23:35 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижон фермерлари бош вазир томонидан ўтказилаётган селектор йиғилишларни писанд қилмаяптилар

03.05.2007 11:22 msk

ўз ахб.

Андижон вилояти фермерлари вилоят ва туман ҳокимиятлари (маъмуриятлари) томонидан мунтазам равишда ўтказилаётган йиғилишларда қатнашмасликни маъқул кўрмоқдалар. 20 апрель куни вилоят ҳокимияти биносида ўтказилган селектор йиғилишига таклиф қилинган 579 нафар фермер хўжалиги раҳбарларидан фақат 299 нафари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзияевнинг шахсан ўзи ўтказган кейинги тадбирда ундан ҳам озроқ иштирокчи қатнашди. Ҳолбуки, барча фермер хўжалиги раҳбарлари бу йиғилиш ҳақида икки кун олдин огоҳлантирилган эдилар. Йиғилишга келмаган кўпчилик раҳбарлар бундай йиғилишларга аҳамият бермасликка ёки ўзларининг ўрнига бошқа бир одамни юборишга ўрганиб қолишди.

Бош вазир ўтказган йиғилишда “қишлоқ тадбиркори учун зарур бўлган пахта экиш ишларини якунлаш, агротехник ишларни ўз вақтида олиб бориш, тут ипак қурти боқиш, спиртли ичимликлар сотилиши каби масалалар муҳокама қилиниши кўзда тутилган эди. Ҳар бир фермер ўзининг келажакдаги фаолияти учун зарур чораларни белгилаши лозим эди”.

Ҳоким Алишер Содиқов томонидан бошқарилаётган Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани фермерлари қаттиқ танқид остига олиндилар. Селектор йиғилишида туман маъмуриятидаги 420 кишилик залнинг тўртдан учигина тўлган эди. Яна шуни ҳам эътиборга олиш керакки, залнинг олдинги бир неча қаторларини маъмурий ходимлар ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари банд қилгандилар.

Алишер Содиқовнинг гапига қараганда, селектор йиғилиштда 861 нафар фермер хўжалик раҳбарлари қатнашишлари лозим эди. Бироқ, улардан фақат 460 нафари, яъни, эллик уч фоизигина қатнашди. Тумандаги 861 нафар фермер хўжаликларидан 661 нафари пахта етиштиришга ихтисослаштирилган. Улардан йиғилишга фақат 371 нафари, яъни, фермерларнинг эллик олти фоизигина қатнашди. Тут ипак қурти боқишга ихтисослаштирилган икки юз фермердан эса фақат қирқ нафари, яъни, умумий кўламнинг тўртдан биригина йиғилишда иштирок этди.

Масалан, Ёрқишлоқ қишлоғидан бирорта ҳам фермер йиғилишда қатнашмади. Тошматов номли альтернатив Машинатрактор паркидаги йигирма саккиз фермердан йигирма тўрт нафари тадбирни писанд қилмади. “Пахтакор” номли МТПдан таклиф этилган йигирма етти фермердан фақат ўн бир нафаригина йиғилишга келди. “Ўзбекистон”, “Бештол” ва бошқа альтернатив МТПлардан бирорта ҳам фермер йиғилишга келмади. Ўша ҳокимнинг гапига қараганда, тадбирга “Ойим”, “Гулбаҳор”, “Ғайрат” ва “Ҳақиқат” қишлоқларидан таклиф этилганларнинг кўпчилиги келмаган.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, фақат йиғилишда қатнашмаган фермерларгина эмас, тумандаги корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳам танқидга учрадилар.

- Фермерларнинг йиғилишларда қатнашмай қўйганларининг сабаби, улардаги қайта-қайта такрорланаверган олтинга тенг гаплар ўз маъноси, кучини йўқотиб қўйганидадир, - деб ҳисоблайди республика газеталаридан бирида маълум муддат ишлаган бир журналист. – Турли хил йиғилишлар билан фермерларнинг жонларига тегишди. Бош вазир томонидан мунтазам равишда ўтказилаётган селектор йиғилишлар кечагина колхозчи бўлиб юрган фермерлар учун шунчаки кераксиз бир ишга ўхшаб қолди. Далада баҳор ишлари айни қизиган бир пайтда фермерларни турли хил йиғилишларга чақириб, уларга белкуракни қандай ушлашни ўргатмоқдалар. Ёзда ҳам, кузда ҳам, қишда ҳам худди шу ҳол такрорланяпти.

Бир қатор мустақил экспертларнинг фикрига кўра, фермерлар ҳукуматнинг бундай тадбирларига бу қадар беписандлик билан қарашлари сабаби Ўзбекистондаги давлат системаси ҳозирги вақтда собиқ СССР режимининг маъмурий буйруқбозлик шаклини энг хунук кўринишда намоён қилаётганидандир. Ҳукуматнинг фикрига кўра, фермерлар ҳар бир масалада унга (ҳукуматга) сўзсиз, ҳеч қандай иккиланишсиз тобе бўлиши, қулоқ солиши лозим. Айни пайтда айрим олий даражали маъмурий шахслар очиқдан-очиқ таъмагирлик қилмоқдалар. Улар пора берувчида пора олувчига нисбатан ҳурмат қолмаслигини унутиб қўйяптилар. Шу сабабдан фермер пинагини ҳам бузмасдан ҳатто бош вазир ўтказаётган йиғилишларни ҳам назар-писанд қилмай қўя қоляпти.