10:26 msk, 30 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Наманган вилоятидаги энг йирик корхоналардан бири банкрот деб топилган

23.04.2007 16:10 msk

Ўз ахб.

Наманган вилоят хўжалик суди Фарғона водийсидаги энг йирик корхоналардан бири – Наманган текстиль комбинатини банкрот деб топди. Ўзбекистон республикаси президентининг 2007 йил 12 апрелида чиққан 330-сонли қарори асосида “НаманганТекстиль” очиқ турдаги ҳиссадорлик жамиятини сотиш бўйича тендер эълон қилинган.

“НаманганТекстиль” ОҲЖ Наманган вилоятидаги энг йирик корхона бўлиб ҳисобланади. Комбинатнинг ишлаб чиқариш биноларининг ўзиёқ эллик беш гектар майдонда жойлашган. Корхонада Наманган шаҳри ва шаҳарга яқин жойлардан бўлган жойларда яшовчи беш мингдан зиёд киши ишлаган.

Корхонадаги дастгоҳларнинг кўпи комбинат эндигина қуриб битказилган пайтда - 1967 йилда ўрнатилган. Постсовет замонида “Ипак газламалар комбинати” (ИГК) сифатида машҳур бўлган бу корхона вилоятда ишлаб чиқариш пешқадами бўлиб ҳисобланар ва собиқ СССРнинг барча мамлакатларига маҳсулот етказиб берарди. Бироқ мустақил Ўзбекистон расмийларининг “оқилона иқтисодий сиёсати” натижасида сўнгги йилларда комбинатда ишлаб чиқарилувчи маҳсулот ҳажми кескин камайиб кетган.

Корхона тўхтаб қолмасин учун бу ерда ип газлама ишлаб чиқаришга ўтилиб, тўқимачилик саноати йўлга қўйилган. Бироқ ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатининг пастлиги ҳиссадорлик жамияти қарзларининг ошиб кетишига олиб келган. Хом ашё – пахта толаси олиш бўйича ҳам муаммолар пайдо бўлган. Аммо, шунга қарамасдан, комбинат маҳсулотига маҳаллий аҳоли орасида талаб катта эди. Наманганликларнинг ип газламаси қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилоятида жойлашган Қорасув бозоридаги Хитой газламаларидан кўра сифати яхшироқ эди.

Мустақил экспертнинг фикрича, комбинатни сунъий равишда синишга олиб келганлар. Мамлакатда бу каби объектлар ҳисобига маблағни нақд пулга айлантириш амалиёти кенг кўламда қўлланила бошлади. Ортида куч ишлатар тузилмалари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбарлари турган ҳар хил фирмалар корхоналарнинг раҳбарлари билан тил бириктирган ҳолда турли-туман молиявий қаллобликларни ўйлаб топганлар, бунинг натижасида комбинат ҳисоб рақамларида турган жуда йирик миқдордаги маблағлар сув қилинган.

“НаманганТекстиль” ОҲЖнинг аввалги бош директори ўтган йилиёқ қочиб кетганди. Унга йирик миқдордаги пул маблағларини ноқонуний ўзлаштирганлик айби қўйилган, камомад бир неча миллиард сўмни ташкил қилганди. Бироқ у Наманганга қайтиб, етказилган зарарни қоплаганидан кейин уни тинч қўйгандилар.

Шундан сўнг комбинат газлама ишлаб чиқармасдан, узоқ вақт туриб қолганди. Сўнгги пайтларда фақат икки тўқимачилик фабрикасигина ишлаганди. Бироқ улардан олинган фойда билан улкан корхона харажатларини қоплашнинг имкони бўлмаган. Шунда вилоят хўжалик суди қарорига мувофиқ “НаманганТекстиль” ОҲЖни моддий жиҳатдан соғломлаштириш мақсадларида 2006 йилнинг 7 февралидан тортиб комбинатда ташқи бошқарув жорий этилган. Комбинатга шу пайтгача нисбатан муваффақ билан ишлаб келаётган корхона - Наманган нотўқимачилик материаллари комбинатини бошқариб келган кишини бошқарувчи этиб тайинлаганлар.

Тасдиқланган янги бизнес-режага биноан “НаманганТекстиль” корхонаси томонидан “Ўзбекпахтасаноат” ҳиссадорлик ширкатидан беш минг тонна пахта толаси сотиб олинган. Қисқа вақт ичида комбинат томонидан 3663 тонна йигирилган ип, 11.824 минг погонометр йигирилган ип хом ашёси, 11.483 минг погонометр тайёр газлама ишлаб чиқарилган.

130,3 минг долларлик маҳсулот экспортга чиқарилган, ички бозорда эса 15 миллиард 716 миллион сўмлик маҳсулот сотилган. Аммо шу маблағлар ҳам қарзларни тўлаш учун кифоя қилмаган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий банки корхонани янги дастгоҳлар билан жиҳозлаш учун кредит ажратган ва эндиликда ҳиссадорлик жамияти кредиторларга жарима пуллари билан қўшиб ҳисоблаганда 45 минг доллар қарз бўлиб қолган. Бу ҳақда Наманган вилоят телевидениесининг рус тилида чиқувчи “Аср” ахборот дастурида хабар қилинган.

2006 йилнинг июнь ойида “НаманганТекстиль” ОҲЖ кредиторлари корхонани банкрот деб топиш ҳақидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилганлар. Суд корхонанинг тўрт ойлик фаолиятини ўрганиб чиқиб, ҳиссадорлик жамияти ҳатто тўла қувват билан ишлаган тақдирда ҳам ўн икки ой ичида қарзларни тўлай олмаслигини ҳисобга олиб, корхонани банкрот деб эълон қилган.

Корхона ёпилганлиги муносабати билан ишчиларга икки ойлик маош миқдорида товон пули тўланган. Жорий йилнинг июнь ойигача комбинат сармоя ётқизиш ва янги технологияларни қўллаш йўли билан тўла қувватда ишлай бошлаши керак, энг асосийси – корхона ишсиз қолган ходимларни иш билан таъминлаши лозим.



 

Реклама