08:20 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: андижонликларнинг газдан қарзи миллиардлаб сўмлар билан ўлчанади

02.05.2007 23:17 msk

Ўз ахб.

Андижонликларнинг фойдаланилган табиий газдан қарзи бир неча миллардлаб сўмлар билан ўлчанади (1 доллар 1250 сўмга баробар). Ҳар бир маҳалла аҳолини газ билан таъминлаш билан шуғулланадиган “Андижонгазтаъминот” шаҳар корхонасидан ўртача 200 миллиондан 600 миллион сўмгача қарздор экани айтилади.

Яқинда Андижон вилоят маъмурияти ташаббуси билан аҳолининг фойдаланилган табиий газдан қарзини камайтириш бўйича махсус гуруҳлар ташкил қилинди. Бу гуруҳлар таркибига шаҳар маъмурияти, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш идоралари, шаҳар солиқ инспекцияси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари кирганлар. Улар аҳоли ўртасида коммунал хизматлар учун тўланмаган қарзларни узишга қаратилган тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишлари олиб бормоқдалар. Шунингдек, махсус гуруҳлар ўз фаолиятларига халақит берган, коммунал хизматлар учун тўловларни тўламаган ва йирик ўлчамда қарздор абонентларни табиий газ тармоғидан узиб қўймоқдалар.

Ушбу мавзудаги кўрсатув бокс бўйича жаҳон чемпиони Руслан Чагаев гўё ўз ҳамшаҳарларининг газдан қарзини тўлаб қўйгани тўғрисида Интернет нашрларда маълумотлар пайдо бўлган куни Андижон вилоят телеканалининг кечки янгиликлар дастурида намойиш қилинди.

Кўрсатувда бир қатор қарздорларнинг исми шарифлари тилга олинди. Маълум бўлишича, Иттифоқ маҳалласидан Ҳамидовлар оиласи табиий газ учун 840 минг сўм, Қодировлар оиласи 319 минг сўм, Абдумажид Солиев оиласи 379 минг сўм қарздор бўлиб қолган. Бундан ташқари, Иттифоқ ва Қизил ботир маҳаллаларида яшовчи баъзи оилалар ўзбошимчалик билан газ тармоғига уланиб олгани маълум қилинди.

Маҳалла қўмитаси вакилининг маълум қилишича, унинг назорати остидаги маҳаллада тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, яъни, ўзига тўқ одамлар яшайдилар. Махсус гуруҳлар олиб борган тушунтириш ишлари натижасида ўзига тўқ одамлар оғир иқтисодий шароит туфайли пул бера олмаётган истеъмолчиларнинг қарзларини тўлаб қўйишга розилик билдирганлар.

Телекўрсатув бошловчисига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил бошида 2006 йил якунлари ва 2007 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича бўлиб ўтган мажлисида президент Ислом Каримов етти асосий йўналишни аниқлаб берган. Булардан бири – коммунал хўжаликларни ривожлантириш соҳасида ислоҳот юритиш масаласи эди.

Вилоят телеканали кўрсатувидан хулоса қилинадиган бўлса, Андижон “коммуналчи”лари, афтидан, тўловларни суд орқали ундираётган фарғоналик ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, вилоят маъмурияти қошида махсус гуруҳлар тузиш орқали ислоҳот юритмоқчи бўляптилар. Кўрсатув давомида кадр ортидаги овоз “Қарзинг бўлгунча, дардинг бўлсин. Қарзнинг ўзи бир дарддир. Дардни даволаб бўлади. Қарз эса кундан-кунга алангаланиб, ўчириш қийинлашиб бораверадиган бир оловдир”, дея доноларнинг пурмаъно сўзларидан иқтибос келтирди.

Газ таъминоти корхонаси текширувчининг “Фарғона.Ру” АА мухбирига исмини ошкор қилмаслик шарти билан маълум қилишича, телекўрсатувда мисол тариқасида келтирилган бир неча юз минг сўмлик қарзлар кармони қаппайган, аммо уни очишга шошилмаётган бой-бадавлат одамларга тегишлидир. Жамғармаси бирданига ҳам коммунал хизматлар учун ҳақ тўлашга, ҳам тирикчилик ўтказишга етмайдиган тоифадаги одамларга эса, ростдан ҳам қийин. Бундай одамлар вилоят аҳолисининг кўпчилик қисмини ташкил қилади. Турмушнинг қашшоқлиги сабабли аҳоли коммунал хизматлар ҳақини ўз вақтида ҳақ тўлай олмяпти.

Суҳбатдош фикрича, Руслан Чагаев андижонликларнинг табиий газдан қарзини тўлаб қўйгани тўғрисида “ўрдак”ни вилоят махсус хизматлари “учирган” бўлишлари мумкин.

«Худди бой давлатлар қашшоқ давлатларнинг қарзини кечгани каби, аҳолини аянчли аҳволга солган ҳукумат ҳам қарзлардан кечса яхши бўларди. Халқ давлатни бой қилди, аммо ўзи камбағаллигича қолди». – дейди у.

Андижон вилоят телеканали кўрсатув сўнгида аҳолининг коммунал хизматлардан қарзларини узиш мавзуси бундай буёғига ҳам дастурларда асосий ўринни эгаллаши тўғрисида маълум қилди. Чунки аҳолининг ҳукуматдан қарздор бўлиб қолишига йўл қўймаслик зарур, мабодо қарзлар пайдо бўлса, дарҳол тўлаб қўйиш керак.



 

Реклама