02:44 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистондан кўчиб кетадиган кишилар Россиянинг марказий ва ғарбий вилоятларини танлаяптилар

05.04.2007 14:25 msk

В.Дубовицкий

Тожикистоннинг Хатлон вилоят маъмурий маркази бўлган Қурғонтепа шаҳрида Россия Федерациясининг Тожикистон Республикасидаги консули ҳамда Россия Федерал муҳожирлик хизмати (ФМХ) вакилининг мамлакатда истиқомат қилаётган россиялик ҳамюртлар билан Россия федерациясига кўчиш масалалари бўйича учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув Тожикистондаги россиялик ҳамюртлар кенгашининг (ТРҲК) бу аҳоли пунктидаги бошланғич ташкилоти томонидан уюштирилган.

Мазкур ҳудудда яшаётган этник россияликлар ичида ўзларининг тарихий ватанларига кўчишни истаганлар ҳозирча унча кўп топилмади – тахминан эллик оила (150 тача киши) ана шундай истак билдирдилар. Бунга сабаб, энг аввало, уларнинг кўпчилигида Россия фуқаролигининг йўқлиги ва кўчиш учун маблағнинг бўлмаганлигидир. Инчунун, “Чет элда яшаётган ҳамюртларни Россия Федерациясига ихтиёрий равишда кўчиришга кўмаклашиш бўйича давлат дастури” одамларнинг ўзлари танлаган жойга кўчиши ва юк кўчириш учун маблағ ажратишни кўзда тутмайди, фақат кўчиб келган жойларида “сарф қилинган маблағлар учун бадал пули”ни тўлайди, холос. Ўз қариндошлари ва яқинларининг Тожикистондан Россияга кўчиш пайтида орттирган аччиқ тажрибаларидан хулоса чиқарган одамларнинг чўчинқираб туришларини тушунса бўлади. Сўнгги 15 йил ичида этник ватанга кўчиб ўтган кишилар сони камида ярим миллионни ташкил этган, бу одамларнинг кўпчилиги янги жойда ҳалигача фуқаролик ололмасдан ва турар-жойга эга бўлолмасдан сарсон бўлиб юрибдилар.

Ҳозиргача Тожикистондаги ФМХ вакилига Россияга кўчиб кетиш истаги билан ҳаммаси бўлиб икки мингга яқин оила (тақрибан 4,5 минг киши) ариза берган. Таққослаш учун – февраль ойи бошида бундай оилалар сони 773 та (1900 киши) эди.

Бу одамлар кўчмоқчи бўлган жой жўғрофияси ҳам қизиқ туюлади: россиялик ҳамюртларнинг олтмиш фоизи Калининград вилоятига; қолган кишиларнинг аксарияти Россиянинг ўрта ҳудудларига, фақат озгина қисмигина Сибирь ва Узоқ Шарққа кўчиб кетиш истагини билдирганлар.

Россияга доимий яшаш учун кетишга қодир ва тайёр бўлган ёшлар жуда ҳам оз. ТРҲК маълумотларига кўра, муҳтамал муҳожирларнинг кўпи Турсунзода (олтмиш оила), Қўрғонтепа (мингга яқин одам) шаҳарларида яшайдилар, шунингдек, республика шимолидаги Хўжанд, Қайроққум, Чкаловскда ҳам икки-уч минг киши бор. Аввал айтилганидек, кўпчилик фақат Россиянинг марказий ва ғарбий вилоятларига (асосан, Калининград вилоятига) кўчиб кетишга тайёр эканлигини эътиборга олиш лозим. Сибирга “ўз ихтиёри билан” кўчишни эса деярли ҳеч ким истамайди – бу жиҳатдан, асосан, маҳаллий миллат вакилларидангина умид қилиш мумкин.

Муаллиф ҳақида: Виктор Дубовицкий – тарих фанлари доктори, Тожикистондаги россиялик ҳамюртлар кенгаши раёсат раиси, “Фарғона.Ру” АА эксперти, Душанбеда яшайди