22:44 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: У. Ниёзова иши Европа Иттифоқи санкцияларини бекор қилиш юзасидан ўтказилажак музокараларда “қайтим”га айланиши мумкин

18.04.2007 10:30 msk

Сергей Иванов

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон расмийлари ўзларига ёқмаган ҳуқуқ ҳимоячилари ёки чет эл оммавий ахборот воситаларида ишловчи журналистлар билан муомала қилишда анча “илгарилаб кетдилар”. Улар ўз вақтида “Фарғона.Ру” АА мухбири Алексей Волосевични калтаклаганларидай одамларни калтакламай ва қўрқитмай қўйдилар. Улар ўн йил аввал “Интерфакс” мухбири Сергей Гребенюкни ўлдирганларидек кишиларни маҳв этмай қўйдилар. Энди улар ўзларини анча “тараққийлашган” кишилардай тутмоқдалар ва журналистларга қарши жиноий ишлар очишиб, бу ишларни охиригача етказишга ҳаракат қилмоқдалар.

Масалан, ўтган ҳафтада транспорт прокуратурасининг журналист Умида Ниёзова фаолияти юзасидан олиб борган тергови ўз якунига етди. Иш судга оширилди. Ниёзова чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда (энг кам иш ҳақининг 50 тадан 100 тагача миқдорида жарима ёки уч йилдан беш йилгача қамоқ жазоси); жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига хавф солувчи фикрларни ўз ичига олган материалларни тайёрлаганлик ва тарқатганликда (мол-мулкини мусодара қилиш билан беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш); контрабандада (мол-мулкини мусодара қилиш ёки мусодара қилмаслик билан беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш) айбланмоқда. Айрим маълумотларга кўра, Ниёзова устидан маҳкама жараёни 19 апрелдаёқ бошланиши керак.

13 апрель куни эса Ўзбекистон Адлия вазирлиги “ваколатларини ошириб юборганлиги” ва “низомда кўрсатилмаган фаолиятни амалга оширганлиги” билан боғлиқ равишда Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг Тошкентдаги идораси директорига ташкилотга аккредитация бериш рад этилгани ҳақида маълум қилган. Адлия вазирлиги HRWнинг Тошкентдаги идораси тугатилмаслигига, аммо аккредитацияси бўлмаган ходимларсиз ташкилот республикада қонунга мувофиқ равишда ишлай олмаслигига аниқлик киритган. Бошқача қилиб айтганда, расмийлар ташкилот ходимларининг мамлакатда исталган фаолият олиб боришигина эмас, жумладан, уларнинг Умида Ниёзова устидан бўлаётган маҳкама жараёнини кузатишлари ва ёритишлари ҳам маън қилинишига ишора қилганлар.

Uznews.net сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон прокуратураси 2007 йилнинг январь ойида ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзовага қарши айбловлар қўйгани ҳақидаги хабарлар эълон қилганидан кейин “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти Европа Иттифоқини Ўзбекистонга нисбатан янада қаттиқроқ чоралар кўришга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, Умида Ниёзова 2000 йилдан буён Экстремал журналистика марказида ишлайди, 2005 йилдан бери эса Марказий Осиёга бағишланган “Оазис” интернет-журналининг вакиласи бўлиб ҳисобланади. Шу билан бир пайтнинг ўзида у “Интерньюс-Ўзбекистон”да ишлаган, “Freedom House” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти билан ҳамкорлик қилган, сўнгги пайтларда “Human Rights Watch” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотида таржимон бўлиб ишлаганди. Бундан ташқари, Умида Андижон фожеаси билан жиддий шуғулланган оз сонли кишилардан бири эди, бу эса Ўзбекистон ҳукуматини хавотирланмасдан қолмасди.

