11:26 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Алифбони лотинчалаштириш. Ўзбекистон тажрибаси

30.04.2007 01:02 msk

Умар Шарифов (Тошкент)

“Ўзбек тилини лотин алифбосига ўтказиш” мавзусидаги фотосуратлар жамламасини “Фарғона.Ру” галереясида кўришингиз мумкин. Фотоларнинг барчаси “Фарғона.Ру”га (©) тегишли

* * *

Агар ўзга юртлик киши тўсатдан Ўзбекистонга келиб қолса, бу ерда қайси ёзув расмий ёзув эканини аниқлай олмаса керак. Кўчаларда дуч келинадиган реклама эълонлари, плакатлар, осма тахталар ва йўл белгиларидаги ёзувларда тиллару рақам тизимлари аралаш-қуралаш бўлиб кетгани кузатилади. Турли тил ҳамда ёзувлардан эркин фойдаланиш даври кўп йиллардан бери давом этиб келмоқда ва афтидан, яна узоқ йиллар давом этса керак. Ўзбек тилини кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтказиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганига 14 йил бўлганига қарамасдан, Ўзбекистонда лотин алифбоси даври ҳали-ҳануз тўлалигича бошлангани йўқ.

Ўзбекистон: саксон йил ичида тўрт алифбо

Йигирманчи аср ўзбек алифбоси учун кескин бурилишлар даври бўлди: саксон йил ичида республикада уч марта алифбо алмашди, ҳозирги алифбо эса тўртинчиси бўлиб ҳисобланади. 1929 йили анъанавий бўлган араб алифбосини лотин алифбосига алмаштирганлар, у эса, ўз навбатида, ўн бир йилдан кейин ўзбек тилига мослаштирилган кирилл алифбосига алмаштирилган. 1993 йилда амалдаги алифбодан воз кечиш ва лотин алифбосига қайтиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Фото ИА Фергана.Ру
“Ўзбек тилини лотин алифбосига ўтказиш” мавзусидаги фотосуратлар жамламасини “Фарғона.Ру” галереясида кўришингиз мумкин. Фотоларнинг барчаси “Фарғона.Ру”га (©) тегишли

[Алифбо алмашиши тарихи ҳақида жуда кўп ёзилганлигини сабабли мақоланинг ўзбекча таржимасида воқеа тарихига оид қисмлар ташлаб ўтилди. – таҳр.]

Лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбоси ва унинг 30-йиллардаги лотин алифбосидан фарқи

“Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунда ёзув алмашиши “1929-1940 йиллардаги ўзбек алифбосини лотин ёзувига ўтказишнинг ижобий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда” амалга оширилаётгани айтилади. Бу таъкид, юмшоқроқ қилиб айтганда, ҳақиқатга мувофиқ келмайди: 1930 йилларда лотин ёзувидан фойдаланиш тажрибаси ижобий бўлган эмас. Шундай бўлса-да, 30-йиллардаги лотин ёзувининг яхши томонлари бўлганлигини тан олиш керак: у ҳозирги лотин ёзувидан кўра анча қулай эди.

Энг қулай ёзув ҳар бир товуш битта ҳарф билан ифодаланган ёзув эканини исботлашга ҳожат йўқ. Бу аксиома. Шу нуқтаи назардан ўзбек грамматикасининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда янгиланган Яналиф (ўттизинчи йиллардаги алифбо) ҳозирги алифбодан кўра афзалроқ бўлган: унда бирорта “қўш” ҳарф йўқ эди. Улар ўрнига олимлар томонидан ўйлаб топилган диакритик ва махсус белгилардан фойдаланилган. 1926 йилдаги ўзбек алифбосида ҳаммаси бўлиб (апострофни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) 34 та ҳарф бўлган, улар ўзбек тилидаги барча товушларни ифода қилган. Шунга қарамай, Яналиф мутлақо мукаммал алифбо эмасди ва ундан ҳамма ҳам бир хил фойдаланавермасди.

