07:01 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Расмийлар қашшоқлашиб бораётган аҳолидан коммунал хизматлар учун тўловларни энди суд орқали ундирмоқдалар

16.04.2007 18:22 msk

Ўз ахб.

Фарғона вилоятида коммунал хизматларга пул тўламаётган ашаддий мижозлар охир-оқибат бу пулларни тўлашга мажбур бўладилар, чунки энди бу иш билан суд-ижроия идоралари шуғулланадиган бўлди. Акс ҳолда, уларнинг энг зарур буюмларидан ташқари бори мол-мулки суд қарорларини ижро қилиш бўйича департамент ходимлари томонидан хатлаб кетилади.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Фарғона вилоятидаги мухбирлари хабар қилишларича, Фарғона вилояти аҳолисини газ билан таъминловчи корхона Фарғона шаҳар суди ва вилоятдаги туман судларига коммунал хизматлар учун пул ундириш бўйича даъво аризаларини бера бошлаган. Суд қаноатлантирилган даъво аризаларини суд қарорларини ижро қилиш бўйича департаментга ўтказиб беради.

- Ҳозирги пайтда табиий газ истеъмолчиларга узлуксиз етказиб берилмоқда, - дея таъкидлайди “Фарғонагазтаъминот” корхонасининг вакиласи. – Кўрсатилган хизматларга ҳамма ҳам ўз вақтида пул тўламаётгани ёки бундан бўйин товлаётгани учун биз уларнинг энг ашаддийларига нисбатан судга даъво аризаларини топшираяпмиз ва бу аризалар қаноатлантирилаяпти. Қарздорлар коммунал хизматлар учун бўлган ўз қарзларини қонунда белгиланган тартибда охир-оқибат тўлашга мажбур бўлишларини тушунишлари керак.

Суд қарорларини ижро қилиш бўйича департамент вакилига кўра, ҳозирги пайтда Фарғона шаҳар фуқаролик суди ва вилоятдаги туман фуқаролик судларидан, шунингдек, нотариал идоралардан департамент филиалига ижро этиш учун 2,5 мингдан зиёд суд даъво аризалари келиб тушган. Уларнинг қарийб ярми (1200 га яқини) коммунал хизматларга пул тўланмагани билан боғлиқ. Булар, асосан, аҳолини табиий газ, электр билан таъминловчи корхоналардан тушган даъво аризаларидир. Ҳозирги пайтда суд қарорларини ижро қилиш бўйича шаҳар департаментида айнан коммунал хизматлар учун тўловлар ундиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фарғона вилоят телевидениесида ҳам пул тўламаганларнинг қарзи суд орқали ундирилиши тартибига бағишланган бир неча кўрсатувлар берилди.

- Қарздорлар ўз қарзларини ихтиёрий равишда тўлаб қўйишлари учун уларга беш кун муҳлат берамиз, - дейди ана шундай кўрсатувлардан бирида департамент вакили. – Агар шу вақт ичида коммунал хизматлар учун тўлов тўланмаса, Суд ижроси тўғрисидаги Қонуннинг 44-46-моддаларига биноан қарздорларнинг энг зарур буюмларидан ташқари бори мол-мулки хатланади. Уларга мазкур қонуннинг 82-моддасига биноан жисмоний шахсларга ўнта энг кам иш ҳақи миқдорида, мансабдор шахсларга эса ўн бешта энг кам иш ҳақи миқдорида маъмурий жарима солинади, бу жарима қарздорларнинг мол-мулкини сотиш орқали уларнинг қарзлари билан бирга ундирилади.

Қайд этиш жоизки, охирги пайтларда коммунал хизматларга пул тўлаш Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг оғриқли муаммолардан бирига айланган. Вилоят, шаҳар ва туман маъмуриятларида коммунал хизматлар учун аҳоли, корхона ва муассасалар қарзларини тўлаш ишининг бориши муҳокама қилинмаган бирор кун ҳам йўқ. Вилоят маъмуриятларида ҳатто бевосита коммунал тўловлар билан шуғулланувчи махсус тузилмалар ҳам ташкил этилган.

