08:09 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик журналистларни “Немис тўлқини” радиостанциясида ишлаганлари учун судга берадилар

06.04.2007 10:11 msk

Ўз ахб.

“Немис тўлқини” радиостанциясининг сайти, “Марказий Осиё хабарлари” дастури

“Фарғона.Ру” АА таҳририятига маълум бўлишича, Тошкент шаҳар прокуратураси “Немис” тўлқини мухбири Наталья Бушуевага нисбатангина эмас, ўша радиостанциянинг яна бир мухбири Юрий Черногаевга қарши ҳам жиноий иш қўзғатган. Юрийни ҳам худди Наталья каби Ўзбекистон Жиноий кодекси 190-моддаси “б” бандини бузганликда (“бир гуруҳ шахслар томонидан аввалдан келишиб олган ҳолда рухсатнома олиниши керак бўлган фаолият билан шуғулланганлик”) айбламоқдалар. Ушбу моддада кўзда тутилган жазо энг кам иш ҳақи миқдорининг 75-100 баробарида жарима тўлатиш ёки уч йилгача аҳлоқ тузатиш ишларига жалб қилишдан иборатдир.

Прокуратура айбловидан келиб чиқишича, у рухсатнома олиниши керак бўлган фаолият ўлароқ хорижий ОАВ билан ҳамкорлик қилинганини кўради, “тил бириктирган” бир гуруҳ шахслар остида эса “Немис тўлқини” мухбирлари назарда тутилади.

Эслатиб ўтамиз, бир йил муқаддам ҳукумат қарори билан ўзбекистонлик журналистларни эркин иш танлаш ҳуқуқидан маҳрум этгандилар – уларга Ўзбекистон ТИВ қошида аккредитациядан ўтмаган чет эл ОАВга ишлашни маън қилиб қўйгандилар. Хайрихоҳ бўлмаган ғарб оммавий ахборот воситаларининг бу маҳкамадан аккредитация олиши қарийб мумкин бўлмай қолган, аккредитацияга эга бўлганларнинг кўпчилигидан эса рухсатнома тортиб олинганди. Аснода мамлакат Конституциясида ҳар бир кишида эркин ахборот тарқатиш ҳуқуқи борлиги баён қилинган.

Ўз ҳамкасбидан фарқли равишда Наталья Бушуевага Ўзбекистон адлияси жиноий кодекснинг бирданига икки моддасини – 190-модда (лицензиясиз фаолият олиб борганлик) ва 184-моддани (солиқ тўлашдан бош тортганлик) айблов ўлароқ рўкач қилганди. У қарийб уч минг долларга тенг бўлган маблағни тўламаганликда айбланаётгани учун бу 184-модданинг “б” бандига (йирик ёки ўта йирик миқдорда солиқ тўламаганлик) тўғри келади. Бунинг учун унга энг кам иш ҳақи миқдорининг 150 баробаридан 600 баробаригача жарима тўлатишлари ёки уни уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишлари мумкин.

Наталья Бушуевага қарши жиноий кодексининг бирданига икки турли моддасини бузганлиги юзасидан жиноий иш очилиши Тошкент прокуратурасининг номақбул шахсдан қутилиш бўйича буйруқ бажараётганини яққол намоён қилади.

“Немис тўлқини” радиостанцияси раҳбарияти Наталья Бушуева солиқлар тўламаганлиги ҳақидаги фикрларни рад этади. “Немис тўлқини”нинг рус тилидаги дастурлари бош муҳаррир ўринбосари Александр Варкентин “Uznews.net” веб-сайтига берган интервьюсида Германияда Н. Бушуеванинг қалам ҳақидан барча солиқлар ушлаб қолинганлигини, Ўзбекистон ва Германия ўртасида эса икки томонлама солиқдан озод қилиш ҳақида шартнома борлигини айтган. Ўз навбатида, “Немис тўлқини”нинг бош директори Эрик Беттермен журналистларни қўрқитиб қўйиш ва уларга босим ўтказиш йўл қўйиб бўлмайдиган ишлигини билдирган ҳамда Ўзбекистон расмийларини эркин журналистлар ишига тўсқинлик қилишни тўхтатишга чақирган.