16:14 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон қўшни Қозоғистон тимсолида янги катта оға орттирмоқда. Россия ўйиндан чиқдими?

29.04.2007 02:59 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг 2007 йил 26 апрелидаги Қирғизистонга ташрифида эришилган асосий натижа икки мамлакат ўртасидаги кўламли ҳамкорлик ривожланишини мувофиқлаштириши керак бўлган Давлатлараро Олий Кенгашни ташкил этилиши бўлди, десак бўлади. Амалда бу иш Марказий Осиё давлатлари иттифоқи ташкил этилишининг дебочаси бўлганини англатади. Мазкур ғоя яқинда Нурсултан Назарбаев томонидан ирод этилганди.

Россияда чиқувчи “Независимая газета” икки президент қарорини “ўта тезкор интеграция намунаси” деб атади. Қирғизистон президентининг қозоғистонлик ҳамкасби билан олиб борган музокаралари натижаси юзасидан билдирган - сиёсий жиҳатдан унча чиройли бўлмаган баёнотига эса ҳали экспертлар томонидан баҳо берилгани йўқ.

“Қирғизистон президенти сифатида мен бу ташаббусни қўллайман”, - деганди Қурманбек Бакиев Давлатлараро Олий кенгаш тузилиши юзасидан гапирар экан. – “Модомики, бугун Қирғизистон билан Қозоғистон бу иттифоққа деярли тайёр эканлар, биз буни амалга оширишимиз керак. Менимча, биз [Марказий Осиёдаги] қолган тўрт давлат пишиб-етилгунича кутиб ўтиришимиз шарт эмас”.

Агар Марказий Осиёдаги бошқа давлатларнинг раҳбарлари Қозоғистон президентининг бу ташаббусини фавқулодда кўтаринкилик билан кутиб олмаганларини эътиборга олсак, Қирғизистон қўшнилар билан, айниқса, минтақада аввал-бошданоқ лидерлик учун курашаётган ва ҳозирда бу соҳада Қозоғистонга анча ютқазаётган Ўзбекистон билан муносабатда муайян муаммоларга дуч келиши мумкинлигини тахмин қилса бўлади.

Фото ИА Фергана.Ру

Шу ўринда Нурсултан Назарбаевнинг апрель ойи бошларида Қозоғистон телеканалларининг муаллифлик кўрсатувлари бошловчиларига берган интервьюси ёдга тушади. “Лидер” сўзи баъзан қўшниларимизни ҳафа қилади, - деганди Қозоғистон президенти ўшанда. – Мен биров лидер, бошқа биров эса лидер эмаслиги ҳақида гапирмоқчи эмасдим. Ҳамма давлатлар ҳам ўз ҳолича яхши. Мен ўз ҳамкасбларим бўлган президентларнинг фикрини ҳурмат қиламан. Аммо Қозоғистондаги ислоҳотлар даражаси, турмуш даражаси, иқтисодиёт ҳажмининг устиворлиги фактлигича қолади – буларнинг ҳаммасида қўшниларимизга ёрдам қилиш имконияти акс эттиргандир. Яъни лидерлик [қўшниларга] ёрдам ва қўллов кўрсатиш имкониятида акс этади. Қозоғистон сармоя ётқизиши, уларнинг иқтисодиётини кўтариши, ислоҳотлар ўтказиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашиши мумкин”.

Бу ерда СССР давридан бери Қирғизистонни ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан қўллаб, мазкур мамлакат учун чиндан ҳам “катта оға” ролини ўйнаган қўшни Россиянинг Бишкек музокараларига нисбатан муҳтамал салбий муносабати ҳақида эслатмай ўтиш ўринли бўлмас. Россия-Қирғизистон муносабатларига энг ўринли баҳони Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев берганди. У ўзининг: “Россия бизга Худо ва тарих томонидан инъом этилмишдир”, деган севимли жумласини бот-бот такрорларди. Аммо, афтидан, Қирғизистоннинг ҳозирги президенти Қурманбек Бакиевнинг бу борадаги қарашлари бошқачага ўхшайди. У янги “катта оға” орттиришга қарор қилган шекилли.

Масалан, Қозоғистон президенти Қамбаротадаги икки ГЭС қурилишига сармоя ётқизиш нияти ҳақида билдирганлигини олайлик - бу ГЭСларнинг ишга туширилиши Қирғизистоннинг минтақадаги энг йирик электр энергияси экспортчисига айлантириши мумкин. Қурманбек Бакиев Қозоғистон томондан қилинган бу таклифни икки мамлакат ўртасидаги “ҳамкорликнинг энг йирик банди”, деб атади. Ваҳоланки, бир неча ой олдин Қирғизистон ва Россия мазкур энергетик иншоотларни биргаликда қуриш лойиҳасини олий даражада муҳокама қилган эди. Аснода, 24.kg ахборот агентлигининг хабар қилишича, 25 апрель куни бу ГЭСларнинг дастлабки техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш лойиҳаси келишилган, унда қозоғистонлик мутахассислар ҳам (“ҚазҚуат” ҲЖ), россияликлар ҳам (“ИНТЕР РАО ЕЭС” ЁҲЖ) иштирок этгандилар.

