08:50 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Мухолифатчилар элни безор қилишди”. Қирғизистон жанубида президентни ёқлаб оммавий митинглар бўлиб ўтмоқда

04.04.2007 21:43 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Митинг в Джалалабаде. Фото ИА Фергана.Ру
Жалолободдаги митинг. Фарғона.Ру АА фотоси
Баҳор келиши Қирғизистонда кўча намойишларининг бошланиши билан уйғунлашиб кетади. Икки йил аввалги кетма-кет митинглар мамлакатда ҳокимият алмашишига олиб келганди, ўшанда мамлакатни ўн беш йил бошқарган олим Асқар Ақаев қочиб кетганди. Аммо яна баҳор келиб, мамлакатда қайтадан намойишлар бўлиб ўтаяпти. Республика фуқаролари мухолифат талаблари билангина эмас, амалдаги президентни ёқлаб ҳам кўчаларга чиқмоқдалар.

2007 йилнинг 31 март куни Жалолободда оммавий намойиш бўлиб ўтди, унда тахминий ҳисобга кўра, беш-олти минг киши қатнашди. Улар амалдаги президент Қурманбек Бакиевни қўллаб кўчага чиқдилар ҳамда истеъфога кетган Феликс Қулов бошчилигидаги мухолифатни “хоинлик, ўз ғаразли мақсадлар йўлида ҳокимиятга интилиш, ватанпарварликликнинг йўқлиги”да айбладилар. Улар ҳамюртларни “мамлакатни “шимол-жанубга” ажратаётган, мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликка раҳна солаётган” мухолифат ҳатти-ҳаракатларига қарши туришга чақирдилар.

“Биз ёмғир остида совқотиб турган пайтимизда, мухолифатнинг ҳозирги лидерларидан айримлари қамоқхонада, айримлари эса иссиқ кабинетларда ўтиргандилар ва пул тўплаш билан банд эдилар, - деди митингда сўзга чиққан “Қирғизкино” концерни президенти Замир Эралиев. – Энди бизнинг президент ҳокимият тепасига келганида, улар бизга қарши чиқаяптилар”. Сўнгра яқиндагина мамлакат президентининг укаси Жусуп Бакиев ҳаёти ҳақида ўз фильмини тақдим қилган бу нотиқ янги ҳокимият “бор-йўғи икки йил ишлади, аммо, шунга қарамай, кўп муваффақиятларга эришди”, дея қайд қилди. Собиқ бош вазир Қулов ҳукуматини танқид қилар экан, у “қирғизлар HIPС дастурига кираёзиб, шарманда бўлишларига сал қолди”, дея билдирди.

Митинг в Джалалабаде. Фото ИА Фергана.Ру
Жалолободдаги митинг. Фарғона.Ру АА фотоси
Митинг ташкилотчиларидан бири Ашим Сатаев бир кун аввал Бишкекда ўттиздан ортиқ сиёсий партия ва жамоатчилик бирлашмалари “Барқарорлик ва бирлик учун” форумига йиғилганларини ҳамда тинчлик ва осойишталикка чорловчи бу каби митингларни ҳудуднинг барча шаҳар ва туманларида ўтказиш режаланганини қайд этди. Тадбирнинг бошқа лидери Табилди Шаимқуловга кўра, Жалолободдаги митинг Бирлашган фронтга қарши яқинда тузилган Халқ ҳаракати штаби томонидан ташкил этилган, бу ҳаракатга бир неча партия ва бирлашмалар, шу жумладан, Март инқилобини ҳимоя қилиш ҳаракати ҳам кирган.

Жалолободдаги митингда сўзга чиққанлар йиғилганларни аҳоли ўртасида тинчлик ва барқарорлик, жамиятдаги осойишталик ғояларини ёйиш бўйича иш олиб боришга чақирдилар. Норозилик намойишида ҳудудда яшовчи кўплаб миллат ва элат вакиллари иштирок этдилар. Митингда сўзга чиққанлар лафзида икки йил аввалги “қирғизлар” сўзи ўрнига “қирғизистонликлар” сўзи кўпроқ учрарди.