1929 йили Ўзбекистон ССРда сингармонизмни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилган лотин алифбосининг янги орфографияси қабул қилинган. Уларни ифодалаш учун қўшимча учта унли товуш киритилган, шу билан унлиларнинг умумий сони 9 тага етган. Аммо шаҳарларда ва Ўзбекистоннинг кўплаб бошқа жойларида сингармонизм туркий тилда сўзлашувчи аҳолининг форсий тилда сўзлашувчи кишилар билан аралашиб кетиши натижасида аллақачон йўқотилганди. Шунинг учун ҳам сингармонизмни эътиборга олган ҳолда яратилган орфография умумўзбек адабий тилининг ўғуз-қипчоқ шевалари (уларда 10 дан ортиқ унлилар мавжуд) устунлик қилган иқтисодий жиҳатдан қолоқ жойларига йўналтирилди, аммо йирик саноат марказлари аҳолиси учун (масалан, Тошкент шевасида 6 унли бор) жуда ноқулай бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам 1934 йили ислоҳот ўтказилди – сингармоник орфография бекор қилинди, алифбодан эса тўрт ҳарф (Ə, Ө, Y, Ь) олиб ташланиб, унлилар сони тўққизтадан олтитага туширилди. Орфография нотўғрилиги учун айбни буржуа миллатчиларига юкладилар.

1993 йили қабул қилинган замонавий ўзбек (лотин) алифбоси 30-йиллардаги алифбога ўхшамайди. Қабул қилинганидан икки йил ўтиши биланоқ - 1995 йилда у янгиланди (ш ва ч ҳарфлари инглиз орфографиясида қўлланилганидек sh ва chга алмаштирилди). Бу ислоҳот ўзбек (лотин) алифбосини ўзгартириш юзасидан амалга оширилган учинчи (1934 й., 1993 й. (янги вариант) ва 1995 й.) ислоҳот бўлди.

Умумий ҳисобда янги алифбодан (апостроф билан қўшиб ҳисоблаганда) 29 ҳарф ўрин олди. Унинг ўзига хослиги шу бўлдики, унда (апострофдан бошқа) биронта ҳам махсус разм ёки диакритик белги йўқ эди. Аммо, маълумки, классик лотин ёзувида кирилл алифбосидаги 7 ҳарф йўқ: унда бор-йўғи 26 та ҳарф бор. Шунинг учун ҳам махсус белги ва размлар ўрнини қўш ҳарфлар билан алмаштиришга тўғри келди. Ч, Ш, Ц (айрим ҳолларда), Я, Ю, Ё, шунингдек, Е (сўз бошида келганда) қўш ҳарф билан ифодаланадиган бўлди.

Бу каби “такомиллаштирув” натижасида ёзиладижак сўз ва гаплар анча узайди. Сўзимизнинг исботи учун таркибида ш ва ч товушлари бор сўзларнинг ёзилишини солиштириб кўрайлик:

Иш - ish, уч – uch, беш – besh, шиша - shisha, шошмоқ - shoshmoq, шаршара - sharshara, чашма - chashma.

Я, Ю, Ё графемалари ҳам Ya, Yu, Yoга алмаштирилди: Ялла - yalla, яхши – yahshi, яшил - yashil, якшанба - yakshanba. Юз - yuz, юк - yuk, юбораман – yuboraman, юлдуз – yulduz, юлдузча – yulduzcha. Ёз - yoz, ёки - yoki, ёмон – yomon, ёмон иш – yomon ish, ёрдам – yordam, аёл – ayol, ёш – yosh.

Сўз бошида келувчи Е графемаси ҳам Ye шаклида ёзиладиган бўлди: Eр - yer, етти – yetti, етмиш - yetmish.

Ц ҳарфини сўзда қўлланилиш ўрнига қараб S ва TS каби иккита алоҳида ҳарфларга ажратдилар. Х ва Ҳ ҳарфлари эса X ва H га айланди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг бирор жойида “Sex” деган осма ёзувга кўзингиз тушса, ҳайрон бўлиб юрманг: бунинг интим ҳодисага алоқаси йўқ. Шунчаки, орфография ислоҳоти қабатида одатдаги “Цех” сўзи шу шаклга кириб қолган. Шунингдек, цирк сўзи sirk, мотоцикл – mototsikl, цемент – tsement (“sement” шаклида ҳам ёзилади), цистерна – sisterna, циркуль – sirkul, целлофан – tsellofan (“sellofan” шаклида ҳам ёзилади), цилиндр – silindr (“tsilindr” шаклида ҳам ёзилади), цитрус – sitrus, целлюлоза – sellyuloza шаклини олди. Ўз навбатида мактаб ўқувчиларига Nexiaнинг Нехиа эмаслигини, xerox херох эмаслигини, fax фах эмаслигини, mixer эса михер эмаслигини қўшимча равишда тушунтиришга тўғри келаяпти.