Нурсултан Назарбаев Бишкек сафари чоғида ўзини “катта оға”дек тутганлигини сезмаслик мумкин эмасди. Матбуот анжуманида у худди қирғиз ва қозоқ халқларининг маънавий ва маданий яқинлигини таъкидлаган каби беш дақиқадан кўпроқ давом этган ўз кириш сўзини қозоқ тилида гапирди. Турли тилли журналистлар олдида постсовет ҳудуди лидерлари рус тилида чиқиш анъанасининг бузилиши Кремлга қаратилган нозик ишора бўлдими-йўқми – буни фақат тахмин қилиш мумкин, холос.

Бироқ, ОАВда чиққан мақолаларга қараганда, Назарбаевнинг Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаевга нисбатан айтилган дашноми сезиларсиз ўтиб кетмаганини тахмин қилса бўлади. Назарбаев ўзининг собиқ ҳамкасбини “ғарб демократиясига кўпам берилавермасдан, иқтисодиёт билан шуғулланиш” юзасидан берган маслаҳатларига ўз вақтида қулоқ солмаганликда айблади. Бу гаплар билан Қозоғистон раҳбари Бакиевга келажакда ўзини қандай тутиш кераклигига ишора қилганини истисно қилиб бўлмайди.

Назарбаев Қирғизистон халқи, раҳбарияти ва мухолифатига мурожаат қилар экан, ўзи учун “Қирғизистонда содир бўлаётган барча воқеаларга қараб ўтириш оғир”лигини айтган. “Қирғизистонда ўғирликлар, талончиликлар... бўлаётганлиги сабабли мамлакат ичида юзага келган истиқрорсизлик барчани, ҳатто бугунги кунда Қирғизистон иқтисодиётига миллиардлаган маблағларни ётқизишга тайёр бўлган қозоғистонлик тадбиркорларни ҳам чўчитмоқда”, - деди у.

Юқори лавозимли меҳмон Қирғизистондаги ҳозирги вазиятга “қардошларча” баҳо берар экан, мамлакатда президент ва парламент аъзоларини сайлашнинг конституцион муддатлари борлигини эслатиб қўйди ҳамда сиёсий кучларга (мухолифатга деб ўқинг) кейинга сайловларга тайёрланиш кераклигини, “кимнидир бу мамлакат бошқарувчилигига сайлашлари учун халқ ишончини қозониш лозим”лигини қайд этди. “Шовқин-сурону тўс-тўполонлар сабабли оддий халқ фақирона аҳволга тушиб қолаяпти, - дея билдирди Назарбаев. - [Қирғизистонга] ҳеч ким маблағ ётқизмайди, демакки, оддий одамлар иш ва тузукроқ маошга эга бўлолмайди”.

“Одамларни қўрқитиш” ҳам четда қолмади. Қозоғистон раҳбарига кўра, ҳозир Қирғизистонда вазиятдан чиқишнинг уч йўли бор. “Биринчиси – музокаралар столига ўтириш, иккинчиси – халқ томонидан сайланган расмийларни ҳурмат қилиш, бу расмийлар демократик қонуний йўл билан мамлакатда тартиб ўрнатиш учун ўз ҳокимиятидан фойдаланиши керак. Учинчиси – агар биринчи ва иккинчи йўл қўлланилмайдиган бўлса, Қирғизистон бир вақтлардаги Афғонистон ҳолига тушиши (тартибсизликлар, ҳокимиятнинг йўқлиги, ким нимани истаса, шуни қилиши, экстремизм, террорчилик, гиёҳванд моддалар трафиги) мумкин. Буларнинг ҳаммаси шу ерда бўлади. У [Қирғизистон] истиқрорсизлик анклавига айланади”, - дея таъкидлади Нурсултан Назарбаев.

Кейин Н. Назарбоев Қирғизистон томон қозоғистонлик сармоядорларнинг бу ерда дуч келаётган муаммоларни ҳамда Қозоғистоннинг Иссиқкўлдаги мулклари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилмаётганидан шикоят қилди. Юқори мансабли меҳмон бу масалалар юзасидан тегишли шартномаларни ратификация қилмаётган Қирғизистон парламентига ҳам танали сўзлар айтди.

