02:46 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Гавҳар Жўраева: “Миграцион қонунчиликка киритилган янги тузатишлар дискриминацион характердаги масалаларнинг айримларини бартараф этади”

10.04.2007 11:48 msk

Наталья Зотова суҳбатлашди

2007 йил январь ойида муҳожирот соҳасида янги қонунлар, 1 апрелдан эса чакана савдода чет элликлар улушини чеклаш ҳақида қарорлар кучга кирганидан кейин вазият анча ўзгарди. Муҳожиротни тартибга солиш соҳасидаги ижобий ва унча ижобий бўлмаган ўзгаришлар ҳақида “Фарғона.Ру” АА мухбири “Тожикистон” жамғармаси президенти Гавҳар Жўраева билан суҳбатлашди.

***

Фарғона.Ру: - Гавҳар, муҳожирот билан боғлиқ янги қонунлар қандай амалга оширилаяпти? Бу жабҳада қандай чинакам ўзгаришлар бўлди?

Г. Жўраева: - Ҳозир меҳнат муҳожироти жабҳасида, катта кечикиш билан бўлса-да, қонунга Россия чегарасини кесиб ўтувчи фуқарони машруълаштириш жараёнини анча осонлаштирадиган тузатишлар киритилди. Визасиз тартиб амалда бўлган мамлакатлардан келувчи меҳнат муҳожирларини ёллашни истаган иш берувчилар учун эса чет эллик ишчи кучини ишга жалб қилишга лицензия олишнинг ўта узоқ муддатли тартиби бекор қилинди. Миграцион сиёсатда ижобий ўзгаришлар бошланди, ФМХ (Федерал муҳожирлик хизмати – таҳр.) раҳбарияти эса ахборот алмашишнинг конструктив амалиёти ҳамда салбий тенденцияларни ўз вақтида тузатиш учун замин яратаяпти.

Қонунчиликдаги умидбахш тузатишлар билан биргаликда Россияда миграцион сиёсат билан шуғулланувчи ФМХнинг турли хизматларида ишлаган кўплаб раҳбарлар ҳам алмашди. Шу билан бирга, улар том маънода ўзгардилар, чунончи энди федерал ва ҳудудий миқёсда қонун самаралироқ ишлаши учун тезкор қарорлар қабул қила оладиган профессионаллар ишлаяптилар. Мен ҳозир бу жараённи ўз хоҳишларига кўра йилларча тўхтатиб турган муҳожирлик хизмати раҳбарлари ва ходимлари ҳақида гапиришни истамасдим. Бугун улар ўз менталитетлари билан курашларига тўғри келаяпти. Улар муҳожирот бўйича қарорлар қабул қилиш механизми максимал даражада мураккаблаштирилган даврдаги фаолиятлари ёки фаолиятсизликлари учун жавобгардирлар. Ўша пайтда миллионлаган одамлар Россияда ҳуқуқий майдон ташқарисида қолгандилар, бу эса миллатлараро муносабатлардаги фожеавий ўзгаришларга олиб келганди, жиноятчиликнинг ошишида акс этарди, радикал сиёсий ва диний ғояларнинг тарқалишига сабаб бўларди. Миграцион сиёсатдаги янгича ёндошувлар фуқаролик жамияти, олимлар, ҳуқуқ ҳимоячиларига номашруъ муҳожирот билан курашишда самарали воситаларни ишлаб чиқишда иштирок этиш учун катта имкониятлар яратади. Россия халқларининг ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолиниши ҳамда миграцион ва интеграцион дастурларнинг амалга оширилиши аста-секинлик билан миллатчилик ва дискриминациянинг ўта хунук кўринишларини йўқ қилишга имконият яратади. Дискриминация (камситилиш) ҳақида гапирганларида, айниқса матбуотда, кўпроқ тожикларни эслайдилар. Мен фақат Санкт-Петербургда кичкина Хуршеданинг ўлдирилишини, метрополитенда милиционер отган ўқдан мўъжиза туфайли ўлмай қолган Рустам Бойбеков билан боғлиқ воқеани эслатиб ўтаман.

Фарғона.Ру: - Муҳожирларни машруълаштириш тартиби техник жиҳатдан қандай амалга оширилаяпти?

Г. Жўраева: - Машруълаштириш чегарани кесиб ўтишдан бошланади. Афсуски, ҳозирда ҳуқуқий майдонга фақат эндигина кириб келган ёки Россияда қонуний асосда юрган кишиларгина кира оладилар. Қолганларнинг - улар эса миллионлаган кишиларни ташкил этадилар – муаммоси камайиб қолгани йўқ. Улар Россия чегарасидан номигагина чиқиб кетиб, яна қайтиб келишлари учун йўл қидиришлари керак бўлади. Биз бу ҳолатни моҳиятан жиноий бўлган яширин хусусий капитал манфаатларини ҳимоя қилмиш эски миграцион сиёсат сарқити, деб ҳисоблаймиз.

Биз қуйидагича романтик кўринишни тасаввур қилардик. “Номашруъ кимса” ўзи муҳожирлик хизматига келиб, ўз айбини чин юракдан тан олади, мамлакатда юриш тартибини бузганлиги учун жарима тўлайди ва қонуний мақомга эга бўлади. У давлатдан бошқа ҳеч кимга пул тўламайди ва ниҳоят, пул ундириш тизимидан чиқиб кетади...

Меҳнат муҳожири учун яна бир ажойиб янгилик – агар у меҳнат шартномасига кўра бир ёки икки йилга астойдил ишлаш учун келса, у россиялик фуқаро каби 13 фоиз солиқ тўлайди. Шу билан бирга, биз россиялик фуқаронинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш шартларини муҳокама қила бошлаш жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз. Балки, у чет элликдан кўра каттароқ маош олар, иш ўрнини эгаллаш учун кўпроқ имтиёзга эга бўлар. Агар бу қонунчиликда акс этмаса, меҳнат муҳожирлари жамиятнинг муайян қисми томонидан россияликларнинг иш ўрнини тортиб олаётган салбий куч ўлароқ қабул қилинаверади.

Фарғона.Ру: - Бу тўғридан-тўғри дискриминация бўлади.

Г. Жўраева: - Дискриминация бўлмаслиги учун албатта бажарилиши лозим бўлган ижтимоий характерга эга бўлмиш масалалар, меҳнат муҳожири ва унинг оиласига тиббий хизмат кўрсатиш, болаларнинг мактабда ўқиши ва ш. к. масалалар бор. Бозор муносабатлари ва давлат манфаатларига келсак, менимча, энг аввало, у ўз фуқаролари билан шуғулланиши керак. Бу ишсизлик ва муҳожирлардан нафратланиш даражасини пасайтириш учун керак, айнан шу нарса дискриминацияга сабаб бўлади. Билишимча, хорижда чет элликларнинг ишлаш учун рухсатнома олиш жуда қийин кечади.

Бошқа томондан эса, у ерда полициячилар одам овчилари сифатида иш тутмайдилар, номашруълар эса уларни кўрганда қочмайдилар, тақдирга тан берган ҳолда хўрланиш ёки таланиш, ноқонуний жазоланишни кутмайдилар.

Хулоса қилиб айтганда, миграцион қонунчиликдаги янги тузатишлар дискриминацион характердаги масалаларнинг айримларини бартараф этади.