18:58 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон қамоқхонасида муддатини ўтаган журналист: “Маҳбусни ҳаммасидан ҳам кўра кўпроқ тўла иҳоталаниш эзиб ташлайди”

03.04.2007 16:35 msk

Фарғона.Ру

Бугунги кунда хорижий оммавий ахборот воситаларидан бири учун ишлаётган ўзбекистонлик ҳар қандай журналист фақат бу мамлакат ҳаёти ҳақида ҳақиқатни ёзгани ва айтгани учунгина эртами-кечми қамоққа тушиши мумкин. Бироқ уни расман журналистик фаолият учун суд қилмайдилар. Ахир Ўзбекистон Жиноий Кодексида бунга мос келадиган моддани топиш қийин эмас-да. Қамоқхонада тўрт ярим ой ўтирган ўзбекистонлик журналист ҳикояси ҳам буни тасдиқлайди.

Бу муддатнинг эллик беш кунини у вилоятлардан биридаги Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) бошқармаси тергов ҳибсхонасида ўтказган. Ўтган йил августида бу журналистни чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтишга уринганликда, моҳиятан эса, ҳаддан зиёд ҳур фикрлилиги ва чет эл ОАВ билан ҳамкорлик қилгани учун айблаганлар.

Жорий йил январида ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзова ҳам чет эл ташкилотлари ҳамкорлик қилганди. Мактуб муаллифи унинг келажаги ҳақида ҳам ўз тахминларини билдиради.

* * *

“...Маҳбусни ҳаммасидан ҳам кўра кўпроқ тўла иҳоталаниш, қариндош-уруғдан хат-хабар йўқлиги, келажакнинг ноаниқлиги эзиб ташлайди. Маҳбус ўз фаолият ҳақида терговга нима маълумлигию нима маълум эмаслигини, унга қарши ким гувоҳлик бераётганини, ўз дўстлари, ҳамкасблари, танишлари ва яқин қариндошлари қай аҳволдалигини билмай, гумонлар ичра ўтираверади. Маҳбус қийноқлардан қўрқмайди, уни “яқинларимни қийнамаётганмикинлар?” деган фикр қўрқитади.

Ҳозир ҳамкасбим Умида Ниёзова ҳам сақланаётган Тоштурма Ўзбекистон Республикаси Жазони ўташ бош бошқармасининг (ЖЎББ) тақсимот базаси бўлиб ҳисобланади. Бу ёққа бутун мамлакатдан маҳбуслар келади ва ўзларини муддат ўташ учун қайси қамоқхонага юборишларини кутадилар. Бу қамоқхона жиноят оламида энг “либерал” қамоқхона сифатида машҳур. Бу ерда ҳамма нарсани сотиб олса бўлади: навбатдан ташқари учрашувни ҳам, уйдан бериб юборилган буюм ва озиқ-овқатларни ҳам. “Дубак” ва “дубачка” деб аталувчи нозир-нозиралар муайян ҳақ эвазига маҳбусга пул ҳам киритиб беришлари мумкин. Улар фақат пулгина олиб кириб бермайдилар. Навбатчилар камералар бўйлаб юришиб, маҳбуслар ва судланганларга турли товарларни – ароқ, наша, бир дозали шприц, “Спид-инфо” газетаси ва ҳаказоларни сотиб олишни таклиф қиладилар. Улар билан алоҳида камерада “роҳибалар” билан учрашув ҳақида ҳам келишиш мумкин. Пули бор “зэк”лар ўз камерасини ўз дидига яраша безатиб олишлари мумкин.

Ҳибсхонада энг азоб берадиган нарса судни кутишдир. Мени чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринганлигим учун ҳибсга олгандилар. Суд кунини мен озодлик кунини кутгандай кутардим. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Жиноий Кодексининг 223-моддаси 1-бандига мувофиқ менга энг кам иш ҳақи миқдорининг 50 баробаридан 100 баробаригача, ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазо беришлари мумкин эди.

Судланган киши кичкина зах камерада дунёдан ажратилган ҳолда сақланади. Қариндош-уруғлар билан учрашиш, телефон орқали суҳбатлашиш, уйдан бериб юборилган нарсаларни олиш – буларнинг ҳаммаси маън қилинган. Маҳбусни суткасига бир соат сайрга олиб чиқадилар. Қамоқхона кутубхонасидаги китобларни уч ойда ўқиб ташласа бўлади. Маҳбуслар ва аристонлар китоблардан (бошқа қоғоз бўлмагани учун) ҳожатхона қоғози сифатида фойдаланадилар, шунинг учун ҳам мутолаа асабларни синаш машғулотига айланади.

