23:19 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси А. Комилов Вашингтон университетида нутқ сўзлади

19.04.2007 14:28 msk

Регистон

Фото с сайта «Регистан»

13 апрель куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси А. Комилов Вашингтон университетида нутқ сўзлаган. Унинг нутқи Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати қабатида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларга бағишланган маъруза ўлароқ эълон қилинганди. Бироқ аслида, Registan.net Интернет-нашрининг хабар қилишича, ўзбекистонлик дипломат ёйинланган муаммо ҳақида унча кўп тўхталмаган.

Комилов ўз нутқини Марказий Осиёдаги геосиёсий вазият ҳамда минтақанинг жаҳонда тутган ўрнини муҳокама қилишдан бошлади. У жаҳон ҳамжамияти Марказий Осиёни глобал хавфсизликни таъминлашда асосий минтақа ўлароқ кўриши даркорлигини ҳамда халқаро арбоблар минтақани рақобат майдони сифатида эмас, балки ҳамкорлик майдони ўлароқ кўришлари зарурлигини таъкидлади. Дипломат Афғонистондан чиқувчи асосий хавф бартараф қилинганидан кейин Марказий Осиё улкан истиқболга эга бўлажагини қайд қилди.

Шундан сўнг элчи минтақанинг аввалгида бўлгани каби хавфсизлик муаммоларига дуч келаётганини қайд этди. Умуман олганда, “Регистон”нинг ёзишича, мазкур мавзу ўзбекистонлик расмийларининг чет элликлар олдидаги чиқишларида тез-тез эшитиладиган бўлиб қолган. Комилов қуйидаги беш хавф-хатарни санаб ўтди:

1. Афғонистон-Покистон чегарасидаги фаол террорчилик гуруҳлари. Бу рўйхатга Ўзбекистон Исломий ҳаракати (ЎИҲ) ҳам кириши табиий, аммо элчи Ал-Қоидани ҳам эслатиб ўтди. Комиловнинг Ал-Қоида “Ҳизбут-Таҳрир”ни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги таъкиди ғалатироқ эшитилди: унинг нутқидан келиб чиқишича, мафкуравий жиҳатдан бир-биридан анча олис бўлган бу икки ташкилот ўртасида сезиларли даражада яқин алоқа мавжуд экан.

2. Оммавий қирғин қуроли. Комилов мазкур хавф ҳақида икки нарсани кўзда тутиб гапирди. Биринчиси оммавий қирғин қуролининг тез тарқалишидан умумий хавфни ўз ичига ичига олади, аснода мазкур хавф, асосан, Эрондан ихрож этажак хавф-хатар сифатида кўрилади. Иккинчиси оммавий қирғин қуроли уни минтақада ишлатиши мумкин бўлган террорчилик гуруҳлари қўлига тушиб қолишидан пайдо бўлажак хавф-хатарни ўз ичига олади.

3. Гиёҳванд моддалар савдоси. Гиёҳванд моддалар савдоси билан террорчилик гуруҳлари ўртасида алоқа мавжуд бўлгани сабабли бу ҳам хатар манбаси бўлиб ҳисобланади.

4. Фундаменталистик диний гуруҳлар. Мазкур вазиятда гап, биринчи навбатда, “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти ҳақида бориши табиий. Агар мен жаноб элчини тўғри англаган бўлсам, мазкур муаммо кенг кўламда қаралади ва унинг айнан Ислом билан боғлиқ бўлиши шарт эмас. Мазкур модда у томонидан эслатилган сўнгги хавф-хатар қабатида ғалатироқ эшитилди.

5. Исломдаги ички бўҳрон. Комиловнинг фикрича, фундаменталистлар ва мўътадил Ислом тарафдорлари ўртасида кучайиб бораётган таранглик хавфли бўлиб ҳисобланади, чунки у Исломнинг сиёсийлашувига олиб келади. Экстремизм билан курашиш шарт, дея қайд этди у, буни эса таълим ва ўзаро чидамлиликни ривожлантириш орқали амалга ошириш мумкин. Комилов Ўзбекистон бу уринишларда асосий роль ўйнаши мумкинлигини айтди. Айни пайтда, дея қайд этди у, мўътадил Ислом тарафдорларининг талабларини қўллаб-қувватлаш лозим.

