06:28 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ахлатхона тирикчилик учун маблағ топиш воситаси сифатида

20.04.2007 16:37 msk

Ўз ахб., Немис тўлқини

“Немис тўлқини” радиоси веб-сайтидан олинган сурат

Тирикчиликка етарли пул топиш учун Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳеч қандай имкониятни қўлдан бой бермайдилар. Бу борада ҳатто шаҳару вилоятлар ахлатхоналари ҳам уларнинг эътиборидан чет қолмаган. Саноат чиқиндилари ташланган ахлатхоналардаги “иш” кўп ҳолларда соғлиқ учун зарарли бўлишига қарамасдан, маҳаллий расмийлар бунга нисбатан ҳеч қанақа чора кўраётганлари йўқ.

Ўзбекистон ахлатхоналарида бир кунда икки доллар пул ишлаш мумкин

Ўзбекистоннинг деярли ҳар бир туманида жойлашган ахлатхоналарда ахлат титаётган одамларни кўриш мумкин. Кўпчилигини 20 ёшдан 60 ёшгача эркаклар ташкил қилувчи бу кишилар металл қидириш билан шуғулланадилар. Топилдиқларини эса кейин арзон-гаров сотишиб, шу йўл билан тирикчиликлари учун пул топадилар.

Бухоро вилоятига қарашли Ғиждувон туманидаги ахлатхоналардан бири туманда яшовчи икки юз кишининг оила боқишига ёрдам беради. Бу ахлатхона 1990 йили ёпилган. У уч гектарлик майдонни эгаллаган, ахлат уюмининг баландлиги эса ўнлаб метрга етади. Бу ерга рангли металл қидириб кунига ўртача ўттизча одам келади, баъзан эса бу ерда бир вақтнинг ўзида икки юзтача “қидирувчи” ишлайди. Иш куни ҳар хил тугайди, бу қидирувчининг омадига ва топган пули миқдорига боғлиқ. Ишчилар ахлатхонада ҳар куни уч минг сўмдан ўн минг сўмгача (ёки икки доллардан саккиз долларигача) пул ишлайдилар.

Шуниси эътиборлики, ахлатхонадаги “қидирувчилар” ўртасида “ҳисоб-китоб” бўлмайди. “Ҳар кимники ўзига, ҳаммага етади, - дейдилар ишчиларнинг ўзлари. – Биз уч метрча кавлаб тушиб бўлдик, ахлатнинг юза қисмида энди темир тополмайсиз, агар омад келиб қолса, уни фақат ахлат уюмининг таг қисмидан топиш мумкин. Ҳаммаси омадга боғлиқ”.

“Нима учун ўзбекистонлик бошқа кўплаб кишиларга ўхшаб пул топиб келиш учун Россия ёки бошқа мамлакатларга кетмаяпсизлар?” деган саволга ишчилар: “Биз бегона юртда қул бўлиб ишлашни истамаймиз. Ундан кўра ўз ватанимизда қул бўлиб қолиб, ахлат титиб бўлса ҳам, оила боққанимиз яхши”.

Бу ахлатхонада юрувчи кишиларнинг айтишларича, бу ерга яқиндагина уйланиб, оила боқиш масъулиятини ўз зиммаларига олган ёш йигитлар ҳам тез-тез келиб туради. Бошқа ишнинг йўқлиги уларни аксарият одамлар томонидан ифлос иш деб қаралувчи ахлатхонада металл йиғиш билан шуғулланишга мажбур қилади.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбирини ахлатхонадаги ишчилар чўчиброқ қарши олдилар. Улардан айримларининг айтишича, мазкур мақола чоп этилганидан кейин бу одамлар Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) маҳаллий бўлимига сўзсиз чақиртириладилар ва астойдил сўроқ қилинадилар. Чақиришларига сабаб эса журналист билан мулоқотда бўлганликдир.

Қирғизистонда аёллар ва болалар ахлатхонада никель қидириш билан овора

Немис тўлқинининг хабар қилишича, Қирғизистондаги Мойлисой (Мойлисув) электр-лампа заводи ахлатхонасини уч мингтача одам ўзлаштирмоқда. Ёзда “қидирувчилар” сони саккиз мингтагача етади. Бу ерда фақат маҳаллий кишиларгина эмас, Қирғизистоннинг турли бурчакларидан ва ҳатто қўшни Ўзбекистондан келган одамлар ҳам ишлайдилар. Булар асосан аёллар ва ёш болалардир. Уларни никель симлари қизиқтиради.

Никель қазиб олиш жараёни тахминан қуйидагича кечади: қиймати юз минг сўм ($1 равен 38 сўмга тенг) бўлган кавланажак ҳар бир чуқурнинг ўз хўжайини бор. Унга оддий “қидирувчилар” топган пулининг ярмини берадилар. Махсус тегирмон ёрдамида шиша ун қилиб майдаланиб, лампочкалардан никель симлари ажратиб олинади. Металлни шу ернинг ўзидаёқ сотиб оладилар.