Коммунал хизматлар учун тўлов ундиришга маҳалла комитетлари раисларидан ташқари халқ таълими муассасаларининг раҳбарлари, оддий ўқитувчилар ҳам аллақачоноқ жалб этилганлар. Уларга участкалар бўлиб берилган; мактаб ўқитувчиларини уйма-уй юриб, аҳолига қарзларни тўлаш лозимлигини тушунтиришга мажбур қилмоқдалар. Бундан ташқари, бюжетдан маош олувчи ҳар қандай ходим каби ўқитувчининг ойлигидан, ҳатто унинг коммунал хизматлардан қарзи бўлмаса ҳам, коммунал хизматлар учун беш минг сўмдан ушлаб қолинади.

Коммунал хизматлар учун тўлов ундириш иши баҳор кириб келиши билан айниқса авжига чиқади. Қишда текширувчилар, аҳоли ғазабига йўлиқмаслик учун, одатда кўзга кўринмайдилар, чунки совуқ тушиши билан газ қувурларидаги босим кескин тушиб кетади, электр узатиш линияларида эса кучланиш ошиб кетиб, трансформаторлар ишдан чиқа бошлайди ва аҳолининг катта қисми эса муқобил ёнилғи турлари ўтади.

Ҳарорат кескин совуб кетган пайтларда албатта газ босими кескин пасайиб кетади. Шу ўринда савол туғилади: наҳотки Ўзбекистонда ички бозорга чиқариш учун табиий газ етишмаётган бўлса? Аҳолини табиий газ билан таъминлаш бўйича вилоят корхонаси собиқ директорларидан бирига кўра, “Ўзбекистон аҳолини табиий газ билан тўла таъминлаш имкониятига эга, фақат бунинг учун пул тўлаб туриш керак”. “Газ - бу товар, ҳар қандай мол етказиб беришга пул тўланганидек, газ етказиб беришга ҳам ҳақ тўланиши лозим, агар қарз бўлмаса, таъминот билан ҳам муаммо бўлмайди”, - дейди у Ўзбекистондаги вилоят газеталаридан бирига берган интервьюсида.

Ўзбекистонда коммунал хизмат нархлари қўшни республикалардагига қараганда анча арзон. Масалан, аҳолига етказиб берилаётган табиий газ нархи минг кубометр учун 10-11 доллар атрофидадир. Электр энергиясининг бир киловатти аҳоли учун ўз таннархидан икки баробар арзон сотилади. Шунга қарамай, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдида анчагина қарздор. Бунга сабаб республикадаги, айниқса, чекка жойлардаги турмуш даражасининг ҳаддан зиёд пастлиги бўлиб ҳисобланади. Республика аҳолисининг аксар қисми ўзининг камтарона бюжетидан коммуналчилар олдидаги қарзни ўз вақтида тўлаш учун маблағ ажратиш имкониятига эга эмас.

* * *

Сўз сўнгида 2007 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда республика Молия вазирлиги реестри билан тасдиқланган табиий газ учун янги нархлар жорий қилинганини қайд этиб ўтмоқчимиз. Улгуржи истеъмолчилар учун газнинг минг кубометри 51 минг сўмга, иситиш корхоналари учун эса 40,8 минг сўмга тушади. Аҳоли учун эса газнинг минг кубометри қуйидагича нархларда етказилади: ҳисоблагичи бор истеъмолчилар 20540 сўм, сув иситиш ва овқат пишириш учун 35500 сўм, иситиш учун 16460 сўм тўлаш керак бўлади. Ишлатиб бўлинган табиий газ учун аҳолига 15 апрелгача эски нархларда пул тўлашга рухсат бергандилар, энди эса тўлов янги нархлар бўйича амалга оширилади.



 

Реклама