Гарчи судланган кишига, ЖПКга мувофиқ равишда, газета ва журналлар олишга рухсат этилса-да, амалда уларга фақат маҳбуслар “қанжиқ” деб атайдиган VBG (?) газетасинигина берадилар. Интернет орқали ахборот олиш ва мулоқот қилишга ўрганиб қолган журналист учун бундан ортиқ жазо бўлмайди. Бундан ташқари, қамалган ҳуқуқ ҳимоячиси ёки журналист алоҳида назорат остида бўлади, унинг камераси эса “босим” остида бўлади. Бу сен ва сенинг камерадошларинг чифирь, тамаки ва носвой каби қамоқхона “тансиқлик”ларидан маҳрум бўлади, деганидир. Бу эса жиноятчи қўшниларингнинг ғазабини қўзғатади ва уларнинг сенга қарши қайралишларига сабаб бўлади. Ахир нозир гугурт чўпи ҳам бермай, тирқиш орқали камерани мунтазам назорат қилиб тураверади-да.

Умида Ниёзовани нима кутаяпти?

Бу журналист аёлни ҳам чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбламоқдалар. Оммавий ахборот воситаларида Умида Ниёзова бир кишилик камерада сақланаётгани ҳақида хабар берилди. Аснода, Ўзбекистон Республикаси Жиноий-процессуал кодекси 244-моддасига мувофиқ, “агар ҳибсга олинган киши 15-модданинг тўртинчи ва бешинчи бандларида кўзда тутилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблансагина, прокурор ёки суд қарорига кўрагина қамоқхонада алоҳида сақланиши ёки тергов ҳибсхонасининг бир кишилик камерасида сақланиши мумкин”.

Умида Ниёзованинг адвокати қаёққа қараяпти? Нима учун у аёлни умумий камерага кўчирилишига эришмаяпти? Лекин ашаддий жиноятчи аёллар даврасида ўтиргандан, бир ўзи ўтиргани ҳам маъқул. Ахир улар орасида Умида айтган ҳар бир сўзни тезкор ходим ва терговчига етказиб борадиган ёлланма жосуслар ҳам бўлиб қолиши мумкин-да.

Яна ўша ЖПКга мувофиқ, адвокат ўз ҳимоясидаги киши билан чекланмаган вақт ичида учрашиш ҳуқуқига эга. “Агар айбланувчи ёки судланувчи ҳибсда сақланаётган бўлса, ҳимоячи у билан учрашувлар миқдори ва давомийлигини чекламаган ҳолда яккама-якка учрашишга ҳақлидир”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси ЖПК 53-моддасида.

Яхши ва фаросатли адвокат ўз ҳимояси остидаги кишининг руҳини кўтариб туришни, айблов хулосаси мазмунидан уни хабардор қилишни, унинг соғлиғи ҳақида қариндош-уруғлар ва яқинларга хабар беришни уддалайди. Бу айниқса Умиданинг шароитида ўта долзарбдир – у ташқарида ўзини қўллаб-қувватлаётган ва унинг озод бўлишини кутаётган минглаб кишилар борлигини билиши жуда муҳим.

Менинг адвокатим – МХХ терговчиси томонидан таклиф қилинган ёш ва ўқимишли йигит – мен билан судгача фақат бир марта яккама-якка учрашганди. Учрашув хонасида у дарҳол менга имо-ишоралар қилиб, бизни эшитиб ўтирганлари ҳақида огоҳлантирди, натижада биз истаган суҳбат бўлиб ўтмади. Шундан кейин, менинг илтимосларим ва аризаларимга қарамай, то суд бўладиган кунгача адвокатни менинг олдимга қўймадилар.

Ўзбекистон адлияси учун қонун моддасининг бузилиши эмас, судланувчилар курсисида ўтирган кишининг кимлиги муҳим. Унинг ҳакам билан келиша оладиган фаҳм-фаросатли қариндошлари борлиги ҳам муҳим. Одатда, қариндош-уруғлар ва ҳакамлар ўртасидаги воситачиликни адвокатларнинг ўзлари бажарадилар. Улар келишадилар, керакли пулни топширадилар ва керакли ҳукмга эришадилар. Бироқ расмийлар Умида Ниёзовага сиёсий диссидент каби муомалада бўлсалар керак, бу эса уни озод қилиш вазифасини анча мураккаблаштиради.

