23:28 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон, апрель-2007: Президент курсиси учун кураш давом этаяпти, иштирокчилар ўша-ўша

12.04.2007 02:48 msk

“Тинчлик ёки баҳслар водийси” та&#

1990-2007 йиллардаги Қирғизистон сиёсий элитаси совет давридан бошлаб ўз вақтида у ёки бу лавозимларни эгаллаб келган ўша-ўша шахслардир. Аввал улар Совет Иттифоқи ва коммунистик партияга хизмат қилганлар. Иттифоқ тарқалганидан кейин Ақаевни “севганлар”: у [собиқ президент] уларга моддий бойликлар, лавозимлар ва иссиққина ўринларни улашган. Кейин уни ҳайдаб солганлар.

Кейин Бакиевга хизмат қила бошлаганлар: у ҳам лавозимлар ва иссиққина ўринларни улаша бошлаган, аммо, афтидан, бу ўринлар ҳаммага етмаган кўринади. Энди эса улар Бакиевни ҳам ҳайдамоқчи бўлиб турибдилар.

Бундан кейин нима бўлишини тасаввур қилиш қийин, қирғизистонликларнинг нима учун ҳалигача бундай “халқ хизматкорлари”га ишонаётганларини тушуниш ундан ҳам қийин.

Бугун Қирғизистонда сиёсий луғатга “фронт”, “хунта”, “фавқулодда ҳолат” ва “нотинчлик” каби машъум сўзлар кириб келди. Гоҳ Осиё Швейцарияси, гоҳ иккинчи Малайзия деб номланувчи Қирғизистон маҳаллийчилик билан талош қилинган Африка мамлакати даражасига қандай тушиб қолди? Ёки бошқача қилиб айтганда, қандай қилиб жамиятимиз “инсон ҳуқуқлари мамлакати” ва “демократия ороли”дан доимий сиёсий беқарорлик мавжуд бўлган ҳамда вақти-вақти билан тўнтаришлар ва инқилоблар содир бўлиб турадиган жамият даражасига тушиб қолди?

“Халқ инқилоби” деб аталган март воқеаларидан икки йил ҳам ўтмасдан, инқилоб ташкилотчиларининг айримлари унинг меваларига қаноат қилмай, яна бир инқилоб қилишни истаб қолдилар. Аммо, агар бу сафар ҳам инқилоб содир бўлса, у “гулдор” инқилоб бўлмаса керак.

“Фронт”, “хунта”, “фавқулодда ҳолат” ва “нотинчлик” каби сўзларнинг маъносиёқ икки йил аввалги воқеалар маъносини йўққа чиқарди. Орадан икки йил ўтгач, бугунги сиёсий беқарорлик қабатида 2005 йил 24 март куни содир бўлган инқилоб ўз мақсадига етмагани маълум бўлди. Ҳатто сиёсатни унча билмайдиган одам ҳам 2005 йил март воқеалари анчайин [арзимаган, майда] ҳокимият бўлишиш эканини тушуна бошлади. Аснода расмийлардан ҳам, мухолифатчилардан ҳам “мамлакат фуқаролари сиёсий муштлашувлар билан шуғулланишни бас қилишлари учун Қирғизистонга нечта инқилоб/тўнтариш керак?” дея сўраш ўринли бўлар.

Бугунги мухолифат ҳам 2005 йил мухолифати олдига қўймиш вазифалар ўз олдига қўйган. Айнан эса у икки йил аввал Асқар Ақаевдан ихтиёрий равишда истеъфога кетишни “сўрагани” каби Қурманбек Бакиевдан ҳам президентлик курсисини бўшатиб қўйишни “сўраяпти”.

Бугунги “демократлар” [уларга расмийлар ҳам, мухолифат ҳам, яъни Қирғизистоннинг сиёсий элитаси киради] – кечаги коммунистлар ёки ўз вақтида номланганидек партия номенклатурасидир, бугунги вилоят ва туман ҳокимиятлари эса совет обкомлари ва райкомларидир. Совет давлат амалдорлари инсонлар фаровонлиги ва давлат манфаатлари йўлида қанчалик “жонбозлик қилган”лари кўпчиликка сир эмас.

Бугунги “демократлар” давлат манфаати билан ўз ғаразли манфаатлари ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмайдилар, бу манфаатларни ҳимоя қилишда уларни ҳеч ким ва ҳеч нарса тўхтатиб қололмайди. Ҳойнаҳой, айнан шу ҳолат сиёсий элитани доимий тартибсизликлар томон ҳаракатлантирмоқда.

Ақаев даври

Асқар Ақаевда 90-йиллар бошларидаёқ барқарор ривожланаётган жамият учун мустаҳкам асос яратиш ва Қирғизистон мустақиллигининг “отаси” сифатида тарихда қолиш учун ажойиб имконият бор эди. Аммо у ҳокимият ва президентлик курсиси қудратига маҳлиё бўлиб қолди.

Ақаев ўзининг биринчи президент деган номини ўз ҳаётини “қувғин”да яшаб ўтадиган президент деган “фахрли” номга алмаштирди.

