03:06 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Қора пиар”: Қирғизистонда оммавий ахборот воситаларига қарши курашда маҳкама жараёнидан кўра муштлашишни афзал кўрадилар

18.04.2007 18:27 msk

Эгамберди Қобулов

Қанчалик ажабланарли бўлмасин, Қирғизистонда “Туҳмат учун жиноий жавобгарликнинг бекор қилиниши” воқеаси қарийб сезилмасдан ўтиб кетди. Ақаев ҳукмронлиги пайтидаёқ расмийлар ва мухолифат ўртасида кескин тортишувларга сабаб бўлган муаммо ниҳоят ҳал қилингандек бўлди. Кўплаб депутатлар, амалдорлар ва жамоат арбобларини сиёсий даҳанаки жанг майдонига туширган зиддиятнинг бирданига ҳеч кимга қизиғи қолмади. Нима учун шундай бўлди?

Буни тушуниш учун, аввало туҳмат учун жавобгарликни кўзда тутувчи моддани бекор қилиш масаласи кўтарилган олти-етти йил илгариги даврга назар ташлаш зарур. Ҳаммаси 1999 йилнинг иккинчи ярмида - Қирғизистоннинг маҳаллий ҳокимият органларига навбатдаги сайловлар вақтида бошланганди. “Қора” технологияларга асосланган дастлабки пиар-кампаниялар ўшанда ўтказила бошлаганди. Ўша даврларда журналистлар ва муҳаррирлар хаёлга келган ҳамма нарсани ёзиш мумкинлигини ва бунинг учун уларга ҳеч нима бўлмаслигини бирданига тушуниб қолгандилар. Албатта, бунда буюртма берувчи оммавий ахборот воситалари эгалари ҳам ўз ролларини ўйнагандилар. Аснода “қора ишлар” билан давлат ОАВ ҳам, мухолифатчи ОАВ ҳам машғул бўлардилар.

Гап шундаки, аввалги парламент ва президентлик сайловларида жамият, кейинчалик кузатилгандек, бўлиниб кетмаган эди. Компроматлар уруши ва “қора” технологиялардан фойдаланиш айнан президент “команда”си ва мухолифат зиддияти очиқ кўриниб қолган 1999-2000 йиллардан бошланганди. Қайд этиш зарурки, ўша пайтда қатор вилоят марказларида бирорта ҳам Интернет-кафе йўқ эди, қишлоқ жойларнинг кўпи ҳатто телевизион узатиш ҳудудидан ташқарида қоларди. Шунинг учун ҳам ахборот уруши локал кўринишга эга эди: жанглар, энг аввало, пойтахтда бўлиб ўтарди.

“Ҳақиқатга унча тўғри келмайдиган ахборот”ни оммавий равишда ёйинлашни дастлаб мухолифат бошлаб берди, аммо расмийлар ҳам ортда қолганлари йўқ. Мухолифат матбуотини “оппоқ ва юмшоқ” бўлган, ҳукумат матбуотини эса ғазабнок ва маккор бўлган дея таъкидлаш ақлсизлик бўларди. Ҳар иккала томон ҳам “манфур” усуллардан фойдаланганлар. Аммо давлат ОАВ учун буларнинг ҳаммаси шунчаки осон кўчарди, холос. Судга биринчи даъво аризалари туша бошлаганда эса режимга қарши чиққанларнинг маҳкама жараёнида ютиб чиқишларига имкон қолдирилмасди.

Ана шундай шароитда ҳуқуқ ҳимоячилари ва аксилҳукумат ОАВда Жиноят кодексидан туҳмат учун жазо беришни кўзда тутувчи моддани олиб ташлаш ҳақида фикр пайдо бўлганди.

Таъкидлаш жоизки, агар журналистлар ва муҳаррирлар сал профессионалроқ ишлаганларида журналистлар, телекомпаниялар ва газеталарга қарши маҳкама жараёнларининг ярми бўлмаслиги мумкин эди. Ахир “қайноқ” материаллар кўпинча далил-исботларсиз чоп этилар ёки эфирга узатилар эди-да. Шунақа воқеалардан бири мамлакат жанубида бўлиб ўтганди.

Мустақил журналист вилоят давлат газетасига маҳаллий ҳакамлардан бири пора олганлиги баён этилган мақолани чоп этишни таклиф қилади. На материал муаллифи, на муҳаррир мақолада баён этилмиш маълумотларни текширмайди, уларда жиноят содир этилгани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат ҳам бўлмайди. Муаллиф бутун мақолани шахсий ҳис-туйғуларига таяниб ёзади, муҳаррир эса шунчаки “максимал даражадаги нопрофессионаллик” намоён этади. Дарвоқе, кейинчалик у шу каби ўхшовсиз ҳаракатларни яна бир неча бор содир этишга ботинган.

