18:17 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Журналист Игорь Ротарь андижонлик қочоқлар юзасидан ўз фикрларига аниқлик киритади

24.08.2005 11:48 msk

Игорь Ротарь

Бугун биз журналистлик вазифаларини бажариш учун доимий авиақатнов билан мамлакатга расман «кириб олиш»га уринган пайтида Ўзбекистон расмийлари томонидан депортация қилинганлиги билан таниқли бўлган журналист Игорь Ротарь ("Фарғона.Ру" бу ҳақда 14 август куни батафсил ёзганди) билан боғландик. Москвага келганидан сал ўтиб, Игорь Ротарь «Московские новости» газетасига кенгайтирилган интервью берганди. Игорга кўра, у томонидан айтилган айрим жумлалар ундан интервью олувчи журналист томонидан ғаразсиз тарзда нотўғри талқин қилинган ҳамда шу сабабли у тузатишга муҳтож. Қуйида биз Игорь Ротарнинг «Фарғона.Ру» АА таҳририятига бугун юборган мактубини эълон қилмоқдамиз.

* * *

«Московские новости»даги Нелли Монастирская, умуман олганда, мен билан бўлган жуда яхши интервьюни чоп қилган. Аммо унда битта қўпол хато бор. Нелли гўё мендан олинган иқтибос ўлароқ «жангарилар Андижондаги майдон бўйлаб сим билан чирмаб ташланган гаровдагиларни – аёллар ва болаларни териб қўйган эдилар», дея ёзади. Мен бундай демаганман.

Мен унга майдон бўйлаб қўл-оёқлари боғланган гаровга олинганлар (улар милиционерлар ва ҳокимият хизматчилари эдилар) , уларнинг орқаларида аёллар ва болалар (улар гаровга олинган эмасдилар!) турар эдилар, майдондаги бино ёнида эса жангарилар турардилар, деганман. Мен расмий раддия беришни қаттиқ туриб талаб қилмоқчи эмасман, чунки Нелли Монастирская шунчаки мени тушунмаганлигига шубҳа қилмайман ҳамда кўрсатган ёрдами учун ундан миннатдорман. Аммо барча профессионаллар (ўз касбининг усталари) ўқийдиган Сизнинг сайтингизда бу тузатиш пайдо бўлишини жуда хоҳлардим.

Шунингдек, сим билан чирмаб ташланган гаровдагилар (милиционерлар ва ҳокимият вакиллари) ҳақидаги хабар менга қаердан келганлигига ҳам изоҳ бермоқчиман. Мен Андижондаги воқеалар пайтида бевосита иштирок этмаганман – мен у ерга май ойининг охирида борганман. Сим билан боғлаб ташланган гаровдагилар ҳақидаги маълумотни менга дастлаб Қирғизистоннинг Бозорқўрғон шаҳридан бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси, Жалолободдаги «Адолат» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг аъзоси Азимжон Асқаров маълум қилганди. Азимжон ўзбек миллатига мансуб ҳамда Андижонда унинг яқин дўстлари бор. У воқеадан бир неча кун кейин Андижонга борган. Азимжон исённинг бостирилишини қатъиян қоралайди, шунинг учун бу одамнинг расмийларга тарафкашлиги юзасидан гумонда бўлиш қийин. Май ойи охирларида Андижонда бўлганимда, Азимжон берган маълумотни камида ўнта манба тасдиқлади. Шунингдек, мен [собиқ] гаровда бўлган киши билан учрашдим, унинг танасида қийноқ аломатлари бор эди.

Нафсиламрини айтганда, гаровдагиларнинг сим билан чирмаб ташланганликлари у қадар муҳим эмас. Асосийси, жангариларнинг кишиларни гаровга олганликларидир, буни ҳатто энг ашаддий ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам инкор қилмаяптилар. Андижонда тинч намойиш бўлиб ўтганлиги тўғрисидаги ахборот хунрезлик арафасида «тинч» намойишчилар қисмининг бир неча юз маҳбусни, шу жумладан, жиноятчиларни ҳам озод қилиб, мустаҳкамлиги жиҳатдан МДҲда иккинчи ўринда турувчи қамоқхонани ҳеч бир қийинчиликсиз эгаллаб олиши ҳамда ҳарбий қисмни ўта усталик билан тор-мор қилиши билан унчалик қовушмаяпти.

Мени Каримов режимини ёқтирувчи киши сифатида гумон қилиш қийин, деб ўйлайман – бунинг учун менинг мақолаларимни ўқиш кифоя. Бунинг устига, Ўзбекистон махсус хизматлари мени депортация қилишлари арафасида мендан кўра «Ўзбекистон обрў-эътиборига каттароқ зарар етказган бошқа журналист йўқ»лигини билдирдилар. Бироқ, Тошкент мени «ўзбек халқининг душмани» дея ҳисоблашига қарамасдан, фақат оқ-қора ранглардагина иборат бўлмаган, мавзун ахборотни етказишга ҳаракат қилаяпман.

Ҳурмат билан,

Игорь Ротарь

2005 йил 23 августи

Бишкек