02:59 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Катта ўйинлар» афсонаси. Покистон версияси

02.05.2007 21:49 msk

Давлат Озоди (Москва)

Марказий Осиёга таъсир ўтказиш учун олиб борилаётган турли давлатлар ўртасида ривожланаётган рақобатни қачонлардир, XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошларида Россия билан Буюк Британия ўйнаган “Катта ўйинлар”нинг давоми қилиб кўрсатиш тарихий реалликка тўғри келмайди. Олдинги уринишларда Лондон ва Санкт-Петербург ҳаракатлари мухолифнинг ўзига қарашли империалистик колонияларини реал ва (ёки) тахминий ривожлантиришига йўл қўймасликка, шунингдек, ўзини ҳарбий-стратегик режада янги имкониятлар билан таъминлашга қаратилган эди. Аввалгидан кўпроқ миқдордаги давлатлардан ташкил топган иштирокчилар ўртасида бораётган замонавий қарши курашлар эса манфаатдор томонларнинг хомашё сиёсати номи остида ва мустақил давлатлар бўлиб олишга улгурган мамлакатларда юз бермоқда. Бу муаммоларнинг ҳарбий-стратегик ва ташқи сиёсатга оид жиҳатлари эндиликда қарши курашга алоқадор давлатлар учун кун тартибида биринчи навбатда турган масала бўлмай қолди.

АҚШ, Россия, Европа (шу жумладан, Буюк Британия), Хитой, Туркия ва бошқа минтақавий ишларда манфаатдор “ўйинчилар” ўртасидаги зиддиятда марказий-осиёча режимларнинг роли охир-оқибатда батамом мантиқий натижаларга олиб келди. Уларнинг энг асосийси, Марказий Осиё давлатларининг ички сиёсий ҳаётидаги шахс тоталитари (яккаҳокимлиги) йўналишини янада кучайтиришдир. Айнан мана шу вазият режим раҳбарларининг ўз ҳокимиятларини мустаҳкамлаш мақсадида потенциал ҳамкор-иттифоқчиларни излашда давом этишларини таъминлайди.

АҚШ, Россия, Европа, Хитой, Туркия ва Эрон каби минтақадаги ресурсларга кириб бориш учун кураш олиб бораётган “анъанавий” рақобатчиларнинг роли ҳаммага маълум. Бошқа давлатларнинг, жумладан, ўзининг Марказий Осиёдаги сиёсатини ахборот сукути билан олиб бораётган Покистоннинг фаол позициясига етарлича эътибор берилмаяпти. Анчадан буён бу мавзуда ўз фикрларини билдириб келаётган бир қанча Покистон расмийларининг, жумладан, Покистоннинг АҚШдаги элчихонаси ахборот ва нашриёт вазири Рифат Ҳусайннинг фикрига кўра, “СССР парчаланиши ва мусулмон Марказий Осиёнинг вужудга келиши даврида Покистонни ўзининг геостратегик жойланишига кўра, янги регионал куч балансидаги марказий ўқ, деб ҳисоблай бошладилар”.

1995 йили Туркманистон, Покистон ва Афғонистон Покистонга олиб борувчи қувурлар ётқизиш ҳақида махсус меморандумга (баённомага) қўл қўйдилар. 2000 йилда Исломобод Марказий Осиёдан келадиган қувурларни ётқизишга эришиш учун фаол ҳаракат қилди. Чунки бу нарса унга региондаги энергия ресурсларига эришиш ҳамда келажакда кенг транспорт йўналишларида асосий транзит пункт бўлиб қолиш имконини берарди. Покистон раҳбари генерал Парвез Мушарраф Қозоғистон нефти ва Туркманистон газига эришиш учун Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни ва Туркманистоннинг марҳум президенти Сапармурод Ниёзовни “Покистон транзити”ни қўллашлари зарурлигига ишонтиришга ҳаракат қилди.

