17:59 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Мухолифат Бирлашган фронтининг бугунги митингига расмийлар ҳозирмилар

11.04.2007 14:37 msk

Абдумўмин Мамараимов

11 апрель куни Қирғизистон жуда жиддий нарсани кутиб уйғонди. Муддатдан аввалги президентлик сайловларини талаб қилган мухолифат Бирлашган фронтининг муддатсиз митинги шу кунга белгиланган. “Фронтчилар” лидери Феликс Қуловга кўра, митинг билан “мамлакатда тинч йўл билан ҳокимиятни топшириш жараёни бошланади”. Гарчи истеъфога чиққан бош вазир Қулов шахсан ўзи амалдаги президент Қурманбек Бакиевнинг зудлик билан истеъфога кетишига тарафдор эмаслигини айтган бўлса-да, унинг сафдошлари тобора қатъийроқ туриб президент истеъфосини талаб қилаяптилар, шунинг учун ҳам бошланаётган намойишнинг асосий шиори қилиб “Бакиевсиз ислоҳотлар” шиори танланган.

Сўнгги пайтларда тинчлик, барқарорлик ва Қирғизистон давлати яхлитлигини сақлаб қолиш учун мухолифатни митинглар ўтказмасликка кўндиришга уринган расмийлар бу намойишга ҳозирмилар?

10 апрель куни мамлакат президенти Қурманбек Бакиев Қирғизистон халқига навбатдаги телемурожаати билан чиқди. Мурожаат матни Интернет-сайтларда давлат раҳбарининг миллий телеканалдаги чиқиши билан бир вақтда пайдо бўлди.

Ўзининг икки йиллик бошқаруви якунларини чиқарар экан, Қурманбек Бакиев бу давр мобайнида мамлакат инқироздан сақлаб қолингани, иқтисодий муваффақиятлар қўлга киритилгани ҳақида гапирди. Сўнгра президент мухолифатни музокаралар юритишни хоҳламасликда айблади. “Биз қанча уларга ён босиб, қанча кўп ўзгаришлар қилганимиз сари бу мухолифатчиларга шунча ёқмай бораётибди, улар тобора кўпроқ ва қаттиқроқ қаршилик кўрсатаяптилар”, - деди президент.

Давлат раҳбарига кўра, “расмийлар ва президент радикал мухолифатчиларни ўз ниятларидан қайтариш учун қўлларидан келган барча ишни қилдилар. Биз буни ҳокимият кучсиз бўлгани учун қилганимиз йўқ. Биз буни барқарорлик ва осойишталикка, мамлакат яхлитлигига, Қирғизистон давлатини сақлаб қолишга жавобгар бўлганимиз учун қилдик”. “Биз мамлакат барқарорлиги ва фуқаролар осойишталиги йўлида ҳар қандай музокараларга тайёрмиз, - дея билдирди президент. – Аммо, афтидан, бу радикал мухолифатнинг режасида йўққа ўхшайди”.

Бакиев ўз нутқини “агар Қирғизистон фуқаролари ёки меҳмонлари хавфсизлиги учун заррача хавф-хатар туғиладиган бўлса, қонун бузилишининг олдини олиш учун энг аёвсиз чоралар кўрилади. Ҳуқуқ-тартибот кучлари бунга тайёрлар, улар хавфсизликни таъминлайдилар”, дея якунлади.

Мухолифат лидерлари берган изоҳларга қараганда, давлат раҳбарининг кечаги чиқиши уларнинг қарорига таъсир этмаган кўринади – аксинча, улар президентни яна ёлғончилик қилаётганини айтишиб, уни ҳар томондан танқид қилдилар. “Қирғизистон президенти халққа яна бир марта ёлғон баёнотлар бериш учун эфирга чиқди”, - дея изоҳлади “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” Бирлашган фронти аъзоси Омурбек Абдрахманов Қурманбек Бакиевнинг мурожаатини. Унга кўра, давлат телеканали қайта ташкил этилиши ҳақидаги охирги қарорга қарамай, “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” Бирлашган фронти биринчи каналдан эфирга чиқа олмаётган экан. “Чунки президент бир қўли билан жамоатчилик телевидениесини “ёқлаб” чиққан бўлса, иккинчи қўли билан Қияс Мўлдўқасимовга мухолифатни эфирга чиқармасликка буйруқ берган”. Сал аввалроқ мухолифат лидерлари мамлакатнинг икки етакчи телеканалини [ҚТР ва “Бешинчи канал”] бирёқламалиликда айблаб, уларга бойкот эълон қилган эдилар.