- Никель сотиб олувчилар бизга бир килосига 800-850 сўмдан пул тўлайдилар, кейин никелни Бишкекка олиб кетадилар, у ердан эса Германияга олиб кетадилар, Хитойга эмас, - дейди ўзини Зина деб таништирган чуқур эгаларидан бири. – Хитойликлар пулни оз тўлашади, шунинг учун ҳам никелни Германияга сотаяптилар.

Металл сотиб олувчилардан бири никелнинг ҳаракат йўналиши ҳамда унинг ҳақиқий қиймати тижорат сири бўлиб ҳисобланишини айтади.

- Ким сотиб олади, дейсизми? Бунисини айтолмайман – бу тижорат сири. Бу ердаги ишларни бошқараётган асосий тадбиркор Германиядан атай шу иш учун келган. Унинг фамилиясини айтолмайман. Унинг келганига 11 йил бўлган, рангли металлар билан шуғулланади, бу “кон”ни эса яқинда очди.

Шу билан бирга, у никель сотиб олувчилар металлда радиация бор-йўқлигини албатта текшириб олишларини қайд этди. Гап шундаки, бу ерларда бир неча уран чиқиндихоналари кўмилган. Бир вақтлар Мойлисув ёпиқ шаҳар бўлиб, бу ерда уран қазиб олиш билан шуғулланилган. Бугунги кунда никель қидирувчилар мутлақо қўриқланмайдиган чиқиндихоналар бўйлаб бемалол юрибдилар. Чорва моллари ҳам шу ерда боқилади. Одамлар собиқ уран шахталари яқинига турар-жойлар қураяптилар. Бу ердаги радиация даражаси меъёрдан бир неча ўн баробар юқори.

- Ҳозир гамма-нурланиш меъёри соатига ўттиз микрорентгенни ташкил қилади, бу уй ҳовлисида эса соатига минг микрорентгенни кўрсатаяпти, - дейди Тиббиёт муаммолари институтининг илмий ходими Эркин Тўстўқов. – Одамлар юрган йўлларда ҳам радиация даражаси юқори. Айрим жойларда тўққиз юз микрорентгенга етади, аммо аксар жойларда [гамма-нурланиш меъёри] юз микрорентгендан юқорироқ. Радиация туфайли Мойлисувда республикадаги онкологик касалликлар ва болаларнинг туғма юрак касаллигининг энг юқори кўрсаткичи қайд этилган.

Тақрибан уч йилдан бери давом этиб келаётган қазиш ишлари чоғида 24 киши ахлат уюми остида қолиб ҳалок бўлган. Эҳтимол, ҳалок бўлганларнинг ҳақиқий миқдори бундан анча кўпдир, дейди Миллий Фанлар академияси жанубий бўлими Тиббиёт муаммолари институтининг директори Р. Тўйчуев. Кўпинча ҳалок бўлганларнинг қариндош-уруғлари маййитни олиб кетишиб, ҳеч қаерда қайддан ўтказмасдан дафн қилишади. Аммо ахлат уюми остида қолиш хавфи ҳам пул топиш учун ахлатхонага келаётганларни тўхтатиб қололмаяпти.

- Мен сув хўжалигида ишлайман. Ойига тўрт юз сўм маош оламан, - дейди Мирзабек исмли ўрта ёшлардаги “қидирувчи”лардан бири. – Бу ерда эса мен тўрт юз сўмни бир кунда топаман. Бу ерда мен никель излаб топиб, уни топшираман. Бу ерда менга ўхшаган ишчилар тўлиб ётибди, чунки ойлик кам, иш йўқ. Тўрт юз сўм учун бир ой ким ҳам ишлайди? Менинг ойлигим беш юз сўм турадиган бир қоп унга ҳам етмайди.

Аснода, Қирғизистон расмийлари Мойлисувдаги қийин аҳволни ўнглаш учун ҳеч қандай чора кўраётганлари йўқ. Ахлатхонани ёпиб қўйишнинг имкони йўқ, чунки унда одамлар умуман ишсиз қоладилар. ФҲВда бу ердаги радиация меъёрдан ошмаслигига, уран чиқиндилари ювиб кетилишининг олдини олиш учун кўчки тушиши бартараф қилинаётганига ишонтирмоқдалар. Парламентдагилар эса бирор-бир чора кўришдан аввал ҳақиқатан ҳам бу муаммолар мавжудлигини исботлаш лозимлигини айтаяптилар.

Мойлисув Қирғизистондаги ягона хавфли жой эмас. Мингқуш, Қадамжой, Қажисай, Орловкада ҳам бугунги кунда ана шундай аҳвол юзага келмоқда.