23:17 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистон-Россия: Каспий, газ ва МДУнинг Ашхободдаги филиали

24.04.2007 22:04 msk

Фарғона.Ру

24 апрель куни Россия президенти Владимир Путин ҳамда Туркманистон президенти сифатида Москвага биринчи расмий ташриф билан учиб келган Қурбанқули Бердимухаммедов ўртасида музокаралар давом этди.

Музокараларнинг асосий мавзуси, кутилганидек, ёқилғи-энергетика жабҳаси бўлди. “Давлат раҳбарлари иқтисодиёт соҳасидаги, шу жумладан, ҳар иккала мамлакат учун устивор бўлган ёқилғи-энергетика жабҳасидаги ўзаро ҳамкорлик аҳволи ва истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар. 2003 йилда имзоланган узоқ муддатли давлатлараро битим асосида томонларнинг газ соҳасидаги фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликлари алоҳида таъкидланди”, дейилади икки раҳбар музокаралари натижаларига кўра ёйинланган коммюникеда. Давлатлараро шартномага мувофиқ, 2028 йилгача Туркманистон газининг асосий импортери Россия бўлиб ҳисобланади.

“Президентлар икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ўзаро тенглик ва манфаатдорлик асосида мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар, шунингдек, бу йўлда икки мамлакатнинг бой потенциалидан тўлароқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ экани ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирдилар”, - дея қайд этилади ҳужжатда.

Сегодня.Рунинг қайд этишича, икки томонлама алоқаларнинг иқтисодий тамалига Россиянинг йирик ширкатлари томонидан аллақачон асос солинган, улар орасида "Лукойл”, “Итера”, “Зарубежнефть”, РУСАЛ, “Силовие машини”, “Система” ҲМШлар бор. Қ. Бердимухаммедовга кўра, Туркманистон ҳам замонавий шароитда Россиянинг Марказий Осиё республикалари иқтисодиётига бўлган қизиқиши тобора ошиб боришига умид қилади.

Кремль матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, музокаралар чоғида Россия ва Туркманистоннинг “икки мамлакат манфаатларига дохил бир қатор халқаро муаммолар”га нисбатан умумий ёндошувларни муҳокама қилиш мўлжалланган. Экспертларга кўра, бу каби мавзуларга, биринчи навбатда, МДҲ ва ЕврОсИҲ фаолияти, шунингдек, Каспий денгизининг мақбул ҳуқуқий мақомини ишлаб чиқиш мавзулари киради. Туркманистон президенти туркман газини Каспийбўйи варианти бўйича сотиш юзасидан Россия томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳа уни қизиқтириб қўйганлигини айтди. Аммо лойиҳа ҳали туркманистонлик экспертлар текширувидан ўтиши керак бўлади.

Бундан ташқари, Россия президенти икки мамлакат куч ишлатар тузилмаларида орасидаги ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди. “Туркманистоннинг бетарафлик мақомига қарамасдан (биз бу мақомни ҳурмат қиламиз), гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши ва террорчиликка қарши кураш юзасидан махсус хизматларнинг алоқалари ҳақида унутмаслигимиз керак. Ҳарбий маҳкамаларимизнинг самарали алоқалари ҳақида ҳам унутмаслигимиз лозим”, - дея қайд этди В. Путин.

Газета.Рунинг хабар қилишича, Туркманистон президенти таълим соҳасида ҳам Россия билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирган. “Мен бизда рус мактаби бўлишини хоҳлардим. Биз катта халқаро университет қуришни бошлаганмиз. Бу Сапармурод Ниёзовнинг ғояси эди ва у Руҳнома номидаги Халқаро университет деб номланади”, - дея билдирди Қ. Бердимухаммедов. У мазкур университет ишида “россиялик машҳур академиклар ва профессорлар иштирок этиши”ни исташини қайд этди. “Агар рухсат берсангиз, биз ҳатто МДУнинг филиалини ҳам очишимиз мумкин. Шунингдек, нефть-газ мажмуаси таълими соҳасида ҳам ҳамкорлик қилишни истардик. Агар бизнинг Политехника институтида Губкин номидаги институт филиалини очсангиз, жуда соз бўларди”, - дея қайд этди Туркманистон раҳбари.

Прайм-ТАСС экспертларининг фикрича, Қ. Бердимухаммедовнинг Россияга келишини қуллуқчилик ташрифи ўлароқ талқин қилиш нотўғри бўлади. Бу кўпроқ Москвани стратегик ҳамкорликка чорлаш ташрифидир, аммо бунда муайян шартларга риоя қилиш керак бўлади. Россияда ҳам буни яхши тушунадилар. В. Путин Туркманистон президентининг яқин орада республикага ташриф буюриш таклифини қабул қилгани ҳам бежиз эмас. Шундай экан, музокаралар албатта давом этади.