23:11 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон Конституцияси шунчалик тез ўзгараяптики, уни ҳатто бошқа тилга сифатли таржима қилишга ҳам улгурмаяптилар

13.04.2007 15:25 msk

Абдумўмин Мамараимов

Қирғизистон Конституцияси шунчалик тез ўзгараяптики, уни ҳатто бошқа тилга, жумладан, ўзбек тилига сифатли таржима қилишга ҳам улгурмаяптилар. Энди, афтидан, иш судгача бориб етадиганга ўхшайди. Жалолобод вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Улуғбек Абдусаломовнинг 13 апрель куни “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига маълум қилишича, у 2006 йил декабрида қабул қилинган Қирғизистон конституцияси моддаларини изоҳлаш бўйича амалга оширилган лойиҳа ижрочилари билан судлашиш ниятида.

Абдусаломовга кўра, мамлакат конституциясининг асосий моддаларига изоҳот берилмиш буклетнинг ўзбекча вариантида жуда кўп хато ва ноаниқликларга йўл қўйилган бўлиб, уларни “лойиҳа амалга оширилган тилга ҳамда шу тил эгаларига ҳурматсизлик ўлароқ” баҳолаш мумкин. “Мен бунақа лойиҳалар яхши ниятлар билан амалга оширилишини, улар одамлар жуда зарурлигини тушунаман, - дейди у. – Аммо биз пировардида нимага эга бўлаяпмиз? Масалан, мазкур буклетда “судебная власть” бирикмаси “суд ҳукумати” дея , “суд присяжних” бирикмаси эса “”ўтроқ маслаҳатчилар суди” дея таржима қилинган. Ваҳоланки, ўзбек тилида одамларга тушунарли бўлган ва бир неча ўн йиллардан бери ишлатилиб келинаётган юридик атамалар бор...”

Бундан ташқари, буклетда кўплаб ноаниқликлар ва имловий хатоларнинг борлиги ҳам Жалолободдаги Халқлар дўстлиги ўзбек филологияси факультетининг барпо этилишига қўшган ҳиссаси учун шу университетининг фахрий профессори этиб сайланган Абдусаломовнинг норозилигига сабаб бўлди. “У ерда мамлакат охирги конституцияси 2007 йилнинг 15 ноябрь куни қабул қилинган (аслида 2007 йил 15 январь куни бўлиши керак), деб ёзилади, бу эса ўқувчини чалғитади. Ўқувчи гап конституциянинг ҳали қабул қилинмаган, ҳозирда баҳс-мунозаралар сабаб бўлаётган таҳрири ҳақида сўз бораётибди, деб ўйлаши мумкин”, - деди фахрий профессор. Унга кўра, Абдусаломовнинг олдига мазкур буклет таржимасидан норози бўлаётган кишилар мурожаат қилиб кела бошлаганлар.

Бишкекдаги Фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш марказлари ассоциациясининг (лойиҳа ижрочиси бўлиб ҳисобланмиш ташкилот) дастурий мувофиқлаштирувчиси Аида Қурбановага кўра, таржима лойиҳанинг Ўшдаги ҳамкори “Голден Гоал” ЖТ тарафидан тақдим этилган профессионал таржимонлар томонидан амалга оширилган. “Албатта, конституцияни таржима қилиш улкан ва мураккаб ақлий меҳнат, - деди у “Фарғона.Ру” АА мухбирига телефон орқали суҳбат чоғида. – Оммага мўлжалланган лойиҳаларда, гарчи таржимонлар ҳам, мусаҳҳиҳлар ҳам шу тил эгалари бўлсалар-да, танбеҳ-дашном айтилиши мумкин бўлган ҳолдир”.

Ўзбекча таржима учун жавобгар бўлган Ўш шаҳридаги “Голден Гоал” ташкилотининг раҳбари Алишер Мамажонов йўл қўйилган хатоларни лойиҳа амалга оширилиши учун ўта қисқа муддат ажратилгани билан изоҳлайди. “Буклетни аввал шундай таржималар билан шуғулланиб юрган иккита ўзбек тили ўқитувчиси таржима қилганлар, - дея изоҳ беради Алишер Мамажонов. – Шунга қарамай, биз “Полиглот-Юг” таржимонлик ширкати мутахассислари хулосасини ҳам олгандик, улар таржима сифатини “яхши” деб баҳолагандилар. Биз учун энг асосийси таржиманинг оддий одамларга тушунарли бўлиши эди”.

Буклетнинг техник ижросига нисбатан ҳеч қандай эътироз йўқ, унда ўтган йилнинг декабрь ойида мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган Қирғизистон асосий қонуни сўнгги вариантининг асосий моддаларига изоҳот берилади. Лойиҳа ижрочилари декабрь конституцияси моддаларини 2003 йилдаги конституция моддалари билан солиштирар эканлар, одамларга бу икки ҳужжатнинг асосий фарқларини тушунтиришга ҳаракат қилганлар.

Яқинда Қирғизистон Конституцияси яна бир маротаба ўзгартириладиган бўлиб турибди, бу эса мазкур лойиҳа ижрочилари ҳаракатларини йўққа чиқаради. Аммо бу нарса ўз она тили софлиги учун курашаётган Абдусаломовни иккилантираётгани йўқ. “Бу лойиҳанинг [эндиликда Конституция эскириб қолгани учун], гарчи бунда лойиҳа ижрочиларининг айби бўлмаса-да, энди аҳамияти қолмади, - дея қайд этди у. – Аммо мен бундан буён шунга ўхшаш қўполликларга йўл қўйилмаслиги учун уларни судга бермоқчиман. Бу тил устидан кулишдан бошқа нарса эмас”.

Дарвоқе, Абдусаломовнинг ўзи ўтган йили қабул қилинган Конституция ҳар иккала варианти тўла матни таржимасининг муаллифи ҳисобланади. “Ноябрдаги Конституциянинг ўзбекча таржимасини биз маҳаллий газетада чоп эттирганмиз, декабрь вариантини ҳам таржима қилиб, уни китобча шаклида чоп этиш учун донорларга талабнома ёзганмиз, - дея маълум қилди Абдусаломов. – Яқинда навбатдаги вариант қабул қилинади, уни ҳам таржима қиламиз. Бизнинг мақсад одамлар ўз ҳуқуқ ва бурчларини билишлари учун асосий қонун моддаларини аҳолининг ўзбек тилида сўзлашувчи қисмига етказишдан иборатдир. Аммо буни ростмана, тушунарли тилда ва тил эгалари туйғуларини таҳқирламасдан амалга ошириш керак-да”.

Эслатиб ўтамиз, охирги беш ой мобайнида Қирғизистонда асосий қонуннинг икки варианти қабул қилинган, ҳозирги пайтда мухолифат талабига кўра мазкур ҳужжатнинг навбатдаги таҳририни қабул қилиш учун ҳозирлик кўрилмоқда.



 

Реклама