10:06 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистонлик олимлар Ўрта Осиё энергия ресурсларидан қўшни давлатлар ўртасида тенг фойдаланишни таклиф қилмоқдалар

15.04.2007 20:47 msk

Р.Масов, В.Дубовицкий

Сув азалдан Ўрта Осиёда бошқа бойликлардан кўра кўпроқ қадрланиб келган. ХХ аср ўрталаридан бошлаб Тожикистон сув заҳиралари фақат далаларни суғориш учунгина эмас, минтақанинг барча республикалари томонидан фойдаланиладиган электр энергияси ишлаб чиқариш учун ҳам истефода этилади. Бироқ СССР тарқатилганидан кейин янги мустақил давлатлар ўртасида келишиб бўлмас зиддиятлар (жумладан, энергия заҳираларидан фойдаланиш масалалари бўйича ҳам) юзага келмоқда. А. Дониш номидаги Тожикистон тарих, археология ва этнография институти олимлари муаммо юзасидан ўз қарашларини таклиф қиладилар.

***

Тожикистон гидроэнергетикасининг келажаги юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар 2003 йил баҳорида Тожикистон ва Россия президентларининг Сочидаги учрашувидан кейин бошланган. Электр энергияси ва газ танқислиги туфайли юзага келган республикадаги аянчли аҳвол тожикистонлик гидроқурувчиларнинг бошқа лойиҳалар – Даштижум ГЭСи, Зарафшондаги станцияларлардан иборат каскад, Помирдаги кичик ГЭС ва ҳаказоларнинг истиқболи ҳақида гапира бошлашларига олиб келди. Бир сўз билан айтганда, 1920 йилда минтақа миллий-ҳудудий чегараларини белгилашда 93 фоиз тоғли жойларга эга бўлиб қолган мамлакат ўзининг ягона энергетик устунлиги бўлмиш гидроэнергияни сотишга чинакамига ҳаракат қилиб кўрди.

Тожикистон ҳудуди углеводород заҳираларига бой эмас. Ҳатто Саргазон газ конини “очса” ва Равот кўмир конидаги барча кўмирни қазиб олса ҳам, Тожикистон ўзининг энергетик эҳтиёжларини қондира олмайди. Энергетик боши берк кўчадан чиқишга Тожикистоннинг сув бошида турган мамлакат экани ёрдам бериши мумкин, холос.

1991 йилгача мавжуд бўлган қудратли давлат шароитида Тожикистонда ГЭС қуриш режалари “сув истеъмолчилари” бўлган қўшниларга ҳалақит бермаган: Вахш, Панж ва Зарафшондаги ГЭС каскадлари минтақанинг барча аҳолисига ёруғлик етказиб бериши мумкин эди (тожиклар ҳозир ҳам бунга қарши эмаслар!), бу дарёларнинг суви эса қардош республикалар ўртасидаги битимга кўра фойдаланиларди. Ҳозир нима ўзгарди? Тожикистонни ўраб турган мамлакатларга арзон электр энергияси керак эмасми? Керак бўлганда қандоқ! Наҳотки улар тожиклар сув омборларида тўпланган барча сувни ичиб қўядилар, дея қўрқиб кетган бўлсалар?!

Модомики, умумий бойликлар ҳақида гапира бошлаган бўлсак, келинглар, бунга “қуйи қаватлар”даги углеводород хом ашёларини ҳам қўшайлик. Улардан ҳам тенг фойдаланайлик. Лаънати коммунистик ўтмиш билан бирга “аввал сеникини еймиз, кейин эса ҳамма ўзиники ейди” каби кашшофларнинг шафқатсиз ҳазилидан ҳам воз кечиш лозим – келинг, масалан, Ўзбекистон ёки Туркманистон газини ҳам барчамиз тенг баҳам кўрамиз ва таннархи қанча турса, шунчага сотиб оламиз!

