07:54 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Канадалик Ҳусайнжон Жалил Хитойда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

21.04.2007 07:24 msk

Hamilton spectator

2006 йилда Ўзбекистон расмийлари томонидан Хитойга топширилган Канада фуқароси Ҳусайнжон Жалил ўтган чоршанба куни айирмачилик ва террорчилик билан шуғулланганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

***

Суд куни Комила Тўландибоева ўз эрини яна қачон кўра олишини аниқлашга уриниб, анчагача ухлай олмаган. Унга тунги соат бирдан кейин Ташқи ишлар вазирлигидан қўнғироқ қилганлар. Унга ёмон хабар айтганлар. Унинг эри Ҳусайнжон Жалил умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

“Мен уч йил, нари борса, тўрт йил беришар, деб кутган эдим”, - дейди К. Тўландибоева Канаданинг Hamilton spectator нашрига берган интервьюсида. У эрининг айбсизлигини ҳамда Хитой расмийлари томонидан фақат Ғарбий Хитойда яшовчи мусулмонлар – туркийзабон уйғур озчилигига нисбатан адолат қилишни сўрагани учун таъқиб қилинганини таъкидлайди. “У инсон ҳуқуқлари учун курашганди”, - деди Комила.

Эслатиб ўтамиз, ўттиз саккиз ёшли Ҳ. Жалил хотини ва болалари билан Тошкентдаги касал қайнонасини кўришга келган пайтда - 2006 йилнинг март ойида Ўзбекистонда ҳибсга олинганди.

Қашқарда туғилган Ҳусайнжон Жалил аввал уйғур айирмачилик ҳаракатида иштироки учун судланганди. 1998 йилда қамоқдан қутулган диссидент аввал Ўзбекистонга, сўнгра эса Туркияга кетади. 2001 йили у қочоқ сифатида Канадага келади ва Ҳамилтон (Hamilton) шаҳрида яшайди. Сўнгра Торонто яқинидаги Берлингтонга (Burlington) кўчиб ўтади. 2005 йилда Ҳ. Жалил Канада фуқаролигини олади. У Хитойни тарк этган пайтида Қашқарда икки ўғли ва бир қизини қолдиришга мажбур бўлганди. 2006 йил бошларида хотини ва кичкина болалари билан Ўзбекистонга келган Ҳ. Жалил оилани жам қилишга эришмоқчи бўлади. Ҳ. Жалил, ҳойнаҳой, Хитой томон талабига кўра 26 март куни Тошкентда ҳибсга олинади. Орадан роппа-роса уч ой ўтиб эса Хитойга экстрадиция қилинади.

Эри ҳибсга олинганидан кейин Ўзбекистондан Канадага қайтган 29 ёшли Комила Тўландибоева ўзининг тўрт боласини эндиликда ёлғиз ўзи тарбия қилаяпти. Унинг катта ўғли Муҳаммад етти ёшда, у ногиронлар аравасида юради. Унинг энг кичик фарзанди ўз отасини умуман кўрмаган: Жалил ҳибсга олинган пайтда Тўландибоеванинг уч ойлик ҳомиласи бор эди. Комила ҳозирча ўғилларига уларнинг отаси ҳақида бор ҳақиқатни ҳозирча айтмай туришга қарор қилган: “Мен уларга отасининг суратларини кўрсатиб, унинг уйга қайтажагини айтаяпман, холос”.

Ҳукм ўқилиши арафасида ташвиш билан туни билан ухламай чиққанидан кейин ҳам Комила ўзини йўқотмагандай тутарди. Унинг камтарона, лекин ниҳоятда тартибли уйига йиғилган мухбирларнинг ҳар томондан ёғилиб турган саволлари ва кўплаб телефон қўнғироқлари жавоб берар экан, у эрини уйга қайтишига эришиш учун Канада ҳукуматига петициялар жўнатишда давом этажагини билдирди. У ҳар куни Канада расмийлари билан боғланиб турган, аммо расмийларга босим ўтказиш учун аввалроқ кўп иш қилиш мумкин керак эди, дея шикоят қилади.

2006 йил октябрида у Канада бош вазири Стефен Харпер (Stephen Harper) ҳузурида бўлиб, у билан учрашганига, суддан кейин эса унга ташқи ишлар вазири Питер МакКей (Peter MacKay) қўнғироқ қилганига қарамай, Тўландибоева Канада унинг эрини аввалроқ ҳимоя қилиб чиқиши керак эди, деб айтди: “Бу етарли эмас. У ҳали ҳам қамоқда ўтирибди”.

Канада ТИВ матбуот котиби маҳкама номига айтилган танқидга жавоб бермади. Amnesty Internationalнинг Осиё минтақаси бўйича вакили эса Канада ҳукумати Хитой ҳукуматига нисбатан кескинроқ чораларни кўриши лозим эди, деган баёнотни маъқуллади. “Мен кўпроқ иш қилиниши мумкин эди, дея тахмин қиламан”, деди Черил Хочкисс (Cheryl Hotchkiss). У Ҳ. Жалил ёнига консуллик ходимлари қўйилмагани ва у Хитой қамоқхонасида дуч келаётган қийноқлар хавфи туфайли Amnesty International унинг хавфсизлигидан хавотирда эканини қўшимча қилди.