Бу иш юзасидан маҳкама жараёни узоқ давом этмайди – журналистни икки йилга қамайдилар, газетанинг эса 2,3 минг АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашига тўғри келади. Бу кўплаб мисолларнинг фақат биттаси, холос.

Шунга қарамай, туҳмат учун жазолаш кўзда тутилган моддани бекор қилиш учун аёвсиз курашнинг авж олишига тасдиқланмаган компроматни ҳеч қанақа жазосиз “тўкиб солиш”га эҳтиёж сезган мухолифатнинг фаол ҳаракатлари сабаб бўлганди. Аснода кўпинча очиқ ёлғон хабарларни чоп қилган “Моя столица” ва “Асаба” газеталарига қарши бир неча маҳкама жараёнлари бўлиб ўтди.

Қирғизистондаги фаол мухолифатчилардан бири, “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” коалицияси раҳбари бўлмиш Эдиль Байсаловнинг ўз вақтида тан олиб айтишича, “лола инқилоби” арафасида рухсат этилмаган митинглар ва намойишлар, ёлғон хабар тарқатиш ва ҳаказоларга жарималар тўлаш учун мухолифат алоҳида пул ажратиб қўйган. Шу билан бирга, у пулни “Ғарб берган”лигини очиқ билдирганди.

Эндиликда вазият ўзгарди. Янги ҳокимият ҳам худди эскиси каби “ҳалол” журналистлар ва газеталарга эҳтиёж сезмай қолди. Бунинг устига бугунги аҳвол ҳам аввалгидек эмас: энди журналистни ёзгани ёки кўрсатгани учун қамоққа тиқиш қарийб имконсиз ишга айланди – “инқилоб”дан кейин ҳамма нарса мумкин бўлиб қолди. Аммо энди расмийлар ўз инқилобий ютуқларини ҳимоя қилишга эҳтиёж сезаяпти. Шунинг учун ҳам юқорида номи зикр этилган Байсалов эндиликда сўз эркини чеклашга чақираяпти. Қирғизистон парламенти спикери Марат Султановнинг Интернет-сайтлардаги шарҳларни модерация қилиш бўйича кўтариб чиққан ташаббуси юзасидан у ўз сайтида қуйидагиларни ёзади: “Агар сиз [сайт муҳаррирлари] ўз “муштарий”ларингизга ўз саҳифангизда уч ҳарфдан иборат сўзларни бемалол ёзишга ва энг ифлос миш-мишларни мутлақо эркин тарқатишга имкон берар экансиз, “муштарий”лардан олинажак аламларимизни шахсан сизга қаратадиган бўлсак, биздан ҳафа бўлиб юрманг”. Яъни ашаддий “демократ” Байсаловнинг ўзи сўз эркинлигига қарши юришни бошлаб юборган.

Аммо “туҳматчилар”га қарши энг фаол ҳаракатлар мамлакат жанубида бошланди. Ҳозир оммавий ахборот воситаларини судга бермай қўйдилар, чунки “норозилар” ҳаммасини сўз кучи билан эмас, мушт воситаси билан ҳал қилишга ўрганиб қолдилар. Дейлик, яқинда Жалолободда собиқ спикер, ҳозирда эса мухолифат лидерларидан бири бўлган Ўмурбек Текебаевга қарашли бўлган “Сентябрь” телекомпанияси тасвирчиси калтакланди. Телекомпания аксилҳукумат характеридаги ахборот узатар эди, шунинг учун ҳам бакиевчи унсурлар уни ёмон кўриб қолгандилар. Мухолифатнинг Бишкекдаги муддатсиз митинги бошланиши арафасида эса, телекомпания ходимларининг таъкидлашларича, расмийлар электрни ўчириб қўйганлар. Яъни сиёсий нуқтаи назардан икки “қайноқ” кунда “Сентябрь” эфирга чиқмаган.

Шунингдек, Қирғизистонда “Россия” телеканали томонидан анонси берилган “рангин инқилоблар” ҳақидаги “Revolution.com” ҳужжатли фильмини (Франция) ҳам кўра олмадилар. Унинг ўрнига томошабинларга шоира Бэлла Ахмадулинанинг ижодий кечаси намойиш қилинди. Дарвоқе, бу ҳодиса мазкур кинони одамлар кўришидан расмийлар ҳам, мухолифат ҳам манфаатдор бўлмаган камдан-кам ҳолат бўлиб ҳисобланади – ахир ҳар иккаласи ҳам айнан “рангин” инқилобдан чиққан кишилар-да.

Расмийлар ва мухолифатнинг ҳозирги кундаги курашида ҳар иккала томоннинг оммавий ахборот воситалари, Ақаев давридаги курашдан фарқли ўлароқ, тенг кучга эгалар. Улар эски усуллардан фойдаланишда давом этаяптилар, аммо энди судлар, жарималар ва маҳкама жараёнлари ҳақида ҳеч ким бош қотираётгани йўқ.