2006-2007 йилларда қишнинг қаттиқ келиши Рогун ГЭСи қурилишисиз Нурек ГЭСининг бир ўзи базўр нафас олишини тўла ва аниқ-равшан кўрсатиб қўйди. Уларнинг ҳар иккиси ягона мажмуа ўлароқ лойиҳалаштирилганди, Рогунни ишга туширмасдан туриб, Нурек сув омборининг лойқага тўлиши бир-икки йилда гидроэлектростанциянинг тўла тўхташини англатади. Бу ерда аввалда режалаштирилганидек 335 баландликда тош тўғон қуриш керак. Бошқа барча “арзонроқ ва соддароқ” янги лойиҳалар паллативдан (вақтинча тадбирдан) иборатдир. Бу вақтинча тадбирлар энергетик фалокатнинг олдини оиш тугул уни янада кучайтиради, чунки Ўзбекистон томонга жуда ёқиб қолган, икки юз метрдан баландроқ бўлган бетон тўғон қурилган тақдирда, у яқин йиллар ичида Тожикистон учун одатий ҳол бўлган 7-8 балли зилзила оқибатида вайрон бўлиши мумкин, бу эса бутун Вахш водийсидаги гидроузеллар, шаҳарлар, пахта далалари Рогун сув омборидан тушган катта тўлқин билан ювиб юборилишини англатади! Шундан кейин ҳеч нарсани, жумладан, ГЭСнинг ўзини ҳам тузатишнинг иложи бўлмай қолади.

Тожикистон бундай вазиятда нима қилиши керак? Биринчи йўл: энергетик овлоқликка рози бўлиб, истеҳзоли илжаяётган қўшниларнинг ривожланишини кузатиб ўтиравериш. Улар ачинганларидан ҳатто бир-иккита кредитлар ҳам садақа қилиб юборишлари, икки-уч кварталлик газ қарзини кечиб юборишлари мумкин...

Иккинчи йўл: гидроэнергетик лойиҳаларнинг ўта зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, мамлакат ҳаётидаги иккинчи даражали бўлган барча лойиҳалардан воз кечиш (кўп маблағ талаб этиладиган объектлар қурилишига вақтинча мораторий эълон қилиш) ҳамда барча молиявий заҳиралар ва кадрларни сафарбар этган ҳолда, уларни Рогун ва бошқа ГЭСлар қурилишига ташлаш. Ишчи кучи етишмаслигидан Тожикистон ташвиш тортмаса ҳам бўлади: миллиондан зиёд эркаклар ўз кучларини ҳар йили хорижга сарф этиб келмоқдалар: уларга иш бериб кўринг - бунақа Рогундан учтасини қуриб ташлайдилар!

Беш-етти йиллик машаққатли меҳнат Тожикистонга фақат энергетик мустақиллик берибгина қолмай, миллатни миллий яраш ҳақидаги ҳар қандай битимдан ҳам беҳроқ жипслаштириб қўяди! Бунинг устига, биз ГЭСни Амударё ёки Сирдарёда эмас, ўз ҳудудимиздан оқиб ўтувчи ички дарёларга қураяпмиз. Совет замонида биз моҳиятан Қарроққум ГЭСини эмас, Ўзбекистоннинг пахта далаларини суғориш учун Қайроққум сув омборини қурганмиз, бу билан биз 70 минг гектарлик ҳосилдор ерни сув остида қолдирганмиз. Биз на балиқ, на электр энергияси билан таъминламаётган “Тожик денгизи”дан аста-секин сувни очиб юборишимиз мумкин, деб ўйлаймиз. Шу тариқа биз Оролни қутқаришга кўмаклашган бўламиз. Сўғд вилоятини энергия билан таъминлаш эса Вахш дарёсида қурилаётган Рогун ва бошқа ГЭСлар ҳисобига амалга оширилавериши мумкин.

Шуни унутмаслик керакки, дунёдаги бирор-бир мамлакат бошқалар ҳисобидан иқтисодий юксалишга ва қўшнилар ҳурматига эга бўлолмаган – бунинг учун ўзимиз, фақат ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак. Ҳойнаҳой, бу Тожикистон учун ягона йўл бўлиб ҳисобланади.

Раҳим Масов, Тожикистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, А. Дониш номидаги Тарих, археология ва этнография институти директори

Виктор Дубовицкий, тарих фанлари доктори, А. Дониш номидаги Тарих, археология ва этнография институти директор муовини, “Фарғона.Ру” АА экспертлик кенгаши аъзоси.