14:52 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ашхободнинг кўп йўналишли сиёсати: ўзгаришлар бўлмайди

25.04.2007 16:39 msk

Девлет Озодий

Туркманистон президенти Қурбанқули Бердимухаммедовнинг Саудия Арабистонига бўлган расмий сафаридан кейин Москвага ташриф буюриши функционал-рамзий характерга эга. Ашхобод бетарафлик мақомини сақлаб қолишдан манфаатдор ҳамда МДҲдан ўзини четга олишда давом этаяпти. Маълумки, Туркманистон Ҳамдўстликдан чиққанидан кейин мазкур бирлашманинг аъзоси сифатида эмас, балки шунчаки кузатувчи ўлароқ қолишда давом этаяпти.

Шарққа ва Россияга қилинган сафарлар С. Ниёзов (Туркманбоши) диктаторлик режими йўналишини мерос ўлароқ қабул қилган Туркманистон ҳозирги раҳбарияти ташқи сиёсий йўналишининг ўзига хос равишда кўп векторлилигини таъкидлаш учун амалга оширилган. Қ. Бердимухаммедовнинг “Altyn Asyr” давлат каналида намойиш қилинмиш биринчи нутқида таъкидланган Москва билан газ етказиб бериш юзасидан тузилмиш аввалги шартномаларга содиқлик рамзий маънога эга эди. Ашхобод томонидан газни Каспий йўналиши бўйича транспортировка қилиш кўриб чиқилаётгани ҳақида ҳамда Хитой билан бўлган ҳамкорлик кучаяётгани тўғрисида кейинчалик пайдо бўлган хабарлар ҳам шунчаки ташвиқот эмас, конкрет сиёсий алоқалар нисбатида ҳам алоҳида аҳамият касб этарди.

Туркманбоши томонидан белгилаб берилган йўналишнинг ўзгариши ҳалигача ўз тасдиғини топгани йўқ. Газ заҳиралари Туркманистон ҳозирги раҳбариятининг ички ва ташқи сиёсий йўналишида асосий мақсадга – режим ва унинг халқаро майдондаги позициялари ўзгармаслиги юзасидан кафолат олишга эришиш йўлидаги восита ўлароқ ўртага чиққан. Москвадаги музокаралар Қ. Бердимухаммедов учун бу йўналишдаги яна бир қадам бўлди. Халқ Маслаҳатининг ХХ қурултойи аслида СССР тарихидаги КПСС ХХ съездининг такрори бўлгани йўқ. Кутилган илиш юз бермади. Туркманистоннинг ҳозирги президенти ва 2006 йилнинг 21 декабрида ҳокимият тепасига келган шахслар гуруҳи учун “Туркманбоши йўналиши”га нисбатан реал муқобил йўл йўқ. Москвада Қ. Бердимухаммедов сиёсий жиҳатдан тан олинувга эришиши, газ лойиҳаси бажарилишини кафолатлаши, Россия раҳбарияти билан алоқаларни кенгайтириши керак эди.

Мамлакатда юзага келаётган мураккаблик қатор хорижий молия-саноат гуруҳларини имтиёз билан таъминловчи Туркманбошининг аввалги меросига боғлиқдир. Қ. Бердимухаммудовнинг вазиятни ўнглаш мақсадида қилаётган уринишлари уни ҳамда “21 декабрь гуруҳи”ни янги имкониятлар қидиришга мажбур қилмоқда. Саудия Арабистонидан кейин Россия, ундан сўнг эса, эҳтимол Европа ва Хитой Ашхобод ҳаракатининг асосий йўналишлари бўлиши мумкин. Вазиятни қалтислаштирмасдан қарама-қаршилик узра ўйнаш яқин келажакда муайян дивидентларни олиб келавериши мумкин, бироқ стратегик йўналишни шакллантириш учун Қ. Бердимухаммедов ўз ташқи сиёсий “мулоқот”и доирасини кенгайтиришига тўғри келади. Шу билан бир пайтда у Туркманистонга қизиққан Россия, АҚШ, Европа ва Хитой тимсолидаги ташқи сиёсий кучлар ўртасида очиқ зиддиятларга йўл қўймасликка ҳаракат қилаяпти, шу сабабли ҳам у ташқи сиёсий йўналишда анъанавийлик ва “шарқийлик”нинг устиворлигини таъкидлаб, ўз сафарини айнан Саудия Арабистонидан бошлади.

Москва эса, ўз навбатида, Ашхободнинг Евро-Атлантика йўналишига бурилиб кетишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Айнан шунинг учун ҳам Россия томон Туркманистоннинг ҳозирги раҳбариятида унга нисбатан муҳтамал босим ўтказиш юзасидан хавфсираш пайдо қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатлардан қочишга уринди. Ҳозирги пайтда Қ. Бердимухаммедов ўзининг россиялик ҳамкорлари Туркманистоннинг ички ишларига аралашмаслик сиёсатини давом эттираётганларига ҳамда Туркманистон томон учун “ўнғайсиз” масалаларини кўтармоқчи эмасликларига ишонч ҳосил қилиши керак.

Содир бўлаётган воқеаларни баҳолаш муаммоси раҳбарлари турли ресурслардан фойдаланган ҳолда ташқи кучлар қарама-қаршилигида ўйнашга ва шахсан ўзлари учун қўлловга эга бўлишга ҳаракат қилаётган ғалат режимлар ҳукмрон бўлмиш Марказий Осиёга нисбатан Россия сиёсатининг ноаниқлигида акс этгандир. Туркманистон ҳозирги раҳбариятининг ташқи сиёсий тактикаси ҳам ана шундай бўладими-йўқми – буни яқин келажак кўрсатади.