16:46 msk, 22 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Бермет Ақаеванинг сайловларда иштирок этишига рухсат берилиши сиёсий масалага айланиб бормоқда

25.04.2007 22:09 msk

Феруза Жоний

29 апрель куни Қирғизистоннинг Чуй вилоят 57-Кемин сайлов округида Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Мазкур округдан 14 кишининг номзоди қўйилган. Даъвогарлар орасида энг кўзга кўринган фигуралардан бири мамлакат собиқ президентининг қизи Бермет Ақаева бўлиб, сўнгги сайловолди ҳафтасида унинг атрофида аҳоли ва расмийлар ўртасида жиддий тўқнашувга айланиб кетиши мумкин бўлган чинакам эҳтирослар жунбушга кела бошлади.

Мамлакат собиқ президентининг қизини депутатликка ўз номзодини қўйишга Чуй вилоят Кемин туман Аёллар комитети чорлаганди. Бу ҳақда февраль ойи охирида комитет лидерларидан бири Лира Терменчикова билдирганди. Орадан бир ой ўтгач, 23 март куни Бермет Ақаева депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинди, буни эса мамлакатда барча бирдек қабул қилмади. Дейлик, Қирғизистон Коммунистик партияси лидери Клара Ажибекова Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бермет Ақаева собиқ президентнинг оила аъзоси бўлганлиги сабабли “ватанга хиёнат қилгани учун жавобгар” эканини ҳамда мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий бўҳронда унинг бевосита айбдор эканини, шунинг учун ҳам у “қамоқхонада ўтириши керак”лигини билдирган. Омбудсмен Турсунбай Бакир уулу ҳам Марказий сайлов комиссиясининг Бермет Ақаевани депутатликка номзод ўлароқ рўйхатга олинишини мантиқсизлик деб атаган.

Парламент сайловларига бор-йўғи бир ҳафта қолганида эса Ақаеванинг икки рақиби уни сайловчиларга пора берганликда ва ўтроқлик цензи тўғрисидаги моддани бузганликда айблаганлар. 23 апрель куни Кемин туман судида ғайриодатий мажлис бўлиб ўтган. Суд кенгаш хонасига маҳаллий вақт билан соат 16:00 да кириб кетган, қарор эса 24 апрель тонгги соат бешга яқин эълон қилинган. Чиқарилган қарорга мувофиқ, Бермет Ақаеванинг мамлакат парламенти сайловларида иштирок этишига рухсат берилган. Бироқ орадан бир неча соат ўтгач, худди шу Кемин туман судининг ўзи Бермет Ақаевани сайловларда иштирок этишдан четлатиш ҳақида қарор чиқарган. Ишнинг бунақа тус олиши собиқ президент қизи тарафдорларини ғазабга миндирган ва улар республикани Хитой билан боғлаб турувчи Бишкек-Тўруғарт автойўлини тўсиб қўйганлар.

- Бермет Ақаеванинг сайловларда иштирок этишига рухсат берилиши сиёсий масалага айланиб бормоқда, - дея билдирди “Фарғона.Ру” ААга берган интервьюсида маҳкама мажлисининг қандай ўтгани ҳақида гапириб берган Қирғизистон ноҳукумат ташкилотлари лидери Тўқтаим Уметалиева. – Ўтган куни ҳакам Саримсақов соат саккизгача кенгаш хонасида ўтирди, аммо бир неча марта у ерни тарк этиб, бетўхтов Оқ уй (Қирғизистонда Ҳукумат уйини шундай деб атайдилар. – Таҳр.) билан кенгашиб турди. Шундай қилиб, ҳакамнинг ўзи процессуал меъёрларни бузди, - деб ҳисоблайди Т. Уметалиева. – Кейин у тунги соат биргача кенгаш хонасида ўтирди, у баъзан ташқарига чиқиб турди, аммо ҳеч қанақа қарор чиқармади. Кейин соат тунги соат учгача хонага қамалиб олди, тунги соат учда у хонадан чиқди, аммо бу сафар ҳам унинг қўлида қарор йўқ эди. Бу процессуал меъёрларнинг барчасини бузиш эди.

Ниҳоят, Саримсақов қарор чиқаришдан бош тортиб ҳамда Чуй вилоят ички ишлар бўлими бошлиғи, вилоят прокурори ва Кемин туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи иштирокида иккита расмий ариза ёзиб, ўзига ўзи отвод берди. Ишни суд раиси ўз зиммасига олди, шошилинч маҳкама мажлиси ўтказилди, шундан кейин Бермет Ақаеванинг депутатликка кўрсатилишига имкон берувчи қарор қабул қилинди. Бироқ кеча гўё бу қарорни бекор қилганлари ва уни бекор қилишни прокурор талаб қилгани ҳақида гапира бошладилар. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари Қирғизистон Республикаси Сайловлар ҳақидаги кодекси доирасида прокурор сайлов жараёнига аралаша олмаслигини билдирганларидан кейин бугун кечқурун ўзига ўзи отвод берган ҳакам Саримсақов аввалги сана билан Бермет Ақаевани ўтроқлик цензи ҳақидаги модда асосида сайловларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Аммо гап шундаки, декабрь ойида қабул қилинган конституцияда бу модда бекор қилинган. Бу билан ҳакам Саримсақов аслида сохтакорликка йўл қўйган.