2002 йилнинг декабрида Туркманистон, Афғонистон ва Покистон ҳукуматлари Марказий Осиё нефть қувурлари ётқизиш ҳақидаги Меморандумга имзо чекдилар. Унга кўра, Ўзбекистон ва Туркманистондан Покистоннинг Араб денгизига олиб чиқувчи Гвадар портига хомашёлар етказиб берилиши лозим эди. Бироқ, бу лойиҳаларни амалга ошириш Афғонистондаги вазиятга боғлиқ эди. Чунки гарчи Толибон билан Ашхобод ва Исломобод ўртасида махсус муносабатлар ўрнатилган бўлса-да, Толибондан ҳар нарсани кутиш мумкин эди. Уларнинг нима қилишлари мумкинлигини олдиндан айтиб бўлмасди. Терроризмга қарши кураш коалициясининг ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин Толибон режими ағдарилиб, Афғонистонда фуқаролар уруши кучайгач, бу лойиҳа вақтинча тўхтатиб қўйилди. Покистон томонининг Эрон лойиҳасида иштирок этиши ҳам Эроннинг евроатлантик ҳамжамият билан ва энг аввало АҚШ билан муносабати ёмонлашгани туфайли амалга ошмайдиган бўлди.

Исломободнинг Марказий Осиёга нисбатан қўллаган сиёсати минтақадаги, хусусан, Афғонистондаги ва Эрон атрофидаги воқеалардан кейин ўта эҳтиёткор ва етарли даражада изчил характерга эга бўлиб қолди. Биринчидан, Покистон учун ўзининг собиқ советлар Ўрта Осиёсидаги ролини кўрсатиб бериши муҳим эди. Бу рол навбатдаги “ўйинчи”нинг ролигина бўлиб қолмай, минтақа билан тарихан боғланган, Марказий Осиё халқлари билан ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий зиддиятларга бормаган анъанавий ҳамкорнинг ҳам роли бўлиши керак эди.

Иккинчидан, Покистон сиёсати Марказий Осиё билан ҳамкорлик қилишда ўзини минтақага таъсир ўтказиш учун олиб борилаётган курашда энг машҳур ва энг кучли альтернатив иштирокчи қилиб кўрсатишга қаратилган. Бундай альтернатив иштирокчининг кейинчалик ўзининг “тор ғаразли ғояларини” кўзлашини айтмасак ҳам бўлади.

Учинчидан, Исломобод ўзини Ислом дунёсининг радикал сиёсий оқимларини қўлламайдиган, аксинча, улар билан кураш олиб борадиган (бу Марказий Осиё учун ўта муҳим), масъулиятни ҳис қиладиган ишончли ҳамкор қилиб кўрсатишга уриняпти. 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг ўзбек президенти ўзини оғир вазиятда қўллаган генерал Мушарраф билан алоқани фаоллаштирди. Покистон ҳукуматининг 2007 йил баҳорида Вазиристондаги ҳарбийлашган ўзбек отрядларига нисбатан муносабати Тошкент ва Исломобод ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнади.

2006 йилнинг февралида Туркманистон, Афғонистон ва Покистон қувурлар ётқизиш ҳақидаги янги меморандумга имзо чекдилар. Бу меморандум Покистоннинг асосий рақиби Ҳиндистон манфаатига тўғри келарди. Ажабланарли жойи шундаки, Исломобод билан Тошкент ўртасидаги ўзаро муносабатлар кучайган бир пайтда Остона билан рақобат ютқазиб қўйилди. Ўзбекистон Россиянинг ёки Хитойнинг таъсирига тушиб қолмаслиги учун Покистон ҳукумати ўзбек томонини қўллаб-қувватлаши зарур эди. Негаки, Ўзбекистоннинг АҚШ ва Евроиттифоқ билан алоқалари чигаллашиб бораётганди. Бу мақсадга қайсидир даражада эришилди. Бироқ, Хитой билан рақобатлашиш Покистон учун анчагина муаммолар туғдирадиганга ўхшаб қолди.

Мураккаблашган вазиятни юмшатиш учун Пекин Исломобод билан (тарқатилган хабарларга кўра) Россия намунасидаги лицензияланган қуролларни етказиб бериш борасида ҳарбий-техник ҳамкорликни фаоллаштирди. Бу қадам қўшни Ҳиндистон учун жиддий синов бўлди. Негаки, Ҳиндистон ҳам ўз минтақасидагина эмас, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам муҳим рол ўйнаш даъвогарларидан бири эди. Натижада Покистон ўзининг Марказий Осиёдаги ролини сақлабгина қолмай, бир қараганда мутлақо кутилмаганда бу ердаги сиёсатдан ўзи учун муайян дивидендлар ҳам орттирди: кенг минтақавий контекстда Ҳиндистонга қарши қўллаб-қувватланиши кучайди.