Жалилга ҳукм чиқарилган чоршанба кунги қисқа муддатли маҳкама мажлисида иштирок этган қариндошлар унга ҳеч қанақа жисмоний зарар етказилмаганини айтганлар. Улар Комила Тўландибоевага маҳкама жараёнида унинг жуда қисқа гапирганини ва “Бу нотўғри, буларнинг ҳаммаси ёлғон”, деганини хабар қилганлар.

Epoch Timesнинг Хитой компартияси расмий органи бўлмиш “Женьминь Жибао”га ишорат билан хабар қилишича, суд қарорида Ҳ. Жалил 1997 йили Марказий Осиё мамлакатларида фаолият юритувчи террорчилик гуруҳлари рўйхатига киритилган Шарқий Туркистонни озод қилиш ташкилотига (ETLO) қўшилгани ҳамда унинг Қирғизистондаги катта инструктори этиб тайинлангани айтилади. У ерда бўлган пайтида Жалил, тахминларга кўра, бир неча кишини Шарқий Туркистонни озод қилиш ташкилотига жалб қилган ҳамда уларни Кашмирнинг Покистон томонидан назорат қилинадиган қисмида жойлашган террорчиларнинг машқ лагерига юборган.

Суд Жалилнинг рўйхатлардаги бошқа бир террорчилик ташкилоти “Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати” (ШТИҲ) фаолиятида ҳам фаол иштирок этганинини қайд этган. Суд материалларига кўра, 1997 йили Жалил ШТИҲнинг собиқ раҳбари Ҳасан Махсум (у 2003 йилда покистонлик ҳарбийлар томонидан ўлдирилганди) билан учрашган ва бевосита Махсум раҳбарлиги остида ишлаган.

Суд материалларида айтилишича, 1998 йили Жалил ШТИҲ ва Шарқий Туркистонни озод қилиш ташкилотини бирлаштириш ғоясини илгари суришда асосий фигура бўлган. ХХР ҳукумати “Шарқий Туркистон” террорчилари Афғонистондаги “Ал-Қоида” билан тиғиз алоқада эканликларини ва уларнинг Шинжондаги қатор қотилликлар, портлашлар, одам ўғирлашлар ва ўт қўйишлар учун жавобгар эканликларини билдиради.

Суд материалларида 1997 йили Ҳусайн Жалил “халқ республикаси социалистик тизимида тўнтариш қилиш” ниятида жанубдаги Гуандун вилоятида “Ҳизбуллоҳ” номли янги террорчилик гуруҳини ташкил этиш учун 80 минг юань (10.256 АҚШ доллари) бергани маълум қилинади. Бу пуллар террорчиларни машқ қилдириш учун қурол-аслаҳа ва жиҳозлар сотиб олиш учун ишлатилган.

Аснода, Комила Тўландибоева ўз эрининг айбсиз эканига қатъий ишонади. “Мен унинг уйга қайтиши учун ҳар куни курашаман. Мен ҳеч қачон таслим бўлмайман”, - дея таъкидлайди у. Amnesty Internationalнинг Осиё минтақаси бўйича вакили Черил Хочкисс апелляцияни ютиб чиқишга ҳамда Жалилга нисбатан адолатли суд қарорига эришишга “халқаро ҳамжамиятнинг доимий босими” ёрдам бериши мумкинлигини қайд этди.

Бу орада эса Канада бўйлаб Жалилга нисбатан чиқарилган ҳукм – умрбод қамоқ жазосини қораловчи норозилик намойишлари тўлқини ёйилди, дея хабар қилади Би-би-си. Канада ташқи ишлар вазири Питер Маккей (Peter MacKay) Хитой судининг бу каби қароридан ҳафсаласи пир бўлганини ва бу иш икки мамлакат ўртасидаги алоқаларга путур етказганини билдирди.

Канада расмийлари ҳалигача Жалилнинг ёнига киришга уринмоқдалар, уларни Урумчи шаҳар халқ судида бўлиб ўтган маҳкама суриштирувида Ҳ. Жалил Канада дипломатик вакилисиз иштирок этгани ғазаблантирган.

Питер Маккей апрель охирида Хитойга бормоқчи. У музокаралар чоғида Жалил масаласини кўтаришига очиқ ишора қилди. “Биз бу ишни шундайлигича қолдирмоқчи эмасмиз”, - деди у. Ўз навбатида Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Лю Цзянчао: “Ҳусайнжон Жалил иши Хитойнинг ички иши бўлиб ҳисобланади, Канаданинг бу ишга аралашишга ҳақи йўқ”, дея билдирди.