12:22 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда мутлақо махфий суратда Умида Ниёзова устидан суд бошланди

01.05.2007 10:29 msk

Ўз ахб.

Умида Ниязова
Умида Ниёзова
Фарғона.Ру 30 апрель куни Тошкентда аввалдан огоҳлантиришсиз Умида Ниёзова иши бўйича маҳкама жараёни бошланди. 32 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист У. Ниёзова ўзбек расмийлари томонидан бир неча ой аввал ҳибсга олинганди. У Ўзбекистон Жиноий кодексининг чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтиш, контрабанда, жамоатчилик хавфсизлигига ва ижтимоий тартибга хавф солувчи материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш кабилар учун жазо беришни кўзда тутувчи уч моддасини бузганликда айбланмоқда. Қўйилаётган айбловлар юзасидан уни 10 йилгача озодликдан маҳрум этишлари хавфи бор.

Бошланмиш маҳкама жараёни ўз фаолияти билан анчадан бери расмийларнинг ғашини келтириб юрган аёлни жазолашнинг машруълаштирилган шаклидан бошқа нарса эмас. Маҳкама тингловининг бошланиши буни тўлалигича тасдиқлаб турибди. Эслатиб ўтамиз, 19 апрель куни пойтахтнинг Жиноий ишлар бўйича Сирғали туман судида ўтиши керак бўлган биринчи маҳкама мажлиси ҳеч қандай изоҳотсиз номаълум муддатга қолдирилганди. Бу иш маҳкама жараёнига жуда кўп одам йиғилгани сабабли расмийлар маҳкама тингловларини бошқа муддатга қолдириб, уни бегона кўзлардан панароқда ўтказишга қарор қилганлари юзасидан тахминлар айтилганди.

Бугунги мажлис ушбу тахминлар тўғрилигини тўлалигича тасдиқлади. Умида Ниёзованинг адвокати Татьяна Давидова маҳкама тингловлари бошланишидан бор-йўғи ярим соат олдин судга чақирилган ва у ерга етиб келганидан кейингина унга маҳкама бошланиши ҳақида эълон қилинган. Ундан ташқари судланувчининг икки қариндоши ва “Human Rights Watch” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакиласи ҳам маҳкамага киришга улгуриб қолганлар. Маҳкама жараёни расман очиқ деб ҳисобланишига қарамай, тушлик танаффусидан кейин тингловда иштирок этишга уринган ғарблик бир неча журналистни маҳкамага қўймаганлар.

Маҳкама тинглови чоғида нималар бўлгани ҳақида жараёнга кузатувчи сифатида қўйилган ягона киши, “Human Rights Watch” вакиласи Андреа Берг гапиради:

- Маҳкама соат 11 да бошланди. Унинг бугун бошланиши ҳақида эрталаб ҳам ҳеч гап йўқ эди, ҳатто Умида Ниёзованинг адвокати ҳам бу ҳақда соат ўн яримга келиб хабар топган. Уни судга чақиришиб, ўша ернинг ўзида маҳкама сал туриб бошланишини айтганлар. Аммо у барибир Умиданинг акаси ва холасини чақиришга улгуриб қолган. Бори шу, судда бошқа ҳеч ким бўлгани йўқ.

Тушгача айблов хулосасини ўқидилар. Умида айблов тўғри эмас деб билишини ҳамда фақат чегарадан номашруъ тарзда ўтганини тасдиқлашини билдирди. Бошқа айбловлар хусусида эса бу унинг иши эканини, журналист сифатида у бундай материалларга эга бўлишга ҳақли эканини (унинг ноутбукида Андижон бўйича маърузалар, интервью, турли фотосуратлар бор эди) ва бу материаллар тарқатиш учун мўлжалланмаганини айтди.

Тушдан сўнг гувоҳларни чақириб, сўроқ қила бошладилар. Бугун кун бўйи тўққиз гувоҳнинг кўрсатмалари тингланди. Ҳаммаси бўлиб ноҳукумат ташкилотидан бўлган икки ходима, битта ҳуқуқ ҳимоячиси, божхона назоратининг тўрт ходими ҳамда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги оммавий ахборот воситалари мониторинги марказининг уч аъзоси чақирилди.