Энг ёмон аҳволга тушган эса бошқа тиллардан ўзлашмиш ҳамда бир неча “модернизацияланган” ҳарфлардан ташкил топмиш сўз ва иборалар бўлди. Бунақа сўзлардан иборат рўйхатни жуда узоқ давом эттириш мумкин: aviatsiya, investitsiya, aksiya, fraksiya, leksiya, seksiya, operatsiya, reanimatsiya, assotsiatsiya, militsiya, repetitsiya, parfyumeriya, kantselyariya, revolyutsiya, rezolyutsiya…

Янги ёзувга ўтиш оқибатларига баҳо бера туриб, асосий хулосани яна такрорлаймиз: қабул қилинган лотин ёзуви варианти ёзилажак сўзларни узайтиради. Янги орфографияни ҳисобга олган ҳолда ёзилган матнлар 10-15 фоизга узаяди. Лингвистик нисбатда ўзбек ва қорақалпоқ тилларининг янги алифбога ўтишида кузатилган асосий натижа шу.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси: истеъфода этилувчи жабҳалар

Бугунги кунда мамлакатда бирданига иккита алифбо параллел равишда ишлатилмоқда. Янги ёзувга ўтиш қарийб ўн беш йилдан бери давом этаётганига қарамай, лотин ёзувидан фойдаланиш жабҳаси аввалгидек торлигича қолмоқда ва деярли ўрта мактабдан ташқарига чиқмаяпти. 2005 йили мактабда бошидан охиригача лотин ёзуви асосида ўқиган биринчи битирувчилар чиқди, аммо бутун мактаб шу ёзувга ўтгани ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ногуманитар йўналиш ўқитувчилари – физиклар, химиклар, математиклар, биологлар одатда лотин алифбосини бойкот қилишиб, дарсларни кирилл алифбоси асосида ўтишда давом этмоқдалар.

Лотин ёзуви кўчаларнинг номланиши, нақлиёт воситалари ва метродаги ёзувларда устунлик қилади. Камдан-кам ҳолларни истисно қилганда, улар асосан лотинча ҳарфлар билан ёзилади. Бошқа нарсаларда эса лотин ёзуви кирилл ёзуви билан тинч қўшчилик қилибгина қолмай, айрим ерларда унга ҳам ён беради.

Бир неча йил аввал лотин ёзувига қарийб ўтиб бўлган иш юритиш жабҳаси эндиликда яна кирилл ёзувига қайтди. Ҳукумат ҳужжатлари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда, расмий хатларда айнан шу ёзувдан фойдаланилади. Вазирлар маҳкамаси, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари, суд-тергов идораларининг ҳужжатлари, маҳкамавий ва инструктив материаллару низомлар, тадқиқотга оид ва илмий ишлар, статистика ва молиявий ҳисоб-китоб варақалари, нархномалар – буларнинг қарийб ҳаммаси кирилл алифбосида олиб борилади, ёзилади ва чоп қилинади. Лотин ёзувида унча арзирли бўлмаган ҳужжатлар ТЖИК, коммунал хизматлар ва б. бланкалари-ю маълумотномалари чиқади. Шу билан бирга, ўзбекча матнларнинг (кирилл ёзувидагиси ҳам, лотин ёзувидагиси ҳам) кўпинча русча таржимаси-да берилади.

Ўзбекча ёзувларни бир ёзувдан иккинчисига дубляж қилиш одатий ҳолга айланган. Кўп маҳкамаларнинг кириш эшиги олдида бир томонда ана шу маҳкаманинг лотин ёзувидаги номини, бошқа томонда эса кирилл ёзувидаги номини кўриш мумкин (ўзбекчадан ўзбекчага таржима). Реклама-тижорат характеридаги эълонлар ва осма ёзувларда бундай икки ёзувда ёзиш ҳоллари янада кўпроқ учрайди. Китоб дўконлари токчаларида эса икки ёзувда – лотин ёзувида ҳам, кирилл ёзувида ҳам чоп этилган китоблар учрайди – истаганингизни танлаб ўқийверасиз.

