00:29 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Эван Фейгенбаум: Тожикистон АҚШ учун геосиёсий кураш объекти бўлиб ҳисобланмайди

20.04.2007 13:58 msk

Виктор Дубовицкий

13 апрель куни Душанбеда “Тожикистон Республикаси ва АҚШ: ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжуманни Тожикистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази (СТМ) ҳамда АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси уюштирганлар.

Анжуман ишида республикадаги таниқли сиёсатшунослар билан биргаликда мамлакат парламенти депутатлари, қатор вазирликлар ва маҳкамалар вакиллари, шунингдек, АҚШ, Россия, Эрон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Афғонистон дипломатлари ҳамда Душанбеда аккредитациядан ўтган айрим халқаро ташкилотларнинг ходимлари иштирок этдилар.

Анжуман СТМ директори, сиёсатшунослик фанлари доктори Суҳроб Шариповнинг кириш сўзи билан очилди, у Тожикистон-АҚШ алоқалари ўзининг прагматиклиги билан ажралиб туриши ва республика уларни ўз ташқи сиёсатидаги устивор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда қуришини эслатиб ўтди. Улар эса қуйидаги тартибда қурилган: 1. энергетик хавфсизликка эришиш; 2. транспорт боши берк кўчасидан чиқиш; 3. мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини кўтариш.

АҚШ Тожикистонни бу йўналишларнинг барчасида муваффақиятларга эришишда қўллаб-қувватлаётганини қайд этган Шарипов “АҚШ бизнинг аксилтеррорчилик коалицияси бўйича ҳамкоримиз бўлиб ҳисобланади. Унда иштирок этиш Тожикистон республикаси манфаатларига зид келмайди. Коалиция Евросиё ҳудудидаги манфаатларни яхлитлигича ҳимоя қилади. АҚШ манфаатлари Марказий Осиё минтақаси (МОМ) мамлакатлари манфаатларига зид келмайди”, дея таъкидлади.

Охирги етти ой мобайнида Тожикистонга иккинчи марта келган АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Эван Ф. Фейгенбаум нутқи қамровлилиги ва таҳлилийлиги билан ажралиб турарди. У мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар “Авеста” меҳмонхонасидаги бошланганини эслатди, у ерда Америка элчихонаси оз миқдордаги офис жиҳозлари, ёмон телефон алоқасига эга эди. “Турли қаватларда жойлашган Россия ва Эрон элчихоналари биз билан қўшни бўлганди. Дастлабки йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама савдо-сотиқ алоқалари бор-йўғи ўн миллион долларни ташкил қилганди”. Ўша пайтларда америкаликларга қийин бўлган, шунинг учун “ҳатто мустақилликдан беш йил ўтгандан кейин ҳам (1996 йили – В. Д.) Душанбедаги АҚШ элчихонасида бор-йўғи олтита америкалик ходим ишларди, улар ҳам хавфсизлик мақсадида кўп вақтларини Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказардилар. Бугун эса Душанбедаги АҚШ элчихонасида элликдан ортиқ америкалик ходим ишлаяпти”.

Тожикистон-Америка иқтисодий алоқалари ҳам ҳайрон қоларли даражада ўсган. “Бу йил АҚШнинг Тожикистонга берган молиявий ёрдами қарийб эллик миллион долларга етади. Бу маблағлар инсонпарварлик ёрдами сифатида асосан мамлакат ривожига ёрдам ўлароқ ўтказилди. 2005 йилга келиб [ўн йил аввалги] ўн миллион долларлик икки томонлама савдо-сотиқ йигирма баробардан кўпроққа ошган, импорт-экспорт соҳасида 260 миллион доллардан ошиб кетган”.

АҚШ таълим соҳасида ҳам катта ёрдам кўрсатмоқда. Тожикистонда ўқувчилар айирбошлаш бўйича бир неча дастур фаолият олиб бораяпти, бу дастурлар орқали минглаб ўқувчилар, талабалар, аспирантлар Америкада бўлиб қайтганлар.

