05:33 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Президентлик лавозимига мустақил номзодлар сони яна биттага кўпайди

20.04.2007 10:49 msk

Ўз ахб.

“Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” президентлик лавозимига чирчиқлик 54 ёшли эколог, психолог ва ҳуқуқ ҳимоячиси Ахтам Шаймардонов номзодини кўрсатди, дея хабар қилади Uznews.net.

Ахтам Шаймардонов сайловолди кампаниясига фуқароларнинг Ўзбекистон Конституциясида кўрсатилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ўзбекистонликларнинг сиёсий ва фуқаровий фаоллигини ошириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш кабилар асос қилиб олинган. Президентликка даъвогар экологик муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш ниятида. Шаймардоновга кўра, Ўзбекистонда ернинг ориқлаб кетгани, тупроқнинг шўрлашиб кетгани, аҳоли сони шиддат билан ўсиб бораётган бир даврда сувдан оқилона фойдаланилмаётгани ва унинг танқислиги, Орол денгизининг қуриши оқибатлари – буларнинг ҳаммаси замонавий Ўзбекистоннинг энг жиддий муаммолари бўлиб ҳисобланади. “Менинг сайловолди шиорим: “Соф экология, соғлом ва саводли аҳоли!”дир”, - дейди Шаймардонов.

Ахтам Шаймардонов 1975 йили “ўрмон хўжалиги муҳандиси” мутахассислиги бўйича Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган, 1982 йили эса у “Психология” мутахассислиги бўйича Тошкент давлат университети бўлимини тугатган. 1994 йилда Ахтам Шаймардонов “Чирчиқдарё” жамоатчилик бирлашмасини ташкил қилади. Бу ташкилотнинг вазифаси Ўзбекистон фуқароларининг экологияга йўналтирилган дунёқарашини шакллантириш, ижтимоий мустақиллик ва фуқаровий фаолликни ривожлантиришдан иборат эди, аммо Ўзбекистон расмийлари уни рўйхатга олишни рад этадилар.

Шундай қилиб, “Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш альянси” ўз сафидан президентлик лавозимига учинчи номзодни ҳам кўрсатди. “Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш альянси”дан президентликка кўрсатилган биринчи номзод Тошкентдаги Чорсу бозорида савдо қилувчи ҳуқуқ ҳимоячиси ва иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов, иккинчиси эса ҳуқуқ ҳимоячиси ва озиқ-овқат соҳаси мутахассиси Абдулла Тожибой ўғли бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти сайлови жорий йилнинг декабрь ойи охирида бўлиб ўтиши керак. Бироқ сайловолди кампанияси ҳалигача эълон қилингани йўқ. Шунингдек, номлари юқорида зикр этилмиш ҳуқуқ ҳимоячилари давлатнинг энг юқори лавозимига сайланиш юзасидан ўз конституцион ҳуқуқларини қай тариқа амалга оширмоқчи бўлганлари ҳам тушунарсиз.

Ўзбекистонда чинакам муқобил сайловлар фақат 1991 йилда бўлиб ўтганди, ўшанда давлатнинг энг юқори лавозимига Ислом Каримов ва Муҳаммад Солиҳ даъвогарлик қилган эдилар. Унда Муҳаммад Солиҳ, расмий маълумотларга кўра, ўн икки фоизга яқин овоз олганди.

Ўтган йили рўйхатга олинмаган “Эрк” мухолифатчи партиясининг бош котиби Отаназар Орипов “Эрк” ҳам ўз лидери Муҳаммад Солиҳни президентликка номзод ўлароқ кўрсатишини билдирганди. Қайд этиб ўтиш жоизки, М. Солиҳ 1993 йилдан буён қувғинда яшайди. У Ўзбекистон суди томонидан экстремизм ва аксилҳукумат фаолиятида айбланиб, сиртдан 15 йиллиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган.