02:57 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Татаристонга меҳнатга лаёқатли муҳожирлар – малакали ишчилар керак

26.04.2007 20:30 msk

Владимир Лунин

Россиянинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси, афсуски, тез суръат билан камайиб бормоқда. Мутахассисларнинг фикрича, яқин йигирма беш йил ичида ишчи кучига бўлган эҳтиёжни қоплаш учун йигирма миллиондан кам бўлмаган муҳожир керак бўлади. Шундоқ экан, яқин йилларда биз кенг кўламдаги миграцион жараёнларга гувоҳ бўламиз.

Татаристон менталитет жиҳатдан яқин

Татаристонда муҳожирларни катта умидлар билан кутаяптилар, чунки гастарбайтерлар меҳнатидан фойдаланиш манфаатли иш экани равшан. Яқин хориждан келган малакали ишчилар меҳнати норозилик туғдирмайди, бунинг устига унча қиммат ҳам эмас. Нижнекамск нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишининг ўзигаёқ яқин орада кўп миқдорда чет элликлар жалб қилинишлари мумкин. Талаб катта бўлган мутахассислар: кранчилар, бульдозерчилар, монтажчилар, қурувчилар ва пайвандчилар.

Муҳожирлар ҳозир ҳам Татаристонда кам эмас. Масалан, ўтган йили ташқаридан келган саксон мингга яқин киши рўйхатга олинганди. Булар машруълашишни истаган кишилар, холос. Яна шунча киши республикада норасмий равишда яшаётган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ миграцион қонунчиликда бўлган ўзгаришлар аксар гастарбайтерларни ўз келажаклари ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда. Бугунги кунда ҳар қанақа иш берувчи ҳам рўйхатдан ўтмаган чет эллик меҳнаткашни ишга қабул қилавермайди, чунки бу катта молиявий муаммолар туғдириши мумкин. Мисол учун, муҳожирлар меҳнатидан ноқонуний фойдаланган ҳуқуқий шахслар 250-800 минг рублгача жарима тўлашлари мумкин. Бундай маблағлардан ажраш кўп ширкатлар учун хонавайрон бўлиш билан баробар. Шундай экан, четдан келган ишчиларнинг машруълашишларига тўғри келади. Шу йилнинг март ойи ўрталарига келиб республика муҳожирлик хизматига 6200 га яқин чет эллик ишлаш учун рухсатнома бериш ҳақида ариза билан мурожаат қилган. Ҳозирча 5000 гастарбайтер рухсатнома ололган. Дарвоқе, бу ўтган йили бир йил давомида олинган рухсатномалар миқдоридан бир ярим баравар кўп деганидир.

Қайд этиш жоизки, Татаристон, асосан, собиқ Совет Иттифоқи республикалари фуқаролари ўртасида машҳур, чунки бу диёр уларга менталитет ва маданият юзасидан яқин. Умуман олганда, малакали ишчиларни жалб қилиш учун маданиятлар ўхшашлигининг ўзи камлик қилади. Ахир муҳожирлар учун турар-жой қуриш, уларга талаб каттароқ бўлган мутахассисликларни ўзлаштиришда ёрдам бериш керак-да.

Ким қандай қилиб нон топади?

Татаристонга муҳожирлар қайси мамлакатлардан кўпроқ келади? Одатда, Озарбайжон, Украина, Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистондан келадилар. Узоқ хориж мамлакатлари ичида республикага келганлар сони бўйича Туркия, Германия ва АҚШ пешқадамлик қилади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилдан бошлаб Россияга келган чет элликларни рўйхатга олиш тартибига [муҳожирлар учун манфаатли] жиддий ўзгартишлар киритилган. Масалан, агар авваллари иш топиш учун гастарбайтер бир кишига йигирма мураббаъ метрдан кам бўлмаган жой ҳисобидан келиб чиққан ҳолда турар-жой топиши керак бўлган бўлса, эндиликда у фақат яшаш жойидангина эмас, балки исталган манзил бўйича ҳам рўйхатдан ўтиши мумкин. Рўйхатга олиш учун жамоатчилик ташкилоти ёки фирма ҳам ўз манзилини тақдим этиши мумкин.

Бундан ташқари, муҳожирларни иқтисодий ва сиёсий барқарорлик ҳам жалб қилади. Агар авваллари четдан келганлар ўз қадрдон жойларини миллий, диний ёки лисоний муаммолар туфайли тарк этган бўлсалар, бугунги кунда бошқа мамлакатга кетишга ундаётган сабаб, аксар ҳолларда, моддий сабабдир. Умуман олганда, Татаристонга келаётган муҳожирлар сонининг ортишига йил фасли ҳам таъсир кўрсатади. Ёзги мавсумда ўттиз мингга яқин чет эллик рўйхатга туради, қишда эса уларнинг миқдори уч баробар кам бўлади. Ўрни келганда, бу рақамларнинг йилдан-йилга ортиб бораётганини қайд этиш жоиз.

Одатда, муҳожир савдо-сотиқ билан пул топади, деб ҳисоблаш одат тусига кириб қолган. Албатта, миграцион қонунчилик моддаларига ўзгартиш киритилганидан сўнг 2007 йилнинг биринчи апрелидан Россия бозорларида чет элликлар сотувчилик қилишлари мумкин эмас. Бироқ собиқ совет республикаларидан келганларга бозорда бошқа ишлар билан машғул бўлиш ёки ўз савдо “нуқта”ларида россиялик бировни ишлатиш маън қилинган эмас. Умуман олганда, муҳожирлик хизмати томонидан тарқатилган маълумотларга мувофиқ Татаристон ҳудудида ташқаридан келганларнинг кўпчилиги савдо-сотиқ билан шуғулланмайдилар. Масалан, қурилишда четдан келганларнинг етмиш фоиздан кўпроғи меҳнат қилади. Бозорларда ўн бир фоиздан кўп бўлмаган муҳожир, умумий овқатланиш жабҳасида тўрт фоиз, транспортда ҳам шунча фоиз муҳожир ишлайди.

Дарвоқе, четдан келганларнинг фаолият доираси кўпинча уларнинг қайси мамлакатдан келганига боғлиқ. Муҳожирлик хизматидан олинган маълумотларга кўра, ўзбеклар бозорлардан ташқари умумий овқатланишда ва қурилишда ҳам, хизмат кўрсатиш соҳасию йўналишли таксида ҳам ишлайдилар. Озарбайжонликлар яқин-яқинларгача тар мевалар сотишни афзал кўрардилар. Арманистондан келганлар эса қурилиш билан бирга автосервислар салонларини ташкил қилиш билан шуғулланадилар. Вьетнамликлар эса базалардан енгил саноат молларини улгуржи харид қилишиб, уларни доналаб сотиш билан машғуллар.

Муҳожирларнинг у ёки бу ҳудудга интилишлари учун уларга бу жойда қонунан ишлашга яхши шарт-шароит яратиб бериш зарур. Бу йўналишда Татаристонда ижобий силжишлар кўзга ташланаяпти. Яқинда эса республика Федерал муҳожирлик хизмати бошқармасининг ўз интернет-портали пайдо бўлди. Бу сайтга кираркансиз, Россия ёки чет эл паспортини олиш ёки рўйхатдан ўтиш учун қандай ҳужжатлар зарур бўлишини билиб олишингиз мумкин. Портал фойдаланувчилари ўзлари хоҳлаган саволларни беришлари ва электрон почта ёки телефон орқали бунга жавоб олишлари мумкин бўлади. Яъни муҳожирлар узоқ ва машаққатли йўлга чиқишдан аввал ўзларига керакли маълумотни ола биладилар.