Умуман олганда, мазкур ишда камида уч ерда процессуал меъёрлар бузилганлиги кузатилади: аввалги сана билан қарор чиқариш, бекор қилинган моддага таяниш ва учинчиси – округ комиссияси бу ҳужжатни қабул қилиши керак эмасди, чунки Сайловлар ҳақидаги кодексга мувофиқ сайловларга беш кун қолганида номзодни сайловолди пойгасидан четлаштиришга ҳақли эмасдилар. Яъни ҳатто Олий суд ҳам сайловларга беш кун қолганида номзодни [сайлов пойгасидан] олиб ташлашга ҳақли эмас, - дея ўз сўзини якунлади Т. Уметалиева.

Кемин туман суди Бермет Ақаевани мазкур округ бўйича депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинишини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилганидан кейин собиқ президент қизининг адвокатлари бу қарор юзасидан Олий судга шикоят аризасини ёзганлар. Олий суд мажлисининг қачон бўлиши ҳозирча маълум эмас, у чоршанба, 25 апрель куни бўлиши кутилганди. Эслатиб ўтамиз, сайловлар 29 апрелга тайин қилинган.

Аснода юқори суд инстанцияси қарор чиқаргунига қадар Кемин округ сайлов комиссияси Ақаевани номзодлар рўйхатидан ўчириб юборишга ҳақли эмас.

- Менинг рўйхатга олинишим ўз кучида турибди, кураш давом этаяпти, - дея тасдиқлади Бермет Ақаева “Фарғона.Ру”га берган интервьюсида. – Округ сайлов комиссияси ҳозирча бу иш юзасидан суриштирувларни тўхтатиб қўйди. Ишнинг нима билан тугаши Олий судда ҳал қилинади. Вазият мутлақо тушунарсиз: бу ерда шунчаки сохталаштириш содир бўлмоқда. Тушунишимча, қарор ноқонуний, у аввалги сана билан, шунда ҳам бу маҳкама жараёнини олиб боришдан бош тортган ҳакам томонидан чиқарилган.

Фарғона.Ру: - Марҳамат қилиб, сизга қўйилаётган айбловлар – сайловчиларни сотиб олганлик ва ўтроқлик цензини бузганлик - юзасидан изоҳ берсангиз.

Бермет Ақаева: - Сайловчиларни сотиб олиш юзасидан қўйилаётган айбловлар мутлақо асоссиз, инчунун маҳкама мажлисининг ўзида гувоҳлар мени сайловчиларни сотиб олишда айбламаганларини айтиб қичқира бошладилар. Тасаввур қилаяпсизми, гувоҳларнинг ўзлари ўз гувоҳликларидан бош торта бошладилар. Бу айблов алоҳида қилиб ажратиб қўйилган, у прокуратура ва ИИВ томонидан кўриб чиқилади. Бу мутлақо уйдирилган айбловдир, чунки маҳаллий фуқароларнинг бизга айтишларича, бу одамлари йиғишиб, уларга қанчадир пул берганлар ва шунчаки менга қарши чиқишга мажбур қилганлар.

Ўтроқлик цензи юзасидан менда мутлақо ҳеч қандай муаммо йўқ. Бу судда очиқ-ойдин аён бўлди, барча айбловлар омонат уйдек сочилиб кетди. Бунинг устига чегара хизмати вакиллари далил сифатида қанақадир сохта хатни тақдим этишга уринганларида сохтакорликлари фош бўлди. Шундай экан, иш бевосита суднинг ўзида барбод бўлди, бу эса мажлислар залида бўлган ва суд биноси ёнида юрган сайловчиларнинг ўртасида ғала-ғовурни юзага келтирди. Одамлар “сиёсий қарор қабул қилинаётибди, ишни атайлаб чўзаяптилар”, деган қарорга келдилар, бу эса уларни қаттиқ ғазаблантирди ва акс таъсирни юзага келтирди.

Фарғона.Ру: - Сайловларгача озгина вақт қолди. Нима деб ўйлайсиз – вазиятни ўз фойдангизга ўзгартира оласизми?

Бермет Ақаева: - Ҳозир Бишкекдаман, менинг ишим Олий судга келдими-йўқми – шуни аниқлашга ҳаракат қилаяпман. Агар расмийлар қонунга кўра иш қилсалар, агар суд аввалги сана билан сохта қарорлар чиқармасдан, қонунга мувофиқ қарор қабул қилса, ҳеч қанақа муаммо бўлмаслиги керак. Бу ерда ҳамма нарса қонунга нақадар риоя қилинишига боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, 57-Кемин сайлов округидаги сайловлар Қирғизистон собиқ раҳбарининг ўғли – Айдар Ақаевнинг мандати бекор қилинганидан кейин депутатлик ўрни бўшаб қолганлиги сабабли ўтказилаяпти. 2005 йилда Бермет Ақаева парламент сайловларида ғолиб чиқиб бўлганди. Бироқ “март инқилоби”дан кейин унинг депутатлик мандати Б. Ақаеванинг округ бўйича рақиби Бўлўт Марипов томонидан судда ютиб олинганди.