06:04 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Руслан Чагаев: “Кичкина деманг бизни…”

16.04.2007 15:32 msk

Шобегим

15 апрелга ўтар кечаси Штутгартда (Германия) WBA йўналиши бўйича жаҳон чемпиони унвони учун россиялик Николай Валуев ва ўзбекистонлик Руслан Чагаев ўртасида жанг бўлиб ўтди. Валуев ўз унвонини тўртинчи маротаба ҳимоя қилиш мақсадида майдонга тушди. Чагаев эса юқори даражали ўйинлар ўтказиш бўйича унча катта бўлмаган тажрибага эга эди. Моҳиятан, унинг профессонал мавқеида ўтган йил охирида Жон Руисга қарши фақат биттагина даъвогарлик жанги бўлган эди, холос. Унинг боксдаги энг катта ғалабаси эса ҳаваскорлик жангига дохил эди: ўн йил аввал Руслан Чагаев жаҳон чемпионати финалида кубалик машҳур боксчи Феликс Савонни мағлуб қилганди.

Даставвал россиялик шарҳловчиларнинг ҳаммаси “Шарқдан чиққан маҳлуқ” лақаби билан машҳур Николай Валуевнинг ғалаба қилишини башорат этгандилар. Бир қарашда унинг устунлиги кўриниб турарди: бўйи 2 метру 13 сентиметр бўлган Валуевнинг вазни 144 килограмм келади. Бўйи 185 сантиметр бўлган Руслан Чагаевнинг вазни эса ўз рақибидан 40 килограмм енгил эди. Уларнинг жангини машҳур промоутер Дон Кинг таъбири билан “Давид Голиафга қарши” деб атагандилар. Шунга қарамай, ғарблик экспертлар ўзбекистонлик боксчининг ғалабага бўлган имкониятини анча юқори баҳолагандилар. Ҳойнаҳой, бўйининг узунлиги Валуевга мутлақ устунлик имкониятини бермасди, бироқ бу имтиёз турли спорт тотализаторларининг фаворитига (суюкли кишисига) айлантирганди.

“Оқ рангли Тайсон” номини олган Руслан Чагаев жанг олиб боришда хос техникасини ишлаб чиққанди, бу унинг рақиб устидан ишончли ғалаба қозонишига ёрдам берди. Чагаев мураббийси Микаэль Тиммга кўра, жангга ҳозирланиш жараёнида улар машқнинг ғайриодатий услубларидан фойдаланишларига тўғри келган. “Руслан ўз рақиби ҳайбатини ҳис этиб туриши учун баъзан оёғим остига таглик қўйиб олардим, - дейди Тимм. – Икки метрлик рақибга қарши жанг жуда қийин бўлиши табиий”.

“Порше Арена” зали лиқ тўла. Россияликлардан иборат томошабинлар Россия байроқлари билан қуролланишиб, жангни берилиб томоша қилишга шай бўлиб турардилар, Валуевнинг суратлари бутун зал бўйлаб осиб ташланганди. Ўзбекистонлик ишқибозлар эса Руслан Чагаевни қўллаб, ўйин давомида уни бир овоздан олқишлаш билан ажралиб турдилар.

Россияликнинг со-промоутери Дон Кинг камералар олдида савлат тўкиб турарди, у ер-бу ерда Кличко-Валуев жанги муҳокама қилинарди. Машҳур промоутернинг эсанкирашини жангдан кейин кўрадиган бўлди! У ярим йил ичида реванш жанги бўлиши ва Валуев яна чемпионлик унвонини қайтариб олишини ваъда қилди.

Руслан ўрта ва яқин масофаларда, айниқса, яхши жанг олиб борди. У ўзининг яхши тактик эканини кўрсатди. Ҳакамларнинг учтадан иккитаси ғалабани Чагаев ҳисобига ёздилар, фақат битта ҳакамгина дуранг бўлганини билдирди. Жангдан ва натижалар эълон қилинганидан кейин Руслан орзиқиб кутилган чемпионлик камарига эга бўлди, боксчига, ўзбек анъаналарига кўра, зарбоф чопон кийдирдилар.

Табиийки, жанг тугаши биланоқ ғолиб шахсига қизиқиш ўта кучайиб кетди. Фахр билан таъкидлашни истардикки, Руслан Чагаев 1978 йилнинг 19 октябрида Андижонда туғилган ва шу ерда ўсган, у легионер эмас. Руслан хизмат кўрсатган спорт устаси, профессионал рингда Валуев билан билан учрашгунича 23 жанг ўтказган ва бирор марта ҳам майдонни мағлуб ҳолда тарк этмаган: 22 марта ғалаба қозонган (17 марта нокаут билан), битта жангни дуранг билан якунлаган. Руслан ўн тўққиз ёшида ҳаваскорлар орасида жаҳон чемпиони унвонига эришган. Чагаев WBA ва WBO йўналиши бўйича қитъалараро чемпиони (2006), WBO йўналиши бўйича Осиё-Тинч уммони минтақаси (2006) чемпионидир. Унинг мураббийси Михаэль Тимм, менеджери эса Клаус-Петер Коль бўлиб ҳисобланади. Ҳаваскорлик рингида Чагаев 85 та жанг ўтказган, уларнинг 82 тасида ғалаба қозонган. 91 килограммгача ва 91 килограммдан юқори бўлган вазн тоифаларида икки марта (1997, 2001) жаҳон чемпиони бўлган. Ҳозир Гамбургда (Германия) яшайди. Жисмоний тарбия институти талабаси. Унинг севган боксчиси Майк Тайсондир. Унга “Ўзбекистон ифтихори”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвонлари берилган, у “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Русланнинг спортдаги муваффақиятлари билан бир қаторда унинг ғамхўр эр ва ота (уч ёшли ўғли бор) эканини қайд этиш жоиз. Жанг якунларига бағишланган матбуот анжуманида у Валуев қабатида ўзини кичкинтой деганларидан нолиди ва “Кичкина деманг бизни...” дея ҳазил қилди – боксчи ўзи ҳақида киноя қила олиши унинг жаросати ва ғалабага бўлган ишончи билан бир бўлиб катта олқишларга сабаб бўлди.