20:51 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Европа Иттифоқи вазирлари Ўзбекистон ҳаракатларини маъқуллашдан ўзларини тийдилар

20.04.2007 05:08 msk

EUobserver

EUobserver газетасининг хабар қилишича, Европа Иттифоқи мамлакатлари вазирлари немис дипломатларининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган вазият юзасидан завқ-шавққа тўлиб гапиришларини маъқулламаганлар.

17 апрель куни Брюсселда бўлиб ўтган ўз мажлисларида учрашган, жумладан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол юзасидан ҳам баёнот тайёрлаш учун ҳозир бўлган дипломатлар Германия вакиллари томонидан таклиф қилинган ЕИ 2005 йил май ойидаги Андижон воқеалари юзасидан яқинда Тошкентда бўлиб ўтган экспертлар учрашувини “олқишлайди” жумласини ана шундай “учрашув бўлиб ўтди” каби вазминроқ жумлага алмаштирганлар. Бундан ташқари, баёнотда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашгани, шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан ўзбекистонлик расмийларга қарши қўйилган санкциялар хусусидаги масала юзасидан “шамол қайси томонга эсиши” ҳақида айтилади. Тузатишлар киритилган баёнот 23 апрель куни Люксембургда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларига тақдим этилади ва улар томонидан тасдиқланади.

EUobserverда чоп этилган мақоладан келиб чиқишича, ЕИга аъзо мамлакатлар дипломатлари позициясига европалик экспертларнинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифи таъсир кўрсатган, бу ташрифдан экспертларда, юмшоқроқ қилиб айтганда, унча яхши таассурот қолмаган, шунингдек, бунга Тошкентнинг ЕИ мулозимлари билан инсон ҳуқуқлари бўйича мунтазам музокаралар олиб бориш учун аниқ сана белгилашни истамаслиги ҳам сабаб бўлган. “Андижон бўйича иккинчи учрашувнинг ягона яхши натижаси бунақа учрашувнинг учинчи марта бўлмаслиги бўлди”, - деди ЕИ экспертларидан бири. – “Тақдим этилган материалларнинг сифати шу қадар паст эдики, экспертларимиз учинчи марта учрашиб ўтиришдан маъно йўқ, деган қарорга келишди”.

Эслатиб ўтамиз, икки йил аввал Андижондаги митинг аёвсиз бостирилганидан кейин ЕИ Ўзбекистонга нисбатан санкциялар жорий қилганди. Бироқ Германия ва Испания жазо чораларини енгиллатишни, шу жумладан, ўзбекистонлик бир қатор юқори лавозимли амалдорларга виза бериш юзасидан жорий этилмиш таъқиқни бекор қилишни қаттиқ туриб талаб қилмоқдалар. Бу мамлакатлар ўз позицияларини мазкур тадбир дунё энергия заҳираларининг беш фоизига эга бўлмиш маҳдуд Марказий Осиё давлатлари билан алоқа ўрнатишга имкон бериши билан асослаяптилар. Германия Андижон юзасидан ўтказилган икки учрашув ва келажакда инсон ҳуқуқлари бўйича мунтазам музокаралар олиб боришга берилган ваъданинг ўзи аввалда Андижон қирғинига доир ҳар қандай халқаро талабни мутлақо рад этиб келаётган мамлакат учун чинакамига катта ютуқ бўлиб ҳисобланади, деган фикрда. Берлин ноҳукумат ташкилотларининг Ўзбекистондан инсон ҳуқуқларига риоя қилишни янада қаттиқроқ талаб қилиш юзасидан чақириқларини ҳозирги пайтда нореал иш деб ҳисоблайди.

Бу орада, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган вазият ёмонлашмоқда. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида юқори даражали 26 сиёсий фаол ҳамда диний сабабларга кўра қамалган 10.000 га яқин киши азоб чекмоқда, БМТнинг бу мамлакат ҳақидаги маълумотларида эса бу мамлакатда “мунтазам равишда” қийноқлар қўлланилаётгани қайд этилган. 2006 йил ноябрида Европа Иттифоқи томонидан икки томонлама алоқалар олий даражада тикланганига қарамай, ўтган бир неча ой мобайнида Ўзбекистон яна икки таниқли ҳуқуқ ҳимоячисини ҳибсга олган, ўтган ҳафтада эса Human Rights Watch сингари обрўли халқаро ноҳукумат ташкилотини мамлакатдан ҳайдаб чиқарган. Мазкур ташкилот таржимони, 32 ёшли Умида Ниёзова эса ўн йилгача қамоқ жазоси истиқболи қаршисида турибди.

“Чинакам қўлловни биз фақат [Тошкентдаги] Буюк Британия ва АҚШ элчихоналарида кўраяпмиз, холос”, - дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Васила Иноятова. В. Иноятова Франция элчихонаси ва ЕХҲТ вакиллари маҳаллий расмийларга таъсир ўтказиш имконига эга бўлмаганлари учун унинг “Эзгулик” ташкилотига ёрдам беришдан ожиз эканликларини айтганларини қўшимча қилади.

“Мен лойиҳамизни молиялаштиришни сўраш учун Германия элчихонасига келган пайтимда, элчихона мулозими менга: “Агар сиз доира чалишни ўрганишга ўхшаган маданий лойиҳани молиялаштириш ҳақида илтимос қилиб келганингизда, жуда соз бўларди, аммо сиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича лойиҳани назарда тутаётибсиз”, деб илтимосимни рад қилганди”, - дея хотирлайди Васила Иноятова.

“У [Германия] ривожланиш сифатида кўрсатишга уринаётган нарса шу, аммо мана бу менга ва Василага ҳеч қанақа ривожланишни умуман эслатмайди”, - дея билдирди Human Rights Watch раҳбари Рэйчел Денбер (Rachel Denber) ҳозирги пайтда қамоқхонада бўлган ўн бешта ҳуқуқ ҳимоячиси (улар орасида Умида Ниёзова ҳам бор) суратлари босилмиш брошюрани тақдим қилар экан. “ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига сотилмаслиги керак – бу одамлар [ҳуқуқ ҳимоячилари] Европа Иттифоқининг Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масаласида ҳамманинг бошини айлантиришига имкон бераётгани учун товон тўлаяптилар”, - дея сўзини якунлади Денбер.

“Фарғона.Ру” АА таржимаси