19:51 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон: “Степногорсклик террорчилар” ҳалигача ўзлари амалга оширган жиноятлари юзасидан изоҳ ола билмадилар

02.04.2007 22:18 msk

Андрей Гришин

Ўтган йилнинг ноябр ойида террорчиликда айбланган степногорсклик ўн мусулмон, тўрт ойдирки, тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳибсга олинганлардан бири - Турған Ўмаровни айбдор сифатида жалб қилиш ҳақидаги қарорда қуйидагилар айтилади:

“Қозоғистон Республикаси фуқароси Ўмаров Турған Гелманович 2006 йил августидан ноябригача бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда Ақмала вилояти ҳудудида жамоат хавфсизлигига ва жамоат тартибига қарши қуйидаги ҳолатларда ўта оғир жиноятни содир этган.

2006 йил ёзида Ақмала вилоятидаги Степногорск шаҳри фуқароси Ўмаров Т. Г. террорчилик қасдида жиноятлар содир этиш учун, яъни кишиларни ҳалок бўлишига сабаб бўлиши ва бошқа ижтимоий жиҳатдан хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган портлашлар, ўт қўйишлар ва бошқа ҳатти-ҳаракатлар шаклидаги конкрет террорчилик ҳуружларини амалга ошириш мақсадида террорчилик ташкилоти тузган. Улар Степногорск шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқармалари биноларини муҳтамал террорчилик ҳуружлари учун объект сифатида танлаганларидан сўнг, бу ўта оғир жиноятларга тайёргарлик кўришга қаратилган ҳатти-ҳаракатларни содир қилганлар, яъни бевосита ғаразли мақсадлар билан жиноят воситалари ва қуролларини, шунингдек, ўз танишлари орасида жиноятга шерик бўлиши мумкин бўлган кишиларни излаб топиш билан машғул бўлганлар.

Ташкил этилган террорчилик гуруҳига янги аъзоларни жалб қилиш мақсадида Ўмаров кишиларнинг диний туйғуларидан фойдаланиб ва Қуръоннинг айрим оятларини ўзича талқин қилиб, уларни “кофирлар”га қарши “жиҳод”да иштирок этиш қабатида террорчилик ҳуружларини амалга оширишга чорлай бошлаган. Шу билан бирга, ўз сўзларининг ишончли чиқиши учун Ўмаров Ислом динининг ўта радикал оқимларига мансуб кишилар томонидан амалга оширилган қатор “даъват”ларни уюштирган”.

Қозоғистонликлар Миллий Хавфсизлик Комитети (МХК) ходимларининг қарийб ҳар ҳафта мамлакатда таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзоларини ҳибсга олишларига аллақачон кўникиб қолганлар. Ҳатто ўз ўтмишидан воз кечиб, МХКга ихтиёрий равишда келганлар ҳам панжара ортига тушаяптилар, ҳолбуки, улар аввалроқ билдирилган шафқатлиликка умид қилсалар ҳам бўларди. Ҳозирги пайтда Алматидаги ЕХҲТ маркази ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар таъқиқланган ташкилотларга аъзоликдан воз кечиш ҳақида қарор қабул қилинганидан кейин жавобгарликка тортилганлар тўғрисидаги бирор-бир маълумот олишга зўр бериб уринаётибдилар.

Бироқ экстремистик фаолиятда иштирок этганлик учун жазо беришни кўзда тутган жиноий модда одамларни безор қила бошлади, чунки бу жангчилари сиёсий ва буюртма қотилликлар ҳамда одам ўғирлашлар билан боғлиқ жанжалларга кўзга ташланиб қолаётган салоҳиятли идораларнинг путурдан кетган обрўсида чиройли акс этмаяпти. Бунда жиддийроқ сабаб керак.

