06:33 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жармахан Туяқбай: Қозоғистоннинг кейинги президенти ҳозиргидай ваколатларга эга бўлолмайди

26.04.2007 13:34 msk

Фарғона.Ру

Жармахан Туякбай
Жармахан Туяқбай. “Фарғона.Ру АА” фотоси
“Аминманки, Қозоғистоннинг кейинги президенти ҳозиргидай ваколатларга эга бўлолмайди. “Келажак учун олинган” бундай қарорни амалдаги давлат раҳбарининг ўзи қабул қилишини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Чунки мустабид режимнинг бутун мантиқ-моҳияти уни тарихда тўнғич ва ягона [президент] бўлиб қолишга ундаяпти”, - деб ҳисоблайди Умуммиллий социал-демократик партияси (УСДП) раҳбари Жармахан Туяқбай. Қуйида у кишидан олинган интервьюни “Фарғона.Ру” муштарийлари эътиборига ҳавола этмоқдамиз.

Фарғона.Ру: - Сиз Умуммиллий социал-демократик партиясининг раҳбари бўлиб ҳисобланасиз? Ўз ижтимоий майдонингизни, электоратингизни қандай ифодалаган бўлардингиз?

Ж. Туяқбай: - Партиямиз ўз асослари ва электоратини излашда мамлакатда мавжуд бўлган қолиплардан анча ташқарига чиқиб кетди. У 2005 йилги президентлик сайловлари арафасида Қозоғистон демократик мухолифати биринчи марта бирлашиб, “Адолатли Қозоғистон учун” ҳаракатини ташкил қилган пайтдан бошланган.

Расмийлар томонидан олиб борилган кўп йиллик сиёсий тозаловлар натижаларини ҳисобга олган ҳолда кўп нарсани қарийб бошидан бошлашга тўғри келди. Ҳаракатимиз ичида бир-биридан анча фарқли бўлган турли сиёсий кучларни бирлаштирган ғоявий базани ишлаб чиқиш иши, айниқса, кўп меҳнат талаб қилди. Пировардида, биз барча фикрловчи ва лоқайд бўлмаган қозоғистонликни бирлаштиришга қодир – демократик сиёсий тизим, халқ назоратида бўлган ҳокимият, жамият эҳтиёжларига йўналтирилган ва шаффоф иқтисодиёт, ижтимоий жавобгарлиги бор давлат каби ғоя ва қадриятларга келдик.

Бу талабларнинг барчаси асосида битта асосий тушунча – адолат ётишини пайқаш қийин эмас. Бугун мамлакат фуқароларига энг кўп етишмаётган нарса шунинг ўзидир. Жамиятнинг барча қатламларига ўтакетган адолатсизлик сингиб кетган. Ҳатто Қозоғистоннинг нефтдан олаётган улкан даромадлари ҳам бу иллатдан халос қилолмаяпти. Аксинча, бунинг қабатида миллионлаган оддий қозоғистонликлар ўзларининг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан четга суриб қўйилганларини янада яққолроқ ҳис этаяптилар.

Сайловолди кампанияси чоғидаёқ биз аслида соф ижтимоий-демократик қадриятларни тарғиб қилаётганимизни тушундик. Ва ўтган йили биз яқин сафдошлар билан биргаликда мазмунга мутаносиб шакл топдик – яъни, Умуммиллий социал-демократик партиясини ташкил қилдик.

Ушбу конкрет шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда бизда сайловчиларимизга нисбатан кенг кўламда ёндошув имконияти бор, деб айта оламиз. Бир томондан, бу [бизни қўлловчи сайловчилар] бутун дунёда анъанавий бўлган социал-демократик электорат – ўрта синф, жамиятнинг ишлаб чиқарувчи кучларидир. Бошқа томондан эса улар УСДПнинг “Адолат, Озодлик, Бирдамлик” шиорига бефарқ бўлмаган барча қозоғистонликлардир.