Мазкур Мониторинг марказида ишловчи уч гувоҳнинг кўрсатмаларини тинглаш жуда қизиқ бўлди, чунки улар эксперт бўлиб ҳисобланардилар ҳамда Умиданинг “флешка”си ва компьютерида ёзилган материаллар диний экстремизм ва фундаментализмни тарғиб қилиши ҳақида экспертлик хулосасини айнан шу кишилар бергандилар. Бу экспертларнинг ҳаммаси судга ҳеч қанақа қоғозсиз келдилар. Уларнинг қўлларида ҳеч нарса йўқ эди ва улар декабрь ойида бундай хулоса берганларини базўр эсладилар. Улар саволларга жавоб беришга мутлақо тайёр эмас бўлиб чиқдилар. Ҳакам уларга ўқиб бериб турди... Тўғрироғи, аввал у ҳар бир гувоҳга: “Воқеа қандай бўлганини, бу материалларни қачон олганингизни, кейин нима қилганингизни гапириб беринг”, деди. Аммо улар буни эслай олмадилар, шундан кейин ҳакам тергов пайтида улардан олинган (гувоҳлик) кўрсатмаларни ўқиб бера бошлади. Улар фақат: “Ҳа, ҳа, мен тасдиқлайман”, деб турдилар, холос.

Кейин улардан бири бу материаллар юзасидан ўзларининг хулосасида “тарқатилган тақдирда” деб ёзилганини айтди. Умида эса ўзини судда жуда яхши тутди, унинг қўлида айблов хулосаси ҳамда тергов материалларидан кўчириб олинган парчалар ва саволлар ёзилмиш дафтар бор эди. У ҳар бир гувоҳга кўплаб саволлар берди. У гувоҳдан: “Яхши, у ерда “тарқатилган тақдирда” жазо берилиши керак, деб ёзилган. У ҳолда “тарқатилмаган тақдирда” нима бўлади?” Бу саволга гувоҳ жавоб бера олмади. Ахир у мазкур материалларни тарқатмаган эди-да.

Кейин божхона масканида ишловчи тўрт гувоҳ чақирилди. Улардан бири: “Тўғри, ҳақиқатан ҳам рентген мосламаси орқали мен бу ноутбукни кўргандим”, деди ва ҳамма нарса рентген орқали ўтгани учун бирор-бир ашёни яширинча олиб ўтишнинг деярли имконияти йўқлигини ҳамда Умида Ниёзова ўзи билан бу босма материалларни олиб ўтаётганини ёзганини гапирди. Унга кўра, У. Ниёзова декларацияда ўзи билан рақамли ташувчилар ва чоп этилган нашрларни олиб ўтаётганини қайд этган. Аммо қораловчи ўша заҳотиёқ у қандай материаллар олиб ўтаётганини яна бир марта батафсил ёзиши лозим бўлганини айтиб, эътироз билдирди. Қисқаси, бу божхоначиларга судда жудаям қийин бўлди – улар саволларга зўрға-зўрға жавоб бердилар.

Суддаги аудитория қуйидагича эди: унда судланувчининг холаси ва акаси, мен, бир милиционер аёл, бир эркак милиционер ва фуқаро кийимидаги тўртта эркак киши иштирок этдик. Мен, одатдагидек, дафтаримни қўлимга олиб, у ерда содир бўлаётган нарсаларни ёза бошладим. Ҳакам менга ёзишни маън қилиб қўйди. Фуқаро кийимидаги эркаклар эса бемалол ёзиб ўтирардилар. Мен: “Кечирасиз, лекин ана у кишилар ёзаяптилар-ку!” дея эътироз билдирдим. “Улар ҳам ёзмайдилар”, - деди ҳакам ва уларга ҳам ёзишни маън қилиб қўйди. Ҳакамнинг оти Низом Рустамов экан. Менда “у жуда шошилаяпти”, деган тасаввур туғилди. Кўрсатма бераётган гувоҳ ўйланиб, гапидан тўхтаб қолиши билан ҳакам гувоҳнинг тергов чоғида берган, айблов хулосасида акс этган кўрсатмаларини тезда ўқиб, “шундай бўлганми-йўқми”, деб сўрай бошларди. У гувоҳнинг ўйланиб олишига ижозат бермасди.

Умида Ниёзова иши бўйича навбатдаги маҳкама мажлиси 1 май куни соат 11 га белгиланган.