Қирғизистон Халқлар ассамблеясининг вилоят бўлими ходимаси Фарида Саяқованинг билдиришича, вилоят ҳудудида қирқдан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладилар. “Барча халқлар ҳам худди қирғизлар каби мамлакатда тинчлик ва барқарорлик бўлишини, умумхалқ томонидан сайланган президент муддатининг охиригача ишлашини истайдилар”, - дея ўз фикри билан ўртоқлашди Ф. Саяқова. Бу таъкидда асос борга ўхшайди: унинг сўзларини ёқлаб ўндан ортиқ миллий-маданий марказ вакиллари сўзга чиқдилар.

Уулкан Мамасабирова. Фото ИА Фергана.Ру
Уулқан Мамасабирова. Фарғона.Ру АА фотоси
Март инқилобини ҳимоя қилиш ҳаракати ҳамраисаси Уулқан Мамасабирова ҳудуд оналари номидан нутқ ирод этди. У. Мамасабирова “мухолифатчилар элни безор қилишди”, дея билдирди. “Бу митингларга қачонгача чидаш мумкин, - дея савол берди у. – Агар мухолифатчилар эсларини йиғиб олмасалар, биз ўз инқилобимизни зафарини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсага тайёрмиз”.

Мамлакатдаги сиёсий жараённи ҳаракатлантирувчи асосий куч, икки йил аввал бўлгани каби, ҳали ҳам аёллар бўлиб қолмоқда. Нима десангиз денг-у, лекин бу аёлларнинг оғзидан чиқаётган сўзларга қараб, уларда жанговар руҳ етарли, деган хулосага келиш мумкин. Дейлик, Жалолобод вилоят Аёллар кенгаши раисаси Айчуррек Мамажанова “Фарғона.Ру” АА мухбири билан суҳбат чоғида “агар мухолифат Бирлашган фронт истаса, вилоятнинг раҳбар аёллари у билан жанг қилишга тайёр”лигини очиқдан-очиқ билдирди.

Митинг в Джалалабаде. Фото ИА Фергана.Ру
Жалолободдаги митинг. Фарғона.Ру АА фотоси
Мухолифатнинг 11 апрель куни муддатидан аввал президентлик сайловлари талаби билан муддатсиз митинг бошлаш ниятини кескин қоралаб чиққан митинг иштирокчилари нутқига қараб, мамлакат жанубида “фронтчилар” арзирли қўллов кутмасалар ҳам бўлар экан, деган хулосага келиш мумкин. Президент Қурманбек Бакиев тарафдорлари жанубдаги Ўш ва Жалолобод шаҳарларида мухолифат вакилларига босим кўрсатаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам ана шундан далолат бериб турибди. Жалолободдаги митинг тугаши биланоқ мамлакат ахборот сайтлари митингчилар Ўмурбек Текебаев бошчилигидаги “Ата-Мекен” партияси вакилини митингда Бирлашган фронтни қоралаб сўзга чиқишга мажбур қилганлари тўғрисида хабар қилдилар.

Бошқа бир хабарда эса “яқинда Бирлашган фронтнинг муддатдан аввалги президентлик сайловини ўтказиш ғоясини қўллаб чиққан мухолифатчи депутат Ўмурбек Текебаевга қарашли “Сентябрь” телеканалининг журналистини митингчилар калтакланган”лиги хусусида айтилганди. Бироқ, маълум бўлишича, журналистни ҳеч ким калтакламаган экан.

Жалолобод расмийлари Бирлашган фронтнинг 11 апрелга мўлжалланган митинги қабатида вилоятда бирор-бир тадбир ўтказилиши хусусида ҳали билмас эканлар. Вилоят ИИБ бошлиғи Нурлан Темирбаевга кўра, парламент депутати Ўмурбек Текебаев сайланган “Бозорқўрғон туманида қанақадир намойишлар бўлиши мумкин”.

Қирғизистондаги ҳар иккала лагерь вакилларининг фаоллиги кундан-кунга ортиб бормоқда. Кўп кузатувчилар ва экспертлар, агар мухолифат билан расмийлар ўзаро муросага кела олмасалар, воқеалар ривожи қандай бўлишини ҳеч ким айта олмайди, дея қайд этадилар.