23:13 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Сиёсий воқелик моҳияти ёки Қирғизча дискурс

12.04.2007 13:49 msk

Эмиль Жўрўев, сиёсатшунос (Бишкек)

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Муддатсиз митинглар, антимитинглар, “Бакиевсиз ислоҳотлар”, “биз ўз талабларимизни ўзгартирмаймиз”, ультиматумлар, фронтчилар... Қирғизистонда охирги пайтлар сиёсий луғати жуда ўзига хос бўлиб, у умумий вазиятни яхши тасвирлайди. “Сўзлар воқеликнинг ўзидир” деган фикр устида мулаҳаза қилиб кўринг.

Ижтимоиёт фанининг энг замонавий оқимларида нутқ ва воқеликнинг нутқий конструкцияси бўлмиш дискурсни ўрганишга катта эътибор қаратилади. Бир сўз билан айтганда, воқелик, жуда бўлмаганда, нарса-ҳодисаларга нисбатан устивор бўлган қарашлар кўпинча сохта дискурсив конструкция бўлиб ҳисобланади. Табиийки, бунда воқелик ва қадриятлар конструкцияси кўпчилик томонидан қабул қилинган кишилар ғолиб чиқадилар.

Шунга ўхшаш, аммо ўта примитив даражадаги ҳолат Қирғизистонда ҳам содир бўлмоқда. Примитивлиги шундаки, биринчидан, дискурсив жиҳатдан анча устунлик қилувчи гуруҳлар йўқ, ҳамма турли масалалар юзасидан ўз ҳаққоний тахминини “тўқиб ташлаяпти”, бу тахминлар кўпинча бир-биридан қарийб диаметрал тарзда фарқ қилади. Иккинчидан, уларда қандайдир тартиб (системалилик), ички мантиқий “ҳаққонийлик” ва нутқий маҳсулотларнинг давомийлиги кузатилмайди – ҳамма нарса лаҳзалик “ҳақиқат”га йўналтирилган. Парадокс шундаки, аудитория тингловчиларидан ёки қарама-қарши лагерлардаги рақиблардан ҳеч ким кўп нутқларнинг асоссизлиги, онийлиги ва очиқ-ошкор ёлғонлигига эътибор бераётганлари йўқ. Табиийки, дискурсив “парчалар” аралашмаси ичра адашиб қолган бу нутқларнинг асосий аудиторияси бўлмиш Қирғизистон халқига “қалбига қулоқ солиш”дан ва “Қутқаринг!” дея қичқиришдан бошқа чора қолмаяпти.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Ана шундай “парчалар”дан айримларини кўриб ўтсак. Қулов охирги матбуот анжуманида Қирғизистон фуқароларининг 90 фоизи президент Бакиевга қарши эканини билдирган. Осмондан олинган рақамлар ва баёнотлар, ҳатто ҳақиқат бўлганда ҳам, жуда хатарлидир. Бирлашган Фронт расмийлар ўз ваъдаларига зид равишда антимитинглар тайёрлаётгани ва ўтказа бошлаганини билдирмоқда. Бу ерда Фронтнинг ким у билан бирга бўлмаса ёки уларга қарши бўлса, улар расмийлар томонидан уюштирилган, деган ишорасини камдан-кам одам сезади – гўё фуқаролар ўз ақидаларига кўра Фронтга қарши чиқа олмайдигандек. Мухолифат бош вазирни ҳақиқий коалицион ҳукумат тузмаганликда (ёки бунга Бакиев йўл қўймаганида) айбламоқда. Агар бутун мухолифат Атамбаев ҳукуматини саботаж қилаётган бўлса, табиийки, у коалиция туза олмайди, дея эътироз билдирган одам кам топилади. Ҳамма коалицион ҳукуматни яхши ва ҳозирда керак бўлган ғоя сифатида қабул қилаяпти. Коалицион ҳукумат, биринчидан, одатда партиявий асосда ва парламент доирасида тузилиши кераклиги, иккинчидан эса, беқарор сиёсий вазиятда бундай ҳукуматнинг унча самарали бўлавермаслиги ҳақида камдан-кам одам ўйлайди. Президент Бакиев: “Мен муросага келиш ва барқарорликка эришиш учун ҳамма нарсани қилдим”, дея билдиради. Аммо унинг бу “ҳамма нарса”ни босим остида қилгани, агар босим бўлмаганида балки бу ишларни амалга оширмаган бўлиши кадр ортида қолади.

Барча дискурсив парчаларнинг умумий йўналиши – у шиор бўладими, баёнотми, чақириқми – умумий асабийликни авж олдиришдан иборат. Бунда сиёсий фактлар айнан нутқлар билан “барпо этилиши”ни тушуниш муҳимдир.

Бугунги кунда Қирғизистонда ҳеч ким ҳақиқий аҳволни билмайди, шунинг учун ҳам ҳамма “энг ёмонини тахминлаб иш кўрган маъқул” каби консерватив мантиққа суяниб ҳаракат қилмоқда.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Тан олиш керакки, бугунги кунда ваҳима умумий тусга эга бўлгани йўқ, “тревога” сигнали муаллифлари эса ҳозирча фақат ваҳима муҳитини бўрттиришда давом этаяптилар. Бунда хавф-хатардан қочиш халосият йўли эмаслигини англаш муҳим. Демак, хавф-хатар майдонини тарк этишни талаб этмайдиган йўллар қидириш лозим. Аснода танлайдиган усулимиз анча жўн экани маълум бўлади: понани пона билан уриб чиқариш даркор. Нутқлар ва сўзлар воситасида барпо қилинган ваҳима ва хавф-хатар кайфиятини бошқа мазмундаги нутқлар ва сўзлар билан бартараф қилиш мумкин. Президент Бакиев 10 апрель куни сўзлаган нутқида айнан шу мақсадни кўзлаган бўлса керак – ўшанда у дискурсив йўл билан барпо қилинган хавфни куч, ҳокимият ва муроса ҳақидаги муқобил дискурс билан бартараф қилишга уринганди.

Вақт омили эскалация фойдасига ҳам, де-эскалация фойдасига ҳам ўйнаши мумкин, аммо у албатта муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Сиёсий воқеалар ривожининг қандай бўлиши эса (айниқса бўҳронни президент истеъфосисиз ҳал қилиш учун) кўп жиҳатдан яна қирғизча сохта дискурс ривожига боғлиқ бўлиб қолади.

Эмиль Жўрўев - сиёсатшунос, Бишкек, “Фарғона.Ру” АА учун махсус



 

Реклама