Муҳокаманинг кейинги банди жаҳон ҳамжамиятининг Марказий Осиё минтақаси билан қандай ҳамкорлик қилиши кераклиги тўғрисидаги муаммо бўлди. Комиловга кўра, халқаро арбоблар учун Марказий Осиё билан ҳамкорлик жабҳасидаги асосий жиҳат мавжуд муаммолар юзасидан хавотирларни ўртоқлашиш ҳамда минтақа мамлакатлари манфаатларини билиш бўлиб ҳисобланади. Бу эса минтақада барқарорликни таъминлашни, Афғонистон муаммоларини ҳал қилиш учун халқаро ҳамжамиятнинг салмоқли ҳатти-ҳаракатларини, ривожланган бозор иқтисодиёти барпо қилишни ўз ичига олади.

Ўзбекистоннинг ҳозирги сиёсати масаласи юзасидан Абдулазиз Комилов Ўзбекистон демократик тараққиётдан бошқа йўл кўрмаётганини билдирди, шу ўринда у сиёсий партиялар тўғрисидаги қонун каби қонунчиликда яқинда қабул қилинган ўзгаришлар аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, у Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг умумий йўналиши ҳақида ҳам гапирди.

Аввалда таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон билан АҚШ муносабатларига бағишланган бўлим жуда қисқа ёритилди. Комилов икки мамлакат ўртасида сўнгги пайтларда кузатилган ёмон муносабатларни “танаффус” ўлароқ баҳолади, унга кўра, бу “ички тараққиёт муаммолари”га нисбатан турли нуқтаи назарда бўлиш ва “тушунмаслик” натижаси бўлган. У икки томонлама ҳамкорликнинг айрим ижобий жиҳатларини қайд этиб ўтди. Мамлакат ҳудуди узра парвозларни амалга ошириш бўйича янги битим, мудофаа соҳасидаги янги шартнома (шартноманинг аниқ номланиши қандай эканини элчи айтмади), шунингдек, Ричард Баучер ва Эван Фейгенбаумнинг (Richard Boucher, Evan Feigenbaum) Ўзбекистонга ташрифлари ана шулар жумласидандир.

А. Комилов АҚШ ва Ўзбекистон Марказий Осиёнинг дунё учун очиқ бўлиши масаласи, гиёҳванд моддалар, террорчилик ва минтақавий алоқалар муаммолари юзасидан умумий қарашларга эгалигини қайд этди ҳамда буларнинг ҳаммаси икки мамлакат ҳамкорлиги асосини ташкил этиши мумкинлигини таъкидлади.

“Регистон”нинг хабар қилишича, Абдулазиз Комилов йиғилганларнинг саволларига жавоб бера туриб, қуйидагиларга тўхталди:

Қувурлар. Ўзбекистонлик элчи энергия ташувчиларни экспорт қилиш йўллари ҳақидаги масалани сиёсийлаштириш заҳиралар ҳаракатланувига ҳамда янги қувурлар қурилиши ривожига ҳалақит бераяпти, дея қайд этди.

ШҲТ. Дипломатга кўра, Ўзбекистон ШҲТ билан ўз миллий манфаатларига мос даражадагина ҳамкорлик қилишни истайди. Ўзбекистон бу ташкилотни сиёсий ва ҳарбий иттифоқ сифатида эмас, хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича мувофиқлаштирувчи орган ўлароқ кўради.

Туркманистон. Комилов Туркманистондаги сиёсий вазият ҳақидаги саволга жавоб беришдан қочди, фақат у ерда яхши томонга ўзгаришлар бўлаётганига умид билдириш, “Ўзбекистон эса қўшниси билан алоқаларининг дўстона бўлишидан манфаатдор” эканини айтиш билан кифояланди.

Россия. Элчи Ўзбекистон Россия билан тенг мақомда ҳамкорлик қилишни исташини, унинг мамлакати Россиянинг демократик ва барқарор давлатга айланишидан манфаатдор эканини қайд этди. Бундан ташқари, Марказий Осиёдаги мазкур республика Ўзбекистонда яшаётган русларнинг шу мамлакатда қолишидан манфаатдор экан.

Сўз сўнгида қайд этиш жоизки, ўзбекистонлик элчи нутқида ўзаро чидамлилик (толерантлилик) мавзуси бир неча бор тилга олинди. Сўнгги пайтларда бу масала Ўзбекистон ҳукумати томонидан у ёки бу сабабларга кўра кўп кўтарилаяпти. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси эса шу кунларда чидамлилик барқарорликнинг асоси сифатида баён қилинмиш жуда катта ҳажмдаги матбуот варақчаси чиқарган (матбуот варақчаси матнини бу ердан олишингиз мумкин).

“Фарғона.Ру” АА таржимаси