14:50 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

19 апрелдан кейинги Қирғизистон. Расмийлар тор-мор қилинган мухолифатни батамом яксон этишга ҳаракат қилаяптилар

24.04.2007 11:14 msk

Ирина Ермакова (Бишкек)

19 апрель куни намойишчилар милицияни тошбўрон қилганидан кейин Бишкек марказида тўққиз кундан буён давом этаётган ва муддатсиз деб эълон этилган митинг бир кечада тарқатиб юборилди. Қирғизистон бош прокуратураси оммавий тартибсизликлар ҳодисаси юзасидан жиноий иш очди. Қирғизистон пойтахти жамоатчилиги намойиш тарқатилишини хотиржамлик билан, бунинг устига, бир қадар маъқуллаш билан кутиб олди.

Йилнинг тўққиз куни

11 мартдан 11 апрелгача радикал мухолифат кенг кўламли ахборот урушини бошлаб, митинг бошлангунига қадар унда қўли баланд кела бошлаганди. Аммо 11 апрель куни ҳаммаси тушунарли бўлди. Мухолифат томонидан ваъда қилинган юз минг киши Қирғизистоннинг марказий майдонига келмади. Тўққиз кунлик митинг жуда суст ўтди, унда, дейлик, 2006 йилнинг ноябрь ойида бўлган шиддат сезилмади. Мухолифатчиларнинг ўзлари 11 апрель куни ҳеч қанақа “ҳокимият топшириш” бўлиб ўтмаслигини аниқ-равшан тушундилар. Кейин “тинч инқилоб”нинг бошқа бир санаси этиб 19 апрель белгиланди. Бироқ бу куни мухолифатнинг ўзи митинг майдонидан кетди.

Митингни тарқатиб юбориш кераклиги ўз-ўзидан маълум бўлиб қолганди. Расмийлар митинг ташкилотчиларнинг ўзлари майдондаги талотумни уюштирганларидан хурсанд эмасликларини тушуниб қолдилар.

19 апрель куни ширакайф митингчилар милицияга қарата тош ота бошлаганларида ва ИИВ раҳбари овоз кучайтиргич билан йиғилганлар олдига чиққанида оломон орасида мухолифат лидерларидан ҳеч ким йўқ бўлиб чиқди. Шунда шовқинли гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланишдек расмийлар учун манфаатли қарор қабул қилинди. Одамлар тўққиз кундан бери ювинолмай юргандилар, чодирларда сувсиз, рисоладагидек озиқ-овқатсиз яшаётгандилар. Нафсиламрини айтганда, бунақа ҳаёт ўзларининг ҳам жуда жонига тегиб кетганди. Бунинг устига, чекка жойлардан олиб келинган аксарият одамлар баҳорги дала ишларини бошлаш учун уйларига шошаётгандилар.

20 апрель куни эрталаб Бишкек ҳам тўғри маънода, ҳам кўчма маънода мухолифатдан тозаланди.

“Фронтчилар” ва “ислоҳотчилар”нинг раҳбарлари оломонни тақдир ҳукмига топширишиб, 19 апрель тунида матбуот анжумани ўтказдилар ва унда милиция билан тўқнашув расмийларнинг ўзлари томонидан уюштирилганини билдирдилар. Ўша куни уларнинг юз ифодасини кўрадиган бўлди: мухолифатчилар майдонда содир бўлган ишларнинг ҳаммасини ўз кўзлари билан кўрган журналистлар уларнинг биронта ҳам сўзига ишонмаётганларини англаб турардилар.

Умуман олганда, воқеаларнинг бундай тус олишидан ҳамма хурсанд бўлди, деган фикр келади хаёлга. Мухолифат учун митингни бундан кейин ҳам давом эттиришдан маъно йўқ эди, пул тамом бўлаёзганди, халқ чарчаганди, бунинг буёғига воқеалар радикал тус олаётганди. Намойишчиларни тарқатиб юбориш қарийб қонсиз амалга оширилди. Қон ва курашга ўрганмаган “зиёли” мухолифатчиларнинг кўпи охирги кунларда ўзларини жуда ноқулай ҳис қилаётгандилар. Бу мухолифатчиларнинг умумий битимига кўра пировардида президентликка ягона номзод сифатида кўрсатилган Ўмурбек Текебаев аҳвол-руҳиясида айниқса яққолроқ сезиларди. Президентлик сайловлари ўтказилган тақдирда ғалабага эришиш имкониятига эга бўлган ягона киши бўлмиш Текебаев воқеаларнинг куч ишлатиш йўли билан ривожланишига ҳозир эмаслиги кўриниб қолди.

Расмийлар реакцияси

20 апрель куни эрталаб Бишкекда “баҳорий оҳор” ҳукм сурарди. Расмийлар аҳолининг кечаги ишларга нисбатан муносабатини кутардилар. Мамлакат фуқаролари маҳаллий телеканаллар орқали бевосита намойиш этилган лавҳалар орқали тунги митинг тарқатилишини бошдан-оёқ кўриш имкониятига эга бўлгандилар. Эрталаб эса шаҳарни тоза ва ораста кўрган бишкекликлар расмийларни қораламай қўя қолдилар. Мамлакат раҳбарияти фуқароларнинг бундай жавобини ўзича баҳолаб, қозонилган зафарни мустаҳкамлашда давом этди.

Президентни ёқловчи ва центристик позициясида турган депутатлар митинг уюштирилишига дахлдор бўлган мухолифатчи депутатларни ер билан яксон қилдилар. Депутатлар кўпчилик бўлишиб митинг ташкилотчиларини қораладилар ва митингчилар томонидан етказилган зарарни ташкилотчилар қоплаши ҳамда норозилик намойиши лидерларини жавобгарликка тортиш юзасидан қарор қабул қилдилар.

