22:44 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик фикри: “Бизнинг мамлакатда сиёсий тизимни чинакамига демократлаштиришнинг кун-суви битди”

09.04.2007 15:29 msk

Soso Kuchkaryan

Ўзбекистон расмийлари хориждаги сиёсий мухолифат “қўлига қарта” тутишни истамаяптилар ҳамда яқин келажакда мамлакат ичида “гапга кўнадиган мухолифат” пайдо бўлиши учун, шу тариқа, мамлакатда кўппартиялилик ва плюрализм бордай ҳолат пайдо қилиш учун шарт-шароит яратаяптилар. Муштарийларимизнинг биридан келган навбатдаги мактуби ана шу ҳақда.

* * *

Салом, ҳурматли таҳририят. Мен Ўзбекистон сиёсий турмушида содир бўлаётган воқеалар юзасидан ўз фикримни билдирмоқчиман. Ўтган йил охирида Ўзбекистон президенти И. А. Каримов томонидан “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси эълон қилинганди. Бу қонун сиёсий ва давлат тизимининг демократик ислоҳотларини жадаллаштиришга, шу билан, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қуришга қаратилганди. Эндиликда қарийб барча оммавий ахборот воситалари (айниқса, “Ахборот” ва “Давр” ахборот теледастурлари, шунингдек, “Правда Востока” ва “Народное слово” [Халқ сўзи] газеталари) бу қонунни Ўзбекистон аҳолиси сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш йўлидаги муҳим қадамлигини таъкидлаган ҳолда, уни ҳар куни кўкларга кўтармоқдалар.

Бу ташвиқотнинг ҳаммаси шу қадар қуруқ ва меровча кўринадики, у менда (аминманки, битта менда эмас) фақат ғазаб ва нафрат уйғотади. Наҳотки, расмийларимиз биз фуқароларни Ўзбекистондаги сиёсий ислоҳотлар билан боғлиқ бўлган ҳақиқий аҳволни тушунмайди, деб ўйлаш даражасида фаросатсиз бўлсалар?

Бу қонун қабул қилиниши ва уни мафкуравий “оммалаштириш” бошланиши билан менда “бу қонундан кўзланган чинакам мақсад нима?” деган савол пайдо бўлди.

Аснода 2005 йил май ойида Андижонда бўлиб ўтган фожеа, кейин АҚШ ва ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган санкциялари каби сўнгги йиллар воқеалари ёдга тушади. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизнинг чет элда шу қадар обрўсини тушириб юбордики, орадан икки йил ўтиб, “эҳтирослар бироз босилгач”, ўзбекистонлик расмийлар ижтимоий-сиёсий тизимни демократлаштириш бўйича аста-секин ислоҳотларни бошлаш билан бир пул бўлган обрўларини “тиклаш” учун ҳаракат бошладилар.

Ўзбекистон расмийлари бундай қонунларни қабул қилар эканлар, “мамлакатни демократлаштириш” масалаларида Ғарбга ён беришга тайёр эканларини намойиш қилмоқдалар. Бунинг устига, 90-йиллар бошларида (Ўзбекистоннинг энг янги тарихида) биринчи ва ягона партиялар бўлган “ЭРК” ва “Бирлик” каби демократик ҳаракатлар ҳамда сиёсий партиялар (бу партияларнинг раҳбарлари айни дамда қувғиндалар) маън қилинмиш пайтда пайдо бўлган сиёсий бўшлиқни “тўлдириш” имконияти пайдо бўлди. Инчунун, бу қонун вазифаларидан бири, Ўзбекистон ОАВ ташвиқ қилишича, Ўзбекистон қуйи палатасида яқин келажакда биринчи марта ижроия ҳокимиятига мухолиф бўлган партия фракцияларини ташкил этишдан иборатдир.

Менимча, Ўзбекистон расмийлари хориждаги сиёсий мухолифат “қўлига қарта” тутишни истамасдан, келажакка кўз тикмоқдалар ҳамда яқин келажакда мамлакат ичида “гапга кўнадиган мухолифат” пайдо бўлиши учун, шу тариқа, мамлакатда кўппартиялилик ва плюрализм бордай ҳолат пайдо қилиш учун шарт-шароит яратаяптилар.

Шу йил бошида расмийлар томонидан “янада демократлаштириш” бўйича янги қонунлар эълон қилинди. Бунда “Ўзбекистон конституциясининг айрим моддаларига [айнан эса 89-моддага] тузатишлар киритиш тўғрисида”ги қонун қизиқиш уйғотади.

Сенатнинг қонунчилик бўйича комитети раисаси Мавжуда Ражабова “Народное слово”га берган интервьюсида 89-моддага киритилган ўзгартишларни қуйидагича изоҳлади: бу модданинг эски таҳририда “Ўзбекистон Президенти Ўзбeкистон Рeспубликaсидa дaвлaт вa ижро этувчи ҳокимият бошлиғидир” (яъни президент ва Вазирлар маҳкамаси раиси) дейилган. Бу модданинг янги таҳрири қуйидагича бўлади: “Ўзбекистон Президенти давлат бошлиғидир, лекин Вазирлар маҳкамаси раиси бўлиб ҳисобланмайди” (яъни ижроия ҳокимияти раҳбари бўлиб ҳисобланмайди). Шундай қилиб, дея хулосалайди сенатор, Европа даражасига яқинлашароқ, Ўзбекистонда давлат тизимини янада демократлаштириш учун ҳуқуқий база такомиллаштирилади.