Ишончли манбалардан олинган маълумотларга кўра, ёш аёл Тошкент аэропортида қўлга олинганидан ва ўзига ўта жиддий айбловлар қўйилганидан жуда қўрқиб кетган. Шу сабабли у яширинча Қирғизистонга ўтиб кетган, аммо уни алдов йўли билан қайтишга кўндирганлар. Расмийлар томонидан уюштирилган чегарани кесиб ўтиш ҳодисаси айблов бандларидан бирига айланган. Ниёзовага қўйилган айбловнинг бошқа бандига (“жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига хавф солувчи фикрларни ўз ичига олган материалларни тайёрлаганлик ва тарқатганлик”) Андижон фожеаси ҳақида мустақил халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ёки гуманитар ташкилотлардан олинган маълумотлар файллари ёки журналист аёлнинг мустақил текшируви натижалари асос бўлган бўлиши мумкин. Контрабандага келсак, бу чегарани кесиб ўтувчи ҳар қандай кишига юклаш мумкин бўлган энг қулай айбловдир.

Тахмин қилиш мумкинки, журналистларга бу йўсинда босим ўтказишга расмийлар анчадан бери – 2005 йилнинг май ойида содир бўлган Андижон воқеаларидан кейиноқ - ҳозирлик кўриб келганлар. Бугунги кунда, турли фикрларга кўра, Ўзбекистонда Андижон воқеаларини ёритиш билан шуғулланган ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ҳибсда сақланмоқдалар.

Уларнинг ҳаммаси айнан мустақил фаолият юритган кишилардир, шунинг учун ҳам ҳукумат уларни ҳибсга олишда ортиқча манзират қилиб ўтирмади. Журналистларнинг бошқа бир қисми эса ўз ходимларини бекордан-бекорга “топшириб қўйиш”га ўрганмаган ташкилотларда ишлардилар, бу эса баъзи айёрона амалиётларни ўйлаб топишга сабаб бўлди. Аммо бунда расмийлар журналистларни лойга қориш бўйича қўлларидан келган барча ишни қилдилар. Шу ўринда Наталья Бушуеванинг телефонлари кўрсатилган, шаҳвоний хизмат кўрсатиш таклифи битилган эълонлар бутун Тошкент бўйлаб ёпиштириб чиқилганини эслаш кифоя. Яна Би-би-сининг Тошкентдаги сўнгги мухбири Моника Уитлокка битилган ҳақоратномаларини ҳам мисол қилиб кўрсатиш мумкин, уларда аноним мухбир ифлос ибораларни ишлатишдан уялмай, “инглиз аёлнинг маънавий қиёфасини фош қилиш”га уринганди. Умида Ниёзова ҳақида ҳам худди шу йўсинда (худди буларнинг ҳаммасини битта одам ёзгандай) мақолалар ёзилди. Афтидан, буларнинг ҳаммаси жиддий ҳаракатлар бошлаш олдидан “жанг билан бирга олиб борилган истихборат” бўлган шекилли.

Эндиликда расмийлар дадилроқ ҳаракат қила бошладилар, аммо бу расмийлар Ниёзовани сўзсиз қамоққа тиқишини англатмайди. Унинг устидан маҳкама жараёнининг бошланиши ҳайрон қоларли тарзда бошқа бир воқеа билан тўғри келаяпти. Бир ойдан кейин Европа Иттифоқи 2005 йилнинг май ойида Андижонда содир бўлган фожеавий воқеалардан сўнг Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган санкцияларни сақлаб қолиш масаласига қайтиши керак, 23 апрель куни эса ЕИ ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиёга нисбатан умумий стратегияни муҳокама қилишлари керак. Ўзбекистон эса, маълум бўлишича, Андижон муаммосини ҳамда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган аҳволни муҳокама қилишга рози бўлган. Иши маҳкамада деярли ўша пайтда кўриладиган Умида Ниёзова томонлар музокараси пайтида ўзи хоҳламаган равишда “қайтим”га айланиши ва Тошкент журналистга енгил жазо бериш ёки авф қилиш эвазига ўзига нисбатан халқаро жамоатчилик фикрини юмшатиш ҳақида сўраши мумкин.