишда бир неча мингдан бир неча ўн минггача одам кесиб ўтади. Шунинг учун кўпинча ҳукумат бу ишдан кўз юмади. Умида Ниёзованинг эса айнан шу ишда айбланаётгани унинг асл сабаби сиёсий сабаб эканини кўрсатиб турибди.

Андреа Берг бу жараён ўзида қандай таассурот қолдиргани ҳақида шундай ҳикоя қилади:

“Бу адолатли суд бўлмади. Бошданоқ, ҳеч кимга айтмасдан фақат адвокатни чақиришди ва у келган заҳоти “суд ҳозир бошланади”, дейишди. Ахир бу даҳшат-ку! Ўзбекистон ҳукумати ҳар қандай ошкораликдан чўчийди. Агар мониторинг ўтказадиган бирон бир журналист ёки гувоҳ келиб қолса, улар қўрқиб кетадилар. Чунки одамларнинг ўз кўзлари билан кўраётганлари газетадаги, телевидениедаги ва расмий чиқишлардаги гапларга мутлақо тўғри келмайди. Буларнинг ҳаммаси реалликка зиддир. Шунинг учун ҳам ҳукумат ҳар қандай гувоҳдан қўрқади”.

Шуни қўшимча қила оламизки, тез ва ёпиқ тарзда ўтказиладиган суд Ўзбекистон ҳукуматининг янги ихтиросидир. Шу маънода Умида Ниёзованинг судини ўзига хос рекорд, деб ҳисоблаш мумкин. Ҳуқуқ ҳимоячиси Гулбаҳор Тўраева устидан апрель ойининг охирида олиб борилган суд Умида Ниёзова устидан олиб борилган судга нисбатан икки баробарга чўзилиб кетганди, яъни, тўрт кун давом этганди. Ўша судда ҳам олийжаноблик тамойилларига амал қилиниб, судланувчининг тўрт нафар фарзанди борлиги инобатга олинганди. Шунинг учун Гулбаҳор Тўраевага Умида Ниёзовага нисбатан бир йил камроқ қамоқ жазоси берилди.