Ўзбекистоннинг маданий, информацион ва илмий муҳити функционал асос сифатида ўжарлик билан кирилл ёзувидан фойдаланишда давом этаяпти. Аввалда бўлганидек, мамлакатдаги матбаа матнларининг кўпи – газеталар, журналлар, бадиий ва илмий ҳамда турли маълумотларга оид адабиётларнинг аксарияти шу ёзувда чиқаяпти. Айни пайтда кирилл ёзувида чоп қилинаётган кўп нашрларнинг номлари, ўзига хос хайрихоҳлик белгиси ўлароқ, лотин ҳарфлари билан ёзилиш ҳоллари кам эмас.

Ноширлик жабҳасида ҳам аҳвол шунга ўхшаш. Ўзбек тилида чиқаётган китобларнинг 80-85 фоизи аввалгидек кирилл ёзувида чиқаяпти. Улар бадиий китоблар, турли маълумотларга оид китоблар, болалар учун чиқарилган китоблар, ҳордиқ чиқаришга оид китоблар, хуллас, нақд пулга сотиш мумкин бўлган барча адабиётни ўз ичига олади. Ҳатто диний исломий китоблар ва брошюралар ҳам фақат кирилл алифбосида чиқарилаяпти.

Лотин ёзувида босилган адабиётлар, одатда, пули тўланган давлат буюртмалари асосида чиқарилади. Булар, энг аввало, болалар учун чиқарилаётган дарсликлар ва китоблардир. Шу билан бирга, давлат ўзбек мумтоз адабиётига дохил асарларни лотин ёзувида қайта нашр этишни молиялаштирмоқда. Мумтозлик мақомига эга бўлмаган замонавий муаллифлар ўз ҳисобидан китоб чиқарадилар. Ноширларга кўра, лотин ёзувидаги китобларни бутун адад давлат томонидан чиқарилиб, харидорлар талабини эътиборга олмаслик мумкин бўлганидагина чиқарса бўлади. Акс ҳолда, лотин ёзувида матбаа маҳсулоти чиқариш фойда келтирмайди: уни сотиб олмайдилар. Шунинг учун ҳам ёзувни ўзгартириш талаби билан чиққан юқори лавозимли ташаббускорлар – ёзувчи Пиримқул Қодиров ва шоир Эркин Воҳидовнинг китоблари ҳам уларнинг кўзларига шумшук кўринган кирилл ёзувида чоп қилинаётибди. На илож – шундай қилинмаса, сотилмайди-да.

Ўзбекистон телевидениеси ҳам лотин алифбосига ўтишга шошилмаяпти. Бу ерда аввалгидек бир вақтнинг ўзида ҳар иккала алифбодан фойдаланилмоқда: айрим фильмлар ва кўрсатувларда сарлавҳалар, титрлар ва рекламалар лотин алифбосидаги ёзувлар билан таъминланади, бошқаларида эса кирилл алифбосидаги ёзувлар билан. Қай бир ёзувнинг сезиларли даражада кўпроқ ишлатилгани сезилмайди.

Интернетнинг ўзбекча ҳудудида ҳам ҳар иккала тизимдан баробар фойдаланилади. Веб-сайтларнинг кўпида кирилл ёзуви ишлатилади, аммо лотин ёзувидаги сайтлар ҳам яратилаяпти. Бундан ташқари, лотин алифбосидан рукнлар ва мақола сарлавҳаларини ёзишда фойдаланиш ҳоллари ҳам кам эмас. Лотин ёзувига давлат маҳкамалари ва тузилмаларининг сайтлари кўпроқ эътибор берадилар.

Лотин ёзувидан кўпроқ фойдаланувчи сайтлар қаторида, биринчи навбатда, ёшлар форумларини зикр этиш зарур. Кечаги ва бугунги мактаб ўқувчилари кўпроқ шу ёзувга ўрганиб қолганлар. Бироқ бу форумларда ҳукмрон бўлган эркинликни эътиборга тутган ҳолда, у ерда кирилл ёзувида ҳам ёзиш мумкин. Ғирт ўзбекча форумларда туркларнинг пайдо бўлганини ҳам қизиқарли жиҳат ўлароқ айтиш мумкин: лотинлаштирилган алифбо ҳамда тил яқинлиги шарофати билан улар эндиликда тилга олинган мавзулар муҳокамасида иштирок этиш имкониятига эга бўлганлар. Аммо, нафсиламрини айтганда, улар камдан-кам ҳолларда пайдо бўладилар.