Дарвоқе, парламент ҳақида. Аввал эълон қилинган дастурга мувофиқ президент Назарбаев қирғизистонлик парламент аъзолари олдида нутқ сўзлаши керак эди, бироқ амалда парламент спикери Марат Султанов билан бўлган учрашув-ла чекланди. Кейин спикер ўз ҳамкасбларига учрашув натижалари ҳақида - шунда ҳам Қозоғистон раҳбарининг Қирғизистонга нисбатан ҳурматсизларча муносабатда бўлганликда айблаган депутат Азимбек Бекназаров талабига кўра – ахборот берди.

27 апрель куни Жўғўрқу Кенешнинг (Қирғизистон парламентининг) ялпи мажлисида сўзга чиққан Азимбек Бекназаров Қозоғистон президентининг бўлиб ўтган ташрифи юзасидан ўз норозилигини ифода қилди. Халқ ноиби чегара можароларини ҳал қилиш ва Иссиқкўл бўйида жойлашган тўрт пансионатни Қозоғистонга ўтказиб бериш масалалари юзасидан Қирғизистон томон билан бўлиб ўтган расмий музокараларда, депутатнинг фикрича, Назарбаевнинг ўзини тутишида кузатилган “йўл қўйиб бўлмас даражадаги катталик оҳанги”ни таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари, Азимбек Бекназаровга кўра, Қозоғистон президентининг чиқишлари “ақл ўргатиш маърузаси” характерига эга бўлган.

Юқори мансабли меҳмонни ҳимоя қилиб чиққан парламент спикери Марат Султанов Қозоғистон президенти “ҳеч кимга ақл ўргатгани йўқ”лигини таъкидлади. Унга кўра, Қозоғистон раҳбари шунчаки ўз мамлакати тажрибаси билан ўртоқлашган ҳамда Қирғизистон бу тажрибадан ўзига хос хулоса чиқаришига умид билдирган.

Президент Қурманбек Бакиев ҳам ўз ҳамкасби сўзларини маъқуллашда ҳиммат кўрсатган. Қирғизистонда юзага келган вазиятга баҳо бераркан, у ўзининг ўтган йилги сўзларини такрорлаган: “Қозоғистон иқтисодиёт билан муваффақият-ла шуғулланган ўн беш йил мобайнида биз фақат сиёсат билан шуғулландик, холос”.

Аснода яна бир жиҳат алоҳида эътиборга моликдир. Қозоғистон президенти ўз мамлакатининг Қирғизистонга 100 миллион доллар миқдорида ёрдам беришга тайёр эканини билдирган. Бу кўмак беғараз ёрдам бўлмаслигига ишора қилган Назарбаев “ҳозир биз бу маблағларни қандай қилиб самаралироқ қилиб сарфлаш ҳамда уларнинг қайтишини таъминлаш йўлларини муҳокама қилмоқдамиз”, дея қайд этди. “Независимая газета”нинг қайд этишича, “бу каби фоизли ёрдам Қирғизистон иқтисодиётини Қозоғистонга ҳозиргидан ҳам кўра кўпроқ боғлаб қўяди”.

Шундай қилиб, Қирғизистон мухолифати Бирлашган фронтининг апрель митинглари арафасида “Московские новости” газетасининг бу намойишлар Астана ва Тошкент учун фойдали экани юзасидан билдирган тахмини тўғри чиқаяпти. Нурсултан Назарбаевнинг апрель ойи охирига мўлжалланган Қирғизистонга ташрифи ҳақида хабар қилган нашр қўшни давлат “айни пайтда Иссиқкўл бўйидаги тўрт пансионатни Қозоғистон мулки ўлароқ тан олиш ҳақидаги масалани кўтара бошлаган, Қозоғистон ширкатлари эса маҳаллий олтин конларини қазишда иштирок этиш истагини билдирганлар”, дея қайд этганди. “Назарбаевга Қирғизистон гидроэлектростанциялари устидан қисман назорат ўрнатишдек Астана учун муҳим бўлган лойиҳалар ҳақидаги масалани кўтаришига тўғри келишини ҳам истисно қилиб бўлмайди, - деб ёзганди “Московские новости”. – Шундай қилиб, экспертларнинг тахмин қилишларича, Бишкекдаги истиқрорсизлик шароитида Астана ўзи учун ҳеч бир қийинчиликсиз Қирғизистон ресурсларига тўсиқларсиз эришишни таъминлаши мумкин”.

Россия ўзи учун стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Марказий Осиё минтақасида аҳвол ана шундай тус олишига рози бўла оладими-йўқми – буни айтиш қийин. Россия президенти Владимир Путин ўзининг яқиндаги Федерал йиғинга мурожаатида Россиянинг Белоруссия билан алоқалари мавзусига тўхталиб, Иттифоқдош давлат қуриш ниятини яна бир бор тасдиқлаган. Бироқ (шу кунларда Бишкекда янги Давлатлараро иттифоққа асос солинмиш) Марказий Осиё ҳақида Путин ҳеч нарса демаган.