“Гап шундаки, менга Қозоғистон Республикаси жиноий-процессуал кодекси (ЖПК) 30-моддаси талабига зид равишда айблов қўйилди, унда рус тилида ёзилмиш матнда араб тилидаги “жиҳод” ва “даъват” сўзлари мавжуд. ҚР ЖПК 209-моддасининг 4-қисми талабига зид равишда терговчи айблов моҳияти ва мазкур сўзлар маъносини тушунтирмайди”, - бу сатрлар Степногорск шаҳридаги “террорчилик ташкилоти”нинг бошқа тўққиз аъзоси билан биргаликда Астана шаҳар МХК тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳбус Турған Ўмаров хатидан олинган.

Иш бўйича тергов қилинаётган кишиларнинг у ёки бу ҳодиса юзасидан, масалан, Ироқ босқинчиларига ёки минглаб диндорларни суд ва терговсиз узоқ муддатларга қамоққа тиқаётган Ўзбекистон расмийларига қарши “жиҳод” эълон қилиш чақириқлари битилмиш варақалар тарқатаётган рўйхатга олинмаган ташкилотлардан бирига дахлдор бўлиши мумкинлигини тахмин қилса бўлади. Илло, агар қонунчиликка риоя қилинадиган бўлса, бунда “жиҳод” ва “даъват” сўзларининг қай маънода ишлатилганини аниқлаш учун экспертлар хулосаси зарур бўлади. Маълумки, “жиҳод” калимаси фақат “кофирлар”га қарши курашнигина эмас, нафси амморага қарши курашишни ҳам англатади, идораларимиз томонидан ноқонуний маъвиза ўлароқ эркин талқин қилинган “даъват” калимаси ҳам диний чақириқ маъносини билдиради.

“Ҳибсга олиш пайтида кўпчиликка портловчи мосламалар ташлаб қўйишди””, - дея таъкидлайди гумонланувчи Ўмаров ўз мурожаатномасида. Қўлга олиш чоғида бирорта ҳам манфаатдор бўлмаган шахслар йўқ бўлгани сабабли бу ишнинг бўлган-бўлмаганини айтиш қийин. Аммо мен ўзим аввалроқ тезкор гуруҳ томонидан суратга олинган видеотасмада муҳтамал террорчилар тушган автомобилни “тасодифан” тўхтатган полициячи, ҳойнаҳой, профессионал савқи табиий етовида маҳфий туйнукка интилиб, у ердан граната чиқариб олаётганини кўргандим. Бу каби жиноятларда айбланаётган кишилар ҳам қандай қилиб бу ашёлар (граната билан варақа ёхуд ўқлар билан варақа) уларнинг уйларида ёки машиналарида пайдо бўлиб қолгани ҳақида айнан бир хил воқеаларни гапирадилар. Бунинг устига, “Ҳизбут-Таҳрир”га аъзоликда гумон қилинган йигит Кентау шаҳридаги Миллий Хавфсизлик комитети ертўласида қийноқлардан ҳалок бўлганини ҳам ҳали эсдан чиқарганимизча йўқ.

Бундан ташқари, “степногорсклик террорчилар” иши бўйича бошқа ашёвий далиллар ичида яна экспертлик баҳоси берилиши керак бўлган диний адабиёт ва Қуръони Карим ҳам бор.

Ишнинг жойидан силжимаётганидан уни икки марта узайтирганлари, аммо қўшимча тасдиқловчи далилларни тополмаганлари ҳам далолат бериб турибди. Март ойида тергов ишни учинчи марта чўзилиши керак эди.

Қўлга олинганлар қанақадир радикал ниятда бўлганлари ва ҳатто Ҳалифалик қурмоқчи бўлганларини истисно этиб бўлмайди – бу ҳолат ўз-ўзидан мазкур шахсларнинг конституцион тузумни ағдариб ташлашга ҳозирлик кўрганларига далил бўлади. Аммо қонунга кўра бу ниятлар амалга ошириб бўлинганидан кейин нисбат берилувчи террорчилик тўғрисидаги моддага тўғри келмайди.