10:30 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Биринчи фазогир Қирғизистоннинг Жалолободида туғилган киши бўлиши мумкин эди

12.04.2007 23:54 msk

Эгамберди Қобулов

М Рафиков (слева) с Юрием Гагариным
М. Рафиков (чапда) Юрий Гагарин билан. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Ўзганликлар Фарғона водийсида туғилган кишилар ичида биринчи бўлиб фазога чиққан ўз ҳамюртлари Солижон Шарипов билан ҳақли равишда фахрланадилар. Ваҳоланки, қўшни Жалолобод аҳлида коинот соҳасига дохиллик билан фахрланишга кўпроқ асос бўлиши мумкин эди.

Фазогирларнинг биринчи отряди 1959 йилда тузилган. Унга йигирма киши кирган бўлиб, уларнинг иккитаси – Валентин Варламов ва Марс Рафиқов жалолободлик эдилар. Бу иккиловлондан бирови инсоният тарихига биринчи фазогир сифатида кириши мумкин эди.

МАРС ВА КОСМОС

Марс Зокирович Рафиқов 1933 йилда туғилган. Унинг отаси урушга кетишидан аввал Жалолобод шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимининг режалаштириш сектори бошлиғи бўлиб ишлаган. У 1943 йили Харьков учун бўлган жангда ҳалок бўлган. Онаси то нафақага чиққунича Сузоқ туманидаги Бекобод қишлоғида ўқитувчилик қилган. Улар Деҳқон тор кўчасидаги унча катта бўлмаган уйда яшаганлар.

Марс Михаил Фрунзе номидаги 3-мактабда аъло баҳоларга ўқиган. Темурчилар отрядининг командири бўлган. 1947 йилда ўн тўрт ёшли Марсни уруш йилларидаги меҳнати учун медаль билан тақдирлаганлар. Рафиқовнинг иккинчи юксак мукофоти Қизил Юлдуз ордени бўлди, бу мукофотга у 1961 йил баҳорида коинотга учишга тайёргарлиги учун эга бўлган. 1962 йили Марс Рафиқов ўз қисмига қайтган. Кўп бор парвоз қилган, ёш учувчиларга мураббийлик қилган. Афғонистон урушида жанг қилган. Иккинчи Қизил Юлдуз орденини жанглардаги иштироки учун олган. 1982 йили заҳирага чиққан ва Олмаотада яшай бошлаган.

Юрий Гагариннинг Марс Рафиқовга совға қилган “Коинотга йўл” китобида қуйидаги сўзлар бор: “Қимматли Марс Зокировичга дўстлигимиз, коинотга биринчи парвозни амалга оширишдаги хизмат ва тайёргарлик эсдалиги сифатида. Сенга ҳаётда ва хизматда энг яхши тилакларни тилайман. Доимо ҳалол, ростгўй ва бир сўзли бўл. Гагарин. 7.08.1961”.

ПАСТГА САКРАШ

Валентин Степанович Варламов 1934 йилда туғилган. Ўн беш ёшга тўлганида унинг оиласи Жалолободга кўчиб келади. У ҳам Марс Рафиқов ўқиган мактабга борган. Валентин Варламов ҳам аълочи бўлган, спорт билан шуғулланган.

Машҳур журналист Ярослав Голованов ўзининг “Космонавт №1” китобида шундай ёзади: “С. П. Королев ихтирочилик бюросида машқ кемаси яратилганидан кейин йигирма кишининг ҳаммасини машқ қилдириш ноқулайлиги, қийинлиги ва бунинг устига кўп вақт олиши аён бўлиб қолди.

С. П. Королев, Е. А. Карпов ва Н. П. Каманин ўзаро маслаҳатлашиб, биринчи парвозга жадал ҳозирлик учун олти кишидан иборат гуруҳни ажратишга қарор қиладилар. Шунда олтита номзод – Варламов, Гагарин, Карташов, Николаев, Попович ва Титов танлаб олинади”. Ярослав Головановнинг ҳикоясидан кўриниб турибдики, Варламов коинотга чиқиш учун барча имкониятларга эга бўлган. Аммо арзимаган тасодиф унинг юлдузлар сари парвозини кесиб қўйган.

М.Рафиков (в центре) с Андрианом Николаевым
М. Рафиқов (ўртада) Андриан Николаев билан. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Кунларнинг бирида бўлажак фазогирлар гуруҳи Юлдузли шаҳарча яқинидаги сойга чўмилгани боради. Улар сувга калла ташлай бошлайдилар. Аммо бу ер саёзроқ чиқиб қолади. Варламовнинг омади чопмайди – у сой тубига бошини уриб олади, бўйнида кучли оғриқ пайдо бўлади. Кейинчалик шифокорлар бўйин умуртқасининг қўзғалишини қайд этадилар. Варламовни даволайдилар, аммо фазогир бўлиш орзуси билан хайрлашишга тўғри келади. Аммо у коинот билан видолашмайди.

Варламов ўз қисмига қайтмайди, у фазогирлар отрядида ишда қолади. Ўз қобилияти туфайли Варламов хизмат пиллапояларидан жуда тез кўтарилади. Гагариннинг афсонавий парвозигачаёқ Валентин Степанович космик парвозлар бошқаруви команда пункти бошлиқ ўринбосари лавозимини эгалларди, шундан кейин ҳам унинг қисқа умри коинот билан боғлиқ бўлди. Валентин Варламов 1980 йили миясига қон қуйилишидан вафот этган.

“Битта кичик шаҳардан бўлган, битта синфда ўқиган икки ёш йигит биринчи фазогирлар отрядига қандай қилиб тушиб қолдилар?” деган саволга жавоб бериш қийин. Бу тасодифми? Қонуниятми? Оддий шаҳар, оддий мактаб... Бир йил аввал Жалолободда Михаил Фрунзе номидаги 3-мактаб номи алмаштирилиши ҳақида миш-миш чиққан пайтда ҳатто унга Рафиқов ёки Варламов номини бериш юзасидан тахминлар айтилганди. Лекин ундай бўлмади. Эндиликда бўлажак космонавтлар мактабига Қирғизистон ҳозирги президентининг укаси Ж. Бакиев номи берилган.

P.S. Фазогир ҳамюртлар (келинг, уларни фазогир дея атай қолайлик) ҳақидаги барча маълумотлар шаҳар тарих-ўлкашунослик музейида сақланади. Бу экспозицияни тарихчи, Қирғизистон ССРда хизмат кўрсатган ўқитувчи Василий Филиппович Трунов битталаб йиққан, музей директори Венера Мусина эса музей архивини янги маълумотлар билан бойитишга ҳаракат қилмоқда. Айнан шу одамларнинг шарофати билан ушбуни ёзишга муваффақ бўлинди, бунинг учун мақола муаллифи уларга чин юракдан миннатдорчилик билдиради.