06:04 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Фарғона вилоят ўлкашунослик музейида риштонлик ёш кулоллар кўргазмаси очилди

23.04.2007 11:42 msk

Ольга Науцзань

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Жаҳон кулолчилигида Ўзбекистоннинг Риштонидан бўлган усталар энг муносиб ўринлардан бирини эгаллайди. Бу ерлик усталар томонидан ясалган кўзалар, лаганлар, гултуваклар, ўйинчоқлар ва бошқа турли-туман буюмлар бутун дунёни ҳайратга солади. Бу ишдан ёшлар ҳам четда қолаётганлари йўқ, бунга шу кунларда Фарғона вилоят ўлкашунослик музейида очилган риштонлик ёш кулоллар кўргазмаси далил бўла олади.

Кўргазмада Рустам Қосимов, Сайёт Ниғматов, Шаҳбоз Мамажонов, Шерзод Тожиалиев ва Азизжон Абдураҳимовлар ўз ишларини томошабинлар эътиборига ҳавола этганлар. Усталар ёш бўлишларига қарамасдан, уларнинг ишлари ўта моҳирона бажарилган. Бу ишлар ранглар ва нақшлар янгилиги билан кўзни қувонтиради. Уларда мумтоз шакллар ва сюжетлар бор, аммо янги йўналишлар изланганлиги ҳам сезилади.

- Мен бошқа дўстларим каби тилим чиқмасдан аввал лой чангаллаганман, - дейди Рустам Қосимов томошабинларга. – Менинг дастлабки ўйинчоқларим ҳам сопол ўйинчоқлар, лой ва мўйқалам бўлган.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси

Риштон дунёси – бу алоҳида олам: кўп уйларда кулоллар яшаб, ижод қиладилар. Турмуш тарзининг ўзиёқ ёшларда юксак нафосат туйғуларини шакллантиради ва уларнинг дунёқарашини кенгайтиради – меҳр-муҳаббатнинг кўринмас ришталари билан боғланган боболар, оталар, невара ва чеваралар керакли умумий иш билан шуғулланаётган бир пайтда бунга бефарқ қолишнинг илож-имкони йўқ.

Ўзбекистон халқ устаси Набижон Қодировнинг шогирди Азизжон Абдураҳимов ижоди ҳаммада бирдек қизиқиш уйғотди. Унинг сопол ҳайкалчалари ўлкамиз тарихи ва бугунги кунини ўзида акс эттирган. Бир композицияда деҳқон йигитлар тарвуз ва узум устига энгашиб турганлари акс этган; бошқасида қувноқ Хўжа Насриддин қўлида қовун билан эшаги устида кетаяпти; яна бирида сайил тасвирланган – созандалар соз чалаяптилар, дорбозлар дор ўйнаяптилар; бўлак бир лавҳада устанинг катта оиласи йиғилган – бу ерда Азизжоннинг оқсоқол бобоси, бувиси, амма-холалари ва ҳатто олти ойлик қизчаси ҳам бор. Мунажжимлару этикдўзлар, олимлару болалар – бу мўъжизанинг ҳаммаси икки-уч токчани ишғол қилган.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси

- Мен ўз юртдошларимни яхши кўраман, - дейди Азизжон. - Ўз ижодимда ўлкамиз гўзаллигини, халқ урф-одатлари-ю замонавий ҳаётимизни акс эттирмоқчиман. Мен болалигимдан кулолчилик билан шуғулланишни орзу қилгандим. Авлодимиздан чиққан биринчи уста бўлишимга қарамасдан, ўғлим катта бўлгач, унинг кулол бўлиб етишишига умид қиламан.

Янги сулолалар ана шундай туғиладилар. Улар эски анъаналарни сақлаб қолган ҳолда, санъатда янги тимсолларни яратадилар. Ўз қалб қўрини ноёб санъатга бахшида этган барча усталарга раҳмат дегимиз келади: “Ҳорманглар, усталар, уйингиздан тинчлик-хотиржамлик, ижодингиздан барака аримасин!”

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси

Муаллиф ҳақида: Ольга Науцзань – фарғоналик шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими қошидаги “Соти” адабий клуби раисаси