Америкалик дипломат АҚШ янги давлатлар мустақиллигини қўллаб-қувватлар экан, дунёда ўз муносабатларини диверсификация қилишга кўмаклашишга уринаётганини билдирди. Шу билан бирга у: “Бугунги кунда биз ҳамма жойда урф бўлиб қолган “Марказий Осиё буюк давлатлар ўртасида таъсир ўтказиш нисбатида рақобат учун шунчаки бир майдон” экани ҳақидаги тушунчани рад этамиз. Тожикистон АҚШ учун геосиёсий кураш объекти (бу кураш ким билан бўлишидан қатъий назар) бўлиб ҳисобланмайди. Биз бу ерда нима қилмайлик, уларнинг ҳаммаси сизларнинг мақсадингиз - мустақил давлат қуришни қўллаб-қувватлашга қаратилган”.

Эван Ф. Фейгенбаумнинг таъкидлашича, икки томонлама алоқаларда Тожикистоннинг глобаллашув жараёнида пайдо бўлган хавф-хатарларга қарши курашдаги қўллови кам аҳамиятга эга нарса эмас. “Террорчилик, гиёҳванд моддалар, жиноятчилик, коррупция – буларнинг ҳаммаси Тожикистон истиқрорига хавф солади ҳамда худди сизнинг хавфсизлигингизга таъсир қилганидек, улар бизнинг хавфсизлигимизга ҳам таъсир қилади”.

Тожикистондаги анжуманларнинг қай бирида Афғонистон муаммолари четлаб ўтилган? АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари ҳам ўз нутқида бу муаммоларни эътибордан четда қолдиролмади: “Биз [Тожикистонга] қизиқиш билан қараймиз, чунки бу мамлакат Афғонистоннинг ёнида жойлашган. Биз анъанавий бўлган континентал савдо-сотиқни тиклашга ёки, аниқроғи, қайта юз очган ва тикланаётган Афғонистонда Марказий Осиё ва унинг қўшнилари ўртасидаги савдо-сотиқни йўлга қўйишга кўмаклашишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу бизнинг миллий манфаатимиз бўлиб ҳисобланади”.

Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг муовини С. Ятимов нутқида Тожикистон ва АҚШ муносабатларидаги динамика (ўсиш) қайд этилди. Ҳамкорлик истиқболларига баҳо берар экан, С. Ятимов “XXI асрда мамлакатларимиз олдида ҳамкорликни ҳар томонлама, энг аввало, савдо-иқтисодий жабҳада кенгайтириш учун порлоқ истиқболли имкониятлар очилди. Бундан мамлакатларимиз манфаатдор, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолиш кафолати ҳам ана шунда кўринади”, дея таъкидлади.

Россия-Тожикистон (славян) университети (РТСУ) халқаро алоқалар кафедрасининг мудири, профессор Д. Латиповнинг “Глобаллашув шароитида АҚШнинг Марказий Осиёдаги стратегик мақсадлари” маърузаси, гарчи илмий бўлса-да, анча кескин оҳангда ифодаланди. У [Тожикистонда] АҚШнинг геосиёсий манфаатлари мавжудлигини узил-кесил қилиб айтди ва уларни, биринчи навбатда, Каспий минтақаси энергетик заҳиралари учун бўлган кураш билан боғлади: “Минтақа устидан назорат ўрнатиш АҚШга “Беш денгиз”да (Қора, Ўрта ер, Каспий денгизлари, Форс қўлтиғи ва у қўшиладиган Араб денгизи) ҳамда бутун қитъада глобал жиҳатдан устунликка эришишга имкон берган бўларди”. Шу билан бирга, Д. Латипов минтақа халқлари “жаҳонда кечаётган ҳозирги жараёнларнинг тенг ҳуқуқли иштирокчиларига айланишга ҳаракат қилаётганлари”ни қайд этди.

Муаллиф ҳақида: Виктор Дубовицкий, тарих фанлари доктори, “Фарғона.Ру” АА эксперти, Душанбе, Тожикистон.