Мазкур интервью билан боғлиқ ҳолда менда “бу сиёсий найранг эмасмикан?” деган савол туғилди. Бу мазкур ислоҳотлардан кейин “сиёсий мухолифат”нинг бори танқиди президентга эмас, ижроия ҳокимиятига қаратилиши учун қилинмаяптимикан? У ҳолда барча “гуноҳлар” Вазирлар маҳкамаси раиси устига ёғилади.

Ушбу барча қонунларга қарамасдан, Ўзбекистон расмийлари “кўппартияли” тизимимизни “ислоҳ қилиш”лари учун кўп вақт кетади. Зеро, сўнгги 15 йил сиёсий партияни “урчитиб юборган” расмийлар уларнинг қай бир жиҳатдан бир-бирларидан фарқ қилиши чорасини кўрмаганлар. Ўзларини демократик, социал-демократик ва либерал партия ўлароқ номлаган мазкур партиялар расмийлар учун узоқни кўзлаган мақсадларга эришиш йўлида аввалгидек ниқоб бўлиб қолаверадилар. Ўзбекистон сиёсий партияларига “лидер” аталмиш шахслар бу қонунлар қабул қилинганидан кейин ўзларининг асосий ва ягона ҳокимият бўлмиш президент ҳокимиятига нисбатан мухолифатга айланишни “эсларидан чиқаришиб”, бир-бирларига мухолиф бўлиш йўлидан боришларини билдирмоқдалар. Аснода мазкур партияларнинг сиёсий дастурлари бир-бировидан деярли фарқ қилмайди.

Мавжуд (рўйхатдан ўтган) беш сиёсий партиянинг қайси бири ўнг ёки сўл қарашда эканини ҳам тушуна олмайсиз, зеро, уларда бундай қарашларнинг ўзи мутлақо йўқ, фақат сунъий равишда пайдо қилинган “кўппартиялилик” тизими бор, холос. Ҳойнаҳой, бу каби сиёсий тизимдан тезроқ қутулиш кераклигини англаган расмийлар бу чирик тизимни “ислоҳ қилиш”ни бошладилар, афсуски, бу ерда ҳам уларнинг [партияларнинг] ҳар бири ўз ролини аниқ “ўйнаш”ни давом эттираверадилар.

Ўзбекистон расмийлари сиёсий тизимни “янада демократлаштириш” бўйича сиёсатни давом эттирган ва тўлдирган ҳолда, 2007 йил январь ойида навбатдаги қонунни – “Ноҳукумат нотижорат ташкилотлари фаолиятини кафолатлаш тўғрисида”ги қонунни қабул қилдилар. Бу қонунда “аксилҳукумат” фаолияти билан шуғулланувчи (ёки шуғулланиш эҳтимоли бўлган) чет эл ННТ фаолияти қаттиқ назорат остига олинган. Бу чора-тадбирлар расмийлар томонидан хорижий ННТ ҳамда улар билан тиғиз алоқада бўлган маҳаллий ташкилотлар фаолиятидаги “шаффофлик”ни таъминлашга уриниш ўлароқ оқланаяпти. Маҳаллий сиёсатшуносларимизнинг ёзишларича, “бу “бахмал ва рангин инқилоблар”нинг қарама-қарши жараёни қабатида давлатнинг ўз суверинитетини ички ва ташқи тажовузлардан ҳимоя қилиш тадбиридир”.

Шундай қилиб, яқин келажакда Ўзбекистонда “гапга кўнадиган” мухолифат пайдо бўлиши, натижада, Европа Иттифоқи билан муносабатларнинг илиқлашиши кутилаяпти. Ахир Европа ҳукумат делегацияларининг Ўзбекистонга охирги ташрифларига қараганда, ЕИ мамлакатимиз раҳбарияти билан алоқаларни нормаллаштиришга баҳона кутиб ўтирибди. Ва бу баҳонани Ўзбекистон расмийлари аллақачон тайёрлай бошлаганлар! Демак, бизнинг мамлакатда сиёсий тизимни чинакамига демократлаштиришнинг “кун-суви битди!”

Мен ўз мақоламнинг юзакироқ эканини, юқорида айтиб ўтилган кўплаб масалалар юзасидан тўлдириш ва аниқликлар киритилиши лозимлигини тушунаман. Аммо мен унинг нашрингиз муштарийларида қизиқиш уйғотишига ва мамлакатимиз сиёсий турмушига қизиққан барча кишиларни бефарқ қолдирмаслигига умид қиламан.

Ҳурмат билан, Soso Kuchkaryan