18:31 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Наманганда Интернет-кафелар ва компьютер ўйин заллари қаттиқ текширувдан ўтказилди

19.04.2007 15:24 msk

Ўз ахб. (Наманган)

“Фарғона.Ру” АА Ўзбекистондаги штатсиз мухбирларининг хабар қилишларича, Наманган вилоят ҳокимияти қошида тезкор гуруҳ тузилган, мазкур гуруҳ аҳолига Интернет хизмати кўрсатувчи хўжалик субъектлари ҳамда компьютер ўйин заллари эгаларини аниқлаш бўйича мониторинг юритган.

Наманган вилоят Алоқа хизмати бошқармасининг бошлиғи Шамсиддин Тоштемировга кўра, бу гуруҳ президентнинг 2007 йил 28 мартида чиққан қимор ўйинларини ноқонуний ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолиятнинг олдини олиш тўғрисидаги 608-қарорини ҳаётга татбиқ қилиш мақсадида тузилган.

Текширув чоғида Наманган шаҳри ҳудудида 82 та компьютер ўйин заллари ва Интернет-кафелар фаолият кўрсатаётгани аниқланган. Наманган вилояти бўйича эса ҳаммаси бўлиб 113 та Интернет ва компьютер ўйинлари билан боғлиқ бўлган хўжалик субъектлари рўйхатга олинган. Уларнинг ҳаммаси олинган рухсатномаларга (лицензияларга) мувофиқ қонуний равишда фаолият юритмоқдалар.

Бу мавзуга бағишланган лавҳа 17 апрель куни Наманган вилоят телеведениеси янгиликларида кўрсатилган. Лавҳада бу каби муассасаларда “ўзбек халқининг миллий анъаналарига ва менталитетига мутлақо ёт бўлган” қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш эҳтимоли мавжудлиги туфайли уларни доимий равишда назорат остида ушлаб туриш зарурлиги айтилган.

“Биз Интернет-кафеларда қимор ўйналадиган веб-саҳифалар ва сайтларга кириш имконининг бор-йўқлигини ўргандик, шунингдек, бу ўйинларнинг нақадар қонуний эканини яхшилаб текширдик”, - дея маълум қилди телекўрсатувда Шамсиддин Тоштемиров.

“Компьютерларда имконият катта ва уларнинг ёрдамида жуда кўп операцияларни амалга ошириш мумкин, - деди компьютер ўйин залларидан бирининг эгаси Ш. Иззатуллаев. – Ёшларнинг компьютердан фойдаланган ҳолда порнографик сайтлар ва қимор ўйинларига берилиб кетишига йўл қўймаслик зарур”.

“Давлатнинг бу соҳа устидан назоратни такомиллаштириши аҳолини, айниқса, ёшларни аҳлоқий жиҳатдан ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга, - дейилди лавҳада. – Биз ёшларнинг компьютер ўрганишга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаймиз, бироқ улар нимани ўрганаётганларини назорат қилиш ҳам ўта зарур”.

Аснода, Наманган ҳокимияти тезкор махсус гуруҳи ҳатти-ҳаракатларига нисбатан бошқа бир нуқтаи назар ҳам мавжуд.

“Мавжуд Интернет-кафелар ва ўйин залларининг қимор ўйинлари ўйналадиган веб-сайтларга кириш имкониятини ўрганиш баҳонасида ўтказилаётган текширувлар шунчаки бир ниқоб, холос, - дейди ишонч билан наманганлик ҳамсуҳбатларимиздан бири. – Аслида бу ерда Интернет орқали Фарғона.Ру, Muslimuzbekistan, Uzbekistanerk, Uznews.net ва шу каби Ўзбекистонда таъқиқланган ахборот сайтларига кириш имконининг бор-йўқлиги текширилган”.

Қайд этиш жоизки, бунда фақат Интернет-кафелар ва компьютер ўйин залларигина текширилаётгани йўқ. Маҳкама ва давлат муассасалари ўз офисларида компьютер бор-йўқлиги ва уларнинг Интернетга уланган-уланмагани ҳақида анчадан буён ҳисобот топшириб келадилар. Шу тариқа, Наманган вилоят расмийлари аҳолини, айниқса ёшларни “ўзбек халқига ёт бўлган мафкура ва мухолифатчи-демократ қувғиндиларнинг зарарли таъсиридан” ҳимоя қилмоқдалар.