13:02 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

2007 йил апрели – 2005 йил марти. Фарқ нимада?

01.04.2007 15:17 msk

Алишер Соипов

Архивные кадры мартовской революции 2005 года: сорванный портрет Аскара Акаева. Фото ИА Фергана.Ру
2005 йил “март инқилоби” кадрлари: Асқар Ақаевнинг йиртиб ташланган портрети. Фарғона.Ру АА фотоси
2007 йил март ойининг охири ва апрель ойининг бошлари нимаси биландир 2005 йил мартини ёдга солади. Бугунги вазият икки йил аввалги “лола инқилоби” аломатларидан анча фарқ қилишига қарамасдан, бу воқеалар қай бир жиҳатлари билан бир-бирига ўхшаб кетади. Мухолифат ўша даврдагидек ўз ниятлари ҳақида шов-шувли баёнотлар тарқатмоқда, кўча намойишлари зарбаларини биринчи бўлиб қабул қилаётган давлат ҳокимияти идоралари ҳам (бир қарашда) зўр бериб қаршилик кўрсатмоқдалар. “Фарғона.Ру” ААнинг Қирғизистондаги вакили, журналист ва ношир Алишер Соипов расмийлар тактикаси ҳамда Қ. Бакиев тарафдорларининг А. Ақаев тарафдорларидан фарқи ҳақида мулоҳаза юритади.

* * *

2005 йилнинг март ойи бошларида парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган қирғизистонлик мухолифатчилар Ўш, Қорасув, Ўзган ва Жалолободда собиқ президент Асқар Ақаев режимига қарши ўз норозилик намойишларини бошлагандилар. Ўз навбатида, бюжет ташкилотлари ходимлари ва президентни ёқловчи партиялар аъзолари расмийлар кўрсатмасига мувофиқ бутун мамлакат бўйлаб мухолифатга қарши “аксилнамойиш”лар ўтказа бошлагандилар. Университетларнинг минглаб талабалари ва ўқитувчилар ҳамда мактаб муаллимлари “мамлакатдаги вазиятни издан чиқармаслик” талаблари, “бизга фитналар керак эмас”, “биз тинчлик ва осойишталик истаймиз” шиорлари билан кўчаларга чиққандилар. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам Асқар Ақаев режимига қарши бўлганларнинг намойишлар ўтказишига ҳалақит беришга урингандилар, улар ортидан кузатув ўрнатгандилар, маъмурий биноларни ўраб-қўриқлаб тургандилар. Мазкур жараёнлар натижаси ҳаммага маълум: март ойи ўрталарида мухолифат бутун жанубий ҳудудни ўз назорати остига олганди, 24 март куни эса мухолифат аъзолари томонидан Бишкекдаги “Оқ уй” эгалланганди.

Энди эса буларнинг ҳаммаси такрорланаётганга ўхшайди. Эндиликда мамлакат раҳбариятига хайрихоҳ бўлмиш сиёсий партиялар вакиллари, мактаб ва университет ўқитувчилари, талабалари, бюжетчилар президент Қурманбек Бакиев мухолифларига, асосан, собиқ бош вазир Феликс Қулов бошчилигидаги мухолифатнинг Бирлашган фронтига қарши “аксилнамойиш”лар ўтказмоқдалар. Бугунги кунда митинглар тўлқинида ҳокимият тепасига келган амалдаги президент тарафдорлари Ўшда, Жалолободда, Боткенда икки йил аввал Асқар Ақаев тарафдорлари томонидан кўтариб чиқилган “Биз тинчлик ва барқарорлик тарафдоримиз”, “Биз умумхалқ томонидан сайланган президент сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз” каби шиорлари деярли айнан такрорлаяптилар. Илло, бу сафар бундай тадбирлар, ҳар эҳтимолга қарши, мухолифатнинг 11 апрелга мўлжалланган норозилик намойишларидан аввалроқ ўтказилаяпти.

Бироқ Қурманбек Бакиев тарафдорлари Асқар Ақаев тарафдорларидан анча фарқ қиладилар.

2005 йил мартида А. Ақаев “лагери” фаоллари мухолифатга қарши “аксилнамойиш”лар ўтказиш билангина чекланган эдилар. Ўшанда шу йилнинг 29 мартида Бирлашган фронтнинг Ўшдаги идорасида бўлгани каби мухолифат ҳаракатлари офисларини талон-тарож қилмагандилар. Билъакс, ўшанда мухолифат ичидаги радикал кайфиятли кишилар (ҳозирда ҳокимият эгаларига айланган кимсалар) маъмурий биноларни талон-тарож қилгандилар.

Ақаевга тегишли бўлган “демократия оролчаси” ибораси 2005 йил март воқеалари кунлари Қирғизистон воқелигига кўпроқ мувофиқ келарди. Ўшанда, жилла қурса, журналистлар тинчгина ишлаш ва воқеаларни сифатли ёритиш имкониятига эга эдилар. Ўшанда ҳеч ким, ўтган пайшанба куни бўлганидек, АКИpress-Фергана ахборот агентлиги бюроси ходимларини президент тарафдорлари матбуот анжуманини ўтказишга мажбур қилмаганди.

Ҳукуматпараст мухбирлар ҳам, мухолифатчи журналистлар ҳам, маҳаллий репортёрлар ҳам, халқаро ОАВ ходимлари ҳам расмийларга ҳамда мухолифатчиларга ўз саволларини бемалол беришлари мумкин эди. Ўшанда аёлларнинг жунбушга келган “жанговар отрядлари” шу йилнинг 30 мартида бўлгани каби куракда турмайдиган уят сўзлар ва шанғиллашлар билан матбуот анжуманини тўхтаттириб қўймагандилар.

Хўжакўрсин ватанпарварлик ва хўжайинга содиқликларига қарамай, собиқ президент тарафдорлари журналистларнинг ҳар иккала томонга сўзлаш учун имкон беришиб, ўз ишларини қилаётганларини тушунардилар. Шу йилнинг 31 март куни Жалолободда “Сентябрь” телерадиокомпанияси ходими Талантбек Сўпуев калтакланганидек журналистларни калтаклаш уларнинг хаёлларига ҳам келган эмасди.

Айтиш мумкинки, Қурманбек Бакиев тарафдорлари “ақаевчилар”дан ОАВ вакиллари ва ўзгача фикрловчиларга нисбатан тажовузкорлиги билан ажралиб турадилар. Баъзан ҳатто ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам “бакиевчи”ларнинг бу каби тажовузкорлигидан чўчиётгандек тасаввур туғилади.

Балки “давлатчи”лар спортчилардек қоматли ёш йигитлар ва ёлланган ширакайф кампиршолар ёрдамида хушланмаган ахборот оқимини тўхтатиб қолишга муваффақ бўла оларлар. Бироқ шуни унутмаслик лозимки, мажбурий жимлик ҳурматни англатмайди, балки расмийларнинг аҳлоқсизлиги ва ўз-ўзини обрўсизлантириши белгиси бўлиб ҳисобланади.

Алишер Соипов – журналист, “Фарғона.Ру” ААнинг Қирғизистондаги вакили, Ўшда яшайди