06:46 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубидаги мактаблар кўп маданиятли тарбия муаммоси юзасидан ташвишланяптилар

02.04.2007 14:18 msk

Светлана Гафарова, Ўш (Қирғи

Қирғизистон жамияти ташвишланарли ҳодисага дуч келди: таълим муассасаларидан бошқа миллат вакиллари билан муомала қилишни билмайдиган, бегона тил, маданият ва анъаналарни тушуниш ва қабул қилишни истамайдиган ёшлар чиқаяптилар. Бу омил айниқса республиканинг жанубида кўпроқ сезилади, сўнгги йилларда мономиллий аҳолили туман ва шаҳарлар сони кўпайган мазкур ҳудуддаги вилоят марказлари бўлмиш Ўш ва Жалолобод аралаш (қирғиз-ўзбек, қирғиз-ўзбек-рус) мактабларида болалар ўртасида вақти-вақти билан миллатчилик кайфиятидаги низолар чиқиб турибди.

Ўқитувчилар бу каби муаммоларни ҳал қилишга тайёр эмасликлари маълум бўлиб қолди. Ўзи билан овора бўлган Таълим вазирлигида ўсиб келаётган авлодни кўпмиллатли маданият асосида тарбиялаш дастурларини ишлаб чиқиш учун маблағ йўқ. Бу ёпиқ ҳалқани илмий доиралар ва фуқаролик сектори вакиллари узиб ташлашга бел боғладилар.

- Биз қўйган биринчи қадам кўп маданиятли тарбия ва кўп тилли таълим бўйича мактаб ва олийгоҳ ўқитувчилари учун ўқув тадбирларини ишлаб чиқиш бўлди, - дея таъкидлади Дилдора Ҳамидова ўзи бошчилик қилаётган “Кўп маданиятли ва кўп тилли таълим маркази” жамоатчилик жамғармаси томонидан амалга оширилаётган “Қирғизистон Республикаси жанубида кўп маданиятли тарбия ҳамда давлат ва иккинчи тил ўқитиш сифатини яхшилаш” лойиҳаси тақдимотида. – Олдимизга қўйилган вазифа иккинчи тил ўрганишни, самарали усуллар ва шакллардан фойдаланган ҳолда, сифатли даражага кўтаришдир. Семинардаги икки тилли таълим турли жиҳатларини муҳокамалар этиш чоғида бир неча этник гуруҳлар вакиллари ўқувчиларнинг коммуникатив малакаларини ривожлантириш бўйича ўз методикаларини таклиф қилдилар.

Марказ “Кўп тилли таълимни ривожлантириш” дастури бўйича жанубдаги аралаш мактабларда ишловчи мураббийлар командасини тайёрлаган. Бир неча тилли ўқув муассасаларига алоҳида эътибор реал муаммолар сабабли юзага келган: айнан ўша мактаблардаги ўқувчилар орасида миллатчилик қабатидаги тўқнашувлар содир бўлади.

Тахмин қилинишича, бу каби мактаблар болаларнинг миллатлараро муомаласи ва чидамлилигини таъминлашнинг яхши намунаси бўлиши керак эди, аммо бу олийжаноб мақсадга ҳамма ерда ҳам эришишнинг имкони бўлмаган.

- Мактаб миллатлараро муносабатларни йўлга қўйиш сиёсатини амалга оширишда энг муҳим ресурс ўлароқ кўрилиши ҳақида энг юқори даражаларда билдирилганди, аммо бу сиёсатни саводли ҳал қила оладиган педагогик кадрлар тайёрлаш зарурати ҳақида бир оғиз ҳам гап айтилмаганди, - дея қайд этди Ўш давлат университети танқидий тафаккур лабораториясининг мудираси Нина Ешенова. – Ўқитувчиларимиз, айниқса, қишлоқ ўқитувчилари информацион очликни ҳис қилмоқдалар, замонавий болалар билан ишлашнинг янги, информацион шаклларига эҳтиёж сезмоқдалар, миллатлараро мулоқот маданиятини шакллантириш соҳасида тажрибага эга бўлган олимлар ва ўқитувчилардан қўллов кутмоқдалар. Ўзган туманининг уч қишлоқ мактаби ҳамда Ўш шаҳридаги таълим ўзбек, рус ва қирғиз тилларидан олиб бориладиган мактабларда “Кўп маданиятли ҳудудлардаги этник гуруҳлар зич яшаган жойларда кўп тилли таълим ва кўп маданиятли тарбияни ривожлантириш” лойиҳаси бўйича ишлаган олийгоҳимиз олимлари бунга амин бўлдилар.

- Бошқа халқ тилига, маданиятига ҳурмат болага боғча ёшидан сингдириб борилиши лозим, - деб ҳисоблайди шаҳар ўзбек миллий маркази раҳбари Арофат Олимжонова. – Масалан, “Жўмўқ” (“Эртак”) болалар боғчаси тарбияланувчилари боғчадан ўзбек, рус, инглиз ва қирғиз тилини ўрганиб чиқиб кетадилар.

Турли миллатга мансуб болажонлар ўзаро мулоқот чоғида тил тўсиғига дуч келмайдилар, аммо болалардан кимдир ўзбек тилини чуқурроқ ўрганмоқчи бўлса, жиддий тўсиқларга дуч келиши мумкин.

- Бугунги кунда Қирғизистонда сон жиҳатдан иккинчи бўлган, етти юз мингдан ортиқ кишидан иборат этник гуруҳ тилини ривожлантириш ва сақлаб қолиш учун шароит йўқ, - дея давом этади суҳбатдошим. – Ўзбек мактабларининг юқори синфларида она тилидаги дарсликлар ўта танқис.

Бир неча йил аввал Жалолобод вилоят ўзбек миллий-маданий маркази қошида Таълимга кўмак кўрсатиш жамғармаси фаолият кўрсатиб, ўзбек тилида бир неча дарсликлар яратилиши ва чиқарилишини молиялаштирганди. Маблағ йўқлиги сабабли ҳозир бу иш тўхтаб қолган. Бу каби тузилмани Ўшда тузишга уриниш ҳам муваффақиятли бўлмади.

Қозоғистонда, масалан, бу йўналишда ўзбек миллатига мансуб кишиларга давлат ёрдам беради.

- Тилни муваффақиятли ўрганишни фақат давлат қўлловида амалга ошириш мумкин, - дейди Қозоғистоннинг Чимкент вилоят ўқитувчилар малака ошириш институтининг ўзбек мактабларидаги бошланғич таълим услубчиси Маҳфуза Мусаева. – Мамлакатимиз жанубидаги ўн бир туманда ўқиш ўзбек тилида юритилувчи 144 та мактаб, ўқиш тожик тилида юритилувчи 3 та мактаб бор. Уларда она тилидаги дарсликлар билан муаммо йўқ.

Ўн икки йиллик таълимга ўтиш муносабати билан мазкур миллий озчиликларнинг ёш вакиллари учун мактаб дастурини ишлаб чиққан ижодий гуруҳ жамланганди. Шунинг шарофати билан таълим ўзбек ва тожик тилида олиб бориладиган мактаблар қозоқ ва рус тилларидаги тестларни бемалол ечаяптилар, бу эса уларнинг мамлакат олий ўқув юртларида таълимни давом эттиришларига ёрдам бермоқда ва иккинчи тил ўқитиш сифатидан гувоҳлик беради.