18:12 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги рус диаспораси Ота-оналар кунини оммавий равишда қабристонларни зиёрат қилиш билан нишонлади

18.04.2007 13:05 msk

Алексей Волосевич (Тошкент)

17 апрель куни Ўзбекистоннинг миллиондан ортиқ рус аҳолиси Ота-оналар кунини нишонлади. Эрта тонгданоқ ўн минглаб кишилар ўз яқинлари ва қариндош-уруғлари қабрларига гул қўйиш, уларни қуриган барглар ва ўтлардан тозалаш, ўтганларни яхши сўз билан ёдлаш учун қабристонларга келдилар. Православ черковларининг ҳаммасида қўнғироқлар чалиниб, ўтганларни ёдлаш маросимлари ўтказилди.

Радоница ёки Ота-оналар кунини Пасха иккинчи ҳафтасининг сешанбаси куни ўтказиш эскитдан одат тусига кириб қолган. Гарчи у дам олиш куни эмас, балки оддий иш кунида ўтказилса-да, православ динига эътиқод қилувчи насронийлар шу куни вақт топиб ота-оналарининг қабрларини зиёрат қилишга, қабрларни тартибга келтиришга ва ўтганларни ёд этишга ҳаракат қиладилар.

Фото ИА Фергана.Ру

Бу куни насоро мозорлари ўта гавжум бўлади. Гул сотиб олишни истаган минглаб кишилик оломон кўплаб гулфурушларнинг бу ерларга оқиб келишига сабаб бўлади. Улардан бирига кўра, Ота-оналар куни гулфурушлар учун 8 март ва Ўқитувчилар куни каби севимли саналардан бири бўлиб ҳисобланади.

Фото ИА Фергана.Ру

Шу куни мозоротнинг ҳамма жойини турли-туман тиланчи ва гадойлар босиб кетади. Бу кунда одамларнинг марҳаматлироқ бўлишларига умид қилган тиланчилар фурсатдан фойдаланиб, имкон қадар кўпроқ садақа йиғиб олишга ҳаракат қиладилар.

Фото ИА Фергана.Ру

Бу куни қабристонга мусиқачилар ҳам битта, иккита ва ҳатто бутун бошли гуруҳлари билан келадилар. Улар юракни эзадиган мусиқалардан иборат бутун бошли концертлар қўядилар. Бунда улар аккордеон, скрипка, балалайка, саксофонларда каби асбоблардан фойдаланишлари мумкин.

Фото ИА Фергана.Ру

Дарвоқе, православ черкови қабрлар устида ейилмай қолган овқат қолдириш одатига салбий муносабатда бўлиб, буни насронийликка мутлақо алоқаси йўқ бўлган мажусийлик маъракаси сарқити, деб қарайди. Шунингдек, черков ўтган қариндошларни ёдлаш учун спиртли ичимликлар ичишга ҳам салбий муносабат билдиради, чунки бу иш, моҳиятан, ўтганларни ёдлаш маросимини кўнгил очиш тадбирига ўхшатиб қўяди. Бироқ қариндошларини айнан шу тариқа ёдлаётган кишилар, одатда, бу каби таъқиқларни эшитмаган чиқадилар ва эски анъаналарни амал қилган ҳолда яхши иш қилаяпмиз, деб ўйлайдилар.

Фото ИА Фергана.Ру

Кечга бориб қабристон яна бўшаб қолади. Йўлак бўйлаб қабрлар тозаланган пайтда чиққан ахлат уюмлари, қабрлар устида эса янги гуллар ва ейилмаган овқат қолдиқлари қолади. Энди бунақа тўполонни бу ерда то келаси баҳоргача кўрмайсиз.