Ҳатто ўзбек миллий валютаси бўлган сўмда ҳам бугунги битта эмас, иккита ёзув қўлланилган: қоғоз пуллардаги ёзувлар фақат кирилл ёзувида ёзилган, тангалардаги ёзувларда эса ҳам кирилл ёзувидан, ҳам лотин ёзувидан фойдаланилган. 2010 йил кузига режаланган лотин ёзувига ўтишни тўлалигича якунлаш учун пул ислоҳотини ўтказишга, яъни муомаладаги қоғоз пулларнинг ҳаммасини йиғиб олиб, янгиларини чоп қилишга тўғри келади.

Шаҳарнинг турли жойларида у ёки бу ёзув ва алифбо танлашда (давлат муассасалари кириш эшикларидаги ёзувлардан ташқари) қарийб тўла эркинлик мавжуд. Ташқи реклама, осма ёзувлар, афишалару бошқа кўча ёзувлари турли-туман тил ва ёзувларда бажарилади.

Фото ИА Фергана.Ру
“Ўзбек тилини лотин алифбосига ўтказиш” мавзусидаги фотосуратлар жамламасини “Фарғона.Ру” галереясида кўришингиз мумкин. Фотоларнинг барчаси “Фарғона.Ру”га (©) тегишли

У ёки бу алифбодан фойдаланишдаги умумий тенденция шундайки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда лотин ёзувини жорий қилишдан ҳатто бир қадар ортга чекиниш ҳоллари кузатилмоқда. Албатта, бу ерда Ғарб билан бўлган алоқаларнинг совуқлашиши ўз ролини ўйнаган.

Шу билан бирга, ҳозир Ўзбекистон пойтахтида рус тилидаги ёзувлар кўпайиб кетган, бу ҳолат рус тилига яна талаб кучайганидан далолат беради. Воқелик шундоқки, бугунги кунда ўзбекистонликлар визасиз фақат Қирғизистон, Қозоғистон, Украина ва Россиягагина кира оладилар. Европа ёки АҚШ ҳақида гапириш у ёқда турсин - ҳатто Туркияга бориш учун ҳам уларга виза керак бўлади. Миллионлаган ўзбекистонлик гастарбайтерлар Туркияга эмас, айнан юқорида санаб ўтилган, рус тили ва кирилл алифбоси асосидаги ёзув кенг тарқалган мамлакатларга кетаяптилар. Ҳойнаҳой, яқин ўн йилликлар ичида уларнинг миқдори камайиш ўрнига кўпайиб борса керак.

Умуман олганда, юзага келган вазиятни қуйидагича ифодалаш мумкин: ўзбек тили бир вақтнинг ўзида икки ёзув шаклида яшаб келмоқда ҳамда яқин йиллар ичида уларнинг бири иккинчисини сиқиб чиқаришига имкон берувчи белгилар кўзга ташланмаяпти.

Муаммолар ва истиқбол

Алифбонинг сўнгги алмашуви юзасидан натижаларни чиқаришга ҳали эрта, бироқ бугунги кун воқелигидан келиб чиққан ҳолда улар нималарга олиб келгани ҳақида айтиш мумкин.

Энг аввало гапни лотин ёзуви жорий қилиниши билан жаҳон ахборот фазосига интеграциялашув содир бўлмаганидан бошлайлик. Лекин ўтган ярим аср мобайнида жамланган илмий ва маданий бойлик сочилиб кета бошлади. Бу, ўз навбатида, илм-фан, маданият ва оддий саводхонлик даражасининг пасайиб кетишига олиб келди. Маданий меросни йўқотиб қўйиш юзасидан жиддий муаммо юзага келди.

Янги мингйиллик бошларида Ўзбекистоннинг бутун илмий ва таълимий базаси – турли фан жабҳалари бўйича фундаментал ишлар, диссертациялар, монографиялар, ҳужжатлару махсус адабиётлар, олийгоҳлар учун чиқарилган дарсликлар – буларнинг ҳаммаси кирилл алифбосида яратилгани анча сезилиб қолди. Лотин ёзувига ўтиш баробарида аввал жамланмиш бойлик йита бошлайди, янги китоблар эса Ўзбекистонда кирилл ёзувида ҳам, лотин ёзувида ҳам бу миқдорда аллақачонлардан бери чиқарилмай қўйган.

Таълимий базанинг йўқлиги ўзбек тилига таржима қилинган жаҳон адабиёти билан танишиш имкониятида маҳрум бўлмиш ёшларнинг умумий таълимида бевосита акс этаяпти. Аксар кишилар замонавий ёшлар кам ўқиганлари учун анча чекланиб қолаётганлари, дунёқарашлари торайиб қолаётганини қайд этадилар.

