19:29 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик ишлари куч ишлатар тузилмаларнинг қаттиқ назорати остида ўтказилаяпти

17.04.2007 19:31 msk

Ўз ахб.

Андижон вилоятида уруғ қадаш ишлари куч ишлатар тузилмалари ҳамда туман ва вилоят маъмурияти вакилларининг сергак назорати остида ўтказилмоқда. Бу ҳақда Андижон вилоят телевидениесининг ахборот дастурлари батафсил маълумот бераяпти. Хусусан, лавҳаларнинг бирида вилоятнинг Пахтаобод туманидаги чигит экиш ишларининг бориши ҳақида гапирилди.

Хабардан маълум бўлишича, тумандаги мавжуд 13765 гектарлик экин майдонларининг 7318 гектари пахта етиштириш учун ажратилган. Айни пайтда Пахтаобод пахта заводи уруғчилик цехи омборидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ходимлари кузатувида фермер хўжаликларига 89242 килограмм чигит етказиб берилган, бу чигитлар гектарига олтмиш етти килограмм уруғ ҳисобидан келиб чиққан ҳолда 1394 гектарлик майдонга экилган. Ҳозирги пайтда пахта заводи омборида экиш кампанияси чоғида ишлатиладиган эллик икки тонна чигит ва олти тонна целлофан плёнка мавжуд.

Тумандаги олти юз етти фермер хўжаликларининг ҳар бирига вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан “профилактика мақсадларида” биттадан нозир бириктирилган. Интервью берган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилига кўра, ИИВ ходимлари томонидан чигитни пахта далаларига етказиш ва уни сақлаш устидан тўла назорат амалга оширилмоқда. Чигит экишнинг ўзи ҳам туман ва вилоят ҳокимиятлари вакиллари билан биргаликда нозирнинг сергак назорати остида амалга оширилмоқда. Ортиб қолган чигит юзасидан тегишли далолатнома тузилиб, омборга қайтарилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган мазкур тадбирдан мақсад чигит экиш ишларининг агротехника қоидаларига мувофиқ тарзда амалга оширилишини таъминлаш ҳамда шу йўл билан юқори ҳосилдорликка эришишдир.

Мазкур телелавҳани тайёрлаган журналистнинг таъкидлашича, фермерлар ҳуқуқ-тартибот идораларини бунчалик сергаклик билан назорат қилаётганларидан ва агрономлар ўрнига қишлоқ хўжалик илмини қойиллатиб, уларнинг устидан раҳбарлик қилаётганларидан бениҳоя бахтиёрлар.

Кузатувчиларнинг қайд этишларича, ИИВ ходимлари қишлоқ хўжалик ишларига то пахта йиғим-терими тугагунича жалб қилинаверадилар. Шу билан бирга, улар буғдой пишиши ва уни йиғиб олиш ишини ҳам назорат қиладилар. Кимёвий дорилар ва ўғитлар (айниқса, селитра) ҳисоб-китоби ҳам ИИБнинг қатъий назорати остига олинган ва вилоят кимёвий дорилар омборларидан фермер хўжаликларига милиционер кузатувида етказиб берилмоқда.

Ички ишлар бошқармаси оддий ходимларининг айримларига кўра, уларга қишлоқ хўжалик ишларида, ҳатто назоратчи сифатида бўлса-да, иштирок этиш унча ёқавермайди. Ахир Ўзбекистондаги милиционерларнинг кўпчилиги қишлоқдан чиққан, кўпинча улар кетмондан ва умуман, қишлоқ хўжалик ишларидан қутилиш учун милицияга ишга кирадилар.

Ёз келиши билан эса буғдой ҳосилини йиғиб олиш кампанияси бошланади. Бу кампаниянинг ўтган йили қандай уюштирилганига қараганда, бу сафар ҳосил йиғиб олиш учун комбайнлар тақсимлаш ишини вилоят ИИБ раҳбарлари шахсан амалга оширадилар ва бу жараёнга ҳатто туман ҳокимияти раҳбарлари ҳам аралаша олмайдилар.



 

Реклама