18:07 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Дутор торларида табиат овози янграйди

02.05.2007 00:37 msk

Равшан Искандаров (Тошкент)

Суратда: Уста Рихсихон Хўжахонов

Фарғона.Ру АА сурати
Фарғона.Ру АА сурати
Марказий Осиё халқларига тегишли анъанавий мусиқа асбоби дуторнинг келиб чиқиши ҳақида турли афсоналар бор. Улардан бирида айтилишича, бир марта Ҳазрат Али ўзининг севимли оти Дулдул борган сари озиб бораётганини сезиб қолибди. Унинг айбдори отбоқар Қамбар бўлиб чиқибди. Қамбар охурга ем ташлаб, икки торли мусиқа асбобини чала бошларкан. Сеҳрли овозлардан ҳайратланган от ем ейишни унутиб қўйибди. Бундай бўлишига сабаб, шайтоннинг ўзи устанинг бир бўлак ёғочга жонли овоз киритишига ёрдам берган экан. Бундан хабар топган Али нонкўр мусиқачини жазоламоқчи бўлибди. Лекин мусиқачи Худога тавба қилиб ёлборибди. Шунда бир мўъжиза рўй берибди, яъни, ерда бир чуқур ёриқ пайдо бўлиб, хожасининг ғазабидан қочган Қамбар унинг ичига беркиниб олибди. Шу пайтда у мусиқа асбобининг қулоғини тушириб қўйибди. Кейин ундан дутор-қулоқ дарахти униб чиққан экан.

Тожикистонда шундай ривоят бор. Дуторни биринчи бўлиб машҳур овчи ва мусиқачи Қамбар бобо тут дарахтининг бир бўлагидан ясаган. Дастлаб у учта дутор ясаб, уларнинг ҳар бирини чалиб кўрган. Ҳар бири ҳар хил овоз чиқарганидан ҳайратланган. Улардан бири баргларнинг шивирлашига ўхшаш енгил оҳанг таратган бўлса, бошқаси тоғ акс-садосига ўхшаш янграган, учинчиси эса сувнинг жимирлашига ўхшаш овоз чиқарган. Шунда уста ёғочларни ҳар хил жойлардаги дарахтлардан олганини эслади. Бирини боғдаги, иккинчисини тоғ дарасидаги, учинчисини эса сой бўйидаги дарахтдан олган эди. Ҳар бир дарахт ўзининг атрофидаги товушларни жамлаган. Устага сув бўйида ўсган дарахтдан ясалган дуторнинг оҳанги кўпроқ ёқди ва у ерга юз йилдан кейин кесиб олишни васият қилиб, ёш тут новдасини экди.

Анъанага кўра, дутор тут дарахтидан, унинг торлари эса ипакдан ясалади. Шу ном билан номланиши, бир қавлга кўра, туттор сўзидан, яна бошқа қавлга кўра, дутор сўзидан олинган. Дутор сўзи форсча сўз бўлиб, икки тор, деган маънони англатади.

Фарғона.Ру АА сурати
Фарғона.Ру АА сурати
Дутор ясашда турли халқлар турли технологиядан (усулдан) фойдаланади. Масалан, Бухоро ёки Хива танбури, деб ҳам номланадиган туркман дутори дарахтнинг бош танасидан олиб ясалади. Уни ясашда тут дарахтидан кесиб олинган тана қумга кўмилади ва бир йил давомида қуритилади. Очиқ ҳавода эса бу жараён камида беш йил давом этиши керак бўлади. Ўзбек дуторининг ҳажми (корпуси, тани) каттароқ бўлиб, қалинлиги уч ва эни эллик миллиметрли алоҳида тахтачалардан таркиб топади.

Ўзбекистондаги кекса уста Рихсихон Хўжахонов оиласида халқ чолғу асбобларини ясаш сирлари авлоддан авлодга ўтиб келади. Бу сулоланинг илк намоёндаси Содиқхонтўра XIX асрнинг энг машҳур устаси эди. Унинг кенжа ўғли Зокирхон машҳур мусиқачи бўлиб етишди. У отаси ясаб берган камончали ғижжакни чаларди. Қолган уч ўғиллари эса моҳир уста бўлиб етишдилар.

