19:24 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Янги алифболар ва эски муаммолар

25.04.2007 13:36 msk

Артём Улунян

Постсовет ҳудудида мустақил давлатларнинг тузилиши баробарида янги суверен давлатлардаги асосий миллатни ташкил этувчи халқлар миллий рамзиётининг тикланиши ва уларнинг тарихий анъаналарга қайтиши ҳам юз берди. Бу мураккаб жараённинг унсурларидан бири тил ислоҳоти бўлди, унинг узвий қисми эса “алифболаштириш” бўлиб ҳисобланади.

Сир эмаски, СССР пайтида амалга оширилган миллий ёзувни яратиш сиёсати фақат маърифий характергагина эмас, балки мафкуравий хоссага ҳам эга бўлган. Агар “ёзувсиз” халқлар учун бу маълум аҳамиятга эга бўлган бўлса, бу вақтгача муайян ёзувдан фойдаланиб келган халқлар учун бошқача аҳамият касб этарди. Бутуниттифоқ Марказий комитети янги алифбони яратиш жараёнида филология ва тилшунослик билангина эмас, мафкура билан ҳам шуғулланарди. Эътиборли томони шундаки, “лотинлаштириш” ўз ёзувига эга бўлмаган аксар тилларни қамраб олди (бу жараён ҳақида Wikipediaда ўқишингиз мумкин).

Аввал араб ёзувидан фойдаланган халқлар учун (жумладан, ўзбеклар учун ҳам) лотин ёзувига асосланган ўз алифболарини ишлаб чиқиш иши бошланди. Филологик мақсадга мувофиқлик билан бирга янги ҳокимият сиёсий мақсадга мувофиқликка ҳам таянарди: ислоҳот ўтказишдан кўзланган мақсадлардан бири мусулмон руҳонийларининг мафкуравий таъсирини камайтириш эди. Қўшни Туркияда ҳам тил ислоҳоти ўтказилганди, чунки отатуркчи режим ҳам кўп жиҳатдан ўхшаш муаммоларга – биринчидан, саводсизлик даражасининг юқорилигига, иккинчидан эса, мусулмон руҳонийликларнинг жиддий таъсири муаммоларига дуч келганди. Шу билан бирга, кун тартибида яна бир масала турарди: усмоний туркчасида араб ва форс тилларидан олинган сўзлар кўп бўлиб, бу ҳол сўзлашув тилидан фойдаланувчи оддий одамлар учун муайян қийинчиликлар туғдирарди. Шу сабабли ҳам Туркияда тилни “турклаштириш” йўналишида иш олиб бора бошладилар.

Янги лотинлаштирилган алифболарни яратиш СССРдаги тил ислоҳотининг биринчи босқичида Совет Иттифоқи халқларининг кўпи орасида саводсизликни битиришга ёрдам берди ва шу билан бирга руслаштириш юзасидан айбловларни ҳам бартараф этди.

Лотинлаштирилган алифболар учун тил ислоҳоти деб аталмиш жараённинг кейинги босқичи уларни кирилл алифбосига алмаштириш босқичи бўлди. Аммо бунда алифбоси алмаштирилаётган тилларнинг фонетик ўзига хосликлари эътиборга олинди. Бу ерда энди филологик эмас, мафкуравий мақсад кўзда тутилганди.

СССР тугатилиши билан лисоний уйғониш муаммоси мафкуравий ва тарихий-маданий сабабларга кўра бўлганидек, функционал сабабларга кўра ҳам алоҳида урғуга эга бўла бошлади.

Алифбони лотинлаштириш бўйича ислоҳотлар Озарбайжонда ва Қрим татарларида муваффақиятлироқ амалга ошди. Энг муваффақиятсизи эса Туркманистонда бўлди – ажойиб кунларнинг бирида у ерда газеталар туркман тили учун унча мувофиқлаштирилмаган лотин ёзувида чиқди, камчиликларни бартараф қилишни эса алифбони лотинлаштириш жараёни бошланганидан кейин амалга ошира бошладилар.

Ўзбекистонда ҳам лотин алифбосига ўтиш осон кечмади. Бу рус тили ижтимоий-маданий майдонда кенг ёйилган шароитда муайян тилга мослаштирилган алифбо яратиш зарурати билан боғлиқ эди.

Қўшни Қозоғистонда, Қирғизистонда ва давлат тили туркий тиллар гуруҳига кирмайдиган Тожикистонда ҳам шунга ўхшаш муаммолар мавжуд. Мазкур уч давлатдан фақат Қозоғистондагина ҳозир лотин алифбосига ўтиш ҳақида гапира бошланди, аммо ҳали бундай алифбонинг бирор вариантига тўхталинмади.

Туркий халқлар алифбосини лотинлаштириш кўпинча Туркия таъсирининг кучайиши ва пантуркизмга ўтиб кетувчи туркий қондошлик мафкураси тарқалиши ўлароқ қабул қилинади. Бироқ бу жараёнга бунақа бир ёқлама ёндошув ҳақиқатга мувофиқ келмайди. Гап шундаки, лотинлаштириш ҳодисасининг ўзи кўпроқ мамлакатнинг азалдан лотин ёзуви устиворлик қилиб келган жаҳон ахборот майдонига қўшилиб кетишига йўналтирилган. Бунинг устига, постсовет ҳудудидаги халқларнинг миллий ўз-ўзини англаши билан “катта оға” тимсоли энди қабул қилинмайдиган ҳолга келди.

Шунингдек, тил ислоҳотининг давлатга қанчага тушиши ва унинг айни пайтда нақадар зарурлигини ҳам эътиборда тутиш лозим. Мазкур саволга узил-кесил жавобнинг ўзи йўқ. Бундан ташқари, эски ёзувдан фойдаланилган ёзма манбаларда йиғилмиш ахборотни қандай сақлаб қолиш муаммоси ҳам энг мураккаб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам янги алифбо масаласи СССР тарқаб кетганидан кейин янги давлатлар дуч келган кенг кўламдаги муаммоларнинг ҳосиласи бўлиб ҳисобланади.

Муаллиф ҳақида: Артём Улунян – тарих фанлари доктори, РФА Умумий тарих институтининг етакчи илмий ходими, “Фарғона.Ру” АА экспертлик кенгаши аъзоси. Москвада яшайди