Албатта, лотин ёзувида чоп этилаётган адабиётлар янги ёзув ахборот базасини аста-секинлик билан кучайтираяпти, бироқ ҳозирча бу ёзувда чоп этилаётган китоблар сони жудаям кам. Ҳозиргача ўзбек адабиётидаги айрим мумтоз асарлар, болалар учун эртаклар, мактаб дарсликлари қайта нашр қилинган, холос.

Алҳол, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунга илова қилинган қуйидаги сўзларни эслаш ўринли: “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этишда Ўзбекистон халқининг миллий ифтихори бўлмиш бебаҳо маънавий мерос яратилган араб ёзуви ва кирилл ёзувини ўрганиш ҳамда улардан фойдаланиш учун яратилмиш зарур шарт-шароитлар сақлаб қолинади”.

Аслида Ўзбекистонда “бебаҳо маънавий мерос”га нисбатан мутлақо бошқача муомалада бўлинди. Мингйиллик арафасида “миллий мустақиллик мафкураси”га мос келмайдиган китобларни оммавий равишда йўқ қилиш бўйича кампания бошланди. Мамлакатдаги барча кутубхоналарда тозалаш ишлари авж олди, пировардида улкан миқдордаги ўзбек, рус ва тожик тилларида чоп этилган адабиётлар чиқитга чиқарилди. Маданий база бўлмаса, уни сақлаб қолиш муаммоси ҳам бўлмайди.

Кирилл ёзувини маъмурий йўл билан таъқиқлаш оқибатларидан яна бири кўпчиликнинг она тилида мутолаа қилишни бас қилиб, рус тилида чиқувчи нашрларга ўтиб кетишида акс этиши мумкин. Инчунун, бугунги кунда Тошкентда сотилаётган газета ва журналларнинг 30-40 фоизини, сотувдаги китобларнинг эса 90-95 фоизини рус тилида чоп этилган нашрлар ташкил қилади. Аудиториянинг бир қисмидан ажраб қолиш миллий адабиётга салбий жиҳатдан қаттиқ таъсир қилиши мумкин – адад тушиб кетиши, ўзбек тилида чиқувчи нашрлар рентабеллиги пасайиб кетиши мумкин.

Сўнгги пайтларда туркий халқлар ўртасидаги ёзма мулоқот тўғрисида тарқалган афсона ўз-ўзидан ғойиб бўлди. Ҳаёт турклар бир-бирларининг китоблари, газеталари ва журналларига мутлақо қизиқмасликларини, таржима матнларини афзал билишларини (нафсиламрини айтганда, славянлар ҳам шунақа) кўрсатди. Собиқ совет турклари бугунги кунда ҳам жаҳон маданиятига таржима воситасида ёки рус тили орқали эш бўлмоқдалар. Масалан, Ўзбекистонда бошқа туркий тиллардан таржима қилинган асарлар ё мутлақо чоп этилмайди, ёхуд улар бармоқ билан санарли даражада оз.

Юқорида айтиб ўтилганларни ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, Ўзбекистон дилемма (икки йўл) қаршисида қолмоқда: агар лотин ёзувига ўтишда давом этилса, мамлакат ўнлаб йиллар мобайнида жамғарилган илмий-таълимий базани йўқотиб қўяди. Агар яна кирилл алифбосига қайтилса, “кечаги ва бугунги мактаб ўқувчилари билан қандай йўл тутиш керак? Қайта ўқитиш керакми?” деган саволлар юзага келади. Бир сўз билан айтганда, бу ерда шоҳмот ўйинидаги “цугцванг” деб аталувчи ҳолат пайдо бўлаяпти: ҳар қандай юриш аҳволни баттар ёмонлаштиради.

Шу ўринда 1926 йилда Бокуда ўтказилган туркийшунослик қурултойида профессор Н. Ф. Яковлевнинг огоҳлантириб айтган гапларини эслаш жоиз: “Лотин алифбосига ўтишнинг осонлиги миллий ёзув ривожи учун тескари пропорционал, яъни лотин алифбоси жорий этилгунига қадар саводхон кишилар қанча кўп бўлган бўлса, лотин алифбосига ўтиш шунча қийин кечади”.



 

Реклама