Отаси Хожахондан бу ҳунарни мерос қилиб олган Рихсихон бобо ҳар йили ўнлаб ажойиб мусиқа асбоблари ясайди. Уларнинг орасида дуторлар алоҳида ўрин эгаллайди. Одатда усталар дутор қисмларини жамлашга киришганларида тут дарахтидан шилинган ёғочларни иссиқ сувга соладилар. Кейин уни тиззалари билан эгадилар. Лекин унинг устахонасида бу иш ўта оддий йўл билан амалга ошади. Яъни, унда бир бўлак металл трубадан ясалган, газ гарелкасида қиздириш орқали керакли шаклни ҳосил қиладиган мослама мавжуд.

Шундан сўнг пластинкалар четларини бир-бирларига шундай жипслаштириш лозимки, уларнинг орасида андак бўлса-да очиқ жой қолмасин. Айрим устамонлар ўзлари қилган ишнинг чала жойларини яшириш мақсадида очиқ жойларни шунчаки шуваб қўя қолишади. Бироқ, кекса уста фикрича, дутор овози соф чиқиши учун унинг “қовурғалари” худди жонли танадаги кўкрак қафасидек нафас олиши лозим.

Парда тайёрлаш учун ўрик дарахтидан фойдаланилади. Чунки ўрик дарахтидан ясалган пардалар шакли чиройли ва ўзи мустаҳкам бўлади. Парданинг устки қисмига садаф пластинаси ёки пластиклар билан нақш солинади. Мусиқа асбобининг нархи шунга боғлиқ бўлади. Чунки садаф билан нақш солиш ўта машаққатли меҳнат ҳисобланиб, баъзида бу иш учун асбобнинг ўзини ясаш учун кетган вақтдан кўра ҳам кўпроқ вақт сарфланади. Нақш солинган дуторнинг нархи $ 200 ва ундан юқори бўлади. Садаф пластиналар учун сувости чиғаноқлари хомашё бўлади.

Фарғона.Ру АА сурати
Фарғона.Ру АА сурати
Дуторнинг қорин қопқоғи зич ёғоч ҳисобланувчи тут дарахтидан ясалганига қарамасдан унинг ажойиб акс-садо бериш хусусиятлари ўзига хос товуш чиқариш имконини беради. Бу борада ғарб анъаналари шарқ анъаналаридан фарқланиб туради. Чунки Европада ёғочнинг зичлиги қанчалик оз бўлса, акс-садо бериш шунчалик кучли бўлади, деб ҳисобланади. Шунинг учун скрипка ва гитараларнинг қорин қопқоғи арча ва кедр дарахтидан, танаси эса заранг ва палисандр каби ноёб навли дарахтлардан ясалади.

Устанинг гапига кўра, СССР даврида Тошкент мусиқа асбоблари фабрикасида асбоб таналари қора қайиндан, қорин қопқоғи эса арчадан рус балалайкасига ўхшаш тарзда ясалган. Лекин бундай мусиқа асбоблари фақат ўқитиш учунгина қўлланилган. Моҳир мусиқачи бўлиб етишган дуторчи эса ўзининг ҳақиқий дуторига эга бўлиш учун интилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда мусиқа асбобларини ишлаб чиқариш саноати таназзулга юз тутган. Қўлда тайёрланган дуторларга талаб эса ҳали ҳануз сусайгани йўқ.

Рихсихон уста ипак торларини тайёрлаш борасида ўз услубини ҳам яратди. У ўйлаб топган дастгоҳ узунлиги юзлаб метрли ипларни ўрайдиган бир ғилдиракли велосипедни эслатади. Ўраш жараёни то керакли қалинлик ҳосил бўлгунига қадар давом этаверади. Бу жуда узоқ давом этадиган ва машаққатли жараён. Бир циклда (даврада) олти юз тўплам тор тайёрланади. Кейин улар иссиқлик воситасида чиниқтирилади. Токи, керакли қаттиқлик ва мустаҳкамлик ҳосил бўлсин.

Бу торлар учун бутун Марказий Осиёдан буюртмалар келади. Устанинг номи Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур. Ўтган асрнинг охирида Буюк Британиядан ташриф буюрган этнографик экспедиция устанинг бир неча асбобларини Лондоннинг «Horneman Museum» музейига олиб кетдилар.