Ақаев ўзининг ҳозирги ва келажакдаги ҳамюртларига фақат қашшоқ мамлакатнигина мерос қилиб қолдиргани йўқ. Унда коррупция, уруғ-аймоқчилик гуллаб-яшнаяпти, иқтидорли одамларнинг мамлакатни ташлаб кетаяптилар. Ақаев иқтисодиётни вайрон қилди ва Қирғизистон саноат-аграр мамлакатдан қолоқ аграр мамлакатга айланиб қолди. Ҳолбуки, совет даврида Қирғизистон чорвачилик соҳасида лидер мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланарди, Қирғизистон шакари эса экспорт қилинарди.

Шунингдек, совет даврида Қирғизистон кадрлар ўчоғи бўлганди, аммо Ақаев даврида мамлакатда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари қай аҳволга тушди? Бу саволга жавоб топиш учун совет ўқув юрти битирувчиси билан ҳозирги кундаги ўқув юртлари битирувчисини солиштиришнинг ўзи кифоя. Россияда ишлаётган кўплаб муҳожирлар Қирғизистон ва Россия тиббий муассасалар ҳамда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ўртасидаги фарқни кўраяптилар.

Нима учун ҳар беш қирғизистонликнинг биттаси “инсон ҳуқуқлари мамлакати” ва “умумий уй”да яшашни истамай қолган экан? Қандай ҳалокат рўй бериб, “демократия ороли”ни коррупция, расмийларнинг ўзбошимчалиги ва фақирларнинг умидсизлиги тўлқини чўктириб юборди экан?

2005 йилнинг 24 март куни Ақаев ҳуқуқсиз инсонлар мамлакати ва хўжасизликдан вайрон бўлган уйни ташлаб, мамлакатдан қочиб кетди.

Бакиев даври

Қирғизистоннинг иккинчи президенти Қурманбек Бакиев ўзи учун қандай қисмат тайёрлади?

Март воқеалари арафасида ва ундан кейин ўша пайтдаги мухолифат ҳақиқатан ҳам ҳокимиятни эгаллаб олмасдан, инқилоб қилган бўлса, Бакиев қочиб кетган Ақаевга эмас, ўзига: “Ақаев меросини таг-томири билан йўқ қилиш мумкинлиги юзасидан одамлар умидини қандай рўёбга чиқарса бўлади?” дея савол бериши лозим эди.

Аммо орадан икки йил ўтгач, 2007 йил мухолифати Бакиев “Қирғизистон халқининг ҳақиқий демократик, ҳуқуқий давлат қуришга бўлган умидини йўққа чиқарди, ёлғон ва алдов унинг халқ билан муомаласида асосий воситага айланди”, дея билдирди.

Кимдир икки йилда мамлакатда туб ислоҳотларни амалга ошириш мумкин эмас, деб ўйлаши мумкин. Аммо икки йил ичида Бакиев ўз ҳамюртларида эртанги кунга ишонч уйғота олиши мумкин эди.

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Бакиев даврида коррупция тасаввур қилиниши мумкин бўлган барча чегаралардан четга чиқиб кетди. Иқтисодиётдаги ўзгаришлар мулк бўлиштиришга ўтиб кетди, инсон аввалда бўлгани каби ишчанлиги ва профессионаллиги учун “қадрламаяптилар”, мактаб аттестатлари ва олийгоҳ дипломлари аввалгидек берилаяпти, одамлар поликлиника ва касалхоналарга тушиб қолмаслик учун касал бўлмасликка “ҳаракат қилаяптилар”.

Икки йил ичида мамлакатда биронта ҳам кутубхона очилгани йўқ, мамлакатнинг асосий “мафкурачи”си эса фақат ўзигагина тушунарли бўлган хомхаёлларни ўйлаб топаяпти.

Қирғизистонликлар онгида маданий инқилоб содир бўлмагани 24 март куни ҳокимиятни куч билан тақсимлаб олиш содир бўлганига амин қилаяпти. 2005 йил мухолифати бу воқеаларнинг, моҳиятан, аксилконституциявий характерини тан олмай, тўнтаришни қонунлаштирди.

Бугунги мухолифатнинг Бакиев олдига ўз ваколатларини топшириш ва муддатдан аввал президентлик сайловларини ўтказиш талабини қўйиш “жасорат”ини бераётган нарса шу эмасмикан?

Ақаев президентлиги даврида мамлакат фуқаролари жаҳолатга ботдилар. Икки йил ўтганидан кейин ҳам “кўча” демократияси яна авж ола бошлаганига қараганда, Бакиев даврида қирғизистонликлар жаҳолатнинг ўтиб бўлмас ботқоғига бошдан-оёқ ботиб кетганлар. Қирғизистон мустақиллиги даврида мамлакат фуқаролари уч тоифага – ақаевчилар, бакиевчилар ва қуловчиларга бўлиндилар. Бунда ўзига хос сиёсий трайбализм ҳосил бўлди.

2005 йилда ҳам, ҳозир ҳам мамлакат сиёсий элитаси ўз сайловчиларига маърифат улашиш ўрнига, уялмай-нетмай қирғизистонликлардан ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланаяптилар. Бугунги расмий сиёсий элита ҳокимият тепасига “кўча” демократияси воситасида келгани каби шу йўл билан ҳокимиятдан кетишига кафолат йўқ.