Фарғона.Ру: - Мухолифат партияси бўлганингизга қарамай, сизларни жуда тез расмий рўйхатга олдилар. Буни нима билан изоҳлайсиз, ахир Қозоғистондаги мухолифат, юмшоқроқ қилиб айтганда, тангроқ аҳволда-ку?

Ж. Туяқбай: - Мен рўйхатга олиш жараёни ўта силлиқ кечди, деб айтмаган бўлардим. Шунчаки, менинг кузатувларимга кўра, расмийлар аввалгидек қўпол ва очиқ-ошкор ҳаракат қилмай қўйдилар. Нима бўлганда ҳам президентлик сайловлари ортда қолди, расмийлар учун ҳозир фавқулодда ҳолатнинг ўзи йўқ.

Бизга партия тузилишининг дастлабки босқичида жиддий тўсқинлик қилишга уриниб кўришди. Қисқа муддат ичида партия аъзолигига 150 минг ариза йиғишга муваффақ бўлганимиздан кейин (бу миқдор қонун талаб қилганидан уч баробар кўпдир) расмийлар халқ УСПДни кенг кўламда қўллаётганига ишонч ҳосил қилдилар ҳамда ўт билан ўйнашишни бас қилишиб, тактикани ўзгартирдилар.

Фарғона.Ру: - Назарбоев учун умрбод президентлик таъсис этиш ёки мамлакатда яккаҳокимлик (монархия) институтини жорий қилиш ҳақида янграган таклифларга қандай қарайсиз?

Жармахан Туякбай
Жармахан Туяқбай. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Ж. Туяқбай: - Бу таклифларнинг ўзи ҳам, уни ифодалашнинг ўхшовсиз йўсини ҳам ҳокимиятнинг юқори эшелонларида бошлаётган саросимани акс эттиради. Назарбаев президентлиги даврида унинг атрофидаги кишилар беҳисоб бойлик орттирдилар – бу ҳолат уларни ўз ҳомийлари ўлмас зот эмаслиги ҳақида тобора кўпроқ ўйланишга мажбур қилаётибди. Уларнинг кўпчилиги ҳокимият учун бўлажак кураш кўламини яхши ҳис қиладилар ва бу нарса уларни ўлгудек қўрқитади. Улар ўзларини тўлалигича қониқтирувчи бугунги вазиятни имкон қадар узайтиришни истайдилар. Шунинг учун ҳам жамият ичига, юмшоқроқ қилиб айтганда, ғайриоддий таклифларни ташлаб кўраяптилар. Менимча, бемаъниликка улашиб кетувчи бу оворагарчиликлар ҳар қандай мустабид тузум, ҳар қанақа нодемократик ҳокимият ботинида бўлган улкан истиқрорсизликни жуда яхши намоён этади.

Фарғона.Ру: - Қозоғистонда ҳокимият [амалдаги президентнинг] тўнғич қизи, ўртанча куёви... га топширилиши мумкинми?

Ж. Туяқбай: - Аслини олганда, президент Назарбаев томонидан тузилган ҳокимият тизимида у фақат ўзигагина тўлалигича ишона олиши мумкин. Аммо президент оиласининг алоҳида имкониятлари эътиборга олинса, сиз томонингиздан айтилган вариантни ҳам истисно қилиб бўлмайди. Фақат фарқ шундаки, бу тахтга ворислик руҳидаги ҳокимиятни бевосита топшириш бўлмайди. Қозоғистонда бундай қилишга имкон берилмаса керак, деб умид қиламан.

Бошқа томондан эса президент томонидан танланган ворисга давлатнинг бутун маъмурий ресурси, чексиз молиявий ресурслар, ОАВ хизмат қилади.

Аммо, умуман олганда, гап шахсларда эмас. Аминманки, Қозоғистоннинг кейинги президенти ҳозиргидай ваколатларга эга бўлолмайди. “Келажак учун олинган” бундай қарорни амалдаги давлат раҳбарининг ўзи қабул қилишини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Чунки мустабид режимнинг бутун мантиқ-моҳияти уни тарихда тўнғич ва ягона [президент] бўлиб қолишга ундаяпти.