21:20 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиё мамлакатларида “номенклатура инқилоби”га тайёргарлик босқичи бошланмоқда

21.04.2007 19:09 msk

Никита Николаев (Москва)

Қирғизистондаги воқеалар Марказий Осиёда юзага келаётган вазиятга яна бир бор эътибор қаратишга мажбур қилди, аммо бу сафар мазкур муаммога аввалгидан мутлақо бошқа нуқтаи назардан туриб ёндошишга тўғри келади. Бу кўп жиҳатдан Бишкек ва Киевдаги конституцион бўҳрон бир-бирига ўхшашлиги билан белгиланади.

МДҲдаги сиёсий жараён ривожи бир-биридан қанчалик фарқли бўлмасин, бутун постсовет ҳудудида битта қонуният мавжуд. Унинг моҳияти қайта қуриш тўлқинида қабул қилинмиш конституцияларда баён этилган, фуқаролик жамиятининг тараққиёт даражаси билан таъминланган чинакам ҳокимият тақсимотининг йўқлигида ўз аксини топган. Марказий Осиёда бу кўриниш сиёсат, иқтисодиёт ва ижтимоий жабҳадаги совет, постсовет, аксилсовет ва неосовет белгиларнинг бирлашуви билан сўнгги ўн олти йил мобайнида кузатилган.

Бу табиий қарама-қарши ҳаракат натижаси кўп жиҳатдан бошқа давлатларга қараганда турмуш анча яхши бўлган Қозоғистон каби давлатда ҳам ҳокимият алмашуви муаммоси ҳал этилмагани туфайли перманент бўҳрон юзага келишига сабаб бўлди. Юзага келган вазиятни “ҳукмрон оилалар” манфаатларига мос равишда машруълаштиришга қаратилган конституциядаги айрим моддаларнинг тез-тез ўзгартириб турилиши, қонунга тиркама ўлароқ берилмиш ҳужжатларнинг қабул қилиниши, мухолифатнинг барқарор ва сиёсий жиҳатдан асосланган қўлловга умид қилишига имкон қолдирмайдиган жамиятнинг муайян йўналишга эга эмаслиги, расмийлар томонидан амалга оширилаётган коррупция даражасининг юқорилиги ҳамда ўрта синф қарийб йўқ бўлиб, бойлар ва камбағаллар ўртасида фарқнинг ўсиб бориши – Марказий Осиё хорижида бўлган кузатувчилар, шунингдек, жамоатчилик кўзида Марказий Осиё ҳудудининг “ташқи қиёфаси” ана шундай.

Юқорида санаб ўтилган нарсаларнинг кўпи воқеликдир. Бунинг қабатида воқеалар ривожининг муҳтамал сценарийларини излаш табиий, бу сценарийлардан асосийси ўлароқ мутлақо негатив сценарий – бутун минтақага тарқалаётган, конфессионал сиёсийлашув шаклига эга бўлиб бораётган зиддият ва қандайдир радикаллар томонидан ҳокимиятнинг эгаллаб олиниши сценарийси илгари сурилади. Албатта, минтақа давлатларида яшаётган кўпчилик кишилар учун бу каби тахмин бу қадар турфа, айни пайтда, бир бутун Марказий Осиё халқларининг қиёфаси қандай шаклланаётганига шунчаки мисол бўлиб хизмат қилиши мумкин, холос. Бироқ воқелик мутлақо бошқа нарсадан далолат беради.

Минтақа давлатларида қарор топган авторитар-тоталитар режимлар сиёсий жиҳатдан ҳам, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳам истиқболсиз бўлиб ҳисобланади. Асосини хом ашё заҳиралари ташкил қилувчи иқтисодий характердаги муваффақиятлар ҳам асосий муаммони беркита олмайди. У объектив сабабларга кўра жамиятнинг на ижтимоий, на сиёсий эҳтиёжларини таъминлай олишида акс этади, шу сабабдан ҳукмрон гуруҳ ўзини ҳимоя қилиш учун ҳам куч ишлатишни, ҳам “сотиб олиш” шаклидаги иқтисодий усулларни қўллаб келмоқда.

Битта одамга – давлат раҳбарига боғланиб қолган сиёсий тузум демократик жамиятга мансуб бўлган, аммо бу ерда мутлақо бошқа вазифани бажараётган институтлар ҳайкалидан иборатдир. Улар [сохта институтлар] ҳукмрон гуруҳнинг сиёсий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилади. Чинакам сиёсий партияларнинг йўқлиги ёки қатағонлар билан заифлашган сиёсий ташкилотларнинг мавжудлиги режимларни бўҳронлардан сақлаб қололмайди. Сиёсий партияларнинг функциялари ҳукмрон доира ичида шаклланаётган гуруҳларга ўтади. Ҳақиқий сиёсий жараён, ҳойнаҳой, айнан шу ерда бўлиб ўтади. Марказий Осиё шароитида унинг моҳияти ҳукмрон доиралар ичидаги парчаланишдан иборат бўлади, ҳукмрон доираларнинг айрим вакиллари “Оила оталари”нинг ҳокимияти заифлашганидан кейин, аниқроғи, улар сиёсий саҳнани жисмонан тарк этганларидан кейин номенклатуравий усуллар билан турли давлат ва ижтимоий институтлари устидан назоратни амалга оширишга уринадилар. Бу тенденциянинг баъзи унсурлари минтақанинг қарийб барча давлатларида очиқ кўзга ташланиб турибди.

Иккинчи босқичда, саҳнада оммавий сиёсий партиялар пайдо бўла бошлайди, бу эса СССР давридаги қайта қуришнинг охирги йилларида кузатилган, аммо Марказий Осиёнинг спецификасига эга бўлган сиёсий ҳолатни юзага келтиради.

Мазмунан ва шаклан эволюцияга яқин бўлмиш “номенклатура инқилоби”нинг ўтиш даври минтақа давлатларининг кейинги тараққиёти учун асосга айланади. Ҳозирги босқич, унинг ўта чўзилиб кетганига қарамасдан, тайёргарлик босқичи бўлиб ҳисобланади. Аслини олганда, тарих нуқтаи назаридан, бу оний лаҳзадир. Шунинг учун ҳам кун тартибида турган асосий масала Марказий Осиёнинг ҳозирги ҳукмдорлари ўрнига ким келишида эмас, балки уларнинг сиёсий саҳнадан қачон кетишларида акс этгандир. Уларнинг вориси ким бўлишидан қатъий назар, сиёсий курашнинг объектив қонунлари унинг шахсий хоҳиш-иродасидан устун келади.