Гарчи журналист аёлни Тоштурма тергов ҳибсхонасида сақлашаётган, терговни эса транспорт прокуратураси олиб бораётган бўлса-да, аслида терговни Умида Ниёзованинг журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан қизиқаётган МХХ мутахассислари бошқараяптилар. Уларни Умиданинг чет эллик ҳамкорлар билан бўлган алоқаси, ахборот узатиш йўллари, алоқа усуллари қизиқтираяпти. Балки улар таҳдид ва қўрқитишлар йўли билан унинг ёзишмаларини очишга, электрон почтасини очиб ўқишга муваффақ бўлгандирлар, унинг барча хатларини титкилаб чиққандирлар. Уларни, айниқса, Умиданинг чет элдаги мухолифат лидерлари билан алоқаси бор-йўқлиги қизиқтиради. Унинг ён дафтарчасидаги телефон рақамлари орқали аёлнинг барча дўстлари ва танишлари ошкор ёки махфий тарзда сўроқ қилинса, бунга ҳайрон бўлиш керак эмас.

Умида Ниёзовага нисбатан қандай ҳукм чиқарилиши мумкин?

Бу бир неча омилга боғлиқ. Унга ЖПК 233-моддасининг 1-бандидан (чегарани ноқонуний йўл билан кесиб ўтганлик) бошқа модда қўлланилмаса керак. Аммо, эҳтимолки, суд олдидан хушсурат ва хушқилиқ ходим Умидани ўз кабинетига чақириб, “халқ олдида ошкора тавба қилиш”ни, тавба қилиш асносида “Ватанга ва президентга нисбатан содир этган жинояткорона қилмишлари ҳақида” гапириб беришни, “президент ва ўзбек халқидан кечирим сўраш”ни таклиф қилиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси тасвирга олиниб, вақти-соати келгунча сақлаб қўйилиши мумкин.

Ҳозирча эса Ўзбекистон МХХ шак-шубҳасиз унга ҳамкорлик қилишни ҳамда ўз хатларини чет эллик хўжайинларига жўнатишдан аввал уларга бир қатор кўрсатиб олишни таклиф қилади. Агар шундай қилинадиган бўлса, балки раҳбарият ҳакамнинг ҳукм чиқаришда марҳаматлироқ бўлишни илтимос қилишини, акс ҳолда, Умидани энг камида бир йиллик қамоқ жазоси кутаётганини айтадилар.

Суддан нима кутиш мумкин? Умида Ниёзова жаҳон ҳамжамияти диққат-эътибори остида (ҳамда Ўзбекистон махсус хизматларининг назорати остида) бўлгани учун, қариндош-уруғлар ҳакам билан “айланай-ўргилай” қабилида шартнома тузолмайдилар. Жуда бўлмаганда, Умидага энг кам иш ҳақининг 200 баробаридан 400 баробаригача миқдорда катта жарима белгилашиб, уни суд залидан озод қилиб юборишлари мумкин. Бу тақрибан 2,48 миллион сўмдан 4,96 миллион сўмгача ёки 1984 АҚШ долларидан 3968 АҚШ долларигача деганидир. Шу тариқа, Ўзбекистон Ғарбга ўзининг журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан гўё либерал муносабатда эканини намойиш қилиши мумкин.

Агар ишлар ёмон тус олса, Ниёзовани олти ойга қамашлари мумкин.

* * *

Қамоқдан чиқадиган пайтим келганида, махсус қисм бошлиғи менга озод этилганим ҳақида маълумотнома ёзиб бера туриб, хорижий ОАВга дохиллигимга шама қилган ҳолда: “Энди ҳатто Би-Би-Си билан ҳам ҳамкорлик қилишингиз мумкин”, дея заҳарханда қилди. “Ҳаракат қилиб кўраман”, дедим ўзимнинг муддатдан аввал озодликка чиқаётганимга ишонқирамай. “Демак, сизга бу ерда ўтириш ёқибди-да. Ундай бўлса, марҳамат қилгайсиз!”, - деди бошлиқ киноя билан.