Бош прокуратура ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳатти-ҳаракатлари қонуний бўлган, дея баҳо берди, оммавий тартибсизликлар ҳодисаси бўйича жиноий иш очди ва тергов олиб бориш ишини Миллий хавфсизлик бўйича давлат комитетига топширди. Ҳозир суриштирув ишлари бораяпти, митинг раҳбарлари воқеа гувоҳлари сифатида [терговга] жалб қилинганлар. Расмийлар мухолифатга “ақлни йиғиб олиш учун” яна битта имконият бераяпти.

Расмийларда мухолифатни батамом яксон қилиш ҳаваси бор. Феликс Қулов эса таслим бўлмаяпти.

Мухолифат лидерларининг МХДКда сўроқ қилиниши шунчаки огоҳлантирувчи тадбир бўлса керак. Феликс Қуловдан бошқа мухолифатнинг барча аъзолари буни тушунишиб, сал хотиржам тортдилар.

Қуловнинг ўзи эса бошқа ўйинни бошлади, умуман олганда, у “бўҳрон пайтидаги менежмент”га кўника олмаяпти. МХДКда бўлиб ўтган сўроқдан кейин Феликс Қулов мамлакат шимоли “ўзини жанубликлар томонидан хўрланган ва ҳақоратлангандек ҳис қилмоқда, менинг асосий вазифам уларни бундай эмаслигига ишонтиришдан иборат”, дея билдирди.

Президент Бакиевни қўллаш учун мамлакат жанубидан махсус олиб келинган милиция шимолликлар митингини ўта аёвсизлик билан тарқатиб юборганлиги ҳақидаги фикр мухолифатчи генерал Ўмурбек Суваналиев томонидан айтилганди. Аслида мазкур фикр шимолликларнинг ҳаммасини мухолифат ҳимоясига отлантириши керак эди. Аммо бундай бўлмади. Ютқазганлар билан ҳеч ким “дўст бўлиш”ни истамади.

Шунга қарамай, Қулов бу режани ривожлантиришга ва ўз юртдошларига президент Бакиев ҳокимиятида жанубликлар кучайиб кетгани ҳақидаги фикрни сингдиришга уринмоқчи. Қулов ушбу тамойил асосига қурилган апрель митинги муваффақиятсизлик билан тугаганини ҳечам тушуниб етолмаяпти.

Феликс Қулов таслим бўлгиси ва ўз хатоларини тан олгиси келмаяпти. Ҳойнаҳой, расмийлар митинг ташкилотчиларига босим ўтказишни давом эттирсалар керак. Тез орада мухолифат ҳатти-ҳаракатларини қораловчи оммавий муҳокамалар бошланади, жамоатчилик баёнотлари эълон қилинади.

Шунингдек, дахлсизлик мақомига эга бўлган мухолифатчи депутатлар ҳам Қуловни қўллаб-қувватлаш учун келмаганлари ҳам ана шунинг нишонасидир. Улар ҳибсга олинишдан қўрққанлари учун келмаётган бўлмасалар керак. Масалан, депутат Қ. Байбўлов “улар (расмийлар) [митинг ташкилотчиларини] қамоққа тиқа олмайдилар, бунга расмийларда на маънавий ҳақ, на моддий имконият бор. Ҳозир шунчаки қўрқитиб қўйиш жараёни бораяпти”, деб ҳисоблайди.

Бош вазир Алмаз Атамбаев ҳам қарийб шундай фикрда. “Азаттиқ” (“Озодлик”нинг қирғиз хизмати) радиосига берган интервьюсида у қуйидагиларни билдирди:

“Мухолифат ичида бўлган кечаги сафдошларим, митинг ташкилотчилари қамоқда ўтирганлари йўқ, улар бундан қандай қутилиб кетишни биладилар. Аммо ҳибсда ўтирган ёш йигитлар эса бошқа масала. Ўзингиз кўрганингиздек, агар улар ёнларидан ўтиб бораётган автомашиналарнинг ойналарини синдира бошласалар, биз нима қилишимиз керак эди? Уларга медаль беришимиз керакмиди? Албатта, митинг лидерлари жавобгарликдан қутилиб қоладилар. Мен буни биламан. Аммо бу ҳеч бўлмаганда сабоқ бўлар. Ахир одамларни ойналарни шунчаки синдириш мумкин эмаслигига ҳам ўргатиш лозим-да. Агар мухолифат талаби конституцион ислоҳот [ўтказиш] бўлганида эди, ҳаммаси бошқача бўлган бўларди”.

Сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдалиев “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига сиёсий қатағонлар бўлиши мумкинлигини айтди.

“Сиёсий қатағонлар бошланди, деб айтиш қийин. Аммо битта ҳодиса эътиборни тортади. 19 апрель куни кечқурун бу воқеа содир бўлди, 20 апрель куни эрталаб соат олтида эса МХДКга чақирув қоғозлари тарқатиб бўлинганди. (Мухолифат) газеталарини ёпиб қўйганлари нотўғри бўлди, газеталарни ёпиб қўйиш учун суд қарор керак”.

Энг ёмони муваффақиятдан руҳланган расмийлар ислоҳотларни секинлаштира бошлашидир. Мухолифат ўзининг нўноқларча ҳаракатлари билан конституцион ислоҳотлар ғояси обрўсини тушириб юборди. Энди мухолифат томонидан ислоҳотлар ўтказиш учун бўлажак уринишларнинг ҳаммаси “кулгили эмас” бўлади, расмийлар ва президент томонидан кўтариб чиқилган ислоҳотлар эса ҳақиқий ислоҳот бўлмаса керак.