“Мен Қурманбек Бакиев давлат тўнтаришидан қўрқаяпти, деб ўйлайман. Мухолифат уни амалга оширмоқчи эмас. Президентнинг ўзи икки йил аввал давлат тўнтаришини амалга оширганди”, - деб ҳисоблайди мухолифатнинг бошқа лидери Мелис Эшимқанов.

“Қурманбек Бакиев ким билан жанг қилмоқчи ўзи?” дея савол беради Бирлашган фронт штаби аъзоси Эмиль Алиев. “Сўнгги пайтларда расмийлар томонидан урушга тайёргарликка ўхшаш ҳаракатлар кузатилмоқда”, - дея билдирди у.

Бакиев рақибларини мухолифат лидерларидан бири Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги ҳукумат таркиби ҳам мутлақо қаноатлантираётгани йўқ. Мухолифат вакиллари бу ҳукумат ишида қатнашишдан бош тортишлари натижасида унинг таркибида асосан аввалги бош вазир Азим Исабеков истеъфосигача вазирлик лавозимларини эгаллаб турган кишилар қолганлар. “Мен бош вазир Алмазбек Атамбаев 2006 йил ноябридан бери мухолифатчи бўлиб ҳисобланмаслигини расман билдираман, - дейди Эмиль Алиев. – У расмийлар билан музокараларни айнан ўша пайтлардан бошлаган. Шунинг учун ҳам биз унинг ҳукумат бошлиғи лавозимини эгаллаш қароридан ҳайрон бўлмадик”.

Мухолифат лидерларига кўра, расмийларнинг митинг ташкилотчилари томонидан ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар амалга оширилиши юзасидан хавотир олишлари ўринсиз. “Мен Қирғизистонда ҳеч қандай давлат тўнтариши бўлмайди, деб ўйлайман”, дея билдирди Жўғўрқу Кенеш депутати Темир Сариев президент Бакиевнинг мурожаатидан кейин. “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати ҳамма ишни қонун доирасида қила олишга қодирлигини кўрсатиб бўлган. Лекин расмийларнинг ўзи қонунга риоя қилишга нақадар тайёр эканлар?” – дейди Темир Сариев.

Айрим расмийлар ҳам президент мурожаатидан ҳафсаласи пир бўлганини яширмайдилар. “Қирғизистон президент Қурманбек Бакиевнинг халққа қилган телемурожаати ёзма вариантини ўқиганимдан кейин олдимда собиқ президент Асқар Ақаевнинг 2005 йил 23 мартидаги мурожаат матни тургандек тасаввур пайдо бўлди”, - дея билдирди Бишкек шаҳар кенгаши раисаси Нуржамал Байбўлова.

“Мен бишкеклик тадбиркорлар Қурманбек Бакиевнинг бугунги мурожаатидан кўпроқ нарса кутган эдилар, деб ўйлайман. Қирғизистон президенти Конституцияга кафил инсон сифатида қирғизистонлик тадбиркорлар ҳуқуқи ҳимояланишини таъминлаши шарт. Аммо 2005 йилнинг март ойида таланган кичик ва ўрта бизнес вакилларига шу кунгача товон тўланмади, демакки, уларнинг ҳуқуқлари ҳимояланмаган”, – дейди Нуржамал Байбўлова.

Сиёсатшунос Нур Ўмаровнинг фикрича, расмийлар мухолифат билан чинакам музокараларни фақат 11 апрелдан кейингина бошлайдилар. “Тахмин қилишимча, 11 апрель куни жиддий жараёнлар бўлмайди, - дейид Нур Ўмаров. – Бу кун, кўпроқ кучларни ҳозирлаш ҳамда мухолифат ва расмийлар имкониятларини чамалашга бағишланади. Воқеалар ривожини президент ўз мухолифлари имкониятларига амин бўлишга улгурган 12-13 апрель кунлари кутиш керак”.

Мамлакат президентининг кечаги мурожаати билан Асқар Ақаевнинг 2005 йил 24 март воқеалари олдида қилган чиқишини қиёслай туриб, Нур Ўмаров: “Бакиев сўнгги пайтларгача даъвогар бўлган сиёсий лидерликка мутлақо умидини йўқотган. Расмийларда мамлакатдаги вазиятга таъсир ўтказиш учун ростмана воситалар йўқ. Шунинг учун ҳам улар барча масъулиятни мухолифатга юклашга ҳаракат қилаяптилар. Афсуски, президент мўлжал ола билишга қодир эмаслигини намойиш қилмоқда. У ўтмишда шаклланган стереотиплар асосида фикр юритаяпти”, дея тахмин қилади.

Қайд этиш жоизки, мамлакат аҳолиси, айниқса бишкекликлар бўлажак митингларга анча осойишта муносабатдалар. Айрим оммавий ахборот воситалари томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, пойтахт марказида жойлашган савдо нуқталарининг аксарияти муддатсиз митинглар бошланадиган 11 апрель куни ишни давом эттириш ниятидалар. Йирик савдо марказлари ҳам митинглар чоғида ишлайверадилар. Шу билан бирга, биноларни қўриқлаш кучайтирилиши таъкидланмоқда. Дўконлардан молларни ташиб кетаётганлар кўпчиликни ташкил қилмайди. Журналистлар олдида сўзга чиққан бош вазир Алмаз Атамбаев тадбиркорларнинг кўпчилиги қурол-аслаҳа сотиб олганларини, улардан ўз мол-мулкини ҳимоя қилиш учун фойдаланишлари мумкинлигини қайд этганди. “Сиз ўтган йили бу борада тегишли қонун қабул қилинганини биласиз”, - дея эслатди у.

Бугунги митинг мазкур намойишда сўзга чиқишга ваъда берган бош вазир Алмаз Атамбаев учун ўзига хос синов бўлиши кутилмоқда.

Бирлашган фронт лидерларидан бири, парламент депутати Қабай Қарабековнинг фикрича, давлат раҳбари Алмазбек Атамбаевни бош вазир қилиб тайинлангани ҳолда мамлакатда ислоҳотларни амалга ошириш учун ҳеч қандай иш қилгани йўқ. “Мухолифат Алмазбек Атамбаевга ҳукумат бошлиғи лавозимига ўз номзодини қўйиш ваколатини бермаганди. У мазкур ишни шахсий ташаббусига кўра амалга оширди, энди у мухолифат номидан гапиришга ҳеч қандай маънавий ҳуқуққа эга эмас. Моҳиятан, янги вазирлар маҳкамасида эски таркибдаги одамлар қолдилар”, - деб ҳисоблайди Қарабеков.

10 апрель ҳар хил баёнотларга бой бўлди. Мухолифат аҳолининг 90 фоизи унинг тарафида эканини билдирмоқда, расмийлар эса аҳолининг айнан шунча фоизи амалдаги президентни қўллаётганини таъкидлаяптилар.

Мухолифат лидерлари бугунги митингда 50 мингга яқин киши иштирок этишини билдираяптилар. Уларга кўра, “расмийлар бизга қарши куч ишлатмайдилар. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳаммаси биз томонда”. Феликс Қуловнинг кечаги баёнотига кўра, “митинглар асосан шимолий ҳудудларда бўлиб ўтди. Жанубда улар эртага бошланади. Жойлардаги расмийлар одамларимизни намойишлар чоғида халқ билан бирга бўлишга ишонтирганлар. Кўп раҳбарлар таъқиб-тазйиқлардан қўрқиб, буни баралла айтолмаяптилар”.

“Ҳақиқат они”га саноқли соатлар қолди. Яқинда бутун дунё қарама-қарши томонларнинг тахмин ва баёнотлари нақадар тўғри